Давлат тиббий суғуртаси: пакет доирасида тиббий хизматлар бепул амалга оширилади

    Саломатлик 20 сентябр 2021 1209

    Дунёда ҳукм сураётган пандемия сабаб инсонлар ўз соғлиғига анча эътиборли бўлиб қолишди. Кўпчилигимиз шу икки йилда тиббий хизматлар учун сарфлаган маблағларимиз миқдоридан адашиб ҳам кетдик, назаримда.. Касаллик ва унинг асоратларини бартараф этиш харажатлари анча-мунча одамни ҳолдан толдириши ҳам бор гап.

    Ҳозирда кўплаб мамлакатларда махсус тиббий суғурталаш жамғармалари фаолият юритмоқда. Уларнинг асосий мақсади – беморларга сифатли тиббий ва профилактик ёрдам кўрсатилишини таъминлаш учун мажбурий тиббий суғурталаш тизимини молиялаштиришдир. Юртимизда ҳам Сингапур, Жанубий Корея, Япония, Франция, Германия, Норвегия, Россия каби давлатларнинг бу борадаги тажрибалари асосида Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси ташкил этилди.

    Мамлакатимизда давлат тиббий суғуртасининг вазифалари нималардан иборат ва уни ташкил этишга қандай зарурат бор эди? Бу ҳақида Давлат тиббий суғуртаси жамғармасининг ижро этувчи директори Фаррух Шарипов билан суҳбатлашдик.

    – Мамлакатимизда инсон саломатлиги ва унинг турмуш фаровонлигига бўлган эътибор кундан-кунга ўз самарасини бериб келмоқда. Айниқса, шифо масканларида аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ошиб, фуқаролар, қолаверса, даволанувчилар учун кенг имкониятлар яратилмоқда.

    Айниқса, фуқароларни давлат томонидан тиббий суғурталаш масаласи Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрда қабул қилинган «Соғлиқни сақлаш тизимини ташкил этишнинг янги модели ва давлат тиббий суғуртаси механизмларини Сирдарё вилоятида жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида ўз аксини топди.

    Унга кўра, Давлат тиббий суғурта жамғармаси ташкил этилди. Бизнинг асосий вазифамиз давлат тиббий суғуртаси тизимини жорий этиш, бошқариш ҳамда ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда идоралараро ҳамкорликни таъминлаш. Аҳолининг барча қатламларини давлат томонидан кафолатланган пакет доирасида сифатли ва зарур тиббий ёрдам билан таъминлаш мақсадида тиббий хизматлар стратегик хариди тизимини жорий этишда иштирок этамиз.

    Шунингдек, Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш тизимида 2021 йилнинг 1 июлидан 2022 йилнинг охирига қадар тажриба-синов тариқасида соғлиқни сақлаш тизимини янги модели ва молиявий механизмлари синовдан ўтказилмоқда.

    Ҳозирда Сирдарё вилоятидаги 11 та туман тиббиёт бирлашмаси (шаҳар тиббиёт бирлашмаси), 18 та Сирдарё вилоят соғлиқни сақлаш муассасалари билан шартномалар имзоланди. Ушбу шартномаларга асосан бирламчи тизим муассасалари уларга бириктирилган аҳоли сони ва таркибидан келиб чиқиб, диспансер хизматларини кўрсатувчи муассасалар глобал бюджет асосида ва стационар муассасалар бажарилган ишлар натижаси (даволанган ҳолатлар) бўйича молиялаштириш тизимига ўтказилди.

    2022 йил 1 январдан бошлаб давлат буюртмаси асосида даволанган беморларга кўрсатилган тиббий хизматлар сифатини баҳолаш ҳамда унинг тасдиқланган стандартларга мувофиқлигини, ушбу мақсадлар учун ажратилган бюджет маблағларини бошқариш, уларни самарадорлигини доимий мониторинг ва назорат қилиш Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан амалга оширилади.

    Бунда, Жамғарма шартнома асосида республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт марказлари томонидан даволанган ҳолатлар учун ҳақ тўлайди, беморларга кўрсатилган тиббий хизматлар сифатини тасдиқланган стандарт ва протоколларга мувофиқлигини назорат қилади ҳамда клиник харажатлар гуруҳларини ишлаб чиқиш ва «ҳар бир даволанган ҳолат учун» тўлов услубини жорий этиш учун барча даволанган ҳолатлар ҳисобини юритади.

    Хўш, бу билан тизимда қандай ўзгаришлар бўлади? Бу пакетлар аҳолининг қўлига бериладими?

    — Аввало, касалликларни эрта аниқлаш, аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифати ва кўламини янада оширишга эришилади. Пакетларга келсак, янги тизимда ҳар бир тиббиёт муассасаси даражасида давлат томонидан кафолатланган бепул тиббий хизматлар ва дори воситалари пакети ишлаб чиқилади. Пакетлар бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари ва шифохоналарда Ўзбекистон фуқаролари, юртимизда доимий яшовчи чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга тақдим этилади. Бу нима беради? Бунда энг катта ўзгариш фуқаро пакет доирасида ҳудудий оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиника, кўп тармоқли марказий поликлиникаларда зарур диагностик ва лаборатория текширувларидан ўтади.

    Оилавий шифокорлар аҳолининг соғлиғи билан боғлиқ кўрсаткичларни мониторинг қилиш, касаллик тарихини юритиш, дори воситалари учун рецепт ёзиш ва кафолатланган пакетга мувофиқ тиббиёт муассасаларига йўналтиришни ягона электрон платформа орқали бажаради. Бу эса бемор ва соҳа ходимлари ўртасида юз бериши мумкин бўлган кўплаб тушунмовчиликларни олдини олади. Бунда ҳар бир фуқаронинг рақами бўлади. Шу мақсадда муассасаларда кўчалар, маҳаллалар, уйлар кодлаштирилмоқда. Шунда фуқаролар ҳудуднинг қаерига борса ҳам пакет доирасида тиббий хизмат олади. Бу пакетларнинг муддати бўлмайди ва ҳаммага тенг бўлади.

    Тегишли ҳужжатлар билан танишиш жараёнида аҳолини умр кўриш давомийлигини узайиши, касалликлар эрта аниқланиши ҳақидаги маълумотларга дуч келдик. Бунга қандай эришилади?

    Аҳоли мавжуд хавф омилларидан келиб чиқиб хавф гуруҳларига бўлинади;

    ўрта ва юқори хавф гуруҳларига кирувчи аҳолининг белгиланган муддатларда тиббий кўриклардан ўтиши таъминланади ва саломатлиги даврий кузатувга олинади;

    юқори хавф гуруҳига кирувчи ва мустақил равишда тиббиёт муассасасига кела олмайдиган беморлар доимий кузатувга олиниб, уйига борган ҳолда тиббий хизмат кўрсатилади;

    профилактик кўриклар ўрнига ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб, муайян касалликлар бўйича мақсадли скрининг текширувлари ўтказилади;

    патронаж кўриклари оптимизация қилиниб, янги мақсадли патронаж тизими жорий қилинди.

    Келинг, очиқроқ тушунтириш берайлик. Давлат томонидан аҳоли учун тиббий ёрдам олдин ҳам бепул берилган, энди ҳам беради. Унда нима ўзгарди?

    -Оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларда аслида, ҳеч нарса ўзгармагандай, фақат мурожаат тартиби ўзгаради. Авваллари бемор ўзининг оилавий шифокорига учрашмасдан тор соҳа шифокорига қабулига кетаверган бўлса, энди оилавий шифокор йўлланма берсагина тор соҳа мутахассисига боради. Агар йўлланмасиз борса, пул тўлайди. Шунинг учун ҳар бир фуқаро ўзининг ҳудудий поликлиникасига бириктирилган бўлиши керак. Оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникаларда клиник протоколлар, диагностика ва даволаш стандартларига кўра кафолатланган пакетда белгиланган ҳажмда тиббий хизматлар кўрсатилади.

    Демак, оилавий шифокор йўлланма берсагина фуқаро, мисол учун, кардиолог, пульмонолог, жарроҳ қабулига бепул кириши мумкин экан. Агар оилавий шифокор пункти, оилавий поликлиникалардаги ҳажмдан ортиқроқ тиббий ёрдам керак бўлсачи?

    Унда юқорида айтилгани каби оила шифокор йўлланмасига асосан бемор бошқа тиббиёт муассасасига юборилади. У кўп тармоқли маркази поликлиника, туман ёки шаҳар марказий шифохонаси, вилоят ва республика шифохоналари ҳам бўлиши мумкин.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates