Ҳаммалари ҳам ўзбек тилини суйиб гапиришмоқда, ардоқлаб гапиришмоқда, тилни муте қилмоқчи бўлганлардан куйиб гапиришмоқда, ёниб гапиришмоқда. Уларнинг ҳаммасида миллий ғурурни кўрасиз, миллий ўзликни кўрасиз, ифтихорни кўрасиз. Энг муҳими, оммавий ахборот воситаларини титратиб, ижтимоий тармоқларни ёриб янграётган бу овозларда МИЛЛИЙ БИРЛИКни кўрасиз, ЯКДИЛЛИКни кўрасиз! Миллат учун куюнчакликни кўрасиз! Дунёга ўз сўзи билан юзланиш иштиёқи, завқи, шиддатини кўрасиз! Бу қандай яхши! Бу қандай соз!

Биз бағрикенг халқмиз. Диний бағрикенглик, миллатлараро бағрикенглик бор бизда. Шомаҳмудовлар тимсолида динини айирмай, тилини айирмай, турли миллат вакилларини бағримизга босган халқмиз. Ўзгалар тилини таҳқирламаган ҳолда, ўз тилимизни қадрлаган, ўзга тилни беҳурмат қилмай туриб, ўз тилимизни эъзозлаган элмиз!

Қачонлардир кимдир ғуруримиз сари оёқ қўйган бўлса, ана шу МИЛЛИЙ БИРЛИК йиғлаган бўлса керак. Хонликлар орасига нифоқ солиб, миллий бирликни пароканда қилишга муваффақ бўлгачгина юрт мустамлакачиликка юз тутгани ҳам бизга аён.

Илоҳим, шу бирлигимиз, якдиллигимиз йўқолмасин!

Мен тил ҳақда сўз битаётганда, онам ҳақида, отам ҳақида, Ватан ҳақида ёзаётгандай бўламан. Болалигим, ўзим ҳақимда, ғурурим ҳақида ёзаётгандай бўламан. Хўш, миллий тил нима ўзи? Бу жаҳон саҳнида миллатнинг яшамоғи унга қай даражада боғлиқ? Биз миллий қадриятлар, миллий ўзлик, уларни асраб-авайлаш ҳақида куйиниб гапирамиз. Аслида уларни аждодлардан авлодларга олиб ўтгувчи ҳам, уларнинг борлигини аён қилгувчи ҳам, мозийни келажакка етаклаб келгувчи ҳам тил эмасми?

Келинг, мутахассислар томонидан ўрганилган айрим рақамларга қараб кўрайлик. Айтишларича, дунёда тўққиз мингга яқин тил мавжуд бўлган экан. Бу тафаккур доирасида ўрганилгани. Эҳтимол, илгари ундан ҳам кўп бўлгандир. Бугунги манбаларнинг айримлари ҳозир олти мингга яқин тил борлигини, айримлари 5600 атрофида эканлигини қайд этишмоқда. Бу қайдларнинг турлича эканлигига ҳам сабаб бор: бугун бир ойда иккита тил талаффуздан чиқиб кетмоқда экан. Бу нима дегани? Ҳар ойда иккита тил – ҳеч ким сўзлашмайдиган тилга айланаётгани, “ўлик” тиллар сафига қўшилаётгани, дегани.

Умуман олганда, тиллар нега йўқолади? Бунинг бир неча сабаблари бор. Биринчиси – мустамлакалик. Бир босқинчи миллат иккинчисини мавҳ этгач, миллий ёзуви, атамалари, миллий анъаналари кабиларни йўқ қилиш сингари турли усуллар билан қўл остидаги мамлакатга ўз тилини сингдириши. Тарихда бундай ҳолатлар, афсуски, кўплаб содир бўлган. Иккинчиси, экологик миграция туфайли бир халқнинг бошқа ҳудудга кўчиб ўтиб, аста-секин борган жой тилида сўзлаша бориши оқибатида ўз тилини унутиши. Учинчиси, маълум бир тилда сўзлашувчи халқнинг завол топиши, қирилиб кетиши. Тили бор-у, ёзуви бўлмаган халқларнинг тили ҳам йўқолишга маҳкум бўлиши мумкин. Масалан бугун турли тилда сўзлашадиган Африка халқларининг саксон фоизи ёзувига эга эмаслигини қайд этишади мутахассислар. Тил сақланиб қолиши учун унда камида миллион одам сўзлашиши керак, дея эътироф этишади яна шу мутахассислар ва мана шундай тиллар бугун олти мингнинг орасида икки юз эллик нафарнигина ташкил этаркан. Шу икки юз эллик орасида бизнинг тилимиз ҳам бор! Олти минг ичидан фақат икки юзига давлат тили мақоми берилган экан. Шу икки юз орасида ҳам бизнинг тил бор!

Яна бир маълумотни ўқиб қолдим. Россиялик М.Козлянина деган лингвист олима бор экан. У тилимиз ҳақида ўргана туриб, бу тилнинг жуда нафис, мусиқа оҳангидек жозибали эканини эътироф этибди. Бу эътирофдан хурсанд бўласиз албатта! Лекин, тилимиз қўпол бўлганида уни севмай қўярмидик? Абдулла Орипов: “Юртим, сени бойликларинг-чун Севган инсон бўлса кечирма асло”, деган эди. Тилимиз қўполми, жозибалими, бойми, қашшоқми, нима бўлганда ҳам, биз шу тилда илк сўзимизни айтганмиз. Шу тилда алла эшитганмиз. Ота-боболаримиз, оналаримиз шу тилда сўйлашган. Ўз таъбири билан айтганда, у ОНА ТИЛимиз!

Дарвоқе, тилнинг бойлиги хусусида. Абдулла Қодирий ўз замонида “ўзбек тили кабағал тил эмас, уни камбағал дегувчиларнинг ўзи камбағал. Улар ўз нодонликларини тилимизга тўнкамасинлар”, деган экан. Дарҳақиқат, ўзбек тилига давлат тили мақоми берилгач, беш жилддан иборат ўзбек сўзлари изоҳли луғати тузилган бўлиб, унга саксон мингдан ортиқ сўз жамланган. Буниси ҳали ҳолва. Таниқли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимовнинг қайд этишича, олимлар буюк ёзувчи ва шоирлар сўз бойлигини сарҳисоб қилган эканлар. Натижада, Пушкин 21197та сўз қўллагани, Шекспирда бу рақам 20 мингга яқинлашгани маълум бўлган. Навоийнинг фақат туркийдаги (форсий ва арабий сўзлар мустасно) 26 мингта экан! Бу тилда ҳар қандай воқеликни мукаммал ифода этиш, ҳар қандай бадиий асарни сайқаллантириш мумкин! Масалан, рус тилида  “уят” маъносини англатувчи “стыд” сўзи бор. Тўғри, “позор” сўзини ҳам бу ерда эътироф этиш мумкин, аммо у кўпроқ “шарманда” маъносини англатади. Мана шу “уят” сўзнинг ўзбек тилида қанча маънодошлари борлигини биласиз: “ор”, “номус”, “ҳаё”, “ибо”, “шарм”, “изза”, “уялиш”, “қимтиниш”, “тортиниш” ва ҳоказо. Бир қарашда улар синонимларга ўхшайди, аммо уларнинг ҳар бири уялмоқнинг қайсидир даражасини ифодалайди. Фикримизни ифодалашда қаердадир “тортиниш” сўзи мос тушса, қаердадир “қимтиниш” сўзи “ейди”. Кўрдингизми, мана шу ерда ҳам “мос тушади” сўзи ўрнида “ейди” сўзи “еди”! Мен бу билан рус тилини камситмоқчи эмасман, асло! Бунга ҳаққим ҳам йўқ. Шунчаки, ўзбек тили – онамнинг тили, она тилим, уни онамдай яхши кўраман.

Гоҳида ҳайрон қоламан, мана шундай бой тилимиздан сўз тополмай, айрим миллатдошларимиз фикрларини ифода этишда бошқа тилдаги сўзларни қўллайдилар. Узоққа бормай, ҳажв ёзувчимиз Ҳабиб Сиддиқнинг Америкадан ўзбек тилини билган ҳолда, энди ўзбекча урф-одатларни ҳам мукаммал ўрганиш учун келган “Америкалик қўшнилар” ҳақидаги ҳажвиясига юзланақолайлик, негаки у айнан ҳаётимиздан олинган:

“...— Биз одатда ҳув анови перекресткадан банянинг олдигача айтамиз.

Қўшним(америкалик) ҳеч нарса тушунмади.

— Ҳаммомнинг денг, — эслатди хотиним. Дарров гапимни ўнгладим.

— Чорраҳадан ҳаммомгача.

Шундагина гапимни англаган маллавойнинг юз-кўзида табассум зоҳир бўлди.

— Участкавойниям айтиб қўйинг, — дедим.

— Кимвой, — ҳайрон бўлиб сўради у(америкалик қўшни). Яна тилимни тишладим.

— Ҳа, анови нозиримизни айтаман-да.

Бунақа ҳоллар тез-тез такрорланадиган бўп қолди. Ўз юртида соф ўзбек тилини ихлос билан ўрганган қўшниларимизга четдан кириб қолган сўзлар гуручдан чиққан тошдек ғашга тегарди. Сал ўйлаброқ гаплашмасак, бўлмайдиганга ўхшайди. Ҳар гал гапимни англатишга қийналганимда, хижолатдан тер босади. Рус мактабида ўқиган, кўп қаватли уйда ўсган хотинимни-ку асти қўяверасиз:

— Қанақа одамлар ўзи, а? «Обед» десанг тушунмаса. «Дом культура»ни билмаса. «Оптом»и нимаси, деганига ўлайми?.. Нақ давлениям кўтарилиб кетади-да!..”

Ҳақиқатан ҳам ҳаммамизга таниш ҳолат, ҳаммамизга таниш сўзлар. Аслида тилимизга хорижий сўзларни аралаштириб гапириш – она тилга беҳурматликдан бошқа нарса эмас.

Энди яқиндагина бўлган ҳолатни эсланг: инглиз тилини билишини исботлайдиган “патта”си бўлмагани учун кўпгина билимли ёшлар магистратурага ҳужжат топшира олишмади. Натижада ажратилган етти мингта ўрин бўш қолиб кетди. Мантиқан олганда, бу тўғрими? Ҳатто, Совет Иттифоқи даврида ҳам “рус тилини билмасанг, ўқишга киролмайсан”, дейишмаган. Ўқишга киришгандан сўнг дарсларнинг рус тилида ўқитилиши бошқа масала. Чунки ўша вақти давлат тили – рус тили деб белгиланганди. Бизда-чи? Нега қайсидир соҳанинг яхши мутахассиси, билимдони ўз она тилида бийрон бўла туриб, хорижий тилни билмагани учун ўқишни давом эттира олмаслиги керак? Нима, биз Америка ё Буюк Британиянинг мустамлакасимизми? Ё инглиз тили иккинчи давлат тили қилиб белгиланганми? Бу билан мен болаларимизнинг тил ўрганишига қаршиман, демоқчи эмасман. Ўнлаб тилни ўрганишсин, барака топгурлар. Бундан фақат қувонамиз. Лекин “хорижий тилни билмасанг, ўз она юртингда, ўз она тилингда сабоқ бериладиган ўқув юртингга кира олмайсан”, дейиш салла деса, каллани олишга ўхшамаяптими? Бошқача айтганда, мана шунинг ўзи ҳам она тилимизга беҳурматлик эмасми? Яқинда чет элга ўқишга кетаётган ёшларни суҳбатдан ўтказдик. Инглиз тили, француз тили, рус тилини сувдай ичиб юборишган. Савол берсанг, масалан, “ўзбек тилига қачон давлат тили мақоми берилган”, деб сўрасанг, айримлари, “ўзбекчада қийналаман, майлими русча ё инглизча жавоб берсам”, дейишди. Шунда уларнинг миллатини сўрадим. Соф ўзбек. Рус мактабда ўқиган, инглиз тили курсига қатнаган. Бу тилларни билишдан фахрланади. Лекин ўзбек тилини яхши билмасликдан заррача ҳам уят ҳиссини сезмадим. Ҳатто, ота-онаси ўзбек бўла туриб, ўзбекча сўзларни инглизча талаффузда (р ҳарфини юмшоқ ифодалаган ҳолда)ифода этадиганлар ҳам бўлди. Хўш, ўз она тилини яхши билмайдиган, уни ҳурмат қилмайдиган ёшларни четда ўқитганда Ватан учун нима наф топиш мумкин, дегинг келади.

Энди, шаҳар марказларига бориб, бир айланиб кўринг ва қурилаётган уйларга назар солинг: “Golden house”, “House near Tashkent”,  “BUSINESS HOUSE RESIDЕNCE”, “Star House”, “Better Best” каби ёзувларга кўзингиз тушади. Дўконларга эса “Boutique” деб ёзиб қўйишибди. Хўш, шуларга ўзбекча ном қўйиб, ўзбек тилида ёзишса, маҳсулотлари ўтмай қоладими? Энг чет қишлоққа боринг, бирорта рус миллатига мансуб инсон яшамайдиган жойда ҳам гоҳида “дом продаётся”, деб ёзиб қўйишганига гувоҳ бўламиз. Шу гапларни ёзаяпман-у, энди бу сўзларни ўзбекчага ўгираман, деб қовун туширишмаса бўлди, деб ўйлаяпман. Масалан, “мы открылись” деган гапни ўзбекчага ўгиринглар, десак, “биз очилдик”, деб ёзиб қўйишибди. Ахир таржима сўзма-сўз амалга оширилмаслигини, бу гап маъносидан келиб чиқиб, ўзбекчага “биз иш бошладик”, деб ўгирилишини билмас экансиз, олифталик қилиб русча ёзишга бало борми, дегинг келади. Бу худди, “сени яхши кўраман(севаман маъносидаги)” деган иборани “я тебя хорошо вижу” деб таржима қилгандай гап. Ёки ҳозир телевизордаги ҳамма хусусий каналларда бериладиган кўрсатувдан кўпроқ айланиб ётган рекламалардан бирига эътибор беринг. Чолғу чалиб ўтирган йигитнинг қошига келиб ўртоғи “яна шуни ўйнаяпсанми?”, деяпти. Тўғри, рус тилида “чалмоқ” сўзи” “играть” деб ифодаланади. “Гитара чаляпсан”, демоқчи бўлсангиз, бу “играеш на гитаре” деб айтилади. Айни дамда “играть” – “ўйнамоқ” (футбол ўйнамоқ – играть в футбол) маъносини ҳам билдиради. Рекламада эса, чолғу чалаётган йигитга “яна шуни чаляпсанми”, дейиш ўрнига “яна шуни ўйнаяпсанми”, демоқда. Тўғри, чолғуни ўйнаш ҳам мумкин, фақат ёш боланинг қўлига тушиб қолса, ўйинчоқ сифатида. Аммо бу ерда таржимага, мени маъзур тутсинлар, мутлақо саводсизларча ёндашилган.

Э-ҳе, бунақа мисолларни айтаверсанг кўп. Умуман олганда, биз қаерда ўзбекча, қаерда хорижий тилда ёзиш ёки гапириш лозимлигини яхши билиб олишимиз керак. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил, 21-октябрдаги ПФ-5850 сонли Фармонига асосан Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташкил қилинди. Менимча, Департамент олдида амалга ошириладиган вазифалар талайгина. Масалан, қандай ҳолатларда давлат тилига нисбатан ҳурматсизлик кўрсатилаётгани мезонларини ишлаб чиқиш керак. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 42 моддасида тилга, шунингдек, фуқароларнинг тарбия ва таълим беришда тилни эркин танлашдан иборат ҳуқуқларини бузиш, тилдан фойдаланишда тўсқинлик қилиш ва чеклаш, давлат тилини, шунингдек Ўзбекистон Республикасида яшовчи бошқа миллатлар ва элатларнинг тилларини менсимаслик — энг кам иш ҳақининг бир бараваридан икки бараварига жарима солишга сабаб бўлади, дейилган. Мана шу “менсимаслик” деганда қандай ҳолатлар назарда тутилиши аниқлаштириш керак. Назаримда, магистратурага ўқиш кириш учун инглиз тилини билиши тўғрисидаги IELTS сертификатининг талаб этилиши ҳам мана шу моддада назарда тутилган ҳолатлар сирасига киради.

Аслида она тилига нисбатан эътиборсизлик, ҳурматсизлик бу – миллий ғурур етишмаслигининг белгиси. Миллий ғурури сўниқ миллатнинг келажаги бўлмайди. Миллий ғурури сўниқ миллатда миллий бирлик бўлмайди. Бизни бугунги ёруғ кунларгача етаклаб келган, ўтмишимизни, қадриятларимиз, урф-одатларимиз, анъаналаримиз, аждодларимиз меросларини асрлар силсиласидан олиб ўтган, онамиз овозида қулоғимизга аллалар қуйган Она тилимизни, Онажон тилимизни қадрлаш ҳар биримиз зиммамиздаги шарафли вазифадир!

 

Шаҳло Аҳророва,

Фалсафа фанлари бўйича фалсафа доктори(PhD),

Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги

Ижтимоий маънавий тадқиқотлар институти катта илмий ходими