Амалий ташриф билан Москва шаҳрида бўлиб турган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов мазкур йиғилишда кузатувчи давлат мақомида иштирок этди.
Шунингдек мажлисда Россия Федерацияси Ҳукумати Раиси М.Мишустин, Беларусь Республикаси Бош вазири Р.Головченко, Қозоғистон Республикаси Бош вазири О.Бектенов, Қирғиз Республикаси Вазирлар Маҳкамаси раиси А.Жапаров, Арманистон Республикаси Бош вазири Н.Пашинян, видео мурожаат орқали Куба Республикаси Бош вазири М.Круз қатнашди.
Ўзбекистон кузатувчи мақомида Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатлари билан кўп томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлиги билдирилди.
Жорий йилнинг ўн ойи якуни бўйича Ўзбекистоннинг ЕОИИ мамлакатлари билан ташқи савдо айланмаси 12 фоизга ўсди.
Сўнгги йилларда мамлакатларимиз ўртасида инвестиция, транспорт-логистика, туризм соҳаларида ўсиш кузатилди.
Бунда айниқса, “Беларус – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон” халқаро транспорт йўлаги яратилгани муҳим аҳамиятга эга бўлди.
Жорий йил октябрь ойида Ереванда бўлиб ўтган Евроосиё ҳукуматлараро кенгаши йиғилиши якунлари бўйича имзоланган уч йиллик Қўшма ҳаракатлар режасини амалга ошириш бошлангани шунингдек, келгуси баҳорда Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ва ЕОИИ Ишбилармонлар кенгашининг қўшма мажлиси, шунингдек, Ўзбекистон ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссиясининг ўзаро ҳамкорлиги бўйича қўшма ишчи гуруҳининг тўртинчи йиғилишини ташкил этиш бўйича фаол тайёргарлик ишлари олиб борилаётгани маълум қилинди.
Мажлисда Ўзбекистон томони иштирокчиларни Давлатимиз раҳбарининг Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг сўнгги йиғилишида илгари сурган ташаббусларини фаол қўллаб-қувватлашга чақирди.