Сиз, азизларни ўтган аср бошларида шаклланиб, нафақат Марказий Осиё минтақаси, балки бутун мусулмон олами ва туркий дунё тарихида чуқур из қолдирган жадидчилик ҳаракатини ҳар томонлама ўрганишга бағишланган халқаро анжуманнинг очилиши билан чин қалбдан табриклайман.
Муштарак тарихимизнинг ёрқин саҳифаларини ташкил этадиган маърифатпарвар аждодларимизнинг ибратли фаолиятини, уларнинг ўз қиммати ва аҳамиятини ҳамон йўқотмасдан келаётган бой меросини ҳамкор давлатлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари, таниқли хорижий олимлар билан биргаликда теран тадқиқ ва тарғиб этиш бизнинг устувор вазифамиздир.
Бугунги анжуманимизга ташриф буюрган нуфузли халқаро ташкилотлар раҳбарлари ва вакилларига, шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон, Туркия, Россия Федерацияси, Венгрия, АҚШ, Германия, Нидерландия, Швеция, Япония ва бошқа мамлакатлардан келган таниқли олим ва экспертларга ушбу анжуманни ташкил этиш ташаббусимизни қўллаб-қувватлаганликлари учун самимий ташаккур билдираман.
Азиз дўстлар!
Ўз моҳият эътиборига кўра ноёб ижтимоий-сиёсий феномен бўлган жадидчилик ғоясининг шаклланиши ва тараққиётига доир дунёнинг бир қатор мамлакатларида кўплаб тадқиқотлар яратилган бўлса-да, ушбу ҳаракат намояндаларининг Марказий Осиё ҳудудида миллий давлатчилик ва минтақавий ўзига хосликни, фуқаролик жамиятининг ривожланишига қўшган улкан ҳиссасини концептуал ва тизимли асосда атрофлича ўрганиш долзарб масала бўлиб қолмоқда.
Шу нуқтаи назардан қараганда, тараққийпарвар аждодларимизнинг илғор ғоя ва қарашларини тадқиқ этиш ва тизимлаштириш, Туркистон жадидларининг миллий давлатчилик ривожидаги ўрни ва таъсирини ўрганиш, XX асрнинг биринчи чорагида улар томонидан барпо этилган давлат тузилмаларининг қонунчилик базасини таҳлил қилиш, дунёвий, ҳуқуқий ва демократик жамият қуришга қаратилган фаолиятига тарихий баҳо бериш, Янги Ўзбекистон ва Учинчи Ренессансни бунёд этишда ушбу мероснинг мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилиши билан боғлиқ масалалар бугунги конференциянинг асосий муҳокама мавзулари этиб белгилангани алоҳида аҳамиятга эга.
Барчамизга аёнки, “Тилда, фикрда, ишда бирлик” деган эзгу ғоя билан майдонга чиққан жадид боболаримиз халқларимизни жаҳолат ва қолоқликдан олиб чиқиш, уларни ғафлат ботқоғидан қутқаришнинг асосий йўли – билим ва маърифатда, дунёвий тараққиётни эгаллашда, деб билдилар.
Улар шу йўлда фидойилик кўрсатиб, янги усул мактаблари, театр ва кутубхоналар, нашриётлар очдилар. Жамият аъзоларининг дунёқараши ва турмуш тарзини ўзгартириш мақсадида газета ва журналлар нашр этдилар. Ёшларни илғор давлатларга ўқишга юбордилар.
Шу билан бирга, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, молия, солиқ тизимлари, ер масалаларини тадрижий асосда тубдан ислоҳ қилиш учун ғоявий ва амалий ҳаракатлар олиб бордилар. Бир сўз билан айтганда, улар миллий уйғониш, миллий тараққиёт ғоясини рўёбга чиқариш учун бор куч ва имкониятларини сафарбар этдилар.
Афсуски, ўша даврдаги мавжуд вазият, ижтимоий тузум бу улуғвор мақсадларни амалга оширишга йўл бермади.
Бугунги кунда Янги Ўзбекистонда инсон қадри улуғланадиган адолатли, эркин ва обод жамият, халқпарвар давлат, фаровон ҳаёт барпо этишга қаратилган ислоҳотларимиз жадид боболаримизнинг эзгу ғоя ва дастурларига ҳар жиҳатдан уйғун ва ҳамоҳангдир.
Шу боис, халқимиз озодлиги ва Ватанимиз равнақи йўлида азиз жонларини фидо қилган аждодларимиз хотирасини абадийлаштириш, уларнинг фаолияти ва меросини янгича тафаккур асосида ўрганиш ҳамда тарғиб этишга алоҳида эътибор берилмоқда.
Юртимизда ушбу йўналишда муҳим фармон ва қарорлар қабул қилиниб, ҳар йили 31 август – Қатағон қурбонларини ёд этиш куни сифатида кенг нишонланмоқда.
“Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси ва жамоат фонди, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи, унинг Қорақалпоғистон Республикаси ва барча вилоятларда ҳудудий бўлимлари фаолият олиб бормоқда.
Ана шу ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида Бухоро шаҳридаги тарихий масканда Жадидчилик тарихи музейи ташкил этилмоқда.
Бу мураккаб давр тарихига оид илмий ва бадиий асарлар, “Тарихнинг номаълум саҳифалари”, “Қатағон қурбонлари” номли кўп жилдли хотира китоблари нашр этилмоқда. Бадиий ва ҳужжатли фильмлар, кўрсатувлар тайёрланиб, намойиш қилинмоқда. Халқаро конференциялар, кўргазмалар ва давра суҳбатлари, хотира кечалари, семинарлар мунтазам ўтказилмоқда.
Атоқли маърифатпарварларимиз давлатимизнинг юксак мукофотлари билан тақдирланмоқда. Уларнинг азиз номлари билан аталадиган ёдгорлик мажмуалари, таълим муассасалари, музейлар, боғ ва хиёбонлар барпо этилмоқда.
Кейинги йилларда Ўзбекистон Олий суди томонидан 1030 дан зиёд мустабид тузум қатағонига учраган ватандошларимиз номи оқлангани тарихий адолатни тиклаш йўлидаги янги қадам бўлди.
Айни вақтда, юртимизда ҳар йили август ойини “Қатағон қурбонларини ёд этиш ойи” сифатида ўтказиш, фидойи ватандошларимиз ва уларнинг авлодлари яшаган ва яшаётган хонадонларга ёдгорлик лавҳалари ўрнатиш, уларнинг ворислари ҳамда яқин кишиларига ҳурмат-эътибор кўрсатиш бўйича чора-тадбирлар белгиланмоқда.
Маҳалла идораларида “Қатағон қурбонлари хотираси бурчаклари” ва “Маҳалла хотира китоблари”ни ташкил этиш, ҳар йили камида 100 нафар қатағон қурбони ҳамда жадид боболаримиз ҳаёти ва фаолиятини акс эттирадиган тўплам тайёрлаш режалаштирилган.
Ушбу муҳим мавзуда архив ҳужжатларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш, илмий тадқиқот ишларини амалга ошириш учун мақсадли грантлар эълон қилиш, янги бадиий ва публицистик асарлар яратиш, хорижий илм-фан марказлари, фондлар ва музейлар, кутубхоналар билан ҳамкорликни ривожлантириш чоралари кўрилмоқда.
Буюк маърифатпарвар боболаримиз томонидан олға сурилган ғоявий-сиёсий, ижтимоий-маърифий ва ҳуқуқий-ахлоқий қарашлар, турли миллат ва элатлар ўртасида бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик тамойилларини қарор топтириш билан бирга, миллий манфаатларни ҳимоя қилишга қаратилган интилишлар ҳозирги мураккаб ва таҳликали замонда барчамиз, аввало, ёшларимиз учун чинакам ибрат намунасидир. Уларнинг ҳаёти ва жасорати бугунги тинч ва осойишта кунларга осонлик билан эришилмаганини эслатиб, миллий истиқлолимизни, жонажон Ватанимизни кўз қорачиғидай асрашга доимо даъват этиб туради.
Фурсатдан фойдаланиб, таниқли тарихчи олим, АҚШдаги Мичиган университети профессори, ватандошимиз Темур Хўжа ўғлига мамлакатимиз тарихи, жумладан, жадидлар мероси билан боғлиқ ноёб ҳужжатларни Ўзбекистонга тақдим этаётгани учун миннатдорлик билдираман.
Бугунги нуфузли анжуман ҳар биримизни маънавий уйғоқлик ва огоҳликка чорлаб, қалбларимизда улуғ аждодларимизга хос азму шижоат туйғуларини юксалтиришга, халқларимиз ва давлатларимиз ўртасида ўзаро дўстлик ва қардошлик руҳини, илмий-маданий алоқаларимизни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ишонаман.
Сиз, муҳтарам анжуман иштирокчиларига сиҳат-саломатлик, янги ижодий ютуқлар, конференция ишига эса муваффақият тилайман.
Шавкат Мирзиёев,
Ўзбекистон Республикаси Президенти