Бу борада қатор ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилиниб, катта куч ва маблағ йўналтириляпти. Буни бугун Тошкент давлат юридик университети фаолияти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.

Университетда Президентимизнинг 2019 йил 8 октябрдаги “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган мақсад ва вазифаларни амалга оширишга қаратилган қатор чора-тадбирлар белгиланган.

Таълим сифатини ҳамда ўқитувчилар илмий салоҳиятини ошириш, университетнинг халқаро  ташкилотлар рейтингидаги ўрнини юксалтириш шулар жумласидан.Сўнгги бир йил мобайнида 30 дан ортиқ диссертация ҳимоя қилинди, университетнинг илмий салоҳияти 38 фоизга етди, профессор-ўқитувчиларнинг 70 дан ортиқ мақоласи халқаро олий аттестация комиссияси ҳамда нуфузли Scopus халқаро илмий базасига киритилган журналларда чоп этилди.

Таълим муассасамиз Вазирлар Маҳкамасининг 1991 йил 15 августдаги қарорига мувофиқ Тошкент давлат юридик институти сифатида ташкил этилган, 2013 йилда эса Тошкент давлат юридик университетига айлантирилган. Шу йил унинг ташкил топганига 30 йил бўлади.

Адлия вазири Тошкент давлат юридик университетининг 30 йиллигини нишонлаш тўғрисида буйруқ қабул қилди. Айни пайтда университетда ана шу санани нишонлашга қизғин тайёргарлик кўрилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонида белгиланган мақсад-вазифалар ижроси доирасида университетда Нагоя университети (Япония) билан ҳамкорликда Япон ҳуқуқини ўрганиш маркази ташкил этилди.

Ушбу марказ япон тили ва ҳуқуқини биладиган малакали кадрлар тайёрлаш, академик алмашинув ва қўшма илмий тадқиқотлар олиб боришга кўмаклашади. Шунингдек, ўтган йил Регенсбург университети (Германия) билан ҳамкорликда немис тили ва ҳуқуқини биладиган малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган Немис ҳуқуқи ва қиёсий-ҳуқуқий тадқиқотлар маркази иш бошлади.

Хитой олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда хитой ҳуқуқини ўрганиш маркази ташкил этилди. Етакчи япон, немис ва бошқа чет эллик олимларнинг юридик фанлар бўйича ўқув адабиётлари туркумини давлат тилига таржима қилиш ва чоп этиш борасида ҳам бир қатор ишлар амалга ошириляпти.

2021-2022 йилларда хорижий давлатларнинг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда профессор-ўқитувчи ва талабалар алмашинуви ҳамда стажировкаларни ташкил этиш доирасида ҳам муҳим ишлар йўлга қўйилди. Ҳар бир факультетга чет эллик мутахассислар, профессорлар, хорижий тил бўйича педагоглар жалб қилинди.

Марказлар фаолияти, хорижий мутахассислар билан тажриба алмашиш ҳамда нуфузли халқаро олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик масалалари хорижий тилларни пухта эгаллаш даражаси билан бевосита боғлиқ. Қолаверса, бу давр талаби бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда давлатимиз ва фуқароларимиз ҳақ-ҳуқуқларини чет эл ва халқаро ташкилотлар даражасида ҳимоя қилиш зарурати пайдо бўлмоқда ва бу талаб бундан кейин янада ошиши шубҳасиз. Масалан, ҳозирги кунда халқаро арбитражларда ўз позициясини қатъий билдира оладиган, мамлакатимиз ва фуқароларимиз ҳақ-ҳуқуқларини дадил ҳимоя қиладиган малакали юристларимиз йўқ ҳисоби.

Шу боис, давлатимиз чет эл ва халқаро судларда ўз манфаатини ҳимоя қилиш учун хорижий юридик консалтинг фирмалар ёрдамига таянишга мажбур бўлмоқда. Халқаро даражадаги малакали юрист бўлиш, хорижий юридик компаниялар, халқаро арбитраж иш юритувида иштирок этиш имкониятини қўлга киритиш учун хориж тилини мукаммал билиш зарур. Бу эса асосий мутахассислик билан бирга хорижий тилларни ҳам мукаммал биладиган юридик кадрлар тайёрлашни тақазо қилади.

Шу сабабли университетнинг хорижий тиллар кафедраси бошқа факультет ва кафедралар билан ўзаро ҳамкорликда талабаларни чет тилларни ўрганишга кенг жалб қилиш, қизиқишларини ошириш мақсадида янги, замонавий ва инновацион методларни қўллашга ҳаракат қилмоқда.   

Жиноий одил судлов факультети юридик адабиётларни таржима қилиш учун инглиз ва ўзбек тилларини пухта биладиган талабалар жамоасини тузяпти. Талабалар унга аъзо бўлиб, инглиз ва ўзбек тилларидаги ҳуқуқий терминларнинг асл ва муқобил шакллари, соҳага оид халқаро ҳуқуқий адабиётларни ўқиб-ўрганиш имкониятига эга бўлади.

Шунингдек, бу талабалар Sweet & Maxwell китоблари таржимонлари рўйхатига киритилади. Таълим маскани тайёрлаётган юридик кадрларнинг халқаро даражада етук мутахассислар бўлиб етишишида хорижий тиллар бўйича профессор-ўқитувчилар ҳам фаол иштирок этади.

                                                                                          Ойбек ТОШМАТОВ,

ТДЮУ хорижий тиллар кафедраси мудири