Ижтимоий соҳа ривожи олий таълим муассасалари фаолияти билан муштарак

    Мамлакатимизда ижтимоий давлат қурилиши стратегик мақсад сифатида белгиланган. Аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спортни ривожлантириш бўйича барча чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бироқ бу соҳаларда аҳоли билан ишлаш, замонавий стандартларни жорий этиш, рақамлаштириш борасида камчиликлар мавжуд.

    Шу йилнинг 5 февралида ижтимоий соҳадаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида айни шу муаммолар таҳлил қилиниб, жорий йилдаги вазифалар белгилаб олинди.

    Жумладан, барча мактабгача таълим муассасаларини миллий қадриятларга мос ўқув-услубий материаллар билан таъминлаш, ватанпарварлик руҳида тарбиялаш орқали ўқувчиларда “жиноятга қарши иммунитет”ни шакллантириш, мунтазам дарс қолдирувчи, хулқ-атворида камчилиги бор ўқувчиларга алоҳида эътиборни кучайтириш, бу борада ота-оналар, маҳалла раисларининг масъулиятини оширишга устувор аҳамият берилади.

    Сурхондарё вилоятидаги таълим сифати паст бир неча умумтаълим мактаби Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтига бириктирилган. Уларда ўқитиш сифати ва педагогларнинг касбий маҳоратини ошириш учун институтнинг илмий даражали профессор-ўқитувчиларидан иборат мобиль методик гуруҳлар шакллантирилди. Амалий ёрдам бериш мақсадида белгиланган тартибда иш режаси тузилиб, мактабларда рейтинг кўрсаткичи мезонларини юқори поғонага кўтариш борасида қатор амалий ишлар қилинмоқда.

    Шунингдек, йиғилишда касбий ва олий таълимнинг айрим йўналишлари замонавий меҳнат бозори талабларига ва технологик тараққиёт тенденцияларига мос келмаслиги таъкидланди. Иш берувчиларда кадрларга катта эҳтиёж бор, талабаларда ишлаш учун иштиёқ бор, лекин уларни боғлайдиган тизим йўқ. Мана шу йўналишдаги ишлар изчиллигини таъминлаш учун шаҳар ва туманлардаги касб-ҳунар мактаблари ҳамда техникумларда институт билан ҳамкорликда дарслар ўтиш йўлга қўйилди.

    Профессионал таълим муассасаларини методик ва илмий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институти Термиз шаҳридаги касб-ҳунар мактаби, Шўрчи туманидаги 2-касб-ҳунар мактаби, Қумқўрғон туманидаги 1-касб-ҳунар мактаби, Бандихон сув хўжалиги ва мелиорация коллежи, Денов туманидаги Ҳазорбоғ агротехнологиялар техникуми, Қизириқ агротехнологиялар техникуми, Қумқўрғон агротехнологиялар техникумини оталиққа олган. Уларга илмий даражали, малакали 30 педагог ҳамда 5 докторант бириктирилган. Шу тариқа мазкур профессионал таълим муассасаларига методик ва илмий жиҳатдан ёрдам кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

    Президентимизнинг “Профессионал таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, техникумларни муваффақиятли тамомлаган йигит-қизлардан 44 нафари институтга суҳбат асосида 2-курсдан талабаликка қабул қилинди. Бу ҳам ёшларнинг ҳаётда ўз ўрнини топиш, олий маълумотли бўлиши йўлидаги имкониятдир.

    Бундан ташқари, йиғилишда маданият соҳасида илгари белгиланган вазифалар ижроси таҳлил қилинганда ҳар бир туманда кинозал, кутубхона ва клубларга эга маданият саройи барпо этиш, ҳудудларда маданий тадбирлар ўтказиш, ёшларни санъатга кенг жалб этиш зарурлиги қайд этилди. Маҳаллаларни оммавий спорт турларидан бирига ихтисослаштириш, вилоят ва республика мусобақаларини ташкил этиш бўйича вазифалар белгилаб берилди.

    Бу йўналишда ҳам Термиз агротехнологиялар ва инновацион ривожланиш институтида “Беш муҳим ташаббус”, “Талабалар лигаси”, “Заковат” беллашувлари ҳамда спортнинг ўнга яқин тури бўйича “Ректор кубоги” мусобақалари ўтказиб келинмоқда. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи бошланғич ташкилоти ташкил этган “Интеллектуал лойиҳалар” клубида талабаларни китобхонлик, топқирлик ва зукколикка чорловчи бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ҳафта давомида “Заковат”, “Брейн-ринг” беллашувлари, шахмат-шашка бўйича ички чемпионатлар ўтказилади.

    Шунингдек, ёшларни ватанпарварлик, юртга садоқат руҳида тарбиялаш учун тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда ҳар ҳафтада “Очиқ эшиклар куни”, “Ҳарбий қисмда бир кун” лойиҳалари мунтазам ташкил этилмоқда. Бу саъй-ҳаракатлар мамлакат миқёсида бошланган кенг қамровли ишларнинг вилоят доирасида сифат ва самара жиҳатидан янги босқичга чиқишига ҳисса бўлиб қўшилмоқда. Қолаверса, институт жамоаси замонавий ва сифатли таълим бериш, аграр соҳадаги инновацион лойиҳалар самарадорлигини ошириш жараёнида фаол қатнашиш билан бирга ёш авлод келажагига дахлдорлик туйғуси билан меҳнат қилмоқда.

    Абдуғаффор ЖЎРАЕВ,

    иқтисодиёт фанлари доктори,

    профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates