Мазкур келишув орқали ФАОнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан ҳамкорликда «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури» лойиҳаси амалга оширилиши белгиланди.
Лойиҳанинг асосий мақсади буғдойга асосланган, барқарор ва инклюзив ишлаб чиқариш ландшафтлари ва қиймат занжирлари учун энг яхши амалиёт ҳамда инновацияларни жорий этишдан иборат. Шунингдек, лойиҳа ҳудудлар кесимида бутун мамлакат бўйлаб биохилма-хилликни кўпайтириш ҳамда глобал атроф-муҳит фойдалари учун ишлаб чиқариш ландшафтларида экотизимларни сақлаш ва тиклаш ҳамда қишлоқ хўжалигини тенг равишда қўллаб-қувватлаш учун кенгайтирилган экотизим хизматларини яратишга қаратилган, деб хабар беради Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати.
Маълумот учун, лойиҳани ўз вақтида ва самарали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида юртимизда жорий йил 26 февралда «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Глобал экологик жамғарма иштирокида «Ўзбекистонда озиқ-овқат тизимларининг ердан фойдаланиш ва ерни қайта тиклашга таъсирини баҳолаш дастури» лойиҳасини амалга оширишга доир чора-тадбирлар тўғрисида»ги 102-сонли қарори қабул қилинган.
Лойиҳани амалга ошириш натижасида Республика бўйича 350 000 гектар суғориладиган ва лалмикор ер майдонлари ландшафтида барқарор озиқ-овқат ишлаб чиқариш учун илғор технологиялар, биохилма-хилликни яхшилаш бўйича улардан оқилона фойдаланиш учун самарали бошқариш орқали ландшафтлар майдонини 50 000 гектарга етказиш белгиланяпти. Шунингдек, ишлаб чиқариш ландшафтларида экотизимларни сақлаш ва тиклаш ҳамда қишлоқ хўжалигини тенг равишда қўллаб-қувватлаш орқали Глобал атроф-муҳит яхшиланиши кўзда тутиляпти.