Кучли кенгаш ва ташаббускор ҳоким билан ишлаш — давр талаби

    Давлатимиз раҳбарининг шу йил 2 февралдаги “Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони халқ ҳокимияти вакилларининг муҳим ишлари халққа яқинлик борасидаги янги дастур асосида амалда ўз исботини топишига кенг йўл очади. Бу фармон шунчаки фармон эмас, неча йиллик орзулар рўёби, очиқлик, шаффофлик ва эркин ҳаёт инъикосидир.

    Бунда янги таҳрирдаги Конституциямизнинг 120-моддасига мувофиқ, маҳаллий халқ вакилларининг ишини янада жонлаштириш, халқ орасига кириб боришида якдиллик, ишларни жадаллаштириш муҳимлиги эътиборга олиниб йўл тутилди. Энди халқ депутатлари кенгашига унинг депутатлари орасидан қонунга мувофиқ сайланадиган раис бошчилик қилади. Вилоят, туман, шаҳар ҳокими лавозимини эгаллаб турган шахс бир вақтнинг ўзида халқ депутатлари кенгашининг раиси лавозимини эгаллаши мумкин эмас.

    Аҳолининг жойлардаги долзарб муаммоларини ҳал этиш учун чинакам “халқ овози” керак. Демак, маҳаллий халқ вакилларига кенг ваколатлар бериш, жойларда қилиниши керак бўлган ҳар бир ишда депутатнинг ўрни борлиги, овози муҳимлигини кўрсатиб бериш вақти келди.

    Энди йиғинларда шунчаки қўл кўтариб ёки тушириб тасдиқлайдиган депутатлар эмас, балки эли, юрти, миллати учун ёниб ишлайдиган депутатлар даври келгани равшан бўлди. Сайлов жараёнида ҳам кучли партия ва унинг халқ ҳаёти учун муҳим дастурлари механизмини ишга солиш, партиянинг сайловолди дастури мазмун-моҳиятини халқ онгига сингдириб, мақсад ва вазифаларининг муҳимлигини тушунтириб берадиган кучли сиёсатчигина соғлом рақобатда енгиб ўтиши мумкин. Чунки энди “Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” билан ишлаш осон кечмайди. Кучли депутатлар рақобати ва уларнинг халқ томонидан қўллаб-қувватланиши учун сиёсий жиҳатдан ҳам, ҳуқуқий жиҳатдан ҳам, қолаверса, маънавий жиҳатдан ҳам шаффоф муҳит яратилади.

    Фармонда долзарб бешта муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратилган ва шу асосда ишлар кетма-кетликда белгилаб чиқилган:

    биринчидан, жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда ушбу ҳудудда истиқомат қилаётган аҳолининг фикрини инобатга олиш, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш;

    иккинчидан, йиллар давомида маҳаллий кенгашлар зиммасига юклаб келинган қатор ваколатлар ва функциялар тизимлаштирилиши;

    учинчидан, “Кучли кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ишларни йўлга қўйиш;

    тўртинчидан, кенгашларнинг ўз фаолиятини давлат ҳокимияти органларидан мустақил равишда амалга оширилишининг кафолатланиши;

    бешинчидан, кенгашларнинг самарали фаолияти учун уларни зарур шарт-шароитлар билан таъминлашдир.

    Айнан бундан кўзланган мақсад ҳам шунга яраша тизимли ишни талаб этади ва самара ҳам ижобий бўлиши аниқ. Битта мисол: жойларда иқлим шароитидан келиб чиқиб атроф-муҳит билан ишлашни айнан шу жойда яшаган киши билади ва шунга яраша таклиф билан чиқади. Атмосфера ҳавосига таъсир этувчи корхоналар қуриладиган, чиқиндилар кўмиб ташланадиган жойларни белгилаш борасидаги ишларни тизимли йўлга қўйиш нафақат атмосфера босими учун, балки маҳаллий аҳолининг саломатлиги, фаровон турмуши учун ҳам ўта муҳим. Демак, халқ вакили бу борада халқ билан ишлаб, уларни қийнаётган муаммони олиб чиқади ва ечими учун одилона йўл тутади.

    Шунингдек, бугун қуйи бўғинда энг муҳим бўлган жиҳат: давлат боғча ва мактабларини ташкил этиш ҳам энг долзарб мавзу. Агар биз бугун мактабгача таълим тизимига жиддий ёндашмасак, эртанги кун эгалари тарбиясидаги нуқсонлар учун қаттиқ жавоб беришимизга тўғри келади. Жойларда хусусий боғча ёки мактабга талаб борлиги баъзан ўз вақтида тан олинмайди. Энди бу масала ҳам кучли кенгаш орқали ечимини топади. Бу борада маҳаллий халқ вакилларининг қарашлари ўта муҳим аҳамият касб этади.

    Дилбар НОРМУРОДОВА,

    Халқ депутатлари

    Термиз шаҳри кенгаши депутати

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates