Илмий изланишлар — глобал экологик муаммолар ечими

    Ҳаво таркибида карбонат ангидриднинг ошиши, чиқинди газларнинг меъёридан ортиқ ҳавога чиқариб ташланиши оқибатида иссиқхона эффекти ҳосил бўлиб, бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган жиддий экологик муаммо — глобал иқлим ўзгариши юзага келди.

    Аҳоли сонининг ўсиши, фан ва техника тараққиёти, инсон эҳтиёжларининг ортиши оқибатида ер юзида қатор экологик муаммолар юзага келди. Шу боис, бугунги кунда соф табиат ҳақида гап юритиш мушкул. Ер юзидаги ўрмонлар кўпайиш ўрнига тобора қисқариб бормоқда, катта-катта табиий ҳудудлар деҳқончилик қилиш мақсадида ўзлаштирилди, табиат ва ҳаво ҳар хил чиқинди ҳамда газлар ҳисобига ифлосланяпти. Бундан ташқари, табиатда тошқинлар, ўрмон ёнғинлари, чанг бўронлари ва бошқа табиий жараёнлар юз бермоқда. Буларнинг барчаси пировардида табиат мувозанатига путур етказяпти. Шу боис, давлатимиз раҳбари Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида жаҳон ҳамжамияти эътиборини яна бир бор давримизнинг ўткир муаммоларидан бири — Оролбўйи ҳудудидаги экологик ҳолатга қаратиб, жумладан, бундай деди: “Бугунги кунда ҳар бир мамлакат бу жараённинг салбий таъсирини ҳис этмоқда. Минг афсуски, бундай ўзгаришлар Марказий Осиё тараққиётига ҳам катта хавф туғдирмоқда”.

    Муайян географик ҳудуднинг ўзига хос иқлими, ижтимоий-экологик, этнографик хусусиятлари табиат билан инсон ўртасидаги ўзаро алоқа ва муносабатлар характерини белгилаб беради.

    Экологик хавф бугунги кунда тобора кенг тус олиб, ер юзидаги барча мамлакатларни бу ҳақда чуқурроқ ўйлашга мажбур этмоқда. Жаҳон ёввойи табиат (WWF), Global Footprint Network жамғармалари ва Лондоннинг зоологик жамияти мутахассислари ҳамкорликда ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, 1970 йилдан буён дунёда ёввойи ҳайвон ва қушларнинг сони 3,43 минг турга, тирик сайёранинг индекси эса 52 фоиз (ҳаво ва қуруқликда яшайдиган жониворлар тури 76 фоиз, ер усти ва сувда кун кечирадиганлар сони 39 фоиз) қисқарган. Ҳар йили 11 миллион гектар тропик ўрмон кесилмоқда. Йўқотишлар ўрмонларни тиклаш ишларига нисбатан 10 баробар кўпдир. Ҳар куни атмосферага 60 миллион тоннага яқин карбонат ангидрид чиқарилиши дунё океанидаги сув сатҳининг кўтарилишига олиб келмоқда.

    Ҳаво таркибида карбонат ангидриднинг ошиши, чиқинди газларнинг меъёридан ортиқ ҳавога чиқариб ташланиши оқибатида иссиқхона эффекти ҳосил бўлиб, бугунги кунда жаҳон ҳамжамиятини ташвишга солаётган жиддий экологик муаммо — глобал иқлим ўзгариши юзага келди. Шунингдек, озон қатламининг емирилиши, дунё океанининг ифлосланиши, тупроқ унумдор қатламининг йўқолиб бориши, тропик ўрмонларнинг кесилиши, чўлланиш, чучук сув манбалари ва биохилмахилликнинг камайиши, маиший чиқиндиларнинг кўпайиши, кимёвий ва токсик моддаларни зарарсизлантириш каби экологик инқирозлар аллақачон бир давлат чегарасидан чиқиб, том маънода глобал экологик муаммоларга айланди.

    Ҳозирги кунда саноат корхоналарига фақат сифатли маҳсулот ишлаб чиқариш эмас, балки атроф-муҳитга зарар етказмаслик ҳам асосий талаблардан бири сифатида қўйилмоқда. Шу боис, Тошкент кимё-технология институтида саноат корхоналарида ҳосил бўлаётган чиқиндиларни тозалаш бўйича бир қатор илмий ишлар амалга ошириляпти. Жумладан, “ALUTEX” Ўзбекистон—Британия қўшма корхонасида ишлаб чиқариш сувларини тузсизлантириш, маҳсулотга ранг бериш жараёнида ҳосил бўладиган чиқиндиларни тозалаш бўйича хўжалик шартномаси асосида илмий иш олиб борилмоқда. Бундан ташқари, шаҳар канализация сувларини тозалаш станцияларида ҳосил бўладиган чўкмаларни бартараф этиш бўйича ҳамкорлик ишлари йўлга қўйилган. Институтда германиялик олимлар билан биргаликда маиший ва қаттиқ чиқиндиларни қайта ишлаш бўйича лойиҳа тайёрланиб, Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим қилинмоқда. Шунингдек, Россия Федерациясининг Қозон федерал университети билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Бу университетда атроф-муҳит муҳофазаси соҳасида тажрибали олимлар бўлганлиги боис, келажакда ўзаро ҳамкорликда халқаро конференция, семинар-тренинглар ўтказиш, соҳага оид адабиёт ва қўлланмалар яратиш бўйича ҳамкорлик ишларини амалга оширишга келишиб олинди.

    Тошкент кимё-технология институти саноат экологияси кафедрасида чиқиндисиз технологик жараёнларни такомиллаштириш, саноат оқова сувларини тозалаш, атмосфера ҳавосини заҳарли газлардан тозалашга қаратилган бир қатор илмий тадқиқотлар қилинмоқда. Кафедрада фуран бирикмалари асосида ион алмаштиргич полимерларни синтез қилиш ва уларни қўллашнинг аниқ объектларини излаш борасида илмий мактаб яратилган. Кафедра олимлари “Маҳаллий хомашёлар асосида ион алмашинувчи полимерлар олиш ва уни атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида қўллаш” мавзусида кенг кўламли илмий тадқиқот ишларини олиб боришяпти. Саноат оқова сувларини тозалашга мўлжалланган ион алмашинувчи полимерларнинг асосий қисми республикамизга четдан келтирилади. Бу эса ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг таннархига салбий таъсир кўрсатади. Кафедрамизда олиб борилган илмий изланишлар натижасида маҳаллий хомашё асосида ион алмашинувчи полимерлар олинди. Бу полимерлар айни пайтда саноат оқова сувларини тозалашда қўлланилиб, иқтисодий самарадорликка эришилмоқда. Масалан, кафедрада синтез қилинган полимерлар “Сувсоз” давлат унитар корхонасига қарашли Салар аерация станцияси оқова сувларини тозалашда қўлланилиши натижасида корхонага бир йилда 106 миллион сўм иқтисодий фойда келтирди. Илмий тадқиқотлар натижасида кафедрада 8 нафар изланувчи фан номзоди, 4 нафари фан доктори диссертациясини муваффаққиятли ҳимоя қилди. 2017-2020 йиллар давомида кафедра олимлари жамоасининг илмий изланишлари натижасида Интеллектуал мулк агентлиги томонидан 5 та ихтирога давлат патенти олинди. Атроф-муҳит муҳофазасига оид 10 та дарслик, 8 та ўқув қўлланма, 5 та монография чоп этилди. Кафедрада айни пайтда “Целлюлоза саноатида ҳосил бўлаётган оқова сувларни тозалаш” мавзусида илмий изланишлар олиб борилмоқда.

    Институтда “Эколог” тўгараги фаолият кўрсатяпти. Унга аъзо талабаларимиз бир қатор илмий тадқиқот ишлари, лойиҳаларда иштирок этмоқда. Инновацион ривожланиш вазирлиги ташкил қилган “START-UP” танловида қатнашган талабаларимиз “Ҳавони заҳарли газлар, чанглардан тозалашда қўлланиладиган дарахт кўринишидаги “Скруббер” жиҳозини яратиш, уни шаҳар ҳудудига ўрнатиш” мавзусида совринли ўринни қўлга киритди. Айни пайтда ана шу мавзу доирасида амалий ишлар қилинмоқда.

    Фаррух ИГИТОВ,

    Тошкент кимё технология институти саноат

    экологияси кафедраси мудири, кимё фанлари бўйича фалсафа доктори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates