Марғилон шаҳридаги Ҳунармандчиликни ривожлантириш марказида “Атлас байрами” бешинчи халқаро анъанавий тўқимачилик фестивалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
— Мамлакатимизда олиб борилаётган катта ислоҳотлар доирасида қадимий ва бой анъаналарга эга ҳунармандчилик соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада вилоятда амалга оширилаётган ишларга қисқа тўхталиб ўтадиган бўлсак, жорий йилнинг ўзида 13 та туманда янги “Ҳунармандлар марказлари” қуриб битказилди. Ушбу марказларда тўқимачилик йўналишининг ўзида 4000 та янги ишчи ўрин яратилганини алоҳида қайд этиш жоиз. — деди илоят ҳокими Хайрулло Бозоров
Маросимда видеоалоқа орқали нутқ сўзлаган ЮНЕСКОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Сара Ношади, Марғилон атлас ва адрас саънатининг жаҳон ҳунармандчилигида тутган ўрнига алоҳида урғу берди.
Фестиваль арафасида Марғилон учун яна бир муҳим воқеа юз берди — Бутунжаҳон ҳунармандлар кенгаши томонидан Марғилон шаҳрига “Жаҳон ҳунармандлари шаҳри” деган юксак унвон берилди. Бугунги кунда дунёнинг 4 та қитъасидан 57 та шаҳар бундай эътирофга сазовор бўлган.
Уч кун давом этадиган фестиваль давомида Марғилоннинг барча хиёбон ва майдонларида халқ сайллари, кураш мусобақалари, дорбозлик, қўғирчоқбозлар чиқишлари, “Ҳунармандлар шаҳарчаси”да ҳунармандчилик буюмлари намойиши, маҳаллий ва хорижий дизайнерларнинг либослар намойишлари, тўқимачилик усталарининг маҳорат дарслари, кўргазма ва илмий-амалий анжуманлар бўлиб ўтади, дея хабар бермоқда Фарғона вилояти ҳокимлиги.