баннер
3 мар 2025
02:46

    Дезинформация ёхуд танлаб ўқиш зарурати

    Замонавий телефон совға қилганимдан бери уйда ота-онам, айниқса, отам янгиликларни кузатиб боришнинг ҳадисини олган. Билиб-билмай қайсидир телеграм гуруҳлари, Facebook ва Youtube каналларида “сайр қилади”. Тунов куни оқшом ишдан келсам, маъюс тортиб ўтирибди. Сабаби билан қизиқдим.

    – Фалончи оламдан ўтиб қолибди, – деди отам анча таниқли хонанданинг исмини айтиб. Юрагим “шув” этди. Бу санъаткорнинг қўшиқларини оиламиз билан севиб тинглаймиз.

    – Ким айтди?

    – Ана, телефонга шундай хабар келди.

    Доим шу. Кунда-кунора телефонга келган хабарлардан юрак безиллаб қолган: ё кимдир вафот этган, ё қамалган бўлади. Яна кимдир фалокатга учрагани, комага тушиб қолгани каби уйдирмалар тарқатилади. Даҳшатлиси, уни оддий, содда истеъмолчи ҳақиқат, деб қабул қилади. Ётиғи билан навбатдаги “тушунтириш ишлари”ни олиб бордим.

    – Бундай ахборотни тарқатиб, “суюнчи” оладиганлар ҳозир кўпайиб кетган. Сизга тақдим этилаётган хабарларнинг 90 фоизига ҳам ишонманг. Фалончи тирик, ҳали кўп яшайди. Фаросатсизу саводсизлар сизу бизни алдайверади. Нотўғри билан холис ва ҳаққоний ахборотни ажратиб олишни, ишончсиз манбаларни эътиборсиз қолдиришни билиб олишимиз керак.

    Шу мазмунда гапирдим-у, ўйланиб қолдим. Хавотирга соладигани яқин-яқингача асосан маиший маълумотлар сиздирилар ва улар фалончи машҳур санъаткор оламдан ўтди, судланди, қамалди, автофалокатга учради каби уйдирмалар шаклида бўлар эди. Энди эса ёмон ният эгаларининг “иштаҳаси очилиб кетди” шекилли, мавзуларни ижтимоий, иқтисодий ва ҳатто сиёсий маконга дахл қилган ҳолда тақдим қилишга уринишлар бошланди.

    Келиб чиқиш илдизи хорижда бўлган манбалар мамлакатимиз обрўси, нуфузига путур етказишга, одамлар тафаккурини издан чиқаришга қаратилган ахборот хуружини авж олдириш билан овора. Бугун урушнинг ана шу шакли энг катта таҳдидлардан бирига айланган. Глобаллашув бутун дунёга шиддат билан ҳукмини ўтказишда давом этаётган бир пайтда фуқароларни, айниқса, ёш авлодни бузғунчи ғоялар таъсиридан асраб-авайлаш кун тартибига чиқди. Бундай шароитда тарбия борасида миллий қадриятлар, урф-одатлар, анъаналар руҳи ўз сўзини айтиши, ахборот майдонида миллий контент яратиш вазифаси муҳимлиги етакчи позицияга чиқиши лозим.

    2024 йил 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида Президентимиз ҳам бу масалага алоҳида урғу бериб, журналистларни мамлакат ахборот маконида миллий контент яратишга чақириб, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бериш, халқимизни турли ахборот хуружларидан сақлаш муҳимлигини таъкидлаган эди.

    – Контент, аввало, ундан фойдаланувчи аудитория учун ишлаб чиқилиши зарурлигини тушуниш ва англаш лозим, – дейди филология фанлари доктори Беруний Алимов. – Медиамаҳсулотдан фойдаланувчиларнинг эҳтиёжини билиш ва эътиборга олиш жуда муҳим. Фойдаланувчи миллий ресурслардан қаноатланмас, миллий контентдан ўзига қизиқ ва керакли ахборотни топа олмас экан, хорижий ресурслардан қидириши табиий ҳолат. Ўз ўрнида миллий фойдаланувчиларимиз, айниқса, ёшлар чет эл ресурсларидаги салбий руҳли маълумотларни олгандан сўнг ушбу ахборот уларнинг дунёқарашига таъсир ўтказа бошлайди. Натижада ёшларнинг тарбияси бузилиши, ота-онасининг орзу-умидлари пучга чиқиши ҳеч гап эмас. Бундай вазиятларнинг олдини олиш эса барчамизнинг вазифамиз.

    Хўш, медиамаконда миллий контент яратиш, дунёдаги воқеаларга миллий манфаатларимиз нуқтаи назаридан баҳо бериш нечоғлик уддаланиши мумкин бўлган вазифа?

    Бугунги дунё аҳли кундан кунга кенгайиб бораётган оламшумул ўзгаришлар даврида яшаётир. Мутахассислар фикрича, бу ўтган асрдаги илмий-техник юксалиш натижаси. Иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаётда эришилган ва глобаллашув номи остида танилган ютуқлар айнан шу илмий-техник юксалиш билан боғлиқ. Бироқ ҳаётда ҳамма нарсанинг ижобий ва салбий томонлари бор. Глобаллашув ҳам бундан мустасно эмас.

    Миллатимиз қадрияти, маънавияти, урф-одатлари, анъаналари, тарихи ўз-ўзидан ва бир кунда пайдо бўлиб қолган эмас. Ушбу бебаҳо бойликка эришиш, уни асраб-авайлаб авлоддан авлодга етказиш учун халқимиз жуда катта ишлар қилган, керак бўлса, ота-боболаримиз бу йўлда қурбонлик берган. Шундай экан, ушбу меросни биз ҳам сақлашимиз, янада бойитиб, сайқаллаб, бекаму кўст эгасига, яъни кейинги авлодга етказишимиз зарур. Айни мана шундай қалтис шароитда миллий контентни шакллантириш, доим ривожлантириб, мустаҳкамлаб бориш масаласи долзарб.

    Бугун илғор технологиялар 10-15 йил аввал хаёлимизга ҳам келмаган тушунча ва ходисаларни ҳаётимизга олиб кирди. Ахборот соҳасига доир дезинформация, фактчекинг, кейс, фейк каби ўнлаб иборалар луғатимизга мустаҳкам ўрнашди. Ахборот шу даражада кўпки, сарасини саракка, пучагини пучакка ажратиб олиш тобора мураккаблашиб бормоқда. Шундай пайтда зиёли қатлам бонг ураётганидек, миллий контентимизга эътиборсиз бўлсак, миллий ахборот маконимизга хорижий ОАВ ва ахборот манбаларининг кириб келишига имконият яратиб берган бўламиз.

    Миллий ахборот маконимиз четдан кириб келган ахборот билан тўлиб-тошар экан, бу ҳолат миллий контент ривожи тўхтаб қолишига олиб келади. Натижада миллий контентни бой бериб қўйишимиз ҳам мумкин. Миллий контентсиз бора-бора миллий ўзлигимиз ҳам бўлмайди. Айниқса, жамоат транспортидан кўп фойдаланадиганлар кузатган чиқар: деярли 99 фоиз йўловчининг нигоҳи қўлидаги замонавий гаджетга қадалган. Хаёлу шуури билан қўлидаги матоҳга сингиб кетганидан ўзига керакли бекатдан ўтиб кетганлар қанча.

    Улар нима кўряпти, нима ўқияпти? Бўлар-бўлмас ахборотни, видеолавҳаларни кимлар билан ва нима мақсадда бўлишяпти? Бетайин, нохолис ахборот ва хабарлар манбаси билан қизиқяптими? Нима учун мавжуд контентлар орасида миллийликни тараннум этувчилари бармоқ билан санарли? Нега аксарият медиамаҳсулотнинг сифати, долзарблиги, мазмун-моҳияти ва холислиги абгор? Афсуски, бу каби саволларга жавобимиз йўқ, бўлса ҳам улар бизни хотиржам қиладиган даражада эмас.

    Яна савол изидан савол туғилаверади. Наҳотки, озгина изланиб, сифатли, долзарб ва жозибадор контент яратиш шунчалик қийин бўлса?! Йўқ, бу мураккаб эмас. Бу ишни бажариш учун, тан олайлик, бизда барча шароит ва имконият бор...

    Ҳар бир хабарни тарқатишда унинг фақат бир томонини кўрмай, эртага олиб келиш эҳтимоли бўлган оқибатини ҳам яхшилаб ўйлаб кўриш лозим. Негаки бу инсонлар орасида таги пуч, уйдирма гаплар тарқалишига, низолар келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин.

    Нотўғри ахборот тарқатиш (дезинформация) динимиз ҳукми бўйича ҳам оғир гуноҳ, бунинг учун жавобгарлик қонунан белгилаб қўйилган. Зеро, у воқеа-ҳодисалар ривожига, инсон тақдирига таъсир этиши мумкин. Бугун мамлакатимизда рўй бераётган ўзгаришлар, янгиланишлар нафақат юртдошларимизни, балки узоқ-яқиндаги барча дўсту ёрларимизни ҳайратга солмоқда. Бу ҳайрат ичида ислоҳотларга хайрихоҳлик, қўллаб-қувватлаш, ҳар доим бирга бўлиш каби эзгу ниятлар мужассамлиги шундоқ билиниб турибди.

    Сўнгги йилларда юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, ички ва ташқи сиёсатимиз барқарорлиги йўлида бошланган саъй-ҳаракатлар Марказий Осиё геосиёсий ҳолатини ҳам ўзгартириб юборди. Айниқса, қўшнилар билан иқтисодий, тижорий, илмий-маърифий соҳаларга қаратилган тенг ва очиқ ҳамкорлик йўлга қўйилгани кўнгилдаги армонларни аритди.

    Афсуски, бу ўзгаришларни кўролмайдиган, ҳасадли нигоҳ билан боқиб турган кучлар ҳам йўқ эмас. Нохолис хабарларни эълон қилаётган хориждаги “дўстларимиз”ни чорасиз қолдиришнинг йўлларидан бири уларнинг “заҳматли меҳнати”ни ўзимизнинг “uz” доменидаги холислик орқали йўққа чиқаришдир. Агар барча ОАВ амалдаги қонунчилик талабларидан ва давлатимиз раҳбарининг куюнчаклик билан қўяётган талабларидан келиб чиқиб фаолият юритса, ҳеч қачон ташқи хабарлар бизнинг ахборот маконимизга таҳдид сола олмайди.

    Халқимизнинг бой маданий мероси билан ҳар қанча фахрлансак арзийди. Бундай маданият, маърифат ҳамда тарихга эга бўлган миллатга ҳеч қайси зарарли “оммавий маданият” путур етказа олмаслиги керак.


    Нодир МАҲМУДОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 22-сонида (2025 йил 31 январь) чоп этилган.

    Телеграм каналимиз
    Text to speech