15 март — Бутунжаҳон истеъмолчилар куни

    Маблағларнинг 54,1 миллиард сўми қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши натижасида 2,2 миллион нафардан ортиқ истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

    Истеъмолчи — доим ҳақ. Бу иборани сўзда аввалдан кўп бор такрорлаймиз. Аммо унинг амалдаги ифодаси сўнгги йиллардагина кўзга ташлана бошлади. Бугун мамлакатимизда ҳар бир истеъмолчи ҳуқуқи чин маънода қонун ҳимоясида.

    Президентимизнинг 2019 йил 11 сентябрдаги тегишли фармони билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ана шу вазифани бажариб келмоқда. Соҳада туб бурилиш ясаган мазкур агентлик истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ягона давлат сиёсати ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштирувчи ваколатли тузилма сифатида тан олиниб, йўналишда алоҳида янги институт яратилди.

    Агентликнинг асосий вазифаси, биринчи навбатда, истеъмолчиларнинг номуайян доираси ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат. Бу фуқаролар йўллаган мурожаатларни ўрганиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериш ва турли тартибда чораларни қўллаш асносида амалга оширилади.

    Шу ўринда, истеъмолчи ўзи ким, деган савол туғилади. Аслида, жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳар биримиз истеъмолчимиз. Ўзбекистон Республикаси “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунда эса истеъмолчи — фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро, дея изоҳланади. Мазкур қонуннинг 4-моддасида истеъмолчиларнинг асосий ҳуқуқлари ҳам белгилаб берилган. Яъни товар, шунингдек, ишлаб чиқарувчи ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, товар, иш ёки хизматни эркин танлаш ва унинг тегишли даражада сифатли бўлишини талаб қилиш ҳуқуқига эгамиз. Акс ҳолда, товарни қайтариб бериш ёки бошқасига алмаштиришимиз, барча хизматлар борасида ҳам шундай йўл тутишимиз мумкин. Мазкур ҳуқуқларимиз қонун билан кафолатланган.

    Дунё мамлакатларида истеъмолчилар ҳуқуқлари энг юқори даражада таъминланишига гувоҳ бўламиз. Бунга фуқароларнинг истеъмолчи маданияти ва ҳуқуқларидан тўла хабардорлиги ҳам сабаб. Боиси, аксарият давлатларда бу борадаги тарғиботларга катта эътибор қаратилади. Турли тадбирлар, рекламалар орқали истеъмолчи ҳуқуқлари ҳақида маълумотлар бериб борилади.

    Ҳар йили 15 март санасида нишонланадиган Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш куни ҳам ана шу мақсадларга йўналтирилади. Сана тарихи ўтган асрнинг 60—80 йилларида АҚШда содир бўлган бир воқеа билан боғлиқ. Гап шундаки, мамлакатда темирйўл компанияларининг йўловчи ва юк ташиш хизматлари нархларини кескин ошириб юбориши истеъмолчиларнинг норозиликлари, яъни ҳуқуқ ва манфаатларини муҳофаза қилишга қаратилган ҳаракатлар авж олишига сабаб бўлади. Натижада темирйўл тарифлари устидан давлат ўз назоратни ўрнатиб, Сенатда янги махсус орган — штатлараро савдо бўйича комиссия тузилади. Мазкур истеъмолчилик ижтимоий ҳаракати БМТ томонидан эътироф этилиши ортидан алоҳида сана жорий этилган.

    Анъанага кўра, Consumer International ҳар йили Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш “йил мавзуси”ни белгилайди. Халқаро ташкилот жорий йилги сананинг кун мавзусини “Aдолатли рақамли молиявий хизматлар” дея эълон қилди.

    Ҳақиқатан, коронавирус пандемияси сабаб барча соҳалар фаол рақамлаштиришга ўтишни тақозо этмоқда. Рақамли технологиялар дунё бўйлаб тўловлар, кредитлаш, суғурта ва активларни бошқаришни қайта шакллантириб, молиявий ҳизматлар истеъмолчилари учун асосий воситага айланиб боряпти. Қолаверса, рақамли молиявий хизматлар ва технологиялар жаҳонда сезиларли ўзгаришларга олиб келди. “Juniper Research” компанияси таҳлилларига кўра, 2024 йилга бориб, рақамли банк хизматларидан фойдаланувчиларнинг сони 3,6 миллиарддан ортиши кутилмоқда. Бошқа тадқиқотлар эса 39 фоиз компаниялар биринчи навбатда молиявий технологияларни жорий этишга эътибор қаратаётганини кўрсатяпти. Табиийки, бу тизимда истеъмолчилар ҳуқуқларининг бузилиш ҳолатлари ҳам ортади. Шу боис, рақамли молиявий хизматларнинг тез ривожланаётган ва мураккаб характери истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтиришга асосланган инновацион тартибга солиш ёндашувларига эҳтиёж борлигини тасдиқлайди.

    Бугунги кунда Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги фаолияти ҳам замонавий технологияларга асосланган. Мурожаатларни тезкор қабул қилиш мақсадида рақамли, шаффоф электрон тизимлар жорий этилган. Қувонарлиси, аҳолининг агентлик фаолиятига ишончи кун сайин ортиб боряпти. Буни мурожаатчилар сонида ҳам кўриш мумкин.

    Жумладан, 2021 йил давомида истеъмолчиларнинг мурожаатлари, ижтимоий тармоқлар орқали билдирилган фикрлар ҳамда бошқа идоралар томонидан тақдим этилган маълумотлар асосида 826 та ўрганиш ва таҳлиллар ўтказилди. Ана шу ўрганишлар асосида истеъмолчилардан жами 127,1 миллиард сўм миқдорида ортиқча маблағ олингани аниқланиб, ушбу маблағларнинг 54,1 миллиард сўми қайта ҳисоб-китоб қилиб берилиши натижасида 2,2 миллион нафардан ортиқ истеъмолчининг ҳуқуқлари тикланишига эришилди.

    Мурожаатлар орасида сифатсиз товарни қайтариб олмаслик билан боғлиқ муаммодан тортиб, қиш мавсумида иссиқлик, табиий газ таъминоти амалдаги стандарт талаблари даражасида етказиб берилмагани, ичимлик сув етказиб бериш билан боғлиқ масалаларгача мавжуд. Агентликда ҳар бир мурожаат қонун доирасида ўрганилиб, зарур чоралар кўриб келинмоқда. Масалан, табиий газ таъминотидан узилган айрим ҳудудларда фуқароларнинг табиий газ учун олдиндан тўловлари ҳисобига, 534 минг истеъмолчининг қарийб 24,0 миллиард сўм ҳақдорликлари мавжудлиги қайд этилган. Агентлик томонидан “Ҳудудгазтаъминоти” АЖга нисбатан тегишли тартибда иш кўзғатилиб, бугунги кунда 19 460 нафар истеъмолчига 1,9 миллиард сўм миқдордаги маблағлар қайта ҳисоб-китоб қилинган, қолган маблағни қайтариш бўйича ишлар давом этмоқда.

    Шу билан бирга, аҳолига ичимлик сув етказиб бериш ҳизматлари учун хақларни тўғри ундириш масаласида ҳам бир қатор муаммолар кузатиляпти. Таҳлиллар натижасида Қорақалпоғистон Республикаси, Жиззах, Қашқадарё, Самарқанд, Сирдарё, Тошкент ва Фарғона вилоятларида 515 минг нафар истеъмолчидан 26,8 миллиард сўм ортиқча олинган маблағлар аниқланиб, хозирда 131 мингта истеъмолчига 13,8 миллиард сўм қайта ҳисоб-китоб қилинишига эришилган.

    Истеъмолчилар учун қулайлик яратиш ва сифатни таъминлашни мақсад қилган агентлик ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган маълумотлар асосида ҳам ўрганишлар олиб боради. Хусусан, тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун берилган 847 та автобус бекатлари ҳолати ўрганилганда, уларнинг 771 тасида автобус йўналиш графиклари мавжуд эмаслиги, 533 тасида чиқинди ташлаш жиҳозлари йўқлиги, 315 тасида кутиш зали белгиланган ҳажмдан кичиклиги, 309 тасида йўловчилар учун ўриндиқлар мавжуд (етарли) эмаслиги, 245 тасида йўловчилар учун ажратилган кутиш заллари белгиланган санитария-гигиена талабларига жавоб бермаслиги маълум бўлган. Ўрганиш натижалари бўйича мавжуд камчиликларни бартараф этиш юзасидан Транспорт вазирлиги ва Қорақалпоғистон Республикаси вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ахборот киритилган.

    Айтиш жоизки, мазкур ахборотлар асосида тегишли ташкилотлар зарур чораларни кўради. Камчиликлар бартараф этилиб, аҳолига сифатли хизмат кўрсатиш таъминлаб келиняпти. Фуқароларнинг бевосита мурожаатларини ҳал этиш эса агентлининг асосий вазифаларидан саналади. Бир сўз билан айтганда, биз “истеъмолчи — доим ҳақ”, деган иборани фақат оғизда эмас, балки амалда ҳаётий шиорга айлантиришни мақсад қилганмиз.

    15 март — Бутунжаҳон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кунини эса инсонлар оддий сана эмас, чин маънода ҳуқуқларини кафолатлайдиган байрам сифатида қарши олиши тарафдоримиз. Шу боис, жорий йил 15 февралдан 15 мартга қадар мамлакатимизда “Контрафактсиз ой” ойлиги бўлиб ўтди. Ойлик доирасида республика бўйлаб контрафакт маҳсулотлар савдосига қарши самарали кураш олиб борилди.

    Сўнгги йилларда одамлар контрафакт маҳсулот ҳақида етарли тушунчага эга бўлиб бормоқда. Тез-тез қулоққа чалинаётган ушбу термин интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда ишлаб чиқарилган ва сотиладиган товарларга нисбатан қўлланилади. Кўпинча ички истеъмол бозорида озиқ-овқат маҳсулотлари, маиший кимё, косметика ҳамда дори-дармон каби маҳсулотларга осон тақлид қилинган ҳолда қалбакилаштирилади ва ундан нусхалар олинади. Инсофсиз ишлаб чиқарувчилар қалбаки маҳсулот билан асл маҳсулот нусҳалари ўртасидаги (кўпинча машҳур брендлардан кўчирилади) фарқни сезмайдиган даражада харидорларнинг ҳаёлида асл маҳсулотнинг онг ости тасаввурини яратади ва бу орқали уларни чалғитишга ҳаракат қилади.

    Истеъмолчилар эса эътиборсизлик оқибатида ўртадаги фарқни сезмайди ва уларни сохта маҳсулотларнинг арзон нархлари ўзига жалб қилади. Ваҳоланки, қалбаки маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш нафақат асл ишлаб чиқарувчиларнинг интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузади, балки истеъмолчиларнинг ҳаёти ва соғлиғига таҳдид солади.

    Анъанага кўра, баҳорнинг биринчи ойида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ва унинг ҳудудий тузилмалари томонидан ўтказилган истеъмолчилар маданияти ҳамда аҳолининг ҳуқуқий билимларини янада оширишга қаратилган қатор тадбирларда ҳам бу борада тушунтиришлар берилди. Жорий йилги тақдимот-семинарлар сана мақсадига мос тарзда “молиявий саводхонлик” мавзусига бағишланди. Жараёнда 150 дан ортиқ таълим муассасалари, турли ташкилотлар қамраб олинди. Асосий мақсад ёш авлоднинг молиявий хизматлар соҳасида истеъмолчилик саводхонлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.

    Элмурод ҲАИТМЕТОВ,

    Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги директори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates