Метрология нималарни “ўлчайди”?

    Қадимда давлатлар орасида урушларнинг келиб чиқишига баъзан ўлчашлардаги келишмовчиликлар ҳам сабаб бўлган.

    Одам дунёга келибоқ ўлчашлар объектига айланади. Инсонларга янги жамият аъзосининг вазни, бўйи ва тана хароратини билиши муҳим. Кейинчалик одам ўзи ўлчашларни амалга оширишни ва солиштиришни ўрганади. Торози, соат, линейка, термометр, ҳисоблагич ва бошқа ўлчаш воситалари хаётимизнинг ажралмас қисмига айланиб қолган.

    Қадимда ўлчовлар таҳминий ва содда бўлган. Ўлчов учун киши оёғи, қўл бармоғи, тирсаги узунлигидан фойдаланилган. Инсоният ривожлана бориб, иш қуроллари ва яшаш тарзини янада такомиллаштира борган, яшаш ва меҳнат шароитларини қулайлаштириш харакатида бўлган. Моддий бўлмаган ўлчовлар билан ишлаш ноқулайлиги ва индивидуаллиги туфайли, уни моддийлаштириш йўлларини ахтара борган. Шу тариқа турли ўлчаш бирликлари пайдо бўлган.

    Инсоният тараққиёт ривожланишининг илк даврлариданок “моддий” ўлчашлар ва ўлчаш бирликларининг катта ахамиятини тушуниб етган. Марказий Осиёда ҳам ўлчовлар ва уларнинг турғунлигини сақлаш, ўлчаш қоидаларига қатъий риоя этиш масалаларига жиддий эътибор берилган. Аксарият ҳолларда бунинг назорати энг юқори амалдорлар томонидан олиб борилган. Масалан, Ислом таълимотида тўғри ўлчаш, яъни харидор ҳақини уриб қолмаслик масалаларига жуда жиддий қаралган. Бу борада халқимизнинг манавиятига сингдирилган “харидорнинг ҳаққи етти пуштига уради” каби иборалар бу таълимотнинг исботидир.

    Тарихий ёзишмаларда қадимда давлатлар орасида урушларнинг келиб чиқишига баъзан ўлчашлардаги келишмовчиликлар ҳам сабаб бўлгани каби маълумотлар келтирилган. Вақт ўтиши билан савдо-сотиқ ва ўзаро иқтисодий алоқаларнинг ривожланиши мобайнида ўлчовларга аниқлик киритиш, янгиларини хосил қилиш, ўзаро солиштириш ва қиёслаш усуллари шаклланиб, ўнлаб янги ва мукаммалрок ўлчаш бирликлари ҳосил бўла бошлаган. Бу бирликларнинг ўзаро боғлиқлиги масалалари эса тобора муҳим аҳамият касб эта бошлаган. Шу боис олимлар томонидан метрик тизим 1875 йил 20 майда Парижда 20 та мамлакатлар вакилларининг конференциясида қабул қилинган ва Метрик Конвенцияси номини олган. Метрик Конвенция метрология бўйича илмий фаолият кўрсатувчи биринчи халқаро келишув ҳисобланади. Конвенция метрик эталонларни сақлаш ва текшириш учун илмий муассаса сифатида ўлчовлар ва тарозилар халқаро бюросини хам таъсис этади.

    Ўрта Осиёда ўлчовларнинг метрик тизими 1923 йил 18 апрель Туркистон Республикаси СНК қарори бўйича “Ўлчовлар ва тарозилар тўғрисида Низом” тасдиқланган ва ички савдони йўлга қуйиш бўйича қўмита хузурида ўлчовлар ва тарозиларнинг Туркистон бюроси тузилгандан сўнг бошланган.

    Ҳозирда метрология соҳаси янада тез ривожланмоқда. Чунки саноатнинг ривожланиши, хозирги замон талабларининг бажарилиши назорат-ўлчаш асбобларига боғлиқдир. Яқин тарихда Ўзбекистонга асосан хомашё яратишга асосланган давлат сифатида қаралар эди, бунга сабаб ишлаб чикарилган ялпи ички махсулотнинг 70-80 фоизини хомашё ташкил этгани. Ҳозир эса халқ хўжалиги таркибида хизмат турлари, юқори қўшимча қиймат қўшилган саноат ва қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ўрин олган.

    Ўзбекистон Республикасида ягона ўлчовлар бирлигини таъминовчи ваколатли орган этиб “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасаси белгиланган ва вилоятларда жисмоний ҳамда юридик шаҳсларга метрологик таъминот хизмати институтнинг худудий филиаллари томонидан амалга оширилади.

    Наманган филиалида ҳозирги кунда 26 нафар малакали ходим фаолият кўрсатмоқда, шу жумладан, 12 нафари давлат қиёсловчи мақомига эга, улар томонидан вилоятда фаолият юритаётган корхоналарга ва аҳолига метрологик хизмат кўрсатиб келинмоқда, жумладан, 2021 йил давомида жами 42 234 дона ўлчаш воситалари метрологик текширувдан ўтказилди, 112 та корхона ва ташкилотларни 813 дона ўлчаш воситалари логистик хизмат орқали метрологик текширувдан ўтказилди.

    Халқаро стандартлар асосида хизматлар сифатини ошириш юзасидан ҳам бир қатор ишлар амалга оширилмоқда, жумладан, 2021 йил мобайнида 11 нафар ходимлар 7 та йўналиш бўйича Стандартлар институтида малакасини оширди ҳамда 2022 йилда 3 та йўналиш (босим, харорат ва масса) бўйича ўлчаш воситаларини калибрлаш ишларини ташкил этиш, тасдиқланган ривожлантириш дастурига асосан Наманган шаҳри 100 дан ортиқ корхона жойлашган “Юксалиш” саноат зонасида халқаро андозаларига мувофиқ метрология лабораториясини қуриш ва замонавий ускуналар билан жиҳозлаш режалаштирилган.

    Республикамизда тадбиркорлик субъектларига кенг имкониятлар яратиб берилмоқда, бюракратик тусиқлар олиб ташланмоқда, турли имтиёзлар берилмоқда ва улар муваффақиятли фаолият юритиши учун ҳозирги замон талабларининг бажарилиши, маҳсулот ва хизматлар рақобатбардошлигини таъминлаш бевосита назорат-ўлчаш асбобларига боғлиқ. Шу сабабли, барча тадбиркорлик субъектлари раҳбарлари онгли равишда давлатимиз томонидан белгиланган муддатларда ўлчаш воситаларини даврий текширувдан ўтказиб бориши мақсадга мувофиқ, ахир бундан ҳам тадбиркор, ҳам харидор манфаатдор.

    Метрологиянинг, яъни ўлчашларнинг моҳияти, фан-техниканинг ривожланишида беқиёс бўлиб, халқ хўжалиги ривожига имкониятларни очиб бермокда. Ўлчаш соҳасида кенг кўламда олиб борилаётган ишлар унинг фан-техникадаги, жамият хаётидаги ўрни ниҳоятда юқори ва унинг метрологик таъминоти билан белгиланади. Ўлчашлар бирлигини таъминлаш метрологиянинг энг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Шунинг учун хам ўлчашлар натижасида олинган ҳар қандай ўлчашлар талаб этиладиган аниқликда ўлчаш бирлигини таъминлашдек талабга жавоб берсагина унинг аҳамияти ва фойдаси кўпроқ бўлади.

    Ҳусанбой НИШОНОВ,

    “Ўзбекистон миллий метрология институти” давлат муассасаси

    Наманган филиали раҳбари

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates