2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқиш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида

    Ҳужжатлар 22 ноябр 2021 15394

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармойиши

    Маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида ўз ечимини кутаётган масалаларни ҳал этиш, Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва “мобиль бошқарув аппарати”ни яратиш, Ўзбекистон Республикаси Президентининг сайловолди дастури ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига киришиш маросимига бағишланган Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисидаги маърузаси доирасида илгари сурилган ташаббус ва таклифларни реализация қилиш мақсадида:

    1. Қуйидагилар:

    2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурини ишлаб чиқишни мувофиқлаштирувчи республика комиссияси (кейинги ўринларда – Комиссия) 1-иловага мувофиқ;

    Давлат бошқаруви органларининг мақомини белгилаш, тузилмаларини такомиллаштириш ва штат бирликларини мақбуллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи 2-иловага мувофиқ;

    Давлат бошқаруви органлари фаолиятида рақамли технологиялар, очиқлик ва давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи 3-иловага мувофиқ;

    Давлат бошқаруви органларининг моддий-техника таъминотини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи 4-иловага мувофиқ;

    Давлат бошқаруви органларининг кадрлар салоҳиятини такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи 5-иловага мувофиқ;

    Давлат бошқаруви органларида коррупциянинг олдини олиш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи 6-иловага мувофиқ;

    Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш юзасидан таклифларни ишлаб чиқиш бўйича ишчи гуруҳи 7-иловага мувофиқ ташкил этилсин.

    2. Комиссиянинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгилансин:

    маъмурий ислоҳотларни амалга оширишда давлат бошқаруви органларининг фаолияти ўзаро келишилган тарзда, самарали олиб борилишини, сусткашликлар ва масъулиятсизликка йўл қўймаслигини таъминлаш, шунингдек, ишчи гуруҳлари ишини пухта ва сифатли ташкил қилиш, мазкур фармойишда белгиланган чора-тадбирлар билан бир қаторда уларнинг қўшимча вазифа ва функцияларини белгилаш;

    вазирликлар, давлат қўмиталари, қўмиталар, агентликлар, инспекциялар, марказлар ва бошқа давлат бошқаруви органлари (кейинги ўринларда – вазирлик ва идоралар)нинг давлат сиёсатини амалга ошириш, назорат функцияларини бажариш, жисмоний ва юридик шахсларга давлат хизматларини кўрсатиш соҳасидаги функцияларини бўлиш;

    вазирлик ва идоралар фаолиятида аниқ кўрсаткичлар ва мақсадли индикаторларга эришиш тизимини жорий қилиш;

    давлат бошқаруви асослари тўғрисидаги қонунчилик ҳужжатларининг замон талабларига мос равишда пухта ишлаб чиқилиши ҳамда киритилишини таъминлаш.

    3. Ишчи гуруҳлар раҳбарлари Р.Қ.Давлетов, Ш.Х.Шерматов, Т.А.Ишметов, О.А.Хасанов, Н.Т.Йўлдошев, Д.А.Кучкаров 2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастури лойиҳасига таклифлар 8-иловада белгиланган асосий устувор йўналишларни инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилишини таъминласин.

    4. 2022-2023 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотлари дастурининг лойиҳасини ишлаб чиқиш схемаси 9-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

    5. Шундай тартиб ўрнатилсинки, унга мувофиқ:

    мазкур фармойишнинг 2-7-иловаларига мувофиқ ташкил қилинаётган ишчи гуруҳлари томонидан тайёрланган таклифлар ишчи гуруҳи раҳбарининг имзоси билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилади;

    таклифлар тақдимот кўринишида тақдим қилинади ҳамда уларга таҳлилий маълумотнома ва жадваллар, ривожланган мамлакатларнинг тажрибасини ўрганиш бўйича маълумотнома ва бошқа материаллар, шунингдек, зарур ҳолларда, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари илова қилинади (кейинги ўринларда – тақдимот материаллари);

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси Вазирлар Маҳкамаси ҳамда ишчи гуруҳлари билан биргаликда тақдим қилинган тақдимот материалларини кўриб чиқади ҳамда Комиссияга киритади;

    Комиссиянинг йиғилишида тақдимот материалларини шахсан ишчи гуруҳлари раҳбарлари тақдимот қилади.

    6. Белгилансинки, ишчи гуруҳи аъзолари асосий иш жойидаги вазифалардан тўлиқ озод қилинади ҳамда тегишли давр мобайнида улар учун қонунчиликда белгиланган барча шарт-шароитлар сақлаб қолинади.

    Вазирлик ва идоралар раҳбарлари икки кун муддатда ишчи гуруҳлари таркибига киритилган аъзолар белгиланган тартибда ўз ишида тўлиқ фаолият юритишини таъминласин.

    7. Ишчи гуруҳлари раҳбарлари Р.Қ.Давлетов, Ш.Х.Шерматов, Т.А.Ишметов, О.А.Хасанов, Н.Т.Йўлдошев, Д.А.Кучкаров:

    уч кун муддатда ташкилий йиғилишларни ўтказиб, тегишли йўналиш доирасида белгиланган вазифалар сифатли ва ўз вақтида амалга оширилишини таъминлаш бўйича саволнома, тармоқ графиги ва тақдимот материаллари намуналарини тасдиқласин ҳамда ишчи гуруҳи аъзоларининг вазифалар тақсимотини белгиласин;

    ишчи гуруҳлари фаолиятини самарали ташкил қилиш учун барча зарур чораларни амалга оширсин;

    ҳар куни тегишли ишчи гуруҳлари томонидан тайёрланаётган таклифларнинг муҳокамасини ташкил этиб борсин, зарур ҳолларда, ушбу ишларни бошқа ишчи гуруҳлари билан биргаликда амалга оширсин;

    таклифларни тайёрлаш жараёнида ишчи гуруҳлари ўртасида самарали ва доимий коммуникация ҳамда ҳамкорликни йўлга қўйсин;

    2022 йил 20 январга қадар ишчи гуруҳлари томонидан ҳар томонлама асослантирилган таклифлар ишлаб чиқилишини ва уларнинг манфаатдор вазирлик ва идоралар, шу жумладан, маҳаллий ҳокимликлар билан келишилишини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини таъминласин.

    8. Ишчи гуруҳлари раҳбарларига:

    белгиланган вазифаларни амалга оширишда вазирлик ва идоралар, илмий ва таълим муассасалари, халқаро ташкилотлар мутахассислари, шунингдек, маҳаллий ҳамда хорижий эксперт ва маслаҳатчиларни жалб қилиш;

    журналист ва блогерларни жалб қилиш ҳамда тайёрланаётган таклифларни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ёритиш, белгиланган вазифалар бўйича сўровномалар ташкил қилиш ҳуқуқи берилсин.

    9. Ташқи ишлар вазирлиги (А.Х.Камилов):

    ишчи гуруҳларининг сўровларига асосан Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлардаги дипломатик ваколатхоналарини жалб қилган ҳолда тегишли масалалар юзасидан ривожланган давлатларнинг тажрибасини чуқур ўрганиб, улар бўйича маълумотларнинг тезкор тақдим этилишини таъминласин;

    ушбу маълумотларни тайёрлашда хорижий давлатларнинг нуфузли экспертлари, олимлари ва мутахассислари билан учрашувлар ва муҳокамалар ўтказиш (шу жумладан, видеоконференцалоқа шаклида), улардаги асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни таржима қилиш чораларини кўрсин;

    Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда халқаро ташкилотлар ва халқаро молия институтларидан маъмурий ислоҳотлар юзасидан тайёрланган таҳлилий ахборотлар ва ҳисоботлар, шунингдек, тавсия ва таклифларини сўраб олсин ва ишчи гуруҳларига тақдим этсин, зарур ҳолларда, уларнинг тажрибали экспертларини ишчи гуруҳлари фаолиятига жалб қилишга кўмаклашсин;

    Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, “Эл-юрт умиди” жамғармаси билан биргаликда зарур ҳолларда ишчи гуруҳлари аъзоларини ривожланган хорижий давлатларга қисқа муддатли хизмат сафарига юборишни ташкил этсин.

    Бунда, ишчи гуруҳлари аъзоларини хорижга юбориш билан боғлиқ харажатлар (транспорт, меҳмонхона, кунлик ва бошқалар) Давлат хизматини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан қопланади.

    10. Комиссия (А.Н.Арипов, З.Ш.Низомиддинов):

    2022 йил 10 февралга қадар тақдимот материалларини кўриб чиқсин;

    2022 йил 20 февралга қадар ҳар бир йўналиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Президентига тақдимот қилсин;

    2022 йил 1 мартга қадар 2022-2023 йилларда Янги Ўзбекистон маъмурий ислоҳотларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни тасдиқлашни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони лойиҳасини киритсин.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.МИРЗИЁЕВ

    Тошкент шаҳри,
    2021 йил 22 ноябрь.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates