Унга кўра, Конституциянинг 32 йиллигини муносиб кутиб олиш ва юксак савияда нишонлаш учун «Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!» деган бош ғояни ўзида мужассам этган ташкилий-амалий ҳамда маънавий-маърифий тадбирлар самарали ташкил этилади.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси кунига бағишланган байрам тадбирларига тайёргарлик кўриш ва уларни ўтказиш дастури ҳамда ташкилий қўмита тасдиқланди.
Байрамни бугунги давр руҳига ҳамоҳанг тарзда нишонлаш мақсадида қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилади:
- янгиланган Конституциямиз мазмун-моҳияти ва «Ўзбекистон – 2030» стратегиясининг асосий устувор йўналишлари доирасида белгиланган туб ислоҳотлар ҳақида маҳаллалар, таълим ва меҳнат жамоаларида маърифий учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;
- сўнгги йилларда иқтисодий, ижтимоий, маданий-маънавий ҳаётнинг турли соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва бу борада эришилаётган натижаларни мустаҳкамлашда янги таҳрирдаги Конституциянинг ўрни ва ролини ёритиш;
- «Конституция – эркин ва фаровон ҳаёт гарови!» деган ҳаётий шиорнинг моҳияти ва аҳамиятини, янги таҳрирдаги Конституция асосида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари соҳасида мутлақо янги босқичга ўтилганлигини очиб бериш;
- мулкий ҳуқуқларнинг ишончли ҳимоясини таъминлаш, соғлиқни сақлаш, илм-фан, маданият, санъат ва спорт соҳаларини ривожлантириш, нуронийлар, хотин-қизлар ва ёшларга доимий эътибор ва ғамхўрлик кўрсатиш, оила, оналик, болалик ва оталикни ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг аҳамиятини кенг тарғиб қилиш;
- «Конституция ойлиги» доирасида умумий ўрта, ўрта махсус, профессионал ва олий таълим ташкилотларида барча ўқувчи ва талабаларни қамраб олган ҳолда Конституция дарсларини ўтказиш.