Биринчи китоб — биринчи қадам

    Катта ададда бепул нашр қилиниб, яна қалам ҳақи ҳам беришдек мукофот ҳеч қайси давлатда бўлмаса керак, – деди ЎзЖОКУ магистранти Юлдуз Ўрмонова.

    Президентимизнинг 2020 йил 25 декабрь куни Ўзбекистон ёшлари форумида сўзлаган нутқи миллионлаб йигит-қизларимизни руҳлантириб юборгани бугун улар кўзидаги қувонч, қалбидаги шижоатда намоён бўла бошлади. Айниқса, жорий йил номида ҳам ёшларни қўллаб-қувватлаш мақсади етакчилик касб этгани ҳам ҳар жабҳада улар фаоллигини оширишга хизмат қилади.

    Куни кеча давлатимиз раҳбарининг маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалалари бўйича ўтказган видеоселектор йиғилиши ҳам айнан ёшларнинг маънавий тарбиясига бағишланди. Йиғилиш давомида ёшларни ёт ғоялар таъсиридан айнан маърифат, маънавиятнинг кучи билан асрашимиз лозимлиги яна бир бор қайд этилди. Шунингдек, йиғилишда фарзандларимизни вертуал олам, ижтимоий тармоқлар таъсиридан қутқаришда китобларнинг ўрни беқиёс экани алоҳида таъкидланди.

    Хабар қилганимиздек, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ҳамда “Ижод” жамоат фонди томонидан “Биринчи китобим” лойиҳасида 15 нафар ёш ижодкорнинг китоблари нашрдан чиқди. Шу муносабат билан ташкил этилган тақдимот маросими адабиёт, маънавиятга бўлган муҳаббатимизнинг кун сайин юксалиб бораётганига яна бир ишора бўлди, дейиш мумкин.

    Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид тадбирни табрик сўзи билан очар экан, илк китоби чоп этилган муаллифларни “ҳар бирингиз сўзлардан иморатлар қуришга ва қурганда ҳам мустаҳкам, гўзал иморатлар қуришга қодир ёшларсиз”, дея эътироф этди.

    Ёш иқтидор соҳибларига айтилган гўзал тилаклар уюшма раисининг Ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Ботир Эргашевнинг самимий тилакларига уланди. Муаллифларга китоблар ва қалам ҳақлари ҳам шу ернинг ўзида, уюшма ходимлари иштирокида тантанали топширилди.

    Ёш ижодкорлар Маҳлиё Умрзоқованинг “Туйғулар алангаси”, Анвар Ботирнинг “Улғайиш”, Бобур Ҳамронинг “Широқнинг қайтиши”, Яҳё Фаёзнинг “Бахтимизнинг зар туморлари”, Юлдуз Ўрмонованинг “Уйғоқ юлдузлар”, Мирзоҳид Музаффарнинг “Фош”, Акмал Турсуновнинг “Бургутқоя”, Раҳмат Бобожоннинг “Изтироб шивири”, Анвар Аллабергановнинг “Гуллаётган чечаклар”, Бек Алининг “Мен ахир сенман”, Асрор Солижоннинг “Севгиранг нигоҳ”, Мадина Норчаеванинг “Кафтдаги йўл”, Азизбек Норовнинг “Эйнштейн жумбоғи”, Рахшона Аҳмедованинг “Орзу ва денгиз” ҳамда Абдурауф Зокировнинг “Она замин” китоблари 10 минг нусхадан чоп этилган. Ноёб қобилият эгаларининг ҳар бирида ўзига хос олам, ўз айтар сўзи, устозлари кўрсатган равон йўли бор.

    Албатта, бугунги кун нафақат адабиёт байрами, балки биз ёш ижодкорлар учун ҳаётимизда муҳим тарихий сана сифатида муҳрланиб қолади. Негаки, ижодкор учун илк китобининг ўқувчиларга тақдим этилишидек унутилмас кун бўлмаса керак.

    – Мен ҳам сараланган ёш ижодкорлар қаторида биринчи шеърий тўпламим чоп этилганидан ғоят ҳаяжондаман. Катта ададда бепул нашр қилиниб, яна қалам ҳақи ҳам беришдек мукофот ҳеч қайси давлатда бўлмаса керак, – деди ЎзЖОКУ магистранти Юлдуз Ўрмонова. – Бунга жавобан келгусида бадиий таржима билан шуғулланиб, ўзбек асарларини хорижий тилларга ўгириш режамни амалга оширишга киришмоқчиман.

    Тадбирда ёш ижодкорларни эътироф этиш баробарида келгусида улар эътибор бериш керак бўлган жиҳатлар ҳам устозлари томонидан холисона кўрсатиб ўтилди. Хусусан, адабиётшунос Раҳмон Қўчқор баъзи илк китоблар юзасидан таҳлилий фикрларини очиқ баён этди.

    Биринчи китобларга З.Мўминова, Р.Мусурмон, И.Мирзо, А.Саид, И.Султон, С.Ўнар, А.Йўлдошев, Ш.Салом, Қ.Норқобил, Ж.Тоштемиров, Н.Арслонов, Н.Асадова, М.Зоҳидова каби ёзувчи, шоир, публицистлар муҳаррирлик қилганлар. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, бугунги кунда республика миқёсида ёш ижодкорларни саралаш, уларнинг китобларини чоп этишга катта эътибор берилаётгани барчамизга яхши маълум. Аввалги йилларда ёш истеъдодлар “Биринчи китобим”да илк тўпламларини чиқариш учун Зомин семинарида албатта иштирок этишлари шарт эди. Натижада турли сабабларга кўра, семинарга бора олмаган ёш ижодкорларнинг илк китобларини Уюшма томонидан чоп этиш имконсиз эди. Эндиликда бу борада ҳам янгиликлар жорий этилди.

    Шунингдек, “Биринчи китобим” лойиҳаси доирасида тақдимот маросимлари яна давом этади ва яна 22 нафар муаллифнинг илк тўплами тез орада ўқувчилар қўлига етиб боради.

    Муножат МЎМИНОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates