Тили инқирозга юз тутган миллатнинг ўзи ҳам тумтарақай бўлиб, аста-секин миллат сифатидаги хусусиятларини йўқотади. Агар муҳофаза қилинмаса, эътиборсиз қолдирилса, ўз тилини унутиш ҳолати кучайиб бораверса, ҳар қандай тил ва миллат шак-шубҳасиз инқирозга юз тутади. Тарихда бунга мисол кўп.
Жадидчилик ҳаракатининг йирик намояндаларидан бири Абдулла Авлоний “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғини кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”, деб бежиз куйиб-ёниб таъкидламаган.
Янги Ўзбекистонда ўзбек тилининг янги ҳаёти
Ўзбек тили ҳам бир вақтлар йўқ бўлиб кетиш хавфи остидаги тиллар рўйхатига тушиб қолган эди. Аммо бугун у кенг қулоч ёзиб, тобора кўпроқ одам гаплашадиган тилга айланиб боряпти. Айрим ҳисоб-китобларга кўра, айни пайтда бутун дунёда олтмиш миллиондан ортиқ одам ўзбек тилида мулоқот қилади.
Айниқса, Президентимизнинг сиёсий иродаси ва саъй-ҳаракати билан янги Ўзбекистонда ўзбек тилининг янги ҳаёти бошланди, деб баралла айтиш мумкин. Давлатимиз раҳбари 2019 йил 21 октябрь куни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганининг ўттиз йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Биз халқимизнинг тақдири, эртанги куни ҳақида ўйлар эканмиз, энг аввало, миллатимизнинг асл фазилатларини, гўзал урф-одатларимиз, бетакрор санъатимиз ва адабиётимизни, она тилимизни кўз қорачиғидай сақлашимиз зарур”, деган эди.
Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, 2020 йил 20 октябрдаги “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонлари ҳамда бир неча қарори ўзбек тилининг мавқеини тубдан оширишга хизмат қилмоқда.
Шунингдек, мамлакатимиз етакчиси глобаллашув шароитида миллий тилимиз софлигини сақлаш, луғат бойлигини ошириш, турли соҳаларда замонавий атамаларнинг ўзбекча муқобилини яратиш ва бир хил қўлланишини таъминлаш масалаларини долзарб вазифа қилиб белгилаган эди.
Атамалар комиссияси фаолияти такомиллашмоқда
Куни кеча Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилингани ўзбек тилини янада ривожлантириш борасида бошланган тарихий ишларнинг мантиқий давоми бўлди.
Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисида”ги фармони асосида ишлаб чиқилган. Қарор билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясининг янгиланган таркиби, Атамалар комиссияси тўғрисидаги низом тасдиқланди. Атамалар комиссиясининг, Республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳузуридаги Атамалар бўйича ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари белгиланди. Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти Атамалар комиссиясининг ишчи органи, Атамалар бўйича ишчи гуруҳлар Атамалар комиссиясининг республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларидаги қуйи тузилмаси ҳисобланиши мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, Атамалар комиссиясининг ишчи органи ҳамда Атамалар бўйича ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари ўз аксини топди.
Атамалар комиссияси фаолиятини такомиллаштиришга қандай эҳтиёж бор эди?
Шу вақтга қадар фаолият юритиб келган Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссияси Президентимизнинг 2019 йил 21 октябрдаги “Ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги нуфузи ва мавқеини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 29 январдаги “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясининг фаолиятини ташкил қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ташкил этилган.
Ўтган даврда Атамалар комиссияси бир қанча ишларни бажарди. Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси лойиҳаси матнини кўриб чиқиб, ўзбек адабий тили нуқтаи назаридан уни янада такомиллаштириш бўйича тавсияларини берди.
Ишчи органи ва қуйи тузилмалари белгилаб берилгани, янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритишнинг аниқ механизми ишлаб чиқилгани Атамалар комиссияси фаолиятини, атамашунослик борасидаги ишларни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқади, деб ишонч билан айтиш мумкин.
Атамалар комиссиясининг асосий вазифалари нима ўзи?
Аввало, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясига Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири раислик қилишини алоҳида таъкидлаш жоиз. Унинг таркибига эса атоқли давлат ва жамоат арбоблари, Олий Мажлис Сенати аъзолари ва Қонунчилик палатаси депутатлари, академиклар, тилшунос, адабиётшунос ва фольклоршунос олимлар, Фанлар академиясининг илмий-тадқиқот институтлари раҳбарлари, Ўзбекистон Қаҳрамонлари, таниқли ёзувчилар, шоирлар, адиблар, журналистлар ҳамда бошқа соҳаларнинг атоқли вакиллари киритилди. Бу эса унинг нуфузи нақадар юқорилигидан далолат.
Атамалар комиссиясининг асосий вазифаси — илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш. Бундан ташқари, атамаларнинг қонунчилик ҳужжатларида қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда ва тўғри қўлланишини, адабий тил меъёрларига риоя этилишини таъминлаш, ўзбек тилига кириб келаётган янги атамаларни қонунчилик ҳужжатларига татбиқ этиш ва амалда қўллашнинг ҳуқуқий муаммоларини ўрганиш Атамалар комиссиясининг вазифаларидир. Шунингдек, Атамалар комиссияси республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари ҳузуридаги Атамалар бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятини мувофиқлаштиради, республика ижро этувчи ҳокимият органларига атамашунослик масалалари бўйича кўрсатмалар беради. Атамалар комиссияси қарори билан расмий муомалага киритилган янги сўз ва атамаларни қабул қилинган маъносига мувофиқ ягона шаклда ва тўғри қўллаш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида мажбурий ҳисобланади.
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти – Атамалар комиссиясининг ишчи органи
Атамалар комиссияси жамоатчилик асосида фаолият кўрсатади. Демак, унинг кун тартибига киритиладиган масалаларни сифатли тайёрлаш учун, албатта, унга ишчи орган керак.
Қарорда Фанлар академияси Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг Атамалар комиссияси ишчи органи сифатидаги асосий вазифалари белгилаб берилди.
Институт таклиф қилинган янги сўз ва атамаларни илмий жиҳатдан ўрганади, экспертизадан ўтказади, экспертизадан ўтказилган янги сўз ва атамаларни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилади. Жамоатчилик томонидан билдирилган таклиф, фикр ва тавсияларни ўзининг илмий кенгаши кенгайтирилган йиғилишида тегишли соҳа мутахассислари иштирокида кўриб чиқади ҳамда янги сўз ва атамалар бўйича таклифларни Атамалар комиссиясига киритиб боради. Атамалар комиссияси томонидан тасдиқланган янги сўз ва атамаларни жамоатчиликка эълон қилиш, тегишли луғатларга киритиш бўйича тадбирларни амалга оширади.
Атамалар бўйича ишчи гуруҳлар қандай тузилма? Вазифалари нималардан иборат?
Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 30 августдаги Раёсати мажлиси баёни билан республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларида атамалар бўйича жамоатчилик асосида фаолият юритувчи ишчи гуруҳлар ташкил этилган эди.
Ўтган бир йилда атамалар бўйича ушбу ишчи гуруҳлар фаолияти тажриба-синовдан ўтди. Улар томонидан бир қанча янги сўз ва атамаларни қўллаш, расмий истеъмолга киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди. Соҳавий изоҳли, имло ва таржима луғатларини ишлаб чиқиш бўйича ишланяпти.
Энди Атамалар комиссиясининг республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмаларидаги қуйи тузилмаси ҳисобланган ушбу ишчи гуруҳларнинг асосий вазифалари Вазирлар Маҳкамасининг қарори даражасида белгилаб қўйилди.
Атамалар бўйича ишчи гуруҳлар жамият тараққиёти, илм-фан ютуқлари натижасида тегишли соҳаларда юзага келаётган янги сўз ва атамаларни тадқиқ этади, ўзбекона муқобилларини топади ҳамда уларни бир хилда қўллаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиб, Атамалар комиссиясига киритиб боради. Бундан ташқари, атамалар бўйича ишчи гуруҳлар тегишли идоралар томонидан ишлаб чиқилаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларида сўз ва атамалар тўғри қўлланишини таъминлаш, давлат тилида иш юритиш билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ҳамда ҳал этиш чораларини кўришга масъул.
Ишчи гуруҳлар соҳа мутахассислари, олимлар, тадқиқотчиларни жалб қилган ҳолда соҳавий изоҳли ва имло луғатларини тайёрлайди ҳамда нашр этиб боради. Шунингдек, қилинган ишлар тўғрисида тегишли соҳаларда атамашуносликнинг ривожланиши масалаларини таҳлил қилган ҳолда ҳар олти ойда ва йил якуни бўйича Атамалар комиссиясига ҳисобот беради.
Республика даражасидаги бошқа идоралар, нодавлат ташкилотлар ва фуқаролар атамалар бўйича таклифини кимга айтади?
Хўш, республика ижро этувчи ҳокимият органлари ва хўжалик бирлашмалари янги сўз ва атамалар бўйича таклифларини Атамалар комиссиясига киритиш орқали атамашунослик билан боғлиқ муаммоларини ҳал этиб борар экан, ушбу таркибга кирмайдиган давлат органлари ва ташкилотлар бу борада қандай йўл тутади, деган табиий савол туғилади.
Бу масала ечими сифатида қарорда республика ижро этувчи ҳокимият органи ёки хўжалик бирлашмаси ҳисобланмайдиган республика даражасидаги давлат органлари ва ташкилотларга ўз ҳузурида Атамалар бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятини ташкил этиш тавсия қилинди.
Мисол учун, Олий Мажлис палаталари, Олий суд, Марказий сайлов комиссияси каби идоралар ўз ташаббуслари билан атамалар бўйича ишчи гуруҳларни ташкил этса, ўйлаймизки, бу атамалар билан боғлиқ тегишли масалаларни ҳал этиб боришда муҳим аҳамиятга эга бўлади. Шунингдек, атамалар бўйича ишчи гуруҳлар ташкил қилмаган тақдирда ҳам соҳада юзага келаётган янги сўз ва атамалар бўйича таклифларини Атамалар комиссиясига киритиб боришлари мумкин.
Нодавлат ташкилотлар, фуқаролар янги сўз ва атамалар бўйича таклифларини соҳа, йўналиш бўйича ўзларига энг яқин вазирлик ва идора ҳузуридаги атамалар бўйича ишчи гуруҳларга, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Атамалар комиссиясига, Давлат тилини ривожлантириш департаментига ёки Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтига беришига ҳуқуқий жиҳатдан ҳеч қандай чеклов йўқ. Ушбу таклифлар, албатта, белгиланган тартибда кўриб чиқилади.
Атамалар комиссиясининг экспертлар гуруҳи
Экспертлар гуруҳи илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш бўйича Атамалар комиссиясининг ишчи органи томонидан тақдим этилган янги сўз ва атамаларни кўриб чиқади ҳамда ўзининг хулоса ва тавсияларини беради.
Қарор билан илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш схемаси ҳам тасдиқланди. Унга кўра, илмий асосланган янги сўз ва атамаларни расмий истеъмолга киритиш ўн бир босқичда амалга оширилади.
Аввало, Атамалар бўйича ишчи гуруҳлар жамият тараққиёти ва илм-фан ютуқлари натижасида юзага келаётган ҳамда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га кирмаган янги сўз ва атамалар юзасидан таклифлар ишлаб чиқади ҳамда Атамалар комиссиясига киритади.
Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ушбу таклифларни Атамалар комиссиясининг ишчи органи бўлган Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтига юборади, сифатсиз ишлаб чиқилган таклифларни эса Атамалар бўйича ишчи гуруҳларга қайтаради.
Атамалар комиссиясининг ишчи органи янги сўз ва атамалар бўйича таклифларни экспертизадан ўтказади, янги сўз ва атамалар бўйича таклифлар тегишли тушунчани ифодалай олмайди деган хулосага келган тақдирда унга муқобил вариантни беради ҳамда таклиф этилаётган янги сўз ва атамаларни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилади.
Янги сўз ва атамалар бўйича таклифлар жамоатчилик томонидан ўн беш кун муҳокама қилинади. Унда билдирилган фикрлар, таклиф ва тавсияларни Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти илмий кенгашнинг кенгайтирилган йиғилишида кўриб чиқади ҳамда янги сўз ва атамаларни илмий кенгаш хулосаси билан Атамалар комиссиясига киритади.
Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти Атамалар комиссиясининг ишчи органи хулосаси билан киритилган таклифларни Атамалар комиссияси ҳузурида ташкил этилган экспертлар гуруҳи муҳокамасидан ўтказади ҳамда уларни расмий истеъмолга киритиш бўйича розилик олиш учун Олий Мажлис палаталарининг тегишли қўмиталарига юборади.
Олий Мажлис палаталари тегишли қўмиталарининг розилиги олинганидан кейин янги сўз ва атамалар кўриб чиқиш учун Атамалар комиссияси мажлиси кун тартибига киритилади.
Атамалар комиссияси томонидан тасдиқланган янги сўз ва атамалар Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти томонидан жамоатчиликка эълон қилинади. Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти эса ушбу янги сўз ва атамаларнинг расмий доирада кенг қўлланишини тарғиб қилиш бўйича чоралар кўради.
Давлат тили – умуммиллий масала
Бугунга келиб миллатларни бир-биридан фарқлаш учун миллий тиллардан бошқа белгилар тобора камайиб боряпти. Шу сабабли ҳам давлат тили унга масъул бўлган идоралар, бир гуруҳ олимлар ва фаолларнигина қизиқтирадиган масала эмас. Давлат тили бу – шу юртда яшайдиган ҳар бир фуқарога бевосита дахлдор бўлган умумммиллий масаладир.
Давлатимиз раҳбари бу борада бундай деган эди: “... Ҳар биримиз давлат тилига бўлган эътиборни мустақилликка бўлган эътибор деб, давлат тилига эҳтиром ва садоқатни она Ватанга эҳтиром ва садоқат деб билишимиз, шундай қарашни ҳаётимиз қоидасига айлантиришимиз лозим.
Дарҳақиқат, ватан қанчалик муқаддас бўлса, миллатнинг тили ҳам шунчалик улуғ. Шундай экан, ўзбек тилини ватанни ёвдан ҳимоя қилгандек ҳимоя қилиш, асраш, ривожлантириш ҳар биримизнинг муқаддас бурчимиздир.
Бекзод ШУКУРОВ,
Вазирлар Маҳкамасининг
Давлат тилини ривожлантириш
департаменти раҳбари ўринбосари