Мард ўғлонлар ёди барҳаёт

    Сардобанинг сўнгсиз ситамлари: Сирдарёик, марҳум, қаҳрамон, Хусниддин Суяров ҳақида хотиралар...

    Сирдарёлик Миллий гвардия марҳум Ҳусниддин Суяров болалигиданоқ мард, эртаклардаги каби жасур паҳлавон бўлиб улғайишни, барчага яхшилик улашиш сингари эзгу хислатларни онаси айтиб берган эртаклар ва отаси ўргатган ҳикматли ўгитлар орқали ўз қалбига сингдириб борган бўлса, не ажаб.

    У ўзининг қисқа ҳаёти давомида жасорат, садоқат каби инсоний фазилатларини келажак авлодга ўчмас маънавий мерос сифатида қолдириб, бу фоний дунёни тарк этганида атиги 31 ёшда эди.

    Ҳеч ким болам деб йиғламасин...

    — Ҳарбий форма кийган йигитларни кўрганимда, “қанийди менинг ўғилларим ҳам ҳарбий бўлса”, дея ҳавас қилардим, — дейди Ҳ.Суяровнинг онаси Зулфия Суярова. — Кўнг­лимдаги ҳавас рўёбга айланиб, ўғлим ҳарбий бўлди. “Болажоним, тўғрисини айт, онамнинг орзусини юзага чиқарай, деб ҳарбий бўлдинг-а”, деб сўрасам, “эҳ, онажонима, ўзим хоҳладим, касбим ўзимга ёқади, она-Ватанни қўриқлаш, унга хизмат қилиш шараф, дердингизку, ҳали кунлар келиб, сиз мен билан фахрланиб юрасиз”, дея куларди.

    Ҳусниддиним киндик қони тўкилган юрти шаънини, қасамёд қилиб кийган ҳарбий ки­йими ҳурматини ўз жонидан азиз кўрди. Энг қийин, кутилмаган вазиятда қўрқмасдан одамларни ўлим чангалидан ҳаётга қайтара олди. Бир неча оила бахтини, бағрини бутун қилиш учун ёш жонини қурбон қилишдан чўчимади. Ҳа, менинг шундай, халқи учун ўзини бахшида қила олган ботир ўғлим бор...

    У мен учун тирик. Миллий гвардия ходимлари “Онажон, биз ҳам сизнинг ўғлингизмиз”, дея ярим кўнглимни кўтариб, байрамларда ҳол сўраб, хабар олиб турибди. Улар ўғлимнинг вафотидан сўнг яна уч фарзандимни ўз сафига қабул қилди. Ўғилларим шу тизимда ишлаб, олий таълим муассасаларига ўқишга кириб, ҳарбий соҳадаги билимларини янада мус­таҳкамлашга бел боғлади. Уларни Аллоҳнинг паноҳига топширганман. Ҳусниддинжонимга берган оқ сутимга мингдан минг розиман...

    Сардобанинг сўнгсиз ситамлари

    2020 йил 1 май. Эрта тонгда Миллий гвардия Сирдарё вилояти бошқармасининг офат жойига зудлик билан етиб борган дастлабки гуруҳи таркибида сержант Ҳусниддин Суяров ҳам бор эди. У Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларидаги фалокат оқибатларини бартараф этишда, ўз ҳаётини хавф остига қўйиб, аҳолини хавфсиз жойларга эвакуация қилишда фаол иштирок этди. Сув омбори тош­қинининг илк манзилида одамларни фалокатдан халос қилгач, навбатдаги қутқарув-қидирув ҳаракатида ўзи ҳам кучли сув зарбасига учради. Сув тошқини кучайиб, пўртана оқим уни ўз домига тортиб кетади...

    Ҳусниддин Суяров Президентимизнинг фармонига мувофиқ, “Жасорат” медали ва Миллий гвардия қўмондонининг I даражали “Намунали хизматлари учун” кўкрак нишони билан тақдирланди. Боёвут тумани Анорзор маҳалласидаги кўчалардан бирига унинг номи берилди.

    Ҳеч ҳам имкони бўлмади...

    Миллий гвардия подполковниги ­Матҳиддин Раҳимов 2020 йилнинг ўша машъум май воқеа­ларини изтироб билан шундай эслайди:

    — Сардоба сув омборининг тўғони ёрилгани ҳақидаги хабар ҳарбий қисмга соат 6:00 ларда келиб тушди. Гвардиячиларимиз Учтом қишлоғига сафарбар қилинди. Бизнинг вазифамиз аҳолини хонадонлардан чиқариш, ичкарида бирор жон қолишига йўл қўймаслик эди. Бу вақтда одамлар жуда саросимада эди. На уйдан чиқишни, на қолишни билмасди. Уларга бирма-бир тушунтириб, техникаларга жойлаб, эвакуация қилдик.

    Ҳамкасбларимиз кексалар ва ногиронларни кўтариб машиналаргача чиқариб қўйди. Уч йигитимиз Санжар, Ҳусниддин ва Ҳазрат хонадонлардаги ҳамма одамларни олиб чиқди. Аҳоли қишлоқдан чиқарилгач, чамаси бир соатлардан кейин сув бирдан кўтарилиб, бўй баробар бўлиб қолди.

    Надоматлар бўлсинки, касбдошларимиз сувда қолиб кетди. Оқаётган сафдошларимизнинг олдига боришга ҳеч ҳам имкон бўлмади... Уч йигитимиз дарахтга осилиб турганди. Тепасидан 1,5-2 метрлик қисми кўриниб турган дарахтни сув бир неча дақиқа ичида кўмиб қўйди. Шундан кейин улар уйнинг томига чиқди. Сув бирдан кўтарилиб, йигитларимизни оқизиб кетди. Улар, бир кўриниб, бир кўринмай, кўздан ғойиб бўлди.

    Афсуски, Ҳусниддин Суяров ва Ҳазрат ­Суюновни ўша куни йўқотдик. Ҳусниддиннинг жасади орадан уч кун ўтиб, ўзи ёрдамга борган Учтом қишлоғидан 5 километр узоқликдаги пахта даласидан топилди...

    Учтом қишлоғида Ҳусниддин ва Ҳазратнинг ёрқин хотираси учун ёдгорлик ўрнатилган. Синглим, ҳикояни шу ерда тўхтатаман, бош­қа гапира олмайман, уларни эслаганим сари дардим янгиланаверади, буларни қайта айтиб бериш жуда оғир...

    Мен ҳам нима дейишни билмайман. Ҳусниддин ҳақида ёзиш ўзимга ҳам осон бўлмаяпти. Кўз ўнгимдан Афғонистон жангларида ҳалок бўлган марҳум акам Ғофиржон, ота-­онамнинг дардли ингроғи қулоқларим остида қайта жонлангандай бўлди. 21 ёшида Афғонда ҳалок бўлган акам ҳақида ҳалигача ёза олмадим, журъатим етмайди.

    Ҳаммани қутқардию, ўз жонини омон сақлай олмади

    Ҳусниддининг отаси Зокир ака билан телефон орқали гаплашдим. Ўғлининг номини тилга олишим билан, кучли хўрсиниш эшитилди. Биргина шу ўксик овоз, назаримда ич-ичдан дод солиб йиғлаётгандай таассурот уйғотди.

    — Аслида ўғлимнинг юрагида ҳарбийликка қизиқиш болалигидаёқ бор эди. Ўн йил водийда ишлади, уни кам кўрардик, лекин меҳрини ҳар кун сезардик. Сержантлик ўқишини битириб, ўзимизнинг Сирдарёга келганига эндигина уч ой бўлганди. 2020 йили, карантин эълон қилингани учун ҳаммамиз уйда эдик. Ўғлим бир ҳафта олдин уйга келди. Рўза ойи бўлгани учун бизга деб бозорлик қилган экан. Атиги бир соатча гап­лашдик. У кетар чоғида негадир ҳаммамизни бирма-бир маҳкам қучоқлаб, хайрлашиб кетди. Шу охирги кўрганим бўлди...

    Аяжон, дадам келмаяптику?

    Бугун Ҳусниддиннинг жажжи қизалоқлари — 6 ёшли Шаҳризода ва 2 ёшли Шукрона онасининг бағрида яйраб, беғубор қувнаб, катта бўляпти. Улар дадасининг вафотини ҳали тўлиқ англаб етмайди. Фақат Шаҳризода эсини танигани учунми, “аяжон, дадам қачон келади, шунча вақт кутдим, ҳалиям келмаяпти-ку...?” деган юракни зирқиратадиган саволни кўпроқ беряпти экан.

    Ҳусниддининг аёли — Нозиманинг ўйчан нигоҳларига боқар эканман, унинг ҳар бир сўзидаги соғинч, ўкинч ва ўртанишларни бутун борлиғим билан ҳис қилдим.

    Ҳусниддин оиласи билан Гулистондаги ҳарбийлар шаҳарчасидаги кўп қаватли янги уйда атиги 3 ойгина яшаган. Эрининг ҳарбий формаси ҳалиям шкафда, дазмолланган, худди ҳозир кийиб, ишга чиқиб кетадигандек эгасига мунтазир... Аслида 2020 йилнинг январь ойи уларнинг кичкинагина оиласига энг қувончли кунларни ҳадя этган. Икки бахтиёр ёшнинг орзулари чексиз бўлган. Шундай шодумон кунлар арафасида иккинчи қизалоғи дунёга келганди.

    Ҳусниддин фарзандига ота-онасининг рухсати билан Шукрона, дея исм қўяди. Лекин афсуски, Шукронани тўйиб-тўйиб бағрига боса олмади, фарзандининг ҳидига тўймади. У бу дунёни тарк этганида қизи эндигина 40 кунлик чақалоқ эди...

    — Турмуш ўртоғим оилапарвар, мард инсон эди. Ўзидан ёруғ, нурли из ва шундай шириндан-шакар қизларимни туҳфа қилиб кетди, — дейди Нозима. — Тақдир экан, биргаликда атиги 5 йил яшадик. Лекин ана шу қисқа давр менга бир умрга қоладиган гўзал хотираларни берди. Турмуш ўртоғим мен учун тирик, ҳамиша хаёлимда мен билан бирга яшайди, яшайверади.

    Бирлашиб, биргалашиб...

    Ҳусниддиннинг укаси Адҳамнинг ҳикояси ҳам изтиробли бўлди.

    — Қадди-басти келишган акамнинг ҳарбий либосига ҳавас билан қарардим. Хаёлимда қани эди, мен ҳам акам сингари ҳарбий бўлсам, деб орзу қилардим, — дейди Адҳам. — Ўйларимни кўз қарашларимдан сезган акам, “Укажон, Худо хоҳласа, биз — тўрт ака-ука бир тану бир жон бўлиб, бирлашиб, ота-­онамизнинг орзуларини рўёбга чиқарамиз.
    Эл-юртга садоқат билан хизмат қилиб, ортимиздан фақат яхши ном қолдирамиз”, дерди. Яна бир гапни кўп такрорларди: “Илтимос, ота-онамга яхшилаб қара. Ҳали биргалашиб тоғни талқон қиламиз, бой-бадавлат, энг бахтиёр оға-ини бўлиб яшаймиз. Болаларимизни эл ҳавас қиладиган фарзандлар қилиб тарбия­лаймиз. Ота-­онамизни муборак Ҳаж зиёратига юборамиз... ”.

    * * *

    Инсонларнинг ўз яқинини йўқотиш залвори жуда оғир. Бундай дамларда барчамиз ҳамжиҳат бўлиш кераклигини, қаҳрамонларимиз номини мудом эслаб турмоғимиз инсоний фарз эканини янада чуқур англагандек ­бўлдим.

    Аслида бу омонат дунёда инсон ҳаёти қанча йил яшагани, тўплаган бойлиги, данғиллама иморатларию қандай лавозимларда ишлагани билан ўлчанмайди. Инсон қанча эмас, қандай умр кўргани, яъни унинг мазмуни билан қадрланади. Элу юрт фаровонлиги йўлида ҳалол хизмат қилган, ўз жонини халқ тинчлиги, бахти учун фидо қилган мард ­инсонлар ҳаёти ибрат китобининг ўчмас саҳифалари бўлиб қолади.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates