Ҳаёт тили ёхуд жон ичра жоним менинг...

    Ўзбекистонда ўн мингдан зиёд қишлоқ бор. Энг ҳайратланарлиси – ёнма-ён икки қишлоқ шеваси бир-биридан фарқ қилади, ҳар бирининг ўзига хос сўзлари ҳам бор. Ҳар биридан ўнтадан мустақил сўз чиқса, юз минг бўлмайдими? Йигирматадан чиқса-чи?

    Она тилимиз жонли манзаралар яратиши, шунингдек, бирон бир нарса хусусиятини ҳаётий реал бошқа нарсага қиёслаши билан таҳсинга сазовор. Бу ажойиб тилда ҳаётдан йироқ, мавҳум иборалар сира учрамайди. Айни шу хусусияти туфайли ҳам манзара яратиш фазилати бўйича манаман деган тиллардан устун турса, ажабмас. Бунга мумтоз адабиётимиздан ҳам, бугунги сўзлашув тилимиздан ҳам истаганча мисоллар келтириш мумкин.

    Фурқатингдин заъфарон узра тўкармен лолалар,

    Лолалар эрмаски, бағримдин эрур парголалар.

    “Паргола” – ўтин чопилганида учиб чиқадиган пайрахалардир. Бу ўринда руҳий ҳолат аниқ далилланмоқда. Яна қанақа далил денг? Ёшу қари, барча биладиган ҳаётий далил!

    Агар ҳазрат Навоий бобомизнинг бу ўхшатишини мураккаброқ дейдиган бўлсак, у ҳолда оддий сўзлашув тилимизга, мисол учун, барча болаларимизнинг қулоғига қуйиладиган Адабиётга - аллаларимизга диққат қаратамиз.

    Тилимнинг узуни-ё, алла.

    Юзимнинг қизили-ё, алла,

    Юрагимнинг тафтига-ё

    Тандирлар қизийди-ё, алла…

    “Ҳаёт тили” дегани шу – бирон бир ҳолат ёки ҳиссиётни ҳаётда мавжуд аниқ нарсага ўхшатади, мавҳум, йўқ ўхшатишни қўлламайди.

    Мисол учун, шамолга нисбатан: “шамол турди”, “шамол эсди” “келди”, “тинди” сўзларини ишлатамиз. Буларнинг ҳар бирининг ўз манзараси бор. “Шамол турди” – эсмаётган эди, бирданига қўзғалди. Шу ибора ҳосил қиладиган манзарада у хас-чўпларни учириши, дорга илиб қўйилган кирларни юлқилаши, турли товушлар чиқариши ҳам намоён. “Шамол эсди” сўзининг мазмуни кенгроқ, ёйилиб, анча маконларни энлаб эсганини билдиради. “Шамол келди” – қайдан? Бу мисоллар фақат ҳаракатнигина ифодаласа, унинг қилмишларини билдирадиган сўзлар ҳам талайгина. “Шивирлади”, “ғувиллади”, “ёйди”, “уфурди”, “ўкирди”, “пишқирди”, “қутурди”, “чинқирди”, “қичқирди”, “ҳайқирди”, “айқирди”... Ўзбек тили бундай ноёб хусусиятини барча ҳодисаларга, жонлию жонсизларга нисбатан қўллайверади ва ҳар сўзида бир-биридан фарқли, ажойиб манзаралар ҳосил қилади. “Ёмғир ёғди” сўзи умумий бўлса, “томчилади”, “шивалади”, “шаррос қуйди”, “шиғалади” кабилар унинг хусусиятларини намоён қилади. Ҳали сифатларига ўтмадик. “Эзиб ёғди” дегани қанақа? “Тасир-тусир урди” дегани-чи? Ёки “Қор ёғди” билан баб-баравар “Қор тушди” ҳам дейишади. Ҳа, лайлакқор паға-паға, лопиллаб-лопиллаб ёғаверди. Ке-етди: “майдалаб урди”, “упадай ёғди”, “элаб-элаб ёғди”, “кўрпадай ёғди”.

    Ҳа, бу сўзлар жонсиз ҳодисага жонлининг ёки жонлига жонсизнинг хусусиятини бемалол тақаб қўяверади. Шуниси билан ҳам ҳаётий деймиз.

    Инсон аъзои бадани тавсифларига қаранг: масалан, “кўз соққаси” ёки “кўз олмаси”, ”қулоқ супраси”, “бош чаноғи” дейилади. Инсон кўзининг шаклу шамойилини олимларгина билишади, омма учун энг тушунарли қилиб ифодалангани шу – олмага ёки соққага ўхшатилишида. Ўзбекнинг аксарият иборалари ўхшатишга қурилади ва унинг ҳеч бирида кўпиртириш, муболағани кўрмайсиз.

    Яна бир ғаройиби – “тоза” сўзидир. Тозалик-озодаликни ифодаловчи бу сўз гоҳида “жуда” деган маънони ҳам ифодалаб қолади, “тоза чарчадим”, “тоза қийналдим”, “тоза хурсанд бўлдим” мазмунини ўзида ташиб юради, шу хусусияти билан астари бошқа, усти бошқа либосга ўхшайди, истасангиз ағдариб ишлатинг, истасангиз ўнгини кийинг. “Устимга келма” деган сўз бор, бу – тилимизда авваллари ишлатилган, кейинчалик ортга сурилиб қолган ибора бўлиб, беихтиёр яна қайсарлик ва ҳурликни эслатиб юборади. Диоген Юнон ҳукмдорига, “Отингни четроққа ол, сояси тушди”, дейди. Тилимизда эса у аллақачон ўзига хос кўринишда жилоланиб турибди: “Устимга келма, фароғатимни бузма, чегарадан ўтма!”

    Адабий ёдгорликларимиз тилимиз муҳташамликларидан дарак бераверади. Навоий ўзининг машҳур ғазалида “Ўйлаким” сўзини қўллайди, бу ўғуз лаҳжаси сўзларига хос бўлиб, “У ерда” маъносини беради. “Ўйлаким пайдо бўлур юлдуз ниҳон бўлғоч қуёш”. “Бўйлаким” деб эса, яқиндаги нарсага айтилади. Ушбу сўзнинг “Ҳайла” деган шакли ҳозир ҳам бор, “Ҳўв узоқда”, деган мазмунда ишлатилади. “Иш-куч” сўзи ҳам шундай, бу сўзни Навоий асарларида учратиб қувониб юрсак, тўсатдан ундан минг йил аввалги Ўрхун-Энасой битикларида дуч келамиз: “Хоқонлиғ будун эдим, хоқоним қани? Не хоқонга ишимни-кучимни берайин?”

    Умуман, жонажон она тилимиз ҳазрат Амир Темурнинг “Бизким малики Турон, амири Туркистонмиз! Туркнинг бош бўғинимиз!” деган сўзларининг ҳақиқатини кўз-кўзлаб турибди.

    Кўз-кўзлаб дейсиз-у... яна завқланиб кетасиз. Айни шу сўз дунёнинг биронта тилида учрамайди! “Мақтаниш”, “ғурурланиш” деган сўзларнинг биронтаси шу “кўз-кўзлаш”нинг маъносини ифода қилолмайди. Кўз-кўзлаётган одамнинг қиёфасини шундоқ кўз олдингизга олиб келиб қўяди: ўзидан мамнун, илжайиб бирон нимани кўз-кўзлаётган киши ҳолатини ўта аниқ акслантиради.

    Шу сабабли ҳам Алишер Навоий она тилининг жилваларига маҳлиё бўлиб, бениҳоя меҳр-муҳаббат ва севги билан “Шундай бир олам назарга келдики, ўн саккиз минг оламдан ортиқ, унда зеб ва зийнат юксаклиги таъбга маълум бўлди, тўққиз фалакдан ортиқ, унда фазилат ва рифъат хазинаси учради, дурлари юлдузлар гавҳарларидан порлоқроқ, ва бир гулшан йўлиқди, гуллари юксак юлдуздан дур сочувчироқ...” деб мақтайди.

    Бу ажойиб тил руҳиятини биладиган киши сўз маъноларини истаганича ўзгартириб ҳам сўзлаша олади. Мисол учун: Фалончининг лақаби “терак” десак, у кишининг олдида унинг маъноси ўша одамга уйқашиб қолади. “Тераклар ўсиб кетибдими” десаям, “ўсмабди” десаям, “қуриб қолибди” десаям, “гуллабди” десаям тегажоқлик ҳисобланаверади. Беш-олти киши сўзлашиб турган бўлса, уларнинг ҳар бири истаган сўзини бошқа маъно ташийдиган қилиб қўя олади, бу ҳодиса ўша давра тарқалгунча яшаб туради. “Пулим тугаб қолди” деган сўзни айтгиси келмаса, “Сичқонлар ҳасса таяниб юрибди” ёки “чўнтакда шамол ўйнаяпти”, дейди. Яна аллақанча ўхшатишларни келтириб ўтса бўлади, масалан, “Чўнтак илма-тешик бўлиб ётибди”, “Киссани қоқлаб, қуритгани осиб қўйдик”... Ёки, айтайлик, раҳбар ичкарида мажлис ўтказмоқда. Ташқаридаги одам ташқарига чиққан кишидан сўрайди: “Ичкарида ҳаво қалай?”- “Ҳаво яхши, қуёш чарақлаб турибди”. Ёки: “Шамол роса эсиб, момақалдироқ гумбурлаяпти. Дўл ёғсаям ажабмас”. Бу ибора тасир-тусир дўл ёғиши остида энкайиб-букчайиб қолган кишиларнинг вазиятигача намоён қилади.

    Бир маҳаллар, қор момақалдироқ билан ёғса, “Қиш бола ташлади” дейишган. Қишнинг ҳомиладор бўлиб, бола ташлаши ақлга сиғадими? У ажойиб иборанинг ёзда ёмғир ёққанидаги “Бўри бола туғди” шакли ҳозиргача сақланиб қолган.

    Ўзбекистон бугун - турли уруғ-аймоқлардан иборат катта бир миллатни бирлаштириб турган қудратли қўрғондир. У уруғ-аймоқ, тўп ва қўрларнинг саноғини ҳали ҳеч ким тўла аниқлаб, рисолаларга битганича йўқ. Шу сабабли ҳам ўзбек тили туркий тиллар орасидаги энг қудратли ва марказий тилдир, чунки уч катта уруғ – қипчоқ, қарлуқ ва ўғуз лаҳжасини ўзида бирлаштирган. Шу сабабдан ҳам ўн аср аввал яратилган “Девони луғотит турк”нинг аксар сўзлари бизлар учун тушунарли ва осон. Бироқ, тилимизнинг қудрати айнан шеваларимизда: ҳар бир сўзимизнинг ўнлаб синонимлари лаҳжаларимизда яшириниб ётибди.

    Ўзбекистонда ўн мингдан зиёд қишлоқ бор. Энг ҳайратланарлиси – ёнма-ён икки қишлоқ шеваси бир-биридан фарқ қилади, ҳар бирининг ўзига хос сўзлари ҳам бор. Ҳар биридан ўнтадан мустақил сўз чиқса, юз минг бўлмайдими? Йигирматадан чиқса-чи? Мен ўз туғилиб-ўсган қишлоғимда “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”га кирмаган, мустақил сўз деб тан олинишга арзийдиган ўнлаб сўзларни айта оламан. Масалан, “Пайманчак”. У – сув олиш учун соҳилни ўйиб қазилган зинапоядир. “Потманчик” – калтакесакнинг бир тури. “Тингшамоқ” – бу тингламоқнинг бошқа бир вазияти, элас-элас товушга диққат билан, англаб-англамай қулоқ солиш, яъни пойлашни билдиради. “Дўқилламоқ” – дўқ уришга яқин тарзда гапирмоқ. “Кандик” – сув оқими ҳосил қилган ёки сабзи солиш учун қазилган ўра. “Пўкка” – кўкқарға, “Бўка” – пашшанинг бир тури, “Тувадоқ” – шиллиққурт, “Эшақалпоқ” – қўзиқориннинг бир тури ва ҳоказо. Бу-ку кичкинагина, бор-йўғи мингтача ҳовлиси бор қишлоқда яшириниб ётган сўзлар. Муҳташам тарихимиз атамаларда ҳам кўриниб қолади. “Жалаер” деган қишлоқ бор, билмаган киши “Ўша ерда жала кўп ёғса керак-да” деб қўяқолади. Ахир, у “жалойир”-ку? Жанговар жалойир уруғи у масканларга қачон келақолибди? Ўйрот-чи? Дўрмон-чи? “Яйпан” ҳам уруғ номи бўлиб чиқди, яна қанақа уруғ денг? Бу ном икки минг йил бурун Чин мамлакати элчисининг ўз хоқонига юборган мактубидан чиқиб келди.

    Тилшунослик фанида “архаик”, яъни эскирган сўзлар деган тушунча бор. Бир қанча минг сўзимиз ўша “Архаик” деган қамоқда ётибди. Кимдир атай у сўзларга “эскирган”, яъни, “аввалги замонларнинг сўзлари, бугунги замонамизга тўғри келмайди”, деб тамға уриб, қамаб қўйгандай. “Тарилға”, “дубулға”, “узанги” деган сўзлар эскирган ва истеъмолдан чиққан эмиш. Балки у сўзлар бугун янги либос қийиб, яна хизматда давом этар? Қурувчилар киядиган “каска”нинг муқобилини тополмай хунобмиз, хўш, уни дубулға десак асакамиз кетадими? Қувурларни тутиб турадиган белдамчини “узанги” десак-чи? Яна ҳазрат Навоийга мурожаат қиламиз: у зот “Муҳокамат-ул-луғатайн” асарида бугун архаик деб билинадиган юзлаб сўзларни мисол килиб келтиради (ёзувчи Баҳодир Қобул таърифи):

    “Нечунким, турк сўзларининг тузувчиси асру кўп вақтда муболаға изҳор қилиб, андаккина англашилган маънолар учун сўзлар ваъз қилибдурки, билувчи киши то айтган гапини аниқ-равшан қилмаса, ишониб ҳам бўлмас. Андоқки, мана улар:

    Ушармоқ - ушатмоқ, бўлакламоқ, синдирмоқ;

    Жийжаймоқ, жинжаймоқ - (тери ва гўштга нисбатан ишлатилади), иссиқда тиришиб қолмоқ, қаттиқ куйиб, юз терисининг бир томонга тортилиб қолиши, еб бўлмайдиган даражада пишиб, куйиб кетиш;

    Ўнгдаймоқ - ўнгланмоқ, йўлга тушиб кетмоқ, юришиб кетмоқ, тузалмоқ, соғаймоқ, ўнгалмоқ;

    Дўмсаймоқ - қилғилиқни, айб ишни қилиб яна бир чеккада қовоқ солиб ўтириш, тўсаймоқ.

    Ўхранмак - товуш бўғилиб қолган бўлса­да бақирмоқ, кекирдак чўзмоқ.

    Ториқмоқ - ичи, юраги сиқилмоқ, кўнглини қоронғу босиши, иложсизликдан ҳеч жойга сиғмаслик кайфияти; зерикмоқ, зиқ бўлмоқ.

    Игранмак - дард билан яширин ичдан йиғламоқ, инграмоқ, дарди ичида бўлиб ўксиб йиғламоқ. овунмоқ, кўнмоқ, андармон бўлмоқ, келишмоқ,

    Сиғриқмоқ - сиғинди бўлмоқ, сиғриқи­сиғинди, бировни уйида ҳақ тўламай хизматини қилиб яшамоқ. Яширинмоқ, писимоқ, биқинмоқ;

    Қингғаймоқ - ҳамма нарсани билиб туриб билмасликка олиб, бир чеккада бирор нарсага ишқалангандек суянмоқ, қийшайиб туриш, безрайиш, овсарланиш;

    Шиғалдамоқ - кўзининг ўйнаб туриши, кўзининг жизиллаб туриши;

    Бухсамоқ - бўғриқиб, нафаси ичига тушиб, ютоқиб, бақириб, қизариб йиғлаш.

    Томшимоқ - тамшанмоқ, овқатни, суюқликни ютиб бўлгандан кейин еган­ичган нарсасининг ўта мазалигини хис этган ҳолда ютиниб қўйиш, қултумлаб-майдалаб ичиш;

    Сипқормоқ - симирмоқ, идишни бир кўтаришда ичидаги суюқликни юқиниям қолдирмай ичиш...” ва ҳоказо.

    * * *

    Шу тариқа, бутун дунёда туркий тилларнинг ўзаги бўлишга арзийдиган қудратли тил билан биргамиз, жонажонмиз.

    Давлат мадҳиямизда, “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон”, деган мисра бор. Мамлакатимиз раҳбари ўз маърузаларида бир неча марта ушбу сатрни тилга олиб ўтди. Улуғ халқ қудрати нима эканини эса, ҳар ким ўзи фикр юритиб, мулоҳаза қилса, ушбу иборада халқимизнинг бир қанча улуғ жиҳати кўзга ташланиб турганини кўра олади. Бундан икки минг йил аввал, яъни эрамиздан аввалги иккинчи асрда Чин хоқони, Хан сулоласининг олтинчи императори У-Ди қўшини юртимизга бостириб келади. Табиийки, босқинчи босиб олинган мамлакатларга ўз ҳукмини, тили ва маданиятини сингдиришга уринади. Бироқ Чин волийлари ва улар билан бирга келган оилалар туркий улуслар орасида узоқ туришолмайди, орадан йиллар ўтиб, ўз-ўзидан йўқолиб кетишади. Босқинчилар билан бирга келган ўзга тил борасида ҳам шундай бўлади: улардан бор-йўғи бир нечтагина сўз қолади, холос. Эрамиздан аввалги иккинчи минг йилликдан то еттинчи асргача чин сулолалари туркий маданиятга таъсир ўтказа олмагани ҳақиқатан ҳам ноёб ҳодиса. Чунки бу ҳолат туркий руҳиятнинг қанчалар қудратли эканини кўрсатиб туради. Ҳа, Чин хоқонининг аскари беҳисоб, ўзи кучли эди, аммо қаранг, нима қолди улардан?

    Тарих саккизинчи асрда Шош яқинида табғачлар билан жуда катта уруш бўлганидан, лашкарбоши Култегин бошчилигидаги кўктурклар қўшини ёрдамга келганидан ҳикоя қилади. Қизиқ, уч минг чақирим олисдаги Култегин нечун Шош элига ёрдамга келди экан? Қадимги Ўрхун-Энасой битикларидаги мана бу парчага диққат қаратинг:

    “Хоқон отини бунда биз бердимиз! Синглимизни бердимиз. Ўзи ёзин эди, хоқони ўлди, будуни қуруғ кул бўлди. Кўгман ери сувсиз-эгасиз қолмаслиги учун Аз, Қирғиз улусини этиб-яратиб келдимиз. Чопишдик... элини яна бердимиз. Илгари Қодирқон йиш оша, будунни анча қўндирдимиз, анча этдимиз!”

    Асл матндаги айнан шу “-миз” қўшимчаси бошқа биронта туркий тилда учрамайди. Тўсатдан Тошкентнинг Қанғли маҳалласида ва Наманганнинг Уйчи туманида шу шевага дуч келамиз. Бу эса яна бир қизиқ тахмин сари етаклайди: зулм кишанларини парчалаб, қудратга кирган кўктурклар давлатининг илдизлари ростдан ҳам она юртимизда экан-да?

    Қолаверса, дунёнинг энг қадимги достони – “Гилгамиш” (“Билгамиш”)даги сўзларни ҳам мисол қилиб келтириш мумкин. Марҳамат: шумер тилида “аз” – бизнинг тилимизда “оз”, “баба” – “бобо”, “эр” – “эр” (аскар), “дайим” – “доим”, “олти – олти”, “ул – ул (ўғил), “мен” – “мен”, “сен” – “сен”, “ўз” – “ўз” (ўзлик), “йешик” – “эшик”, “жов” – “ёв”, “жер” – “ер”, “олти” – “олти”, “чўлпон” – “чўлпон” (юлдуз), “чибин” – “чивин”, “қон” – “қон”... “жўл” – “йўл”, “жариғ” – “ёруғ”... ва ҳоказо.

    “Эй улуғ, эй қутлуғ эл!”, дегингиз келади. Шунча ўрнакларни яратиб қўйибсан, дунёга дарс берибсан, яна камтару хоксорсан!

    Шунча билимни тилимиз бағридан олаётганимизга қаранг!

    * * *

    Йигирманчи асрнинг маҳдудлик йиллари она тилимизни шу даражада эзиб ташладики, тасаввур этиш қийин. Технологик ва иқтисодий қудратга эга тиллар унга зуғум ўтказа бошлади. Ана шу зулм сабабли, Қодирий ва Чўлпон давридан бошлаб жадид боболаримизнинг, зиёлиларнинг дарди она тилни сақлаб қолиш бўлди десак, ҳақ гапни айтган бўламиз.

    Айнан ўша йилларда Шарқ тарихидаги учинчи уйғониш даври учун ҳамма шароит етилиб келган эди. Жадид боболаримиз ўша зулмат тўзонларида вазиятни ўнглашнинг бирдан-бир йўли илм-маърифатда деб бонг уришган, бу йўлга жонларини тикишган ва шаҳид бўлиб кетишган эди.

    Бир қарашда, кейинги бир-икки аср оралиғида ўнгланмас хатолар юз бергандай туюлса-да, халқни бирлаштирадиган улуғ бир йўлбошчига жуда катта эҳтиёж сезилган, ўшандай йўлбошчи бўлмагани учун ҳам тарқоқликка юз бурган эл кўз олдингизга келади.

    Аммо тилимиз зулм даврида ҳам ўзлигини барибирам йўқотмади. Бекорга қайсар, ўжар эмас-да! Содда, ишонувчан, тўғри халқ кўзларини катта-катта очиб термилиб турарди. Янгиликлар унинг иродасини букар, қудратига ишончини йўқотар, “биз заиф ва эзилганмиз, ривожланмай қолдик, бошқалар эса куч-қудратда ва илмда ўзиб кетишди”, дея ўксик аҳволга солар эди. Иродаси бўшроқ кишилар эса бошқаларга тақлид қила бошлашди, ҳамда уларнинг фарзандлари ўзгалар орасига сингиб-йўқолиб кетишди. Ҳа, маданиятларнинг шундай жиҳати ҳам бор: ўзга маданият киши шахсиятини наҳангдай ютиб юборади. Янги дунё билан бўйлашиш кераклигига ҳамманинг ақли етиб турса-да, тамал дарз кетиб бўлган, тил босқинига ҳам бўйсуниш лозим бўлиб қолган эди.

    Бироқ ҳар ёмоннинг бир яхши тарафи бор дейилганидек, зулм империяси енга олмаган ва халқ руҳини сақлаб берган энг катта куч – она тилимиз бўлиб чиқди!

    Бепоён ҳудудлардаги сон-саноқсиз кишилар ўзга тил қаршисида хоксор турсалар ҳам, ўз тилларини ғайришуурий сақлаб қолишга уриниш рўй берди. Кўчалар ўзга тилли шиорларга тўлиб-тошган бўлса-да, ёт маданият муқаддас остонанинг ичкарисига – оилага барибирам кириб боролмади. Замона зайлига мослашган кишиларни ўз уйи остонасидан ўтгани ҳамоно “ўзбекчилик” деган ўлмас маданият қарши оларди. Халқ зулм даврида янги тилни эгаллади, у орқали дунёдаги ўзгаришларидан хабардор бўлди, ўзига мослади, аммо қалбига – негизига киришига асло йўл қўймади. Энди халқнинг ўзи қаҳрамонга айланди. Ватан деган чегара остонагача сурилиб келди, ҳар уйнинг остонаси ватан чегарасига айланди. Ўзга маданиятни ўз муқаддас остонасидан ўтишига барибирам йўл қўймади. Яъни, исён тилимизда рўй берди.

    Қайсарликни кўряпсизми?

    Яна жуда кўп мисоллар келтира оламиз. Ҳатто тарихнинг турли даврларига тил қанотида сафар қилсак ҳам бўлади. Тилимизнинг ўзи халқимиз тарихидан сўзлаб турибди.

    * * *

    Энди мана шу бетакрор, ҳеч кимга ўхшамайдиган гўзал тилимиз олатасир замонавий дунё билан юзма-юз турибди.

    Султон Ҳусайн замонасида туркий тилни юксакка кўтаришнинг бадииятдан бошқа йўли йўқ эди. Шундай тенгсиз ишни ҳазрат Алишер Навоий адо этди. Уни султон Ҳусайн Мирзо “Турк тилининг ўлган жасадига Масиҳ нафаси билан руҳ киритди ва ул руҳ топқонларға туркий ойин ва ҳунар киюрди...” деб улуғлади.

    Эндиликда она тилимиз шаънини юксалтириш, нуфузи ва мавқеини оширишга давлатимиз бел боғлади. Мисол учун, авваллари дунё миқёсидаги халқаро ташкилотларга ҳужжатларимиз халқаро тиллардан бирида юборилар ва унга гоҳида ўзбекча, гоҳида русча таржима илова қилинарди. Эндиликда миллий давлатнинг яна бир ўзак ҳақ-ҳуқуқи тикланди – дунёнинг исталган мамлакати билан халқаро шартномалар ўзбек тилида ёзиладиган ва керак бўлгани тақдирда таржимаси илова қилинадиган бўлди. Мана-ман деган давлат раҳбарлари ҳам эндиликда ўзбек тилида ёзилган ҳужжатга имзо чекишлари лозим бўлди. Давлат органлари хизматчилари давлат тилини билишлари шарт қилинди ва бу борадаги билими даражасини сертификатлаш тизими йўлга қўйилди. Энг асосийси – замонавий терминлар, атамалар, иборалар, фан ва техника ютуқларини тилимизга олиб киришдай улкан ишга нафақат тилшуносларимиз, балки барча илғор соҳаларнинг олимлари жалб қилинди, мумтоз адабиётимиздаги калималардан то ҳуқуқ, илм-фан, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, саноат, мудофаа каби турли соҳаларда қўлланиладиган термин ва атамалар луғатларини яратиш ишларига сафарбар этилди.

    Қолаверса, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев ўз маърузаларида давлат тилининг нуфузи ва мавқеини тиклашга бағишланган жараёнларнинг аҳамиятига тўла-тўкис тўхталиб, ўзбек тили туркий тилли мамлакатлар аро марказий тил бўлишга лойиқлигини исботлаб берди, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ассамблеясининг йиғилишида тарихда биринчи марта она тилимизда нутқ сўзлаб, бу борада барчага хайрли ва ибратли ўрнак кўрсатди.

    Давлат тилида иш юритиш, жой номлари, пешлавҳа ва реклама маҳсулотлари ўзбек тилида бўлиши шарт қилиб қўйилди. Бу шубҳасиз, тил ўзлигини сақлаб қолиш учун қўйилган энг қутлуғ қадамлардан бири бўлди. Мамлакатни тараққий эттиришнинг бирдан-бир тўғри йўли – замонавий илмларни ва иш юритиш усулларини пухта эгаллаш, олимлар иқтидорини тўғри йўналтириш, ёшларнинг салоҳиятларини рўёбга чиқариш ва халқ саломатлигини мустаҳкамлаш деб белгиланди.

    Албатта, тил шаънини юксакка кўтариш давлатнинггина иши эмас. Қилинадиган кўп иш бор, қолаверса, ўз тилига беписанд қарайдиган аллақанча кишиларни инсофга чақириш масаласи ҳам турибди. Шунингдек, она тил шон-шавкатини юксалтириш ҳанузгача бадиий адабиётнинг энг улуғ вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда ва албатта шундай ҳам бўлади. Халқлар ўзларида бунёд этилган янгиликлар билан бир қаторда илмий кашфиётлари ва албатта ижод намуналари билан фахрланишади. Шу жиҳатлар билан бирга, муҳташам Адиблар хиёбонининг барпо этилиши, Ёзувчилар уюшмаси учун мамлакат тимсоли бўлиш Миллий боғда Адиблар хиёбони, Тошкент тарихи музейи ва Олий мажлис биноси қаторидан янги, замонавий бино тортиқ қилиниши, шу билан бирга, мамлакатда китоб ўқишни, илм олишни рағбатлантириш кабилар “Миллий тикланишдан миллий юксалиш сари” деган азим ғоянинг рўёбга чиқишига қаратилгани, шубҳасиздир.

    Бугунги давлат тилимиз, ўзбек тилимиз турли-туман улусларимизнинг барчасини ягона қўрғон ичида тутиб турибди. Урфларимиз, одатларимиз, тушунчаларимиз, эътиқодимиз, тарихимиз, бугунимиз ва келажагимиз шу шонли тил ва эл бағрида кўз қорачиғидай сақланиб келинмоқда.

    2020 йилда “Ўзбек тили байрами куни” мамлакатимизда биринчи марта нишонланди. Эндиликда “Ўзбек тили байрами кунини белгилаш тўғрисида” ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни имзоланиб, давлат байрами тусини олди. Вазирлар Маҳкамасининг Давлат тилини ривожлантириш департаменти ташаббуси билан амалга оширилаётган кенг кўламли ишлар қаторида “Қадринг баланд бўлсин, она тилим!” халқаро танлови эълон қилинди. Ушбу танловга алоҳида тўхталиб ўтиш лозим, чунки аввалбошда мамлакат миқёсида ўтказилиши мўлжалланган танлов ўз-ўзидан халқаро танловга айланиб кетди, унда тилимизнинг АҚШдан Япониягача бўлган ҳудудлардаги юзлаб дўстлари ўз ишлари ва тадқиқотлари билан қатнашишди.

    Эндиликда ўзбек тилини халқаро тил даражасига кўтаришдай жуда катта бир ишнинг бошида турилибди. Бунинг учун тил бойлиги ҳам, тарихийлиги хам етарли. Тилимизда бугунги кунда қараёб 50 миллион киши сўзлашади ва уни қарайб 300 миллион киши тушуна олади. Ворислик масаласига келсак, бу жиҳатдан ҳам мутлақо камчилигимиз йўқ: олам аро энг чуқур илдизларга эга, яратувчи халқлардан бири шубҳасиз, ўзбек халқидир.

    Янгидан-янги бунёдкорлик уфқлари сари йўл очайлик дейилаётганининг, бунинг учун зарур бўлган барча ишларни амалга оширишга бел боғланганининг сабабларидан бири ҳам шунда: тилимизнинг виқори, қудратини кўз-кўз қилиш учун мадҳиямизда, “Улуғ халқ қудрати жўш урган замон”, дея эътироф этилган ва давлатимиз раҳбари бир неча марта кишилар диққатини қаратган улуғ қудрат жўш уриши керак.

    Бу ишнинг рўёбга чиқишида эса мамлакатимиз олимлари, адиблари ва зиёлилар қаторида, барча ватандошларимиз камарбаста бўлишади, албатта.

    Исажон Султон,

    Инновацион ривожланиш вазири маслаҳатчиси,

    Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates