Фармон билан аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишнинг устувор йўналишлари белгиланди.
Унга кўра, ижтимоий хизматларни аҳолига бевосита маҳалла даражасида кўрсатиш амалиёти жорий этилади.
Фармонга мувофиқ, қуйидагилар тасдиқланди:
▫️Ўзбекистон Республикаси аҳолисини ижтимоий ҳимоя қилиш стратегияси ҳамда унинг мақсадли кўрсаткичлари;
▫️Мазкур стратегияни 2022-2023 йилларда амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”.
Молия вазирлиги таркибида Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилди.
2022 йил 1 сентябрдан Ижтимоий суғурта жамғармаси ҳисобидан давлат ижтимоий суғуртаси бўйича минимал истеъмол харажатларидан келиб чиқиб ҳомиладорлик ва туғиш нафақалари тўланади.
Бунда, ходимнинг иш стажида 1 ойгача бўлган танаффуслар мавжуд бўлса ушбу танаффуслардан олдинги ва кейинги ойлар кетма-кет иш стажини ҳисоблашда қўлланилади.
2023 йил 1 мартгача давлат томонидан кафолатланган ва бепул тақдим этиладиган минимал ижтимоий хизматлар рўйхати шакллантирилади.
2023 йил 1 июлгача кафолатланган ва бепул тақдим этиладиган минимал ижтимоий хизматларни кўрсатиш стандартлари тасдиқланади.