Истиқболли ҳамкорлик самараси малакали мутахассислар фаолиятида кўринади

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 18 январь сонида Тошкент давлат техника университети электр энергетикаси факультети декани, техника фанлари доктори, профессор Жавоҳир Тошовнинг "Истиқболли ҳамкорлик самараси малакали мутахассислар фаолиятида кўринади" номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Сўнгги йилларда юртимизда ёшларни билимли ва малакали қилиб тарбиялаш, уларни жаҳоннинг соҳага оид илғор тажрибаларидан хабардор мутахассислар сифатида тайёрлаш мақсадида олий таълим тизимига доир тегишли қарор ва фармонлар қабул қилинди. Жумладан, Президентимизнинг 2017 йил 27 июлдаги “Олий маълумотли мутахассислар тайёрлаш сифатини оширишда иқтисодиёт соҳалари ва тармоқларининг иштирокини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида олий таълим мазмунини бевосита корхоналар, муассасалардаги техника, технология, ишлаб чиқариш муносабатларига ҳамда истиқболли ривожланиш дастурларига мувофиқ шакллантириш, кадрларни касби ва мутахассислиги бўйича ишга жойлаштиришга доир қатор долзарб масалалар тўлиқ ечимини топган.

    Бугун энергетика соҳасида ҳам қатор кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Илм-фан ёрдамида улар самарадорлигини ошириш масаласи ҳам ҳар қачонгидан долзарб ҳисобланади. Бу эса биз, олимлар олдига ёқилғи-энергетика ресурсларини ишлаб чиқариш, узатиш ва истеъмол қилиш жараёни самарадорлигини ошириш ва бу йўналишда натижадорлиги юқори бўлган илмий тадқиқот ишларини олиб бориш вазифаларини қўймоқда.

    2020 йил якунларига кўра, Ўзбекистонда 68,7 миллиард киловатт соат электр энергияси ишлаб чиқарилган бўлса, 2030 йилга бориб, бу кўрсаткич 120,8 миллиард киловатт соатга ошиши ёки ушбу кўрсаткичга нисбатан деярли икки баробар кўп ишлаб чиқарилиши прогноз қилинган. 2016 йилда мамлакатимизда ўртача кунлик электр энергияси истеъмоли 137,8 миллион киловатт соатни ташкил этган бўлса, ўтган йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, истеъмол кўрсаткичи 183,7 миллион киловатт соатга ёки 33,4 фоизга кўпайган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу миллий иқтисодиётнинг энергия самарадорлиги ривожланган мамлакатлар кўрсаткичларидан 2-2,5 баробар юқори.

    Мазкур рақамлардан кўриш мумкинки, соҳада электр энергияси истеъмоли самарадорлигини ошириш, ишлаб чиқаришда энергия харажатларини камайтириш бугуннинг долзарб вазифаси ҳисобланади. Бу эса, ўз навбатида, соҳага янги илмий изланиш натижаларини, малакали кадрларни жалб этмасдан ҳал бўладиган вазифа эмас. Шундан келиб чиқиб, сўнгги йилларда Энергетика вазирлиги ва унинг тизимидаги тармоқ корхоналар билан фан — таълим — ишлаб чиқариш интеграцияси ҳамда корпоратив ҳамкорлик жараёни жадал суръатда ривожланмоқда.

    Давлатимиз раҳбари ҳар бир чиқишида фан, таълим ва ишлаб чиқаришнинг ўзаро интеграциясини таъминлаш, инновацион ҳамкорликни ошириш, шунингдек, кадрлар масаласига алоҳида эътибор қаратмоқда. Жумладан, 2019 йил 24 май куни Президентимиз Ўзбекистон Миллий университетида олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш тадқиқотчилар билан учрашди. Ушбу учрашувда мен ҳам иштирок этиб, жуда катта куч, мотивация билан чиққандим. Унда Президентимиз илмий даражали педагогларнинг ойлик маошига устама белгилаш, профессор-ўқитувчилар, ёш тадқиқотчилар учун 6 та кўп қаватли уй қуришга топшириқ берганди. Ҳозир ушбу хонадонларда Тошкент давлат техника университети электр ва иссиқлик энергетикаси факультетининг 18 нафар ёш профессор-ўқитувчиси ҳам истиқомат қиляпти.

    Мазкур факультетда энергетика соҳаси бўйича фаолият олиб бораётган ишлаб чиқариш корхоналари учун асосий кадрлар тайёрланади. Бугунги кунда факультетда 4200 дан ортиқ талаба таҳсил оляпти. Уларга 200 дан ортиқ профессор-ўқитувчи дарс бериб келади. Педагоглардан 3 нафари Ўзбекистон Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоси (академик), 19 нафари фан доктори ва 59 нафари фалсафа доктори ва фан номзоди. Охирги беш йилда факультетда фаолият юритаётган илмий тадқиқотчилар томонидан 9 та докторлик (DsC) ва 20 та фалсафа докторлиги (PhD) диссертацияси ҳимоя қилинди.

    Фан, таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси негизида факультет ишлаб чиқариш корхоналари билан ҳар томонлама яқин алоқа ўрнатган. Жумладан, охирги беш йилда буюртмачи корхоналарда факультетга қарашли кафедраларнинг 18 та филиали ташкил этилди. Айни пайт да факультетда дуал тизим йўлга қўйилган бўлиб, юқори курс талабалари ва магистрантлар учун ушбу кафедраларда тегишли фанлардан дарслар ўтилмоқда. Талабалар ишлаб чиқариш участкаларида бўлиб, амалий ва лаборатория машғулотларида қатнашмоқда.

    Ишлаб чиқариш корхоналарида бажарилаётган лаборатория ишларининг улуши 32 фоизни ташкил этади. Хусусан, муқобил энергия манбалари кафедрасининг “Ўзбекгидроэнерго” АЖ тасарруфидаги 750 киловаттли шамол электр станциясида, электр станциялари, тармоқлари ва тизимлари кафедрасининг “Энергия координацион диспетчерлик маркази”да, “Ўзэнергомарказ” корхонаси каби бир қатор ташкилотларда электр таъминоти тизимининг монтажи ва ишлатилиши фанларидан машғулотлар ўтилмоқда. Албатта, бундай ўқув жараёни ёшларнинг келгусида муайян корхона учун тайёр мутахассис бўлиб етишишига имкон яратади.

    Охирги йилларда соҳага хорижий ва маҳаллий инвестициялар жалб қилинмоқда. Жумладан, 2019 йилда “Ўзбекэнерго” АЖга тегишли умумий қиймати 2,27 миллиард сўмлик Наманган вилояти Поп туманида жойлашган 130 киловаттли фотоэлектр станцияси Тошкент давлат техника университети балансига ўтказиб берилди. “Ўзэлектраппаратлари” АЖнинг 430 миллион сўмлик, “Иссиқлик электр станциялари” АЖнинг 372 миллион сўмлик ҳомийлик ёрдами туфайли кафедраларнинг моддий-техник базаси мустаҳкамланди. 2020 йили “Ўзбекгидроэнерго” АЖнинг 5 миллиард сўмлик ҳомийлик кўмаги ҳисобидан “Гидроэнергетика ва гидравлика” ўқув лабораторияси тубдан қайта таъмирланди. Айни пайтда замонавий лаборатория ускуналари билан таъминлаш жараёни кетмоқда.

    Шунингдек, хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича ҳам ижобий ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, Хитойнинг CHINT ELECTRICS CO LTD компанияси томонидан факультет гелиополигонида “10 киловатт қувватдаги қуёш фотоэлектрик станцияси” ва “Сhint Distribution Uzbekiston” МЧЖ томонидан замонавий русумда жиҳозланган лаборатория хонаси ташкил этилди. Бунга жами 340 миллион сўмлик инвестиция жалб қилинди.

    Ўтган йили Россиянинг “ЭКРА” ИЧБК билан Тошкент давлат техника университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унинг доирасида факультет биносида корхонанинг ўқув лаборатория хонасини ташкил этиб, замонавий релели ҳимоя шкафлари билан таъминлашга келишиб олинди. “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖнинг “Электр энергиясини ҳисобга олишни автоматлаштириш маркази”да корхона муаммоларига бағишланган “Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларини рақамлаштириш шароитида электр тармоқлари корхоналарини инновацион ривожлантириш” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди. Ушбу анжуман доирасида “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ ва Тошкент давлат техника университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми ва “Йўл харитаси” имзоланди. “Йўл харитаси”да факультетда корхонанинг АСКУЭ тизимига мўлжалланган замонавий лабораторияси ва полигон ташкил этиш кўзда тутилган. Бундан ташқари, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича корхона стипендиясини жорий қилиш, профессор-ўқитувчиларни рағбатлантириш, талабалар амалиётини сифатли ташкил этиш ҳам режада бор.

    Шунингдек, яна бир ҳужжат — Германиянинг нуфузли “Siemens Energy Global GmbH & Co. KG” компанияси ва Ислом Каримов номидаги Тошкент давлат техника университети ўртасида ҳамкорлик меморандуми ҳам имзоланди. Ушбу меморандум асосида 2021 йил 10 ноябрь куни Германиянинг Мюнхен шаҳрида “Йўл харитаси”га қўл қўйилди. Унда бу йил Тошкент давлат техника университетининг электр ва иссиқлик энергетикаси базасида “Siemens Energy Global GmbH & Co. KG” компаниясининг Фанлараро ўқув марказини ташкил этиш кўзда тутилган. Ташкил этилаётган ишлаб чиқариш корхоналарининг махсус хоналари келгусида ишлаб чиқаришда фаолият олиб бораётган ходимларнинг мунтазам малакасини оширишда амалий кўмак бўлади.

    Сўнгги йилларда Энергетика вазирлиги билан ҳамкорликда қатор илмий тадқиқотлар олиб борилмоқда. Жумладан, бевосита вазирлик буюртмаси асосида факультет олимлари Президентимизнинг 2020 йил 10 июлдаги “Иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини ошириш ва мавжуд ресурсларни жалб этиш орқали иқтисодиёт тармоқларининг ёқилғи-энергетика маҳсулотларига қарамлигини камайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, “Саноат корхоналари ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларида энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш, таҳлил қилиш ва прогнозлаш ягона ахборот тизими”ни яратиш бўйича инновацион лойиҳани бажармоқда.

    Албатта, маҳаллий ва хорижий инвестициялар кафедраларнинг моддий-техник базасини замонавий ўқув хоналари ва лабораториялар билан жиҳозлаш, мавжуд таълим йўналиши ва мутахассисликларнинг ўқув режаларини корхоналар талабидан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, асосийси, таълим сифатининг ошишига замин яратади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates