Либос — инсон зийнати

    Одамнинг шаклу шамойили, бўй-басти, кўриниши, жуссаси, туси, кўз қарашлари, овози, таровати, хуллас, ички ва ташқи дунёси у таваллуд топган, униб-ўсган ва камолотга етган жойга монанд бўлади. Етти иқлим кишилари етти хилдир. Демак, одам ўз ватанининг бир заррасидир. Бизнинг ҳар биримиз ўз юртимизнинг бир заррасимиз. Биз қаерда бўлмайлик, ўзбеклигимизни ўз ташқи қиёфамиз, сўзимиз билан ифода этамиз. Шундай экан, бизнинг кийиниш маданиятимиз маънавиятимиз кўзгусидир.

    Ўрта Осиё ҳудудида тўқимачиликнинг пайдо бўлиши неолит даврига тўғри келиб, унинг асосий хомашёси жун эди. Кейинроқ пахта экилиши минтақада тўқимачилик ривожланишига катта таъсир қилган, қатор қадимий археологик ёдгорликлардан топилган сурматош, тароқ, мис ойна ва турли зеб-зийнат буюмлари минтақада кийиниш маданияти қадимдан ўзига оро бериш воситалари билан умумийликда шаклланганини кўрсатади. Геродотнинг “Тарих” асаридан келиб чиқиб, милоддан аввалги IX-VIII асрларда Шарқ халқларининг алоҳида этник белгиларини намоён қилувчи мукаммал либосларнинг шаклланиш жараёни тугаб бўлган, деб айтиш мумкин. Хусусан, Геродот форслар, мидияликлар, оссурияликлар, вавилонликлар, араблар, ҳиндлар, бақтрияликлар, скифлар, саклар, массагетлар (шунингдек, юнонлар ва бошқалар)нинг бир-биридан фарқли ва ўхшаш кийим-кечакларини тасвирлаб беради. Бу Ўрта Осиё­нинг қадимги аҳолиси бақтриялик­лар, саклар, массагетлар учун ҳам хосдир.

    Амударё хазинасидан топилган ҳайкалчаларда ҳам кийимлардаги фарқлар яққол кўзга ташланади. Этник гуруҳларнинг либосларидаги фарқлар илк ўрта асрларга мансуб Афросиёб, Болаликтепа, Панжикент, Варахша каби сарой харобалари деворларидаги суратларда (сўғд, эфталит, турк ва бошқа) ҳам кўзга ташланади. Лекин бу даврга келиб маҳаллий матоларнинг ҳам сифати яхши бўлганини кўриш мумкин. Буюк ипак йўли доирасида Эрон, Византия, Хитой билан савдо алоқалари жараёнида уларнинг бу соҳадаги тажрибалари, тўқимачилик техникаси, кийимлар бичими, безаклари маҳаллий ишлаб чиқаришга муайян маънода таъсир қилган. Айниқса, VI асрда Сўғдда юзага келган зандана ипак матолари маҳаллий ипакчиликнинг анча ривожланганини кўрсатади. Ўша даврга мансуб зандана намуналари ҳозир Санкт-­Петербург, Париж, Лондон, Берлин, Деҳли каби шаҳарларнинг машҳур музейлари ва шахсий коллекцияларда сақланади. Ўрта Осиёда, хусусан, ўтроқ маданият ривож топган Сўғд, Бақтрияда тўқимачиликнинг ривожланиши билан хорижий матоларга талаб тўхтаб қолмаган. Бу эса маҳаллий кийим-кечаклар, матолар коллекциясининг янада бойишига олиб келган.

    XIV асрнинг 50-60-йилларида ­Мовароуннаҳр анча мураккаб даврни бошдан кечирди. XIV асрнинг иккинчи ярми — XV асрнинг бошларида Амир Темур ўзининг катта империя­сига асос солди ва ­Самарқандни бу империянинг пойтахти қилиб белгилади. Бунинг натижасида Самарқанднинг қиёфаси ҳам тамоман ўзгариб, Шарқнинг энг гўзал шаҳарларидан бирига айланди. Темурийлар даврида давлат иккига ажратилиб, Мовароуннаҳр ва Хуросонда идора этилди. ­Самарқанд ва Ҳирот уларнинг маркази бўлиб хизмат қилди. Ҳиндистон, Эрон, Балх, Россия ва бошқа мамлакатлардан катта савдо карвонлари кира бош­лади.

    Темурийлар даврида Камолиддин Беҳзод, Муҳаммад Чағрий, Муассин Абдулло, Муҳаммад Мурод Самарқандий каби рассомлар ўз миниатюраларида шу даврдаги аҳолининг барча табақалари, турмуш тарзи, ташқи кўриниши, кийган либосларини юксак маҳорат билан тасвирлашган. Аммо кийимлар билан миниатюра орқали танишганда тасвирларнинг шартлилигига аҳамият бериш керак. Матоларнинг ранги аслида ва расмда ҳар хил бўлиши мумкин, чунки расм ва матони бўяш учун бўёқлар бошқа-бошқа ишла­тилган.

    Миниатюрадаги тасвирларга кўра, аёллар либосининг номлари, турлари, шакли, бичими, безаги эркакларникига ўхшаш бўлган. Ички кийим туникасимон бичимли, узун енгли оқ кўйлак — курта эди. Унинг ёқа ўмизи горизонтал ёки чуқур бўлган. Ички кўйлак устидан бошқа рангли, туникасимон бичимли кўйлак — пироханни кийишган. Пирохан узун ёки калта енгли бўлиб, ички кўйлагидан калтароқ (тиззагача) эди ва белига ёпишиб турарди. Аёлларнинг устки кийими жўма, қабо, фаражи, мурсак, ёпинчоқ ва калтачадан иборат эди. Кўйлаклар устидан олди очиқ кийим — қабони кийишган. Унинг енги узун (қўлидан узунроқ) ёки калта (тирсагигача) бўларди. Чопон жўма об-ҳаво инжиқликларидан сақларди. Ипак ёки кимхобдан қилинган, узунлиги ергача, жуда узун енгли (этагигача) башанг чопон — фаражини тантанали маросимларда кийишганди. Уни елкага ташлаб юришар ёки битта қўлга кийиб, елкага ташлашарди.

    Улардан ташқари, миниатюраларда устки кийим сифатида олди очиқ, узун ёки калта енгли кийим — калтача ҳам тасвирланган. Қабо, жўма, фаражи ва калтачанинг астари бошқа рангли матодан қилинарди. Аслзодалар устки кийими астари ипакдан, фаражи эса олмахон, тулки ва сувсар мўйнасидан тайёрланарди. Эркакларникига нисбатан аёллар кийими танага ёпишиб туриши, бош кийимлари ва заргарлик буюмлари билан фарқланар эди. Ижтимоий фарқлар баравар кийилган кийимлар сони ва қўлланган матолар билан белгиланарди. Эркак­ларда бўлмаган, аёлларнинг ўзига хос устки чопони мурсак (мунисак) эди. Унинг ёқа ўмизи чуқур қилинарди, қўлтиғининг остидан ёнлари сер- бурмаланарди, енглари, бичими туникасимон бўлган. Шундай чопонни Ўрта Осиёда XIX асргача кийишган, ХХ асрда у дафн маросимига кийиладиган кийимга айланди. Мурсак қабонинг устидан кийилган. Аёлларнинг ўзига хос кийимларининг иккинчи тури ёпинғичлар ва паранжилар эди. Кўча кийими сифатида аёллар ёпинғич кийишган. У кенг, тўғри тўртбурчак шаклли матодан тайёрланиб, гавдани беркитарди. Ёпинғични бошга ёки елкага ташлаб юришган, учларини эса қўл билан ушлаб туришган. Юзи очиқ қолар, аммо керакли пайт­да юзни кўзгача беркитишар эди. Шундай ёпинғичлар ноқулай бўлгани учун аёллар кўчага чиққанда бошга чопонни ташлаб юрадиган бўлишди. XVI асрнинг охири ва XVII асрнинг бошидаги миниатюрада шундай ёпинғичлар тасвирланган. Чопонни шу усулда кийганда, енг­лари эркин осилиб турар ёки бир қўлга кийиларди. XVII асрнинг иккинчи ярмидаги миниатюраларда паранжи тасвирланган. У юқорида таърифланган чопон фаражи эди. Аммо паранжида узунлиги кўкрагигача тушадиган, от қилидан ясалган тўр — чашмбанд бўлиб, у билан аёлнинг юзи беркитилганди. Паранжи форсча фаражи сўзидан олинган бўлиб, кўйлак маъносини англатган. Илк марта манбаларда IX асрдан келтирила бошланган. XV-XVI асрларда фаражи эркаклар кийими ҳисобланиб, Зайниддин Маҳмуд Васифийнинг китобларида ҳам эркаклар, ҳам аёллар либоси сифатида тилга олинади. Фаражи қадимги Сўғдиёна ҳудудида Анахита зардўштийлик маъбудасига бағишлаб ўтказилган диний маросим кийими ҳисобланган. Шунингдек, бу маросим кийими қадимдан келинлар либоси бўлган.

    Ўрта Осиё аёллари кийимининг бели боғланмасди. Бу даврда аёлларнинг кийимига ҳинд, мўғул, эрон, хитой кийимларининг таъсири либослар тўрида қўлланган матоларида ва безакларда сезиларди.

    Кекса аёлларнинг кийими ёшларникига нисбатан, аввало, баравар кийилган кийимлар сони билан фарқланарди. Улар кўпинча жуда кенг калта (билагигача) енгли, учбурчак ёқа ўмузли кўйлакни кийишган.

    Уларнинг яна бир фарқланадиган белгиси — устки кийимнинг бели боғланарди. Мотам кийими қора ва тўқ кўк рангли, олди йиртилган чопонлар бўлган. Яна бир нарсага эътибор бериш керак — мотам ки­йимида белбоғ бўлмаган, у XVIII ёки XIX асрда юзага келган, чунки XVII асрдаги миниатюраларда белбоғ тас­вирланмаган.

    Бош кийимлари рўмол, мўйна билан чеккаси безалган дўпписимон қалпоқлар, пешонабандлар ва бош­қалар бўлган. Пешонабанд эшилган рўмолдан ёки юпқа оқ тасмадан қилинган. Пешонабанднинг устидан рўмол ўрашарди. Сочлари ҳаракат қилганда олдига тушмаслиги учун рўмол остидан бошга сочпопук — култа ва чочкап кийишарди. Кекса аёллар қозоқларникига ўхшаш бош кийим — кимишек кийишган. Мотам маросимида бош яланг бўлишган. Маликалар, хонларнинг хотинлари, хон авлодлари тож кийишар эди. Эркак ва аёл тожлари ўзаро фарқ­ланарди.

    Миниатюраларда заргарлик буюмлари кам тасвирланган, чунки улар кийимнинг остида бўлган. Ёзма маълумотлар ва тасвирларга қараганда, заргарлик буюмларидан зебигардон, ҳайкал, тумор, зирак, узук, билагузук, булоқилар бўлган. Шу нарсага эътибор бериш керакки, аёллар мотам маросимларида тақинчоқларни ечмасди. Аёллар либосини оёқ кийимлар якунлайди. Миниатюраларда ёш аёллар ва қизлар этик, маҳси, нимэтик — нимчакме, баланд қўнжли пошнали этик — чакма ва чарм туфли (кавуш)да тасвирланган. Пойабзал, асосан, қора, баъзан оқ ва сариқ рангли бўлган. Кекса аёллар қора, учли кавушларни яланг оёққа кийишган, ёшлар эса этикнинг устидан кийишарди. Мухтасар айтганда, миниатюраларда кийимларга алоҳида эътибор берилган, чунки улар ижтимоий ва этник мансубликни белгиловчи омил ҳисобланган.

    Қайси давр бўлмасин, маҳаллий аҳоли кийимлари ва кийиниш маданиятида маҳаллийлик элементлари сақланиб келинганки, унинг айрим излари бугунги ҳаётимизда ҳам сезилиб туради.

    Ҳилола НАЗИРОВА,

    ЎзФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти кичик илмий ходими

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates