Дунё астрономия харитасида ўз ўрнимиз бор

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 29 октябрь сонида Ўзбекистон Республикаси фан арбоби, физика-математика фанлари доктори, профессор Бобомурод Аҳмедовнинг “Дунё астрономия харитасида ўз ўрнимиз бор” номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    2020 йилга келиб, фаннинг глобаллашув кўрсаткичи жуда ҳам юқорилаб кетди. Бу шуни англатадики, ҳозирги замон олимлари дунёнинг қайси нуқтасида бўлмасин, ўзаро ҳамкорликда фаолият юритмоқда. Бунга мисол қилиб, фан энг жадал ривожланаётган Европа мамлакатлари, АҚШ, Канада, Хитой, Япония каби давлатларни келтириш мумкин. Шу боис, фанда юксак марраларга эришиш учун улар билан ҳамкорликда ишлаш зарурати мавжуд.

    Астрофизика соҳасида Германия, умуман, Европа мамлакатлари олимлари билан охирги 20 йилда фаол ҳамкорлик қилиб келяпмиз. Улар орасида Франкфурт шаҳридаги Гёте университетини алоҳида кўрсатиш мумкин. Бу университет олимлари билан бирга охирги 7-8 йилда дунёнинг энг нуфузли журналларида кўплаб илмий мақолалар чоп этишга эришдик.

    Ўтган йили Франкфурт шаҳрида Гёте университетининг 100 йиллик юбилейи бўлиб ўтди. Унда меҳмон сифатида иштирок этдик. Шунда сўзга чиққан таниқли олимлар “Университетимиз 1914 йили ташкил этилганига қарамай, Германиядаги энг ёш олий таълим муассасаларидан бири”, деб айтди. Бу гапни эшитиб, жуда хафа бўлган эдим. Чунки Ўзбекистон илмфани дунё миқёсида энг қадимий ва бой тарихга эга бўлишига қарамай, юртимизда Германиядаги шу университет билан тенгдош олий ўқув юрти йўқ эди.

    Бугун ўтмишдаги мана шу хатолар бартараф этилмоқда. Айниқса, охирги 5-6 йилда мамлакатимизда, хусусан, таълим ва илмий соҳаларда жуда катта ўзгаришларга гувоҳ бўлдик. Хусусан, Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишга киришилгани тарихий мавқеимизни тиклаш йўлидаги салмоқли қадамдир.

    Аллома бобомизнинг кашфиёти

    Биринчи Ренессанс даврида Ўзбекистон табиий фанлар бешигини тебратган мамлакат сифатида тан олинган. Яқинда Ғарбда дунё тараққиётига ҳисса қўшган энг буюк ўнта ғоя эътироф этилди. Унга кўра, Абу Али ибн Сино бобомиз импульс сақланиш қонуни ва физиканинг асосчиси сифатида қайд этилган. Демак, ҳар бир космик кеманинг фазога учиши негизида аждодимизнинг ғояси ётибди.

    Таъкидлаш керакки, телескоп ихтиросига қадар бешта ўта янги юлдуз кузатилган. Улардан бирини 1006 йили Абу Али ибн Сино аниқлаган. Бу юлдуз алломанинг номи билан аталган. Шу маънода, янгиланаётган Ўзбекистон билан ҳамнафас тарзда 2016 йилдан бошлаб дунё астрономиясида ҳам туб ўзгаришлар рўй берди. Охирги бешолти йилда оламшумул кашфиётлар қилинди.

    Бунга биргина мисол 1918 йили Эйнштейн томонидан башорат қилинган гравитацион тўлқиннинг мавжудлигидир. Уни қайд қилиш учун деярли юз йил кетди. 2016 йилда иккита қора туйнук тўқнашуви натижасида ҳосил бўлган гравитацион тўлқин қайд этилди. Шу йилдан бошлаб бизда янги астрономия, гравитацион тўлқинлар астрономияси пайдо бўлди. Бундай янги йўналиш ҳеч қачон бўлмаган. 2017 йилда эса иккита нейтрон юлдузнинг тўқнашуви натижасида гравитацион тўлқин кузатилди.

    Бу кимё соҳасидаги кўплаб долзарб саволларга жавоб берди. Яъни шу пайтгача уран, платина, олтин каби оғир элементлар қандай пайдо бўлганига жавоб йўқ эди. Энди маълум бўлдики, бундай оғир элементлар нейтрон юлдузларнинг тўқнашувидан пайдо бўлган. Асосийси, янги астрономия соҳаси яратилди. Бу кўп каналли астрономияга айлантирилди. У битта объектни ҳам электромагнит, ҳам гравитацион спектрда кузатиш имконини беради.

    Энди гравитацион астрономия, кўп соҳали астрономия, рентген астрономияси йўналишларида тадқиқотлар олиб борилмоқда. Бу Ўзбекистон учун янги соҳа бўлиб, ҳозир рентген телескопларидан олинган маълумотлар ишлатилмоқда. Нобель мукофоти янгиланган астрономия соҳасидаги ютуқлар учун кетмакет берилди. Бундай астрономиянинг яратилишига ёш олимларни жалб этган ҳолда муносиб ҳиссамизни қўшдик ва дунё астрономия харитасида ўз ўрнимизни эгалладик.

    Эътибор ва рағбатдан куч олган илм

    Президентимиз илм-фанни ривожлантиришга, нажот илмда эканига кўп бор эътибор қаратади. Шунинг учун илм-фанни молиялаштириш тартиби тубдан ўзгарди. Масалан, базавий молиялаштириш натижасида ойлик маошлар давлат бюджетидан қопланадиган бўлди. Олдин лойиҳалар ҳисобидан бўлар эди. Бундан ташқари, илмий даража учун ҳам устамалар берилмоқда. Ҳар бир докторант ва таянч докторантларга ҳам қўшимча ҳақ тўланяпти.

    Илм-фанга қаратилаётган эътибор ва рағбатнинг ўзи илмий кадрлар учун катта далда. Сўнгги йилларда Ўзбекистон Фанлар академиясига давлат бюджетидан 32 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратилди. Маблағнинг асосий қисми илмий-тадқиқот институтлари моддийтехник таъминотини яхшилашга сарфланади. Салкам 1,6 миллион АҚШ доллари астрономик тадқиқотлар учун йўналтирилган.

    Ҳозир институтимиз биноси қайта таъмирланди. Коинотдан юқори аниқликдаги тасвирлар олиш мақсадида тез орада замонавий CCD камера харид қилинади. Президентимиз халқаро доираларда Майданак обсерваториясига 4 метрли телескоп ўрнатилишини ҳам айтганди. Илмий тадқиқотлар олиб бориш учун тўкис шароит, замонавий инфратузилма киши кайфиятига, шубҳасиз, ижобий таъсир кўрсатади.

    Деворлари нураб бораётган, томидан чакка ўтаётган хонада ўтириб ишлаш қаёқда-ю, қулай шароитда илм билан шуғулланиш қаёқда. Бундай янгиланишлардан баҳраманд бўлиш асносида шу мамлакатга кераклигингни, қадр-қимматинг баландлигини ҳис қиласан. Олимдан талаб қилинаётгани эса битта — изланиш ва ўз устида ишлашни тўхтатмаслик!

    Ёш олимлар фаннинг локомотивидир

    Бугун гуруҳимизда асосий илмий тадқиқотлар ёшлар томонидан олиб борилмоқда. Фан докторлари қатлами анча ёшарди ва улар ҳақиқий фан олимларига айланмоқда. Масалан, гуруҳимизда Аҳмаджон Абдужабборов 31 ёшда, Арман Турсунов 29 ёшда, Аскар Абдикамолов 28 ёшда, Бахтиёр Нарзиллоев эса 27 ёшда фан доктори, Бобир Тошматов 33 ёшда физика-математика фанлари доктори бўлди. Ҳозир яна уч ёш ходимимиз — Жавлон Райимбоев, Санжар Шайматов ва Шуҳрат Мардонов физика-математика фанлари доктори бўлиш арафасида.

    Айтиш керакки, 27 ёшда фан доктори бўлган инсон шу мамлакатга 50 йил хизмат қилади. Ёш олимлар рағбатлантирилмоқда. Масалан, Бахтиёр Нарзиллоевга 3 йилгача ойлигидан ташқари базавий ҳисоблашнинг 75 баробари миқдорида рағбат пули берилади. Ёшлар янгиликларни тез ўзлаштиради. Айни пайтда “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳамда Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан малака оширишга йўлланма учун танловлар эълон қилинмоқда.

    Гуруҳимиздан 5 нафар ёш олим бу йил Инновацион ривожланиш вазирлигининг малака ошириш йўлланмаси грантини ютиб олди. Авваллари стажировка харажатини фақат чет эллик ҳамкорларимиз кўтарар эди. Энди эса бундай малака ошириш сафари бюджет ҳисобидан ташкил этилмоқда. Президентимиз олий таълим муассасаларини илғор мингталик рейтингларга киритишни талаб қилмоқда. Чунки дунёда илм-фан ва таълим бозори шаклланди. Шу бозорда ўз ўрнимизга эга бўлишимиз керак.

    Биз ташқаридан талаба жалб қилсак, инвестиция кириб келади. Иккинчи томондан, фундаментал фан бор жойда ривожланиш бўлади. Масалан, қўлимиздаги телефонсиз бугун ҳаётни тасаввур эта олмаймиз. Чунки ахборот шу даражада кўпайиб кетганки, ундан фойдаланиш тобора қийинлашиб бормоқда. Илгари астрономияда телескоплардан олинган маълумотлар жудаям катта ҳажмда сақланар эди. Ҳозир эса оддийгина телефон орқали уларни бошқаришимиз мумкин.

    Илм-фан ҳамкорликка таянади

    Айни пайтда фан тубдан ўзгарди. Эътибор қилган бўлсангиз, ХХ асрда фан индивидуал олимлар томонидан ривожлантирилган. Шредингер, Эйнштейн каби олимлар якка ҳолда ишлаган. Ҳозир эса битта қора туйнукнинг суратини олиш учун ўн минглаб олим ишламоқда. Чунки фан жамоавий бўлиб қолди. Бежиз бу мисолни келтирмадик. 1420 йилда Самарқандда мутафаккир олим Мирзо Улуғбек бошчилигида илк бор талабаларга илм бериш ва илмий ишлар олиб бориш учун етакчи олимлар жамоаси ташкил этилган.

    Улуғбек кўплаб олимни “Зижи жадиди Кўрагоний”ни тузиш учун жамлаган. Бунинг натижасида эса жаҳон дурдоналаридан бири бўлган “Зижи жадиди Кўрагоний” илм-фаннинг юзи бўлиб қолди. Ҳозир ҳамкорликда ишламасак, бизни ҳеч ким эътироф этмайди. Бошқалар таниши, тан олиши учун ҳам хорижлик нуфузли олимлар билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйиш керак.

    Шу маънода, Астрономия институти назарий ва релятивистик астрофизика йўналишида олиб борилаётган илмий тадқиқотлар натижасида мустаҳкам халқаро алоқалар ўрнатмоқда. Илмга чанқоқ ёшларни назарий астрофизика соҳасига жалб этиш орқали компакт объектлар атрофидаги астрофизик жараёнларни тадқиқ этиш бўйича илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда.

    Ушбу бўлим асосан 35 ёшгача бўлган ёш олимлар ва тадқиқотчилардан иборат бўлиб, улар халқаро илмий ҳамкорликда фаол иштирок этмоқда. Ушбу йўналишда илмий тадқиқотлар қилган ёш олим Фаррух Фаттоев АҚШнинг турли нуфузли университетларида илмий фаолият юритди. У Флорида давлат университетида фалсафа доктори илмий даражасини қўлга киритганидан сўнг Техас, Индиана штатларидаги давлат университетларида илмий тадқиқотлар олиб борди. Унинг илмий ишлари нейтрон юлдузларнинг ички структурасини тадқиқ этишдан иборат.

    Шунингдек, АҚШнинг Калифорния технологик институтида ёш олимимиз Эрназар Абдикамолов компакт объектларнинг ўзаро тўқнашуви натижасида ҳосил бўлувчи гравитацион тўлқинларнинг тўлқин шаклларини олиш бўйича рақамли ҳисоблаш ва уларни таҳлил этишга асосланган илмий тадқиқотлар қилди. Астрономия институтининг ёш олимларидан бири, физика-математика фанлари номзоди Виктория Морозова АҚШнинг Калифорния технологик институти, Принстон университети, Германиянинг Макс Планк институти, Бремен университетида умумий нисбийлик назарияси доирасида компакт объектлар атрофидаги электромагнит жараёнлар, пульсар (тез айланувчи магнитланган нейтрон юлдуз)лар магнитосферасидаги энергетик жараёнлар тадқиқоти бўйича ҳамкорликда илмий тадқиқотларни давом эттирмоқда.

    Германиянинг Бремен ва Олденбург университетларида қора туйнуклар атрофида синов зарраларининг ҳаракати тадқиқотига бағишланган илмий изланишларда Астрономия институтининг ёш олимлари Валерия Каграманова ва Сардор Тожиев фаол иштирок этмоқда. Бундан ташқари, Астрономия институтининг назарий физика лабораторияси Ҳиндистоннинг Пуна шаҳрида жойлашган Астрономия ва астрофизика бўйича университетлараро марказ (IUCAA) билан ҳам узоқ йиллик алоқаларга эга. Назарий физика бўлимидаги кўпгина ёш олимлар ўзларининг хориждаги илмий ҳамкорлигини ўша ердан бошлаган.

    Хусусан, 2018 йилда Жаҳон фанлар академиясига каминанинг ҳақиқий аъзо, физика-математика фанлари доктори Аҳмаджон Абдужабборовнинг ёшлар секцияси аъзоси этиб сайланишида IUCAAнинг маънавий ва илмий қўллаб-қувватлови муҳим ўрин тутган. Шу ўринда бўлимимизга доимий равишда моддий кўмак бериб келаётган Италиянинг Триест шаҳридаги Халқаро назарий физика марказини ҳам таъкидлаб ўтиш жоиз.

    Ёш тадқиқотчиларимиз хорижда ҳам тан олиняпти

    Астрономия институтининг назарий астрофизика бўлими Чехиянинг Опава шаҳридаги Силезия университети билан ҳам мустаҳкам илмий алоқалар ўрнатган. Институтимизнинг икки ёш олими ушбу университетга мақсадли докторантурага жўнатилди. 2018 йилда иккиси ҳам фалсафа доктори илмий даражасини олиш учун ёзган диссертациясини муваффақиятли ёқлади.

    Уларнинг дипломи Олий аттестация комиссияси томонидан нострификация ҳам қилинди. Хитойнинг Шанхай шаҳридаги Фудан университети дунё университетлари халқаро рейтингида 32-поғонани эгаллайди. Астрономия институтининг бир гуруҳ олимлари ушбу университет билан ҳамкорлик қилаётганини ҳам айтиш жоиз. Хусусан, физика-математика фанлари доктори Аҳмаджон Абдужабборов Фудан университети профессори Косимо Бамби ва унинг илмий гуруҳи билан сўнгги икки йилда доимий илмий ҳамкорлик қилмоқда.

    Астрономия институтининг икки нафар ёш тадқиқотчиси Фудан университетига мақсадли докторантурага жўнатилди. Улар у ерда рентген манбалардан олинган маълумотларни қайта ишлаш ва гравитация назарияларини текшириш мақсадида турли моделларни яратиш бўйича илмий тадқиқот олиб бормоқда. Шунингдек, у ерда ёш олимларимиз муқобил гравитация назарияларини текшириш, улардаги параметрларга турли чегаравий қийматлар олиш бўйича ҳам илмий изланишлар қиляпти. Астрономия институтининг назарий астрофизика бўлими маҳаллий лойиҳалардан ташқари халқаро лойиҳаларда ҳам фаол иштирок этмоқда.

    Хусусан, институт ёш олимлари Германиянинг DAAD, Volkswagen Stiftung, DFG, Италиядаги ICTP, ICRA, TWAS, СNR, INFN, Европанинг ERC, Erasmus+ жамғармаларининг турли грант ва мукофотларини қўлга киритган. Ўзбекистонда илм-фанга, хусусан, ёшларга қаратилаётган эътибор давлат сиёсати даражасига кўтарилгани барча йигит-қизлар қатори Астрономия институтининг ёш олимлари учун ҳам кенг имкониятлар эшигини очиб берди.

    Тарихан астрономиянинг юраги бўлган Ўзбекистон заминида замонавий астрономия ва астрофизика фанининг ривожланишида ёшларнинг ҳиссаси салмоқли бўлмоқда. Орттирилган янги билимлар, олинган илмий натижалар, эришилган ютуқлар, забт этилган марралар Астрономия институти ёшларининг астрономия ва астрофизика фанини ривожлантиришда қилиниши керак бўлган ва режалаштираётган улкан ишларининг бир қисмидир.

    Умид қиламизки, ёш олимлар ва мутахассислар ушбу соҳада янгидан-янги илмий натижаларга эришиб, Мирзо Улуғбек, Абу Али ибн Сино каби боболаримиз изидан бориб, Ўзбекистон номини дунёга танитишда давом этади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates