Институт қуёш панеллари ишлаб чиқаришни бошлади

    Маҳаллий маҳсулот аҳоли хонадонларига ўрнатиб берилади.

    Бугун инсоният глобал экологик муаммолар, табиий манбалар тақчиллиги қаршисида турибди. Сув, ёқилғи-энергетика захираси йил сайин қисқариб, уларга бўлган талаб эса, аксинча, ортиб бормоқда. Мутахассислар мазкур ҳолатлар оқибатларини “яшил иқтисодиёт”га ўтиш орқалигина бартараф этиш мумкинлигини таъкидлаётгани бежиз эмас. Чунки сайёрамизда қайта тикланмайдиган манбаларнинг муқобил шаклларини яратиш, улардан кенг ва самарали фойдаланишнинг даври келди. Экологик тоза ва ресурстежамкор технологияларни жорий этишга эса замонавий тараққиёт, илғор изланиш ҳамда илмий ихтиролар кенг йўл очмоқда.

    Гап илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси йил сайин ривожланиб, тараққиётнинг асосий омилига айланаётгани ҳақида бормоқда. Эндиликда, инсоният фан ва ишлаб чиқаришни алоҳида эмас, балки яхлит тушунча сифатида қабул қила бошлади. Яъни, бирор соҳани ривожлантириш учун замонавий қурилмаларнинг ўзи камлик қилади, уларни тушунадиган, илмий ўрганиб, такомиллаштириб борадиган фан ютуқлари зарур.

    Юртимизда сўнгги йилларда айни шу жиҳатга катта эътибор қаратилаётгани боиси ҳам шунда. Ижтимоий ва иқтисодий муаммоларнинг ечимини топа оладиган келажак авлодни тарбиялаш жараёнида таълим сифатини ошириш, замонавий таълим тизимларини амалиётга жорий этиш, энг иқтидорли ва қобилиятли мутахассисларни таълимга жалб қилиш, халқаро эътироф этилган ташкилотларнинг юқори рейтинги рўйхатига кирган таълим муассасаларининг амалиётларини миллий тизимга киритиш кутилган натижа бериши амалиётда ўз исботини топмоқда.

    Яъни, мамлакатимизда таклиф этилаётган лойиҳа, ғоялар аввалгидек қоғозларда қолиб кетмаяпти, амалиётга тадбиқ этилиши учун молиявий кўмаклар берилиб, зарур шароитлар яратилмоқда. Биргина Жиззах политехника институти мисолида оладиган бўлсак, талабалар дарс жараёнида олган билимларини бевосита амалиётда ўташ, тажриба орттириш орқали, катта-катта лойиҳаларга қўл урмоқда. Ўнлаб лойиҳалар турли корхоналарда ишлаб чиқаришга жорий этилди. Институтнинг ўзида ҳам ғояларни лойиҳага, иқтиқболли лойиҳаларни эса амалиётга ўтказиш учун барча шароитлар яратиб келиняпти.

    Куни кеча Жиззах политехника институти ҳудудида яна иккита янги, замон талабларига тўла жавоб берадиган ишлаб чиқариш полигони фаолиятига старт берилди. Биринчиси, “Муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий маркази” бўлиб, унда қуёш панеллари ишлаб чиқарилади. Иккинчи полигон — “Жиззах ёшлар технопарки” эса институт талабалари ўқув жараёнида олган билимларини амалиётда қўллаши учун янада кенгроқ имконият яратади.

    Ўтган йилнинг 10 февраль куни Президентимизнинг Жиззах вилоятига ташрифи чоғида Жиззах политехника институтига кремний асосидаги қуёш панелларини ишлаб чиқариш вазифаси топширилган эди. Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 8-9 апрель кунлари вилоятга навбатдаги ташрифи даврида эса янги марказлар фаолиятига старт бердик. Марказда дастлабки маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ҳам бошланган. Шу йилнинг 9 апрель куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазири Қўнғиротбой Шарипов янги очилган марказларда бўлиб, амалга оширилган ишлар билан танишди.

    Хомашё ҳам ўзимизда чиқарилади

    Айтиш жоизки, институтда “Муқобил энергияларни тадқиқ этиш илмий-амалий маркази”нинг ишга туширилиши энергетика муаммоларини тадқиқ этиш, шу соҳадаги ишларни амалиётга йўналтириш, муқобил энергия ва энергия тежамкорликни тарғиб этиш борасида катта қадамлардан бири бўлди. Айниқса, ўз номи билан таълим ва ишлаб чиқаришни уйғунлаштираётган бу марказ айни шу соҳада малакали кадрлар тайёрлашга кенг йўл очади. Юртимизда муқобил энергия манбалари қурилмаларини ишлаб чиқаришда маҳаллийлаштириш даражасини янада оширишга хизмат қилади.

    Марказни ўз вақтида ва сифатли ишга тушириш учун Хитой давлатидан умумий қиймати 348 000 АҚШ долларига тенг ускуналар олиб келиниб, бинога ўрнатилди ва янги инфратузилма билан таъминланди. Қисқа вақтда дастлабки маҳсулотларни ишлаб чиқаришга ҳам старт берилди. Тайёр маҳсулотлар тегишли тартибда тест жараёнларидан ўтказилиб, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги томонидан мувофиқлик лицензияси олинди. Ҳозирда нафақат тайёр маҳсулот, балки хомашёни маҳаллийлаштириш бўйича ҳам ишлар олиб бориляпти.

    Илмий-амалий марказда иш икки сменада ташкил этилган. Корхона жами 100 киловаттли 200 донадан ортиқ қуёш панеллари ишлаб чиқариш қувватига эга. Бу ерда 54 нафар талаба учун янги иш ўрни яратилди. Қуёш панелларини истеъмолчиларга ўрнатиб бериш хизматлари ҳам мавжуд. Бунинг учун профессор-ўқитувчилар ва талабалар таркибидан иборат махсус ишчи гуруҳлар ташкил қилинган.

    Яна бир қувонарли жиҳати, марказ ходимлари ва институтнинг Энергетика кафедраси профессор-ўқитувчилари Европа Иттифоқи “ERASMUS+” фондининг таълимда салоҳиятни ошириш дастури доирасидаги гранд лойиҳасини ютиб олди. Ушбу “Ўзбекистонда қуёш энергияси бўйича бакалаврлар учун мақсадли ўқув дастурини ишлаб чиқиш” лойиҳасини амалга ошириш муддати 2024—2026 йилларга мўлжалланган бўлиб, янги форматдаги ўқув-илмий лабораториялар дастурларини яратиш белгиланган.

    Кадрлар тайёрлаш занжири

    Институтда таҳсил олаётган талаба, албатта, ўрганларини амалиётда синаб кўриши фойдали. Бу унинг билимларини мустаҳкамлаб, тажрибада ўз кўзи билан кўриши, иш жараёнида тобланиб боришида жуда муҳим. Одатда, талабалар ўқиш даврида ишлашни истамайди, бор кучини билим олишга қаратади. Бу бир томондан яхши, аммо амалиёт ҳам зарур эканлигини унутмаслигимиз зарур. Шу боис, юртимиз олий таълим муассасаларида илм-фан ва амалиёт интеграциясига катта эътибор қаратиляпти. Университетнинг ўзида ҳам ўқиб, ҳам амалиёт ўтаб, ҳатто, иш билан таъминлаш йигит-қизлар учун қулай шароитлардан биридир.

    Жиззах политехника институтида иш бошлаган “Жиззах ёшлар технопарки”да ҳам шундай муҳит яратилди. Янги форматдаги ўқув, илмий ва ишлаб чиқариш зонаси, ёшларнинг ғояларини амалиётга жорий этиш трансфери, акцелерация марказлари, виртуал лабораториялар, муҳандислик таълими курслари энг замонавий технологиялар билан жиҳозланган.

    Технопаркда ёшлар энг замонавий касбларни ўрганиб, фаолиятга киришишлари мумкин. Масалан, янги очилган “Интеллектуал транспорт тизимлари ва мехатроника” илғор муҳандислик мактабида интеллектуал транспорт тизимларини маҳаллий шароитда қўллашнинг синергетик жараёнлар асосидаги янгича ёндашуви йўлга қўйилган. Муҳандислик мактаби Европа Иттифоқининг ҳалқаро “ERASMUS+” дастури доирасидаги йирик лойиҳа маҳсулидир. Бу ердан замонавий билимларга эга муҳандислар етишиб чиқади. Шунинг учун мазкур илмий-тадқиқот маркази энг замонавий лаборатория ускуналари билан таъминланди.

    Жиззах Политехника институти талабалари нафақат олий ўқув юрти биносида, балки вилоятдаги турли корхоналарда ҳам амалиёт ўташ имкониятига эга. Бунинг учун институт томонидан турли ҳамкорлик битимлари, шартномалар имзоланган. Улардан бири “Жиззах эркин иқтисодий зонаси”дир. Айни вақтда мазкур зона Жиззах вилояти саноатини ривожлантиришда катта ўрин тутмоқда. Қолаверса, у маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича мамлакатимизда учинчи, экспорт ҳажми бўйича эса олтинчи ўринда туради. Кейинги йилларда иқтисодий зона фаолияти такомиллаштирилиб, ишлаб чиқаришга қулай имкониятлар ҳажми кенгайтирилди. Ҳозирги кунда бу ерда 33 та лойиҳа амалга оширилиб, 7 минг 670 киши ишламоқда.

    “ADM Jizzakh” масъулияти чекланган жамияти саноат зонасида самарали фаолият юритаётган корхоналардан бири. Институтимизнинг сўнгги йилларда битирган талабаларининг 300 нафардан ортиғи “ADM Jizzakh” автомобил ишлаб чиқариш заводида раҳбар лавозимларида, инжинер-технолог, йиғув-чилангар, бўёқчи каби касбларда ўз фаолиятини олиб бормоқда.

    Мазкур корхонанинг биринчи босқичида йирик узелли йиғув йўлга қўйилган эди, жорий йил март ойида янги бино ва қувватлар ишга туширилди. Яъни, юқори технологияларни жалб қилган ҳолда штамплаш, пайвандлаш, бўяш ва йиғишни қамраб олувчи ишлаб чиқариш жараёни ташкил этилди. Корхона юқори технологик ускуналар билан жиҳозланган бўлиб, улар, асосан, Жанубий Корея, Япония ва Германия каби давлатлардан келтирилган. Заводда 30 та робот бор, ишлаб чиқариш жараёни 33 фоиз автоматлаштирилган. Автомобилнинг юриш қисмлари созлигини, статик ва динамик тормоз тизимини текшириш жиҳозлари ўрнатилган.

    Давлатимиз раҳбари Жиззах вилоятига ташрифи давомида ушбу корхонада бўлиб, заводда маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, юртимиз саноат корхоналари билан кооперацияни кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди. Умуман олганда, корхонада йилига 100 минг дона енгил автомобил ишлаб чиқариш қуввати яратилади. Натижада келгусида иш ўринлари сони 3 мингга етказилиши кўзда тутилган.

    Институтимизнинг ана шундай корхоналар билан фаолияти малакали кадрлар тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу Жиззах вилоятида автомобилсозлик саноатини янада ривожлантириш, малакали муҳандислар мактабини яратиш ва фан-таълим интеграциясининг узвийлигини таъминлашга хизмат қилади. Шу боис, “BYD factory Uzbekistan” қўшма корхонаси билан ҳам англашув меморандуми тузишга эришдик. Меморандум режасидан иккита асосий вазифа ўрин олган. Биринчидан, мехатроника ва робототехника илмий маркази ташкил этилиб, янги форматда фаолият олиб бормоқда. Бунда роботлаштириш ва механика тизимлари, электроника ва микропроцессор технологияси, информатика ва компьютерни бошқариш соҳасидаги билимларга асосланган, машиналар ва агрегатлар ҳаракатини компьютер бошқарадиган машиналар ва тизимларни яратиш ҳамда ишлатиш каби масалалар ечилади.

    Ушбу марказда автомобилсозлик саноати ишлаб чиқариш корхоналари мутахассислари малакаси ҳам оширилмоқда. Қолаверса, институтимизнинг 4 та интеллектуал транспорт тизимлари, машинасозлик технологияси, машинасозлик ишлаб чиқаришини жиҳозлаш ва автоматлаштириш, транспорт воситалари муҳандислиги, автомобилсозлик ва тракторсозлик замонавий муҳандислик таълим йўналишлари бўйича йилига 120 тадан ортиқ ёш мутахассисларнинг стартап лойиҳалари акцелерациядан ўтказилиши ҳисобига, ўз-ўзини банд қилиш механизми яратилди.

    Иккинчидан, “BYD factory Uzbekistan” қўшма корхонасида янги ишга қабул қилинган ҳамда маълум бир стажга эга бўлган ходимлар замонавий муҳандислик дастурлари ёрдамида ўқитилади. Бунда корхона талабларидан келиб чиқиб, ҳамкорликда белгиланган дастурий пакетлар ёрдамида мақсадли малака ошириш дастури йўлга қўйилган. Бугунги кунда айнан ушбу заводда институтимизнинг Транспорт факультети битирувчиларининг 50 дан ортиғи иш билан таъминланди.

    Ҳам амалиёт, ҳам даромад

    Юртимиз иқтисодий ривожланиб, аҳолининг яшаш шароити ошгани сари траснспорт воситаларига талаб ҳам ўсиб бораётгани сир эмас. Бу, айниқса, марказий кўчаларда узундан-узун тирбандликлар, жамоат транспортига бўлган талаб, автомобиллардан экологияга чиқаётган заҳарли газлар миқдорининг ошишига олиб келяпти.

    Жиззах политехника институтида ташкил этилган Шаҳар транспорт тизимини режалаштириш маркази фаолияти айнан шаҳарлардаги мавжуд транспорт муаммоларини тадқиқ этиш ва унга илмий ечимлар беришга қаратилган. Марказнинг илмий жамоаси 2021 йилда Россия Федерациясининг “Симетра” компанияси билан ҳамкорликда “Самарқанд шаҳар транспорт агломерацияси учун йўловчилар оқимини ўрганиш” лойиҳасини амалга ошириб, 500 миллион сўмга яқин инвестиция маблағларини жалб қилган эди. Ҳозирги кунда эса, илмий жамоа Жиззах шаҳар жамоат транспортини ривожлантириш бўйича лойиҳани амалга оширмоқда. Жами 450 миллион сўмлик инвестиция жалб қилиниши режалаштирилган ушбу лойиҳада институтнинг 20 нафар талаба-ёшлари ишлаяпти.

    Жиззах вилояти ҳозирги кунда қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида “драйвер” ҳудудга айлангани сир эмас. Биргина Фориш туманида ташкил этилган базальт кластерида йилига 177 минг тонна базальт тошидан махсус тола, директ ровинг, фибра, арматура, композит геосетка, қувурлар, мато ва иссиқлик-изоляция плиталари каби 42 турдаги маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йили 554 миллиард сўмлик 45 минг тонна маҳсулот тайёрланган бўлиб, 80 фоизи АҚШ, Англия, Польша, Италия, Россия, Туркия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон каби давлатларга экспорт қилинди. Кластерда 1 минг 700 дан ортиқ киши иш билан таъминланган.

    Уларнинг орасида Жиззах политехника институти Қурилиш материаллари ва кимёвий технология факультети талабалари ҳам бор. Ёш тадқиқотчиларимиз кластер корхоналарида даромад топиш билан бирга, илмий ишлар билан ҳам шуғулланмоқда. Айниқса, бу ерда ишлаб чиқариш қувватларининг юқори экани, энг илғор технологиялар билан таъминлангани ёшларимизга катта тажриба мактаби бўлмоқда.

    Шунингдек, “ROCКFIBER” МЧЖ корхонасида саноат учун яна бир янги лойиҳага старт берилди. Бунда тегишли чизиқли зичликка эга базальт иплари олиниб, сирт фаол моддалар ишлаб чиқариш шароитида синовдан ўтказилади. Толали ровинг билан тўлдирилган иссиқлик изоляцион шнур олиш имкониятларини тадқиқ қилиш жараёнида институт олимларига корхонада шарт-шароитлар яратиб берилаётганини алоҳида таъкидлаш лозим.

    Бу ҳали ҳаммаси эмас, албатта. Келгусида биз янада ёрқин ва самарали лойиҳаларни амалга оширишни режалаштиряпмиз. Ўйлаймизки, мазкур саъй-ҳаракатлар мамлакатимиз тараққиётини юксак чўққиларга олиб чиқишдек масъулиятли вазифада улкан ҳисса бўлиб қўшилади. Зеро, Жиззах политехника институтида илмий изланиш олиб бориш ва илмий лойиҳаларни амалга ошириш учун барча зарур имконият ҳамда шароитлар яратилган.

    Алишер УСМОНҚУЛОВ,

    Жиззах политехника институти ректори,

    техника фанлари доктори, профессор

    (Мақола “Янги Ўзбекистон” газетасининг 02.05.24 й, 84-сонида эълон қилинди)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates