Ўзбек адабиёти тарихида Ҳусайн Бойқаро ҳузурида ўтказилган “Олий мажлислар” (Хуросонда шеърий мажлислар шундай номланган) ҳақида маълумотлар учрайди. Худди шу каби шеърият кечалари шоирлар султони Алишер Навоий даргоҳида ҳам ташкил этилган ва адабиётга дахлдор долзарб масалалар ва қизиқарли мавзулар ҳақида сўз юритилган.
Навоийшунос Суйима Ғаниева бу адабий мажлисларнинг номланиши ва мазмун-моҳияти тўғрисида шундай ёзади: “Ҳусайн Бойқаро ҳузурида, унинг бевосита иштирокидаги “Олий мажлис”ларда асарлар, шеърият намуналари муҳокама қилинар, адабий мавзуларда қизғин суҳбатлар ўтказиларди.”
Тарихчи Хондамирнинг ёзишича, Алишер Навоий ҳузуридаги “Олий мажлислар”да қатнашиш ҳаммага ҳам насиб этавермаган. Олимларнинг улуғлари қачонки, унинг олий даражадаги йиғинларида қатнашиш имкониятини қўлга киритса, унинг самимий қалб сирлари саҳифаларидан фойдали марваридлар йиғар, фозилларнинг машҳурлари қачонки, ул ҳазрат ўтирган муборак гиламнинг бир четида ўтириш шарафига эга бўлса, нозик фикрлар ва нафис сўзлар гавҳарларини терарди.
Давлатшоҳ Самарқандий ҳам юқоридаги фикрларни тасдиқлаган ҳолда, “...фозилларнинг мақсади унинг олий мажлисига етишишдир. Унинг ҳамсуҳбатлари хуштаъб, фозил кишилардир. Унинг мақбул хотири аҳли дилдан бошқасини истамас, оғир табиатлилар унинг назарига енгилтак бўлиб кўринар, балки ноаҳиллар унинг латиф мажлисларига киролмасдилар...” деб таъкидлаган. Давлатшоҳ Самарқандий ҳақ. Ўз даврининг зиёлилари, адабиёт аҳли Навоий ҳузуридаги йиғинларда қатнашишга ҳаракат қилган. Амир Алишернинг адабиёт аҳлига ҳомийлик қилиши, барча учун илм масканлари эшигини очиб қўйганлиги натижаси ўлароқ, бутун Мовароуннаҳр ва Хуросоннинг илм шайдолари, талабадан тортиб, донишмандгача унинг атрофида жам бўлдилар. Узоқ-яқиндан тўпланган шоирлар унинг мажлисларини безата бошладилар.
“Маҳбуб ул-қулуб” асарида Навоийнинг ўзи ҳам бу ҳақда шундай деган: “...гоҳо иззат ва маъмурлик бўстонида мажлис қурдим... Улуғ кишиларни ва юқори мансаб эгаларини ҳурмат ва таъзим юзасидан меҳмон қилдим, баъзан шодлик боғида зиёфат тузиб, хонанда ва созандаларнинг базму тароналаридан баҳраманд бўлдим”. “Олий мажлислар”нинг мазмун-моҳияти Зайниддин Восифийнинг “Бадое ул-вақое”сида келтирилган қуйидаги ҳикоятдан маълум бўлади: “Мир(Навоий) овоз бердилар:
— Азизлар, киринглар. Ҳеч эшитмаган ва хаёлингизга келмаган мақолатлардан эшитинглар!
Ҳамма жим бўлди. Мир(Навоий) Ҳофиз Ғиёсиддин Деҳдорга деди:
— Лофу даъво қилдинг. Энди изҳорини қил!
Ҳофиз аввал Қуръондан ашара ўқиди. Мажлис аҳлининг ҳушини олди. Кейин ғазал ўқиди. Ашула бошлади — дўсту душмани унинг овозига офаринлар ўқиди. “Амир Ҳамза” қиссасини бошлади. Кейин ўзи айтган бир достонни ўқиди ва мажлис аҳлининг ҳуши йўқолди. Уни тугатиб, “Абомуслим” қиссасини ўқиди — ҳаммани сеҳрлаб қўйди. Мажлис охирида “Дороб” қиссасини бошлади. Боғбон билан унинг ғуломи шу ерда турган эди. Уларнинг тақлидини қилиб, ҳаммани кулдирди, баъзиларга шундай таъсир қилдики, кулавериб юмалаб қолдилар... Ҳар ким ҳар илмдан баҳс қилди. Буларга ҳам жавоб қилди. Ҳаммадан ғолиб келди.”
Бундан ташқари, Алишер Навоийнинг топшириғига биноан, Мавлоно Соҳибдоро кундузи Ҳиротда юриб, адабий йиғинга келганда шаҳарда ўз кўрган-кечирганлари, ғаройиб ва ажойиб воқеа-ҳодисалар, янги истеъдод соҳиблари, шоирлар ҳақида маълумот бериб борган, имтиҳонидан ўтган иқтидорли ёшларни эса ўз ўрнида олий мажлисга олиб келган. Алишер Навоий ундан ҳар куни “Нени учратдингиз ва нима гаплар эшитдингиз”, деб сўраган. Соҳибдоро эса бир сафар шундай жавоб берган: “Бир кишини учратдим. Ўзи 16 ёки 17 ёшда. Номи айтилмай ўқилган ҳар қандай мушкул муаммони топади. Толиби илмликда, ҳофизу шоирликда катта иқтидори бор”. Навоий таажжуб билан Соҳибдородан, “Восифийни имтиҳон қилдингму”, деб сўраган. Соҳибдоро, синаш учун бир мушкул муаммонинг номини айтмай ўқиганлигини, у эса қийналмай ечганлигини айтган. Шундан сўнг Навоий Соҳибдорога Восифийни олиб келишни буюрган. Бу воқеа борасида “Бадое ул-вақое”да айтиб ўтилган.
Зайниддин Восифий “Бадое улвақое”да Навоийнинг “олий мажлислари”да иштирок этганлиги ҳақида шундай ёзган: “У ерда ҳозир бўлган биринчи йигит муаммо санъатида Ҳусайн Нишопурийга тенглаша оладиган Муаммоий, иккинчиси қасидагўйликда шуҳрат топган истеъдод соҳиби, учинчиси эса маснавийни яхши айта оладиган толиби илм билан бирга “Олий мажлис”га кириб бордик. Мажлис аҳли ва ҳазрати Мир (Навоий) ўз надимлари (ҳамсуҳбатлари) билан ҳозир экан. Жаноби Мир (Навоий) биз томон қарадилар. Фақир (Восифий)га ишора қилиб, номини айтмай ўқилган муаммони еча оладиган дўстимиз шу кишими, дедилар. Мавлоно Соҳибдоро: “Бали, ўша махдум”, деб жавоб бердилар. Мавлоно Муҳаммад Бадахший суҳбатга аралашдилар: “Махдум, худовандигоро, муаммо ечишда Сиздан ўтадигани йўқ-ку?..”. Мир (Навоий) дедилар: “Мен унинг муаммо ечишини кўзидан билдим. Зеро, унинг фикрлари кўзларида зоҳир бўлиб турибди. Кейин ушбу муаммони ўқидилар:
Боғро бин аз хазон бефарру, сарв аз жо шуда,
Булбулаш барҳам зада минқору, ногўё шуда.
(Таржимаси: “Боғини кўр, хазонрезликдан кўрки қолмабди, сарв ўрнида йўқ, булбулнинг тумшуғи йўқ бўлиб, куйлашдан қолибди”). Навоий ўқиган муаммони Восифий ёд биларди. У ўйланиб қолади: номини айтиб, ўзимни гўлликка солиб, мажлисни ўтказаверсамми ёки тўғрисини айтайинми, дейди ўзига-ўзи. Оқибатда ростини айтишга аҳд қилади. Шунда Навоий бошини эгиб турди-да, ёнидагиларга, “Азизлар, биласизларми, бунинг сўзи не маънони билдиради. Ўз қудратини изҳор этиб, бунисини биламан, бошқасини айтинг, демоқчи... биз бунинг даъвосини қабул қилурмиз”, дедилар. Ғиёсиддин Хондамир “Хулосат улахбор”да унинг ўзи ҳам Навоий “олий мажлислар”ида ҳикоятлар айтганини ёзиб қолдирган: “Улуғ амир, ҳидоятпаноҳ, кароматли Руҳнинг муаййиди(акси), сўфийсифат, соф ниятли рўзғор покизаси, мусулмон маросимларини улуғловчи, салтанат устуни ва мамлакат таянчи, хоқон давлатининг ишончли кишиси, султоннинг яқини, улким, саховат дастурхонидан барча муҳтож тўқ, ҳақ ва ҳақиқату дин низоми Амир Алишер (Навоий)нинг шариф мажлисида ҳикоятлар сўйлар эдим. Ул жаноб менинг ҳикоятларимдан завқланар эдилар ва ҳазратнинг турли иноятлари бу қаноти синиқ банда (Хондамир) аҳволи руҳиятига иссиқлик бахш этарди. Кундан-кунга бу ҳол кўпаяр ва соат сайин юксакликка кўтарилар эди”.
Хулоса қилиб айтганда, ўтмиш адабий жараёнида мушоиралар муҳим ўрин тутади, яна ҳам аниқроғи, ўтмишда адабий жараён кўпроқ шеър мажлиси ёки шоирлар анжумани шаклида кечган. Мушоираларда шоирлар ўз асарларини тақдим этиш, улар ҳақидаги ўзгалар фикрини билиш, шунингдек, бошқа шоирлар билан ижодий фикр алмашиш, ҳамкорлик қилиш имконига эга бўлган. Мумтоз адабиётимиздаги бир қатор жанрлар, айрим шеър санъатларининг юзага келиши бевосита мушоиралар билан боғланади: уларнинг бир қисми мушоира иштирокчиларининг бир-бирларига жавоб айтиши (тазмин, тахмис), бошқа бир қисми шеърий мусобақа (муаммо, чистон, бадиҳа) руҳи билан боғлиқ ҳолда вужудга келган. Хусусан, Ҳусайн Бойқаро саройи ва Навоий хонадонида ўтказиб турилган мушоиралар давр адабиёти тараққиётининг муҳим омилларидан бири бўлди.
Шерхон ҚОРАЕВ,
Алишер Навоий номидаги
Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти
университети тадқиқотчиси