Муқаддас заминда қардошлар дийдори

    Ўзбекистон байроғи эндиликда туркий тилли давлатлар байроғи сафида ҳилпираб турибди.

    Бу йил Ўзбекистоннинг Туркия билан расмий дипломатик алоқалари ўрнатилганига 30 йил тўлди. Аслида бу икки давлатнинг алоқалари минглаб йиллар давомидаги жараёнларга бориб тақалади.

    Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўғоннинг 2018 йил Ўзбекистон Республикасига давлат ташрифида ҳам маданий-гуманитар ва миллатлараро тотувлик энг муҳим йўналиш деб эътироф этилди. Унинг нақадар ҳақлиги бутун ташриф давомида ўзаро меҳрли муносабатларда сезилиб турди. “Туркия ва Ўзбекистон тарихи буюк, урф-одат ва анъаналари муштарак, энг яқин дўстлар сифатида танилган. Халқаро майдонда ҳам, ўзаро алоқаларда ҳам бир-бирини доимо қўллаб-қувватлайди. Бугунги музокаралар ушбу дўстлик ришталарини яна бир пағона юқорига олиб чиқишига ишонаман”, — деди Режеп Таййип Эрдўғон.

    Турк — тарихий шахс исми. Мирзо Улуғбек бобомиз Туркни “машриқнинг биринчи ҳоқони”, деб бундай тавсифлаган эди: “У (Турк) оқил ва боадаб бўлиб, ҳунарманд бўлган. Ўз қавми орасида хуш расм-русмлар, гўзал тартиблар ўрнатган. Таомга туз солиш, шунингдек, чорва ва ваҳший ҳайвонлар терисидан либос тикиб кийиш ҳам Турк даврида пайдо бўлди. Турк 240 йил умр кўрган”, Дарҳақиқат, ўзбек ва турк халқлари кўп асрлик умумий тарих, ягона тил ва дин, муштарак қадриятлар ва ўхшаш урф-одатлар билан бир-бирига чамбарчас боғланган. Соҳибқирон Амир Темурнинг “Биз ким малики Турон Амири Туркистон, миллатларнинг энг улуғи Туркнинг бош бўғинимиз”, деган сўзлари турк ва ўзбеклар тарихи бирлигининг олий ҳужжати бўлиб хизмат қилади.

    Агар бир қавм, гар юз, йўқса мингдир,

    Муайян турк улуси худ менингдир.

    Олибмен тахти фармонимға осон,

    Черик чекмай Хитодин то Хуросон.

    Хуросон демаким, Шерозу Табрез ...

    Жаҳон харитасида ушбу байтларда қамралган ҳудудларни тасаввур этсак, Хитойдан Табризгача яшаган юзлаб халқлар — жами турк улуси Алишер Навоийнинг илҳомидан баҳра олгани маълум бўлади.

    Президент Режеп Эрдўған Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг Туркиядаги офисида фақат Ўзбекистон байроғи етишмаётгани ҳақида айтган эди. Президентимиз ташаббуси билан Ўзбекистон байроғи эндиликда туркий тилли давлатлар байроғи сафида ҳилпираб турибди.

    Мана шундай бир-бирини қўллаб келган халқнинг алоқалари тобора ривожланиб бормоқда. Шу кунларда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Туркия президенти Режеп Таййип Эрдоған расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди. Икки Давлат Раҳбарларининг самимий учрашувлари, мулоқотларида қуйидаги умуминсоний, умумбашарий қолаверса миллатлараро тоувликнинг юксак нишонаси янграмоқда.

    “...Сизлар билан Ўзбекистон заминида яна бир бор кўришиб турганимдан миннатдорман. Сизларнинг тимсолингизда қардош туркия халқига чуқур ҳурматимни изҳор этаман. Ота юртингизга хуш келибсиз!...” шунингдек, икки мамлакат халқларининг фаровонлиги йўлида “... Биз бундан 5 йил муқаддам қардошим билан иш бошлаганимиз-да, ўзаро савдомизни 5 миллиард доллорлик маррага олиб чиқиш бўйича улуғвор режа тузган эдик. Бугун имзоланадиган “Имтиёзли савдо тўғрисидаги битим” бу интилишларимизга катта йўл очади...”, — деди ўзбекона меҳмондўстлик, тотув яшашда ҳар бир халққа ибрат бўлгудек тарихга эга Юрт Раҳбари Шавкат Мирзиёев.

    Туркия Президенти Режеп Эрдўған “... Бугун яна бир бор ўз қардошларимиз, кўнгил дўстларимизнинг даврасидамиз. 4 йилдан сўнг Ота юртизга яна бир бора ташриф буюриш бахтига муяссар бўлдик...” ёки “Мен қимматли қардошим, ҳурматли Президент Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” шиори остида 6 йилдан буён қатъийлик билан амалга ошириб келаётган ислоҳотларини биз жудаям юқори баҳолаймиз”, – деган юксак эътиборлик нутқидаги сўзлари, муносабатлари туб замини бир бўлган халқларнинг ўртасидаги алоқларни янада мустаҳкамлайди.

    Маълумот ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Туркия Республикаси Осиё ва Европа қитъалари кесишган нуқтада жойлашган мамлакат бўлиб, маъмурий ҳудудий тузилишига кўра унитар давлат, бошқарув шаклига кўра эса президент-парламент типидаги аралаш республика ҳисобланади. Конституцияга мувофиқ Туркия Республикаси демократик, дунёвий ва социал-ҳуқуқий давлат бўлса-да, аҳолисининг деярли 95 фоизини ислом динига эътиқод қилувчилар ташкил қилганлиги боис, бу ерда ислом динига нисбатан ҳурмат юқори эканлигини кўришимиз мумкин.

    Туркия ҳудуди расман иль деб юритиладиган 81 та вилоятга ажратилган бўлиб, ҳар бир иль ўз навбатида туманларга ажралади. Ҳозирда бу мамлакатда 923 та туман мавжуд. Туркия анча ривожланган мамлакат бўлиб, ўзининг иқтисодий қудратига кўра, у дунёда кучли 20 талик гуруҳига кирувчи давлатлардан биридир. Бундан атиги ярим аср олдин анча қолоқ аграр давлат ҳисобланган Туркия ҳозирги кунга келиб, тобора индустриаллашиб бораётган давлатга айланди. Тўқимачилик, кўнчилик, озиқ-овқат, кимё, фармацевтика соҳалари, энергетика, металлургия, кемасозлик, автомобилсозлик ва электр маиший товарлар ишлаб чиқариш кенг ривожланган. Айниқса, туризм динамик тарзда ривожланаётган тармоқ ҳисобланади.

    Ўзбек ва турк миллати вакилларининг азалий ментал ўхшашлик томони доим меҳнатсевар, тинчликпарвар, имон-инсофли бўлган ва барча халқларни шу умуминсоний фазилатга чорлаб келган. Буни икки мамлакатда бўлган ҳар бир инсон билади. Яъни Туркияда ҳам, Ўзбекистонда ҳам кўп миллатлиликни “муаммо” эмас, балки ютуқ деб билишади ва ҳар бир миллат ва элат вакилини ўз диний маросимлари, эътиқод қилиши учун барча шароитлар яратиб беришга давлат сиёсати даражасида аҳамият қаратилган. Ўхшаши йўқ, неча минглаб йиллар тарихни ўзида мужассам этган бир сўз билан айтганда Шарқу Ғарбнинг “нодир гавҳари”, “очиқ осмон остидаги музей” бўлган икки: ўзбек ва турк диёри ҳар бир миллат вакилларининг ҳаргал соғинч билан интиладиган керак бўлса, доимий яшаб қолиш орзуларидаги мамлакатлар ҳисобланади деса, муболаға бўлмайди.

    Мамлакатимиз бугунги кунда Туркиянинг Марказий Осиёдаги энг асосий шерикларидан бири ҳисобланади. Ўзбекистоннинг улкан бозори, тобора либераллашиб бораётган иқтисодиёти, қулай инвестициявий муҳити, тарихий шаҳарлари, муқаддас диний қадамжолари Туркияда катта қизиқиш уйғотмоқда. Демак, ҳамкорликни мустаҳкамлашдан ҳар икки томон ҳам манфаатдор бўлиб, бу эса ўзаро муносабатларнинг истиқболи порлоқ эканлигидан далолат беради.

    Азизбек ОМОНОВ,

    Тошкент давлат иқтисодиёт университети

    Беш ташаббус маркази координатори,

    социология фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates