Давлат тиббий суғуртаси: илғор тажриба ва кутилаётган натижалар

    Соғлиқни сақлаш соҳасида фуқароларнинг тиббий хизматларга эҳтиёжини ўз вақтида ва сифатли таъминлашга йўналтирилган тизимни шакллантириш бугунги куннинг муҳим талаби. Аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва умр кўриш давомийлигини ошириш, тиббий хизматлар сифатини оширишга қаратилган тиббий суғурта тизими ажратилаётган маблағларнинг мақсадли сарфланишини таъминлайди. Ижтимоий кафолат ҳамда аҳолининг барча қатлами учун тиббий ёрдам мавжудлиги тизимнинг афзаллигидан далолат беради.

    Чет эл амалиёти қандай?

    Хорижий давлатларда соғлиқни сақлаш тизимини бошқаришнинг турли моделлари мавжуд бўлиб, суғурталаш жараёни бир неча йўналишда олиб борилади.

    Ривожланган кўпгина мамлакатларда умумий мажбурий тиббий суғурта тизими жорий қилинган. Уларнинг ҳар бири миллий хусусиятлари ва қонунларига мос тарзда мажбурий тиббий суғурта турларидан бирини қўллайди. Масалан, Буюк Британияда ягона тўлов тизими — давлат соғлиқни сақлаш тизими учун фуқаролардан алоҳида солиқ ундирилади. Германияда мажбурий суғурта полиси сотиб олинади. Мазкур тизим барча фуқаролардан иш берувчи орқали ёки давлатдан мажбурий тиббий суғурта сотиб олишни назарда тутади. Бошқа бир неча давлатда эса икки поғонали тизим (давлат бюджети ва хусусий суғурта компаниялари) жорий этилган бўлиб, унда давлат энг асосий тиббий хизматлар учун фуқаролардан солиқ ундиради ҳамда бу тиббий хизматларни бепул таъминлаб беради. Францияда фуқаролар қўшимча тиббий хизматлар учун ўзлари мустақил тўловни амалга ошириши мумкин.

    Мамлакатимизда қайси модель танланди?

    Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 12 ноябрдаги “Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида тизимни ахборотлаштириш, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари тиббиёт ходимлари фаолиятини баҳолаш, рағбатлантириш, ҳар бир тиббиёт муассасаси даражасида давлат томонидан кафолатланган тиббий хизмат ва дори воситалари пакетини ишлаб чиқиш вазифалари белгиланган.

    Айни вақтда Ўзбекистонда биринчи марта соғлиқни сақлаш тизимини тиббий суғуртага ўтказиш жараёни Сирдарёда синовдан ўтказилмоқда. Бюджетдан тўланадиган маблағ ҳисобига кўрсатиладиган тиббий хизмат амбулатор ёрдам, тез тиббий ёрдам ва стационар ёрдамни ўзида мужассам этади.

    — Дунёнинг кўп мамлакатларида тиббий суғурта жорий этилган бўлиб, улар тажрибасининг энг яхши жиҳатларини юртимизда қўллаш учун давлат тиббий суғуртаси тизими иш бошлади, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори Фаррух Шарипов. — Асосий мақсад касалликларнинг олдини олиш, эрта аниқлаш, тиббий ёрдам кўрсатишнинг бирламчи бўғинида малакали ва сифатли хизмат кўрсатиш, аҳолининг саломатлик даражаси, ўртача умр кўриш давомийлигини оширишдан иборат. Мажбурий тиббий суғурта тизимида иш берувчи ёки бемор ўз ҳисобидан муайян миқдорда маблағ тўлайди. Юртимизда жорий этиладиган давлат тиббий суғуртаси учун эса аҳоли даромадидан ажратма (бадал)лар олиш кўзда тутилмаган. Ушбу тизим мажбурийлик характерига эга эмас ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади.

    Суғуртанинг аҳамияти нимада?

    Суғурталаш тизими жорий этилса, биринчидан, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўлами янада ошади. Иккинчидан, касалликларни эрта аниқлаш натижасида аҳолининг ўртача умр кўриш даражасини узайтириш имкони пайдо бўлади. Учинчидан, суғурта бозори ривожланади. Қолаверса, тиббиёт муассасаларининг моддий-техник базаси, дори-дармон билан таъминланиши сезиларли даражада яхшиланади, тиббиёт ходимларининг ойлик маоши босқичма-босқич ошириб борилади.

    Рақамлаштириш — давр талаби

    Суғурта тизимининг ахборот-коммуникация технологияларидан кенг фойдаланган ҳолда жорий қилиниши ахборот алмашинувини таъминлаш ҳамда тиббиёт ходимлари ва беморлар учун керакли маълумотларни олиш имконини беради.

    — Аҳолининг электрон реестри, бемор йўлланмаси, касаллиги, қайси шифокор текширгани, ташхис ва даволаниш ҳолатлари ҳақидаги маълумотлар электрон базага киритиб борилмоқда, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ижро этувчи директори Фаррух Шарипов. — Бу эса, касалликларни прогнозлаш, шифокорларнинг иш фаолиятини баҳолашга имкон яратади. Шунингдек, ортиқча қоғозбозликка чек қўйиб, барча ишларни тизимга солади. Тиббий ҳужжатларнинг электрон шаклда бўлиши тезкор ва аниқ ишлаш имкониятини кенгайтиради. Шифокор онлайн рўйхат асосида фуқароларни қабул қилади, бемор кутишга ортиқча вақт сарфламайди.

    Халқаро ҳамкорлик истиқболи

    Бу борада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти билан ҳамкорлик қилинмоқда. ЖССТ ва Ўзбекистон ҳукумати ҳамкорлигида давлат тиббий суғуртасини жорий этишнинг техникиқтисодий асоси ишлаб чиқилди.

    Ўзбекистон Республикаси Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ходимлари давлат тиббий суғуртасини жорий этиш бўйича Украина тажрибасини ҳам ўрганмоқда.

    Украина Соғлиқни сақлаш вазирлигида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон ва Украина давлатлари ўртасида соғлиқни сақлаш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар, давлат тиббий суғуртасини татбиқ этишда тажриба алмашиш, хусусан, аҳолини кафолатланган тиббий ёрдам билан таъминлаш масаласида мулоқот ўтказилди.

    — Украинада биринчи босқичда аҳоли ихтиёрий равишда ўзининг оилавий шифокорига бириктирилган, иккинчи босқичда реимбурсация (оилавий поликлиникаларда сурункали касалликлар билан ҳисобда турган аҳолини дори-дармон билан таъминлаш) дастури татбиқ этилди. Учинчи босқичда эса тиббий кафолатлар дастурини тўлиқ ҳажмда амалга ошириш бошланган, — дейди Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ходими Умида Газиева.

    Юртимизда ҳам бу каби янгиликлар синовдан ўтказилмоқда. Хусусан, 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йил охиригача Сирдарё вилоятининг барча шаҳар ва туманларида давлат тиббий суғуртаси механизмини жорий этиш, тажриба-синов натижаларини таҳлил қилиш, 2023 йилдан бошлаб унинг ижобий натижаларини мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич қўллаш режалаштирилган.

    Самара нималарда кўринмоқда?

    Ҳозирги кунда Сирдарё вилоятида оилавий шифокор беморни тор соҳа мутахассислари консультацияси ва стационар даволаниш учун юборишни фақат йўлланма асосида амалга оширмоқда. Жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари оилавий шифокорлари томонидан йўлланма билан юбориш ўртача 37,3 фоизга, беморларни шифохоналарга йўлланма билан ётқизиш 10,8 фоизга ошган. Масалан, ўтган йилнинг июлида 13 минг 172 нафар бемор шифохоналарда даволанган бўлса, улардан 6350 нафари (48,3 фоизи), октябрь ойида 13 минг 835 нафар бемор шифохоналарда даволанган бўлиб, улардан 8179 нафари (59,1 фоизи) йўлланма билан жойлаштирилган.

    Оилавий поликлиникаларда “тиббий бригадалар” фаолияти босқичма-босқич йўлга қўйилиши муносабати билан навбатларга чек қўйилмоқда. Фуқаролар масофадан, яъни телефон орқали навбатга ёзилиб, белгиланган вақтда оила шифокори қабулига ёзилмоқда.

    — Хорижда беморларнинг шифокор қабулига ўзига қулай вақтда кириб боришини эшитиб, ҳавас қилардик, — дейди Гулистон шаҳрида яшовчи Ботирқул Норбеков. — Энди юртимизда ҳам шундай тартиб жорий этилди. Рўйхатхонага телефон орқали боғланиб, ўзимизга керакли шифокор қабулига навбат олиб, белгиланган вақтда боришимиз мумкин. Шифокор билан юзма-юз қолиб, бемалол гаплашиш имкони ҳам мавжуд. Авваллари ҳамшира ўтиргани, навбатда турганлар ҳадеб эшикни очиб, мўралайверишидан одамнинг нима дард билан келгани ҳам эсдан чиқарди. Энди ҳамшира шикоятингизни ўрганиб, шифокор қабулига йўллайди. Шифокор эса кафолатланган пакет доирасида керакли тиббий хизматни кўрсатади.

    Кутилаётган натижалар

    Соғлиқни сақлаш тизимига йўналтирилаётган маблағни босқичма-босқич қисқартириш, тиббий хизмат бозорида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш ҳамда аҳолининг тиббий ёрдам учун тўғридан-тўғри пул тўлаш даражасини камайтириш кутилаётган натижалардан биридир.

    Шунингдек, соғлиқни сақлаш тизимига ажратилаётган маблағ доирасида бирламчи тиббий-санитария ёрдами улушини ошириш, профилактика учун амбулатор-поликлиника хизматига эътибор қаратиш, касалликларни эрта аниқлаш, тиббиёт муассасаларининг молиявий мустақиллигини ошириш ва тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш механизмини кенгайтиришга замин яратилади.

    Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож тоифаларини сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш даражасини ошириш, давлат томонидан кафолатланган тиббий ёрдам кўрсатишга хусусий тиббиёт ташкилотларини жалб қилиш тиббий хизматлар бозорида рақобат муҳитини ривожлантиришга хизмат қилади.

    Рисолат МАДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates