Ўтган йилда мамлакатимизнинг ялпи ички маҳсулоти илк бор 100 миллиард долларлик тарихий маррани забт этди.
Кейинги қадам сифатида 2030 йилга бориб иқтисодиётимиз ҳажмини 200 миллиард долларга етказиш режа қилинган.
Ўз навбатида, келгуси 5 йилда юртимизда электр энергиясига бўлган эҳтиёж ҳозиргидан 1,5 баробар ошиб, 120 миллиард киловатт соатга етади.
Ўзбекистон Париж битими доирасида 2030 йилгача зарарли газлар эмиссиясини 35 фоизга камайтириш бўйича мажбурият олган. Президент бу мажбуриятни 2050 йилгача янада кенгайтиришга тайёрлигини билдирди.
Қолаверса, 2025 йил Ўзбекистонда «Атроф муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили» деб эълон қилинди.
Давлатимиз раҳбари энергетика соҳасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш бўйича режаларга қисқача тўхталиб ўтди.
2030 йилга қадар яна 19 минг мегаватт «яшил қувват»ларни барпо этиб, қайта тикланувчи энергия улушини 54 фоизга етказиш режалаштирилган. Хусусан, 2025 йилда 3,4 минг мегаваттли 18 та қуёш ва шамол станциялари ҳамда 1,8 минг мегаваттли сақлаш тизимлари ишга туширилади.
Бунинг натижасида келгуси йили «яшил энергия» ишлаб чиқариш ҳажмлари 12 миллиард киловатт соатга етади.
Бу 5 миллион хонадоннинг бир йиллик истеъмолига тенг ва 6,5 миллион тонна зарарли газларни атмосферага чиқаришнинг олди олинади, деганидир.
Келгуси 2 йилда хусусий тадбиркорлар билан бирга 2 мингдан ортиқ кичик ва микро-ГEСлар ташкил қилиш бўйича катта дастур амалга оширилади.