Ўзбек олимлари сил касаллигига қарши самарали препарат яратди

    Фан 19 январ 2022 1558

    Ўзбекистонда ЎзР ФА Биоорганик кимё институтининг бир гуруҳ олимлари, етакчи илмий ходим Ш. А. Шомуротов раҳбарлигида «Биомайрин 600 мг» оригинал препарати яратилди.

    Ушбу препарат полигалактурон кислотаси (пектин) ва силга қарши препаратлар – изониазид, этамбутол ва рифампитсин асосида олинган. Мазкур илмий лойиҳа тижоратлаштиришгача тайёрлаш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 997,4 млн миқдоридаги маблағ билан молиялаштирилган.

    Препарат макромолекуляр табиатга эга бўлиб, табиий полимер полигалактурон кислота макромолекуласига силга қарши изониазид, этамбутол ва рифампитсин кимёвий боғлар воситасида боғланган. Бунинг натижасида ушбу касалликка қарши бошқа препаратларга нисбатан организмга ножўя таъсири бир неча марта камайган ҳамда организмдаги самарали таъсир вақти бир неча марта ортган, яъни пролонгацияланган таъсирга эга. Препарат патоген ҳужайраларига йўналтирилган таъсир қилади ҳамда силнинг турли штаммларига нисбатан юқори фаолликка эга.

    Таъкидлаш лозимки, сил касаллиги бутун дунёда инсонлар соғлиғи учун хавф солувчи касаллик бўлиб, ўлим билан якунланувчи юқумли касалликлар орасида иккинчи ўринда туради. ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 10 млн.га яқин инсон сил касалига чалинади, шундан 1,5 млн.дан ортиғи ўлим билан якунланади. Бу кўрсатгич COVID пандемияси оқибатида янада ортди. Ўзбекистонда эса ҳар йили 25 мингга яқин киши сил касалига чалинади.

    Қайд этиш жоизки, ҳозиргача сил касаллиги қарши янги самарали препаратлар мавжуд эмас эди. Ҳозирда қўлланилаётган препаратларнинг аксарияти ярим аср олдин яратилган ва қатор камчиликлари мавжуд. Жумладан, ушбу препаратларнинг организмга ножўя таъсири юқори бўлиб, даволаш жараёнида қўшимча ёндош касалликларни келиб чиқишига сабаб бўлади. Шунингдек, айни препаратларнинг организмдаги таъсир вақти қисқа (3-6 соат) бўлиб, организмда терапевтик концентрациясини сақлаш мақсадида кунига кўп марта қабул қилиш талаб этади. Бу ўз навбатида турли токсико-аллергик ҳолатларнинг келиб чиқишига сабаб бўлади.

    Юқоридаги маълумотлар ҳозирги кунда сил касаллиги терапиясида узоқ вақт таъсир кўрсатувчи организмга ножўя таъсири кам бўлган препаратлар зарурлигини англатади ва олимларимиз томонидан яратилган дори воситаси аҳоли соғлиғига, миллат саломатлигига ижобий таъсир кўрсатади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates