Маҳаллий экспортёрлар учун янги бозорлар очилмоқда

    Эндиликда, аграр тадбиркорлар ўз маҳсулотларини сифат мезонлари асосида йирик ҳажмда Беларусь давлатига экспорт қилишлари мумкин.

    Сифатли маҳсулотга талаб доим юқори бўлади. Тадбиркор ўз маҳсулотини ички бозордан ташқари, чет элга олиб чиқа олса, даромади бир неча баробар ошади. Ўзбекистоннинг охирги йилларда дунё давлатлари билан очиқ ва фаол ҳамкорлиги мамлакат экспорт кўрсаткичлари ошишига хизмат қиляпти.

    Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг ўтган уч ойида мамлакатимизнинг ташқи савдо айланмаси 13,2 миллиард долларни ташкил этиб, шундан 5,8 миллиард доллари экспорт ҳиссасига тўғри келмоқда. Пойтахтимизда 25—27 апрель кунлари ўтган Иннопром 2-халқаро саноат кўргазмаси доирасида экспорт масалалари бўйича ҳам келишувларга эришилди.

    Мухтор УМАРОВ,

    Ўзбекистон Экспортчилар уюшмаси раиси:

    — Бугун юртимизда 6 мингга яқин экспорт қилиш салоҳиятига эга корхоналар фаолияти йўлга қўйилган бўлиб, уларга берилаётган қатор имтиёзлар туфайли диёримизда етиштирилаётган мева-сабзавотларнинг халқаро савдо ҳажми кенгайиб бормоқда. Айниқса, шираси тилни ёрадиган ўзбек меваларига дунё давлатларида қизиқиш юқори. Авваллари экспорт ҳажмининг катта қисми Қозоғистон, Россия, Қирғизистон сингари анъанавий бозорлар ҳиссасига тўғри келарди. Сўнгги йилларда тадбиркорларимиз учун янги бозорлар очилиши ҳисобига, экспорт географияси кенгайиб боряпти.

    Халқаро саноат кўргазмаси бу борада яхши ва самарали платформа вазифасини ўтади. Йирик компаниялар вакиллари билан учрашувлар ташкил этиб, музокаралар олиб бордик. Келишувларда ҳар икки томон манфаатдор бўлиши лозим. Шу боис, жараёнда ҳар ким ўз таклифларини берди. Фойдали битимлар ҳам имзоладик.

    Россиянинг Нижний Новгород вилоятидаги “Центр импорта и импортозамещения” маркази вакиллари Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига катта қизиқиш билдирди. Улар билан юртимизда етиштириладиган қишлоқ хўжалик ва мева-сабзавот маҳсулотлари экспортини амалга ошириш бўйича келишиб олдик. Ҳамкорларимиз ўз вилоятида ана шу маҳсулотларимизнинг доимий импортини йўлга қўймоқчи.

    Беларусь Савдо-саноат палатаси вакиллари ҳам бу борада ўз истакларини билдирди. Улар билан қишлоқ хўжалик ва мева-сабзавот маҳсулотларини Беларусь бозорларига тўғридан-тўғри етказиб бериш бўйича ўзаро янги ҳамкорлик келишуви имзоладик. Ўтган йили мамлакатимиз Беларусь давлатига 14 минг тонна мева-сабзавот экспорт қилган. Шундан 593 тоннаси гилос экспортига тўғри келади. Бу борада Ўзбекистон етакчи давлатлардан бири бўлиб, гилос етиштириш ва уни экспорт қилишда юқори 5 таликдан жой олган. Ҳамкор давлат жорий йил ҳам импорт кўрсаткичини янада ошириш истагини билдирди. Мазкур талаб маҳаллий экспортёр корхоналаримиз учун янада кенг имкониятлар эшигини очади. Эндиликда, аграр тадбиркорлар ўз маҳсулотларини сифат мезонлари асосида йирик ҳажмда Беларусь давлатига экспорт қилишлари мумкин.

    Биз бу борада экспортёрларни доим қўллаб-қувватлашга тайёрмиз. Ҳозирги кунда Экспортчилар уюшмаси 400 дан ортиқ маҳаллий тадбиркорлар билан аъзолик шартномаларини имзолаган. Бундан ташқари, Ўзбекистонда экспорт билан шуғулланаётган минглаб корхона ва тадбиркорларга маҳсулотларини чет давлатга чиқариш ҳамда шу билан боғлиқ масалаларни ҳал этишларида амалий ёрдам кўрсатиб келяпти. Яқинда уюшма қошида “Ягона Марказ” лойиҳаси ишга тушди. Бу марказда кичик ва ўрта бизнес вакилларига юридик, логистика, халқаро савдо, хорижий инвестицияларни жалб қилиш сингари 20 дан ортиқ хизмат турлари кўрсатилади. Йўналишлар бўйича профессионал мутахассислар жалб этилган. Асосийси, марказга мурожаат қиладиган тадбиркорларнинг ҳар қандай муаммоси тез суръатларда ҳал бўлиши уюшма томонидан назоратга олинади.

    Иннопром саноат кўргазмаси доирасида Россиянинг йирик халқаро ташкилоти — “Евроосиё халқлари уюшмаси” раҳбарияти билан ўтган учрашув ҳам муҳим таклифларга бой бўлди. Улар Ўзбекистонда 55 та хорижий давлат иштирокида биринчи Умумжаҳон саммитини ўтказиш таклифини берди. Биз ҳам кенг миқёсдаги учрашувлар ва ҳамкорлик тарафдоримиз.

    Умуман саноат кўргазмасида билидирилган барча фикр-мулоҳазалар, ўтказилган мулоқотлар, имзоланган битимлар ягона мақсад — мамлакатлар ўртасидаги саноат ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқиш, импорт ва экспорт кўрсаткичлари, инвестицион лойиҳалар кўламини оширишга қаратилган. Бу лойиҳалар жаҳон бозорида янги брендлар пайдо бўлиши ва улар ўртасида соғлом рақобат шаклланишига хизмат қилади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates