Наслий ангиоэдема: беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш учун шифокорлар малакаси оширилмоқда

    Маълумотларга кўра, дунёда наслий ангиоэдемага чалинган беморларнинг 20-30 фоизи хасталик оқибатида ҳаётдан кўз юмади. Мутахассислар буни касалликка ўз вақтида тўғри ташхис қўйилмаслиги билан ҳам изоҳлайди.

    Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази директори, тиббиёт фанлари доктори, профессор Илмира Разикова наслий ангиоэдема диагностикаси ва даволаш усуллари ҳақида ўз хулосаларини баён этди.

    — Ушбу касаллик аломатлари кузатилган беморлар дарҳол аллерголог-иммунолог шифокорга мурожаат қилишлари лозим, — дейди профессор. — Чунки наслий ангиоэдема ташхисини тасдиқлаш учун биокимёвий маркерлар ҳамда генетик тестларни ўз ичига олган лаборатория текширувлари талаб этилади.

    Хусусан, қон таҳлили орқали C-1 ингибитори миқдори ва фаоллиги, қолаверса, C-4 компонентининг даражаси аниқланади. Шунингдек, қўшимча генетик тестлар ўтказилади.

    Хасталикни даволаш жараёни, албатта, аллерголог-иммунолог шифокор назорати остида амалга оширилиши шарт. Муолажа самарадорлигини баҳолаш ва кузатиш учун уч ойда камида бир марта мутахассис кўригига келиш зарур. Шифокор беморнинг ҳолати ҳамда уй шароитидаги дори-дармонлар терапияси натижаларига кўра, унга стационар даволанишни тавсия этиши мумкин.

    Наслий ангиоэдемани даволаш жараёни уч босқични ўз ичига олади. Дастлабки босқич касаллик хуружини бартараф этишга қаратилса, қолган икки босқич қисқа ва узоқ муддатли профилактикадан иборат бўлади.

    Жумладан, касалликнинг оғир босқичида беморга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатиш талаб этилиши мумкин. Чунки томоқ ва ҳалқумдаги шишлар катталашгач, нафас йўлларини беркитиб қўяди. Бундай чоғда тез ёрдам ходимлари томонидан беморга плазмадан ажратиб олинган натив С-1 ингибитори (сетог), брадикинин рецепторлари антагонистлари (икатибант) берилиши, янги музлатилган плазма қуйилиши зарур.

    Ҳозир давлатимиз раҳбарининг тегишли қарори асосида юртимизда орфан касалликлар реестрини шакллантиш ва хасталиклар балансини яратиш қизғин давом эттирилмоқда. Фикримча, бу жараён наслий ангиоэдемани ҳам тўлиқ қамраб олиши зарур. Қолаверса, беморларга шошилинч тиббий ёрдам кўрсатишда қўлланиладиган юқоридаги препаратларни давлат рўйхатидан ўтказиш кутилган самарани бериши, шубҳасиз.

    Ўз навбатида, бу йўналишда тиббиёт ходимларининг билим ва маҳоратини юксалтириш мақсадида Республика илмий ихтисослаштирилган аллергология маркази қошида 72 соатлик малака ошириш курсларини ташкил этганмиз. Унда хирург, гинеколог, терапевт ва оилавий шифокорлар наслий ангиоэдема хасталигига чалинган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича ўқитилмоқда.

    Чунки мазкур хавфли касаллик аломатлари кузатилган беморлар, аввало, бирламчи тиббиёт муассасаларига мурожаат қилади. Қолаверса, хасталик хуруж қилганида, "Тез ёрдам" ва шошилинч тиббий ёрдам мутахассисларининг кўмаги зарур. Шу маънода, ўқув курсларимиз тиббиёт ходимлари учун фойдали бўлишига ишончим комил.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates