Мактаблар аттестацияси жазоловчи восита эмас

    Янги тизимга мувофиқ, аккредитацияланмаган мактабларда таълим сифатини яхшилаш бўйича йўл хариталари тузилиб, бир йилдан сўнг қайта аттестациядан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.

    Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги қонунига кўра таълим ташкилотлари аттестацияси — таълим ташкилотларининг фаолиятини баҳолаш, давлат таълим стандартлари, давлат таълим талаблари ҳамда ўқув дастурларига мувофиқ кадрлар тайёрлаш мазмуни, даражаси ва сифатини аниқлаш бўйича давлат назоратининг асосий шакли ҳисобланади.

    Таълим инспекцияси ташкил этилган дастлабки кунлардан бошлаб ушбу вазифани тизимли ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шунингдек, инспекция таълим сифатини назорат қилиш билан чекламасдан, сифатни янада ошириш бўйича таълимни бошқарув органлари ва таълим ташкилотларига ҳар томонлама кўмак бериш вазифаларини устувор қилиб белгиланди. Таълим инспекцияси ҳар бир хатти-ҳаракатида таълим олувчининг манфаати ва ҳуқуқлари устуворлиги белгиланди.

    Хусусан, илғор хорижий тажрибалар асосида умумий ўрта таълим муассасаларида таълим сифатини ички ва ташқи баҳолаш тизимлари жорий этилди. Таълим сифатини таъминлашнинг ушбу тизими таълим муассасаларида мунтазам ўзини ўзи баҳолаш орқали таълим хизматлари сифатини ошириш ва таълим сифати маданиятини шакллантиришга йўналтирилган. Аттестация ва давлат аккредитацияси жазоловчи воситадан таълим сифатини янада яхшиловчи воситага айлантирилди.

    Ташқи баҳолаш жараёнларида аввало муассасада таълим сифатини таъминлашнинг ички тизими қай даражада самарали йўлга қўйилганлигига эътибор берилади. Ташкилот жамоасининг кўрсатаётган таълим хизматлари сифатига қай даражада ҳисобдорлиги, уларнинг фаолияти шаффофлиги ва асосий манфаатдор томонлар (ўқувчилар, ота-оналар) билан ҳамкорликда очиқлик асосида йўлга қўйилганлиги ҳамда таълим хизматлари сифатини янада яхшилаш бўйича олиб борилаётган ишлар самарадорлигига баҳо берилади.

    Умумий ўрта таълим мактаблари фаолиятини баҳолаш воситалари ва механизмлари соддалаштирилиб, аттестациядан ўтказиш ва аккредитациялаш жараёнлари электронлаштирилди. Умумий ўрта таълим мактабларининг аттестацияси ва давлат аккредитацияси жараёнини онлайн мониторинг қилиш бўйича «ОNACS» – электрон платформаси яратилди ҳамда онлайн аккредитация реестри ишга туширилди.

    Шунингдек, умумий ўрта таълим муассасаларини аттестациядан ўтказиш мезонлари ва уларни баҳолаш технологиялари ишлаб чиқилди.

    Умумий ўрта таълим муассасаларини ташқи баҳолаш учун туман (шаҳар)ларда фанлар бўйича 64 нафардан жами 12553 нафар эксперт реестри шакллантирилди.

    Яратилган аккредитация тизими умумий ўрта таълим мактабларида таълим сифатини янада оширишга йўналтирилганлиги, мавжуд муаммоларни бартараф этиш механизмини ишлаб чиқиш ва малакали экспертларни жалб килган ҳолда мактабни кейинги беш йиллик ривожланишига кўмаклашиши билан аҳамиятлидир.

    Янги тизимга мувофиқ, аккредитацияланмаган мактабларда таълим сифатини яхшилаш бўйича йўл хариталари тузилиб, бир йилдан сўнг қайта аттестациядан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилган.

    Хусусан, Наманган шаҳридаги 1-ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактаб-интернати 2020 йил февраль ойида ўтказилган аттестация жараёнида қониқарсиз баҳоланиб, аккредитацияланмаган эди.

    Ўтган бир йил давомида мактаб-интернат жамоаси тасдиқланган “йўл харита”си асосида ўқувчилар билимини ва ўқитувчилар салоҳиятини оширишга ва таълим сифатига бевосита таъсир кўрсатувчи моддий-техник базани бойитишга алоҳида эътибор қаратган.

    Жумладан, мактаб-интернатнинг информатика кабинети ва ўқитувчилар хонаси замонавий компьютер техникалари билан жиҳозланиб, юқори тезликдаги интернет тармоғига уланган.

    Мактаб-интернат педагогларнинг мустақил малака оширишлари учун шароитлар яратилиб, уларга услубий ёрдам кўрсатиш мақсадида халқ таълими бўлими методистлари ва Наманган давлат университетининг профессор ўқитувчилари билан устоз-шогирд анъанаси асосида илмий ҳамкорлик ўрнатилган.

    Паст ўзлаштирувчи ўқувчилар билимидаги бўшлиқларни тўлдириш бўйича ўқитувчилар томонидан қўшимча дарслар ташкил этилиб, фан тўгараклари фаолияти кучайтирилган. Ҳар чоракда ўқувчилар билимини мониторинг қилиб бориш бўйича Давлат тест маркази билан шартнома тузилиб, уларнинг ўзлаштириш динамикаси таҳлил қилиб борилган.

    Натижада мактаб-интернатдаги олий тоифали ўқитувчилар улуши 17 фоиздан 31 фоизга, биринчи тоифали ўқитувчилар улуши 27 фоиздан 55 фоизга ошишига эришилган. Бугунги кунда мактаб-интернатдаги жами 29 нафар ўқитувчиларнинг 9 нафари (31 фоиз) олий тоифали, 16 нафари (55 фоиз) биринчи тоифали, 3 нафари (10 фоиз) иккинчи тоифали ва 1 нафари (3,4 фоиз) мутахассис ўқитувчилар бўлиб, педагоглар салоҳияти 86 фоизни ташкил этмоқда.

    Шунингдек, 2021 йил қайта аттестация жараёнида олинган назорат ишлари натижаларига кўра ўқувчиларнинг ўзлаштириш кўрсаткичи 48 фоиздан 83,9 фоизга кўтарилган ва мактаб-интернат аккредитацияланишга тавсия этилган.

    Бундан кўринадики, қаерда мактаб раҳбари тадбирли бўлса, мактаб фаолиятини ривожлантириш бўйича истиқбол режаси пухта тузилиб амалга оширилса, бу мактабда ўқитиш шароитлари яхшиланиб, таълим сифати ошишига эришилади.

    Равшан ЭРГАШЕВ,

    Таълим сифатини назорат

    қилиш давлат инспекцияси бўлим бошлиғи

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates