Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “ШҲТ плюс” форматидаги учрашувдаги нутқи

    Кенг форматдаги “ШҲТ плюс” мажлисини айни вақтида ва бугунги замоннинг талаби билан ўтказилаётган тадбир, деб ҳисоблайман. Ҳозир дунё ишонч, адолат ва ҳамжиҳатлик қайта тикланишига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезмоқда.

    Ҳурматли делегациялар раҳбарлари!

    Қозоғистон Республикаси Президенти ҳурматли Қасим-Жомарт Кемелевич Тоқаевга Остонадаги самимий қабул ва саммитни ажойиб тарзда ташкил этгани учун яна бир бор миннатдорлик изҳор этмоқчиман.

    Қозоғистоннинг Ташкилот доирасидаги кўп қиррали ҳамкорликни янада кенгайтиришни таъминлаган ШҲТдаги самарали раислигини юксак қадрлаймиз.

    Учрашувимизда кузатувчи давлатлар, мулоқот бўйича шерик мамлакатлар раҳбарлари ва фахрий меҳмонларни кўриб турганимдан хурсандман.

    Ҳурматли тадбир иштирокчилари!

    Кенг форматдаги “ШҲТ плюс” мажлисини айни вақтида ва бугунги замоннинг талаби билан ўтказилаётган тадбир, деб ҳисоблайман. Ҳозир дунё ишонч, адолат ва ҳамжиҳатлик қайта тикланишига ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ эҳтиёж сезмоқда.

    Глобал сиёсий ва иқтисодий “парчаланишлар”, урушлар ва можаролар халқаро муносабатлар тизими асоси ва ҳал қилувчи тамойилларининг емирилишига олиб келмоқда. Қарама-қаршилик ва протекционизм жаҳон иқтисодиёти парчаланиши ва етказиб бериш занжирлари узилишига сабаб бўлмоқда. Мамлакатларнинг савдо, молия, сармоя, технология ва инновациялар трансфери соҳаларидаги самарали ҳамкорлигида тўсқинлик қиладиган янги ажратувчи чегаралар вужудга келмоқда.

    Ушбу муаммоларни ҳал қилишнинг ягона йўли – умумий хавфсизлик, тараққиёт ва фаровонлик учун саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришдир.

    ШҲТ ҳар доим халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойиллари ва БМТнинг марказий мувофиқлаштирувчи ролига таянадиган кўп томонламалик асосидаги адолатли дунё тартиботи тарафдори бўлиб келган ва шундай бўлиб қолмоқда. Шу маънода, Ташкилотимиз сохта сиёсий ва мафкуравий қарашлардан холи бўлган кенг кўламли ҳамкорликни ўрнатишга интилаётган кўплаб мамлакатларни ўзига тортадиган марказ бўлиб қолмоқда.

    Шу билан бирга, бугунги кунда юзага келган воқелик Шанхай ҳамкорлик ташкилоти фаолияти самарасини оширишда янги стратегик ёндашувларни талаб этмоқда. Ва бугунги кунда ўзининг 25 йиллиги арафасида турган ШҲТ учун унинг улкан салоҳияти ҳамда жаҳон сиёсати ва иқтисодиётидаги ортиб бораётган ролига мос келадиган янги мақсад ва вазифаларни ишлаб чиқиш вақти келди.

    “Шанхай руҳи” ва Хартиянинг асосий тамойилларига таяниб, Ташкилот ичида бирдамлик ва жипсликни сақлаш лозим. ШҲТ доирасида ишонч ва дўстлик муҳитини мустаҳкамлаш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни фаоллаштиришни, ҳамкорликни янада чуқурлаштириш йўлидаги тўсиқларни бартараф этишни таклиф қиламан.

    Аввало, хавфсизликни таъминлаш масалаларида ШҲТ фаолиятининг концептуал асосларига янги нигоҳ билан қарашимиз зарур.

    Ташкилот таъсис этилган даврдан буён замонавий таҳдидларнинг табиати ва миқёси сезиларли даражада ўзгарди. Экологик ва табиий офатлар, сув ресурслари ва озиқ-овқат тақчиллиги, киберҳужумлар, суверенитет ва иқтисодий барқарорликка путур етказишнинг янги услублари кучайиб бораётган таҳдидлардир.

    ШҲТ салоҳиятини мустаҳкамлаш масалаларини кўриб чиқишда, жумладан, Хавфсизликка хатар ва таҳдидларга қарши кураш бўйича универсал марказни ташкил этишда, буларнинг барчасини инобатга олиш зарур. Бу борада мамлакатларимиз ваколатли органлари раҳбарлари ва экспертлари иштирокида ҳар йили “Хавфсизлик масалалари бўйича ШҲТ плюс мулоқоти”ни ўтказишни таклиф этаман.

    Ўзбекистон ШҲТ маконида ҳамон тарқоқ ҳолда бўлиб келаётган савдо-иқтисодий ҳамкорликни изчил “қайта ишга тушириш”ни таклиф қилади. Биз ҳалига қадар кўп томонлама савдо ва тармоқлараро шерикликнинг мустаҳкам асосларини ярата олмадик. Анча вақтдан буён ШҲТ Жамғармаси ва Тараққиёт банкини ташкил этиш масаласи бўйича консенсусга эришилмади.

    Биз бугун саммитда савдо жараёнларини соддалаштириш ва электрон савдони ривожлантириш, технологик кооперацияни, шу жумладан, келажак саноат тармоқларини рағбатлантириш бўйича комплекс чора-тадбирларни қабул қилишга келишиб олдик.

    Барча шерикларни жалб қилган ҳолда бизнес-мулоқот учун самарали платформани яратиш мақсадида мамлакатларимизда ҳар йили “ШҲТ ЭКСПО” халқаро саноат кўргазмасини ўтказишни таклиф этамиз.

    Шунингдек, Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти, Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши, Евроосиё иқтисодий иттифоқи, АСЕАН ва бошқа ташкилотлар билан иқтисодий муносабатларни фаол илгари суриш ва ўзаро боғлиқ қўшма ташаббусларни рўёбга чиқариш имкониятларини излаш муҳимдир.

    Бугунги янги геосиёсий воқелик шароитида минтақалараро ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун инклюзив ва интеграциялашган транспорт-транзит тизимларини шакллантириш зарурлигига ишонч ҳосил қилмоқдамиз.

    Иқлим ўзгариши ва экологик фожиалар каби глобал муаммолар Ташкилотимиз эътиборидан четда қолиб кетиши мумкин эмас. Мамлакатларимиз табиий офатлар, тупроқ деградацияси, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик пасайиши, ҳавонинг ифлосланиши, сув етишмаслиги каби муаммолар билан тез-тез тўқнаш келмоқда.

    Иқлим муаммолари бўйича ҳамкорлик ШҲТ янги кун тартибининг муҳим қисми бўлиши лозим, деб ҳисоблайман.

    “Яшил” тараққиёт соҳасида умумий мақсад ва вазифаларга эришиш борасида аниқ чора-тадбирлар белгиланган Иқлим ўзгаришига қарши курашишда ҳамкорлик бўйича битим ишлаб чиқиш тарафдоримиз.

    Тошкент шаҳрида ШҲТнинг Иқлим муаммолари бўйича инновацион ечимлар марказини ташкил этишни таклиф қиламиз. Марказ экологик барқарорлик, “яшил” ўсиш соҳаларида тадқиқотлар олиб боради.

    Аҳолининг ҳаёт сифатини яхшилаш ва ижтимоий ҳимоя масалалари Ташкилот кун тартибида марказий ўринни эгаллаши лозим. Келгуси йили Самарқанд шаҳрида Келажак саммити мақсадларига эришишга муносиб ҳисса қўшиш учун БМТ шафеълигида барқарор ижтимоий ҳимоя масалалари бўйича глобал конференция ўтказишни режалаштирганмиз.

    Биз цивилизациялараро мулоқотнинг ноёб моделини илгари суришимиз ва биргаликда мустаҳкамлашимиз зарур. Бой маданий-тарихий ва маънавий мерос, анъана, урф-одатлар ва халқларимизнинг турмуш тарзи – бу ўзаро ишонч кўпригини, яхши қўшничилик ва яқин дўстликни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган қудратли ва ҳаётбахш кучдир.

    Айнан ана шу эзгу ғоя яқинда бизнинг умумий ташаббусимиз билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан қабул қилинган “Халқаро цивилизациялар ўртасида мулоқот куни” резолюциясида ўз ифодасини топган.

    Бу борада биз илгари сурган, конструктив мулоқот ва кўп томонлама шериклик йўли билан ишонч тақчиллигининг олдини олишга қаратилган умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида ҳамжиҳатлик бўйича Самарқанд ташаббуслари ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб қолмоқда.

    Ушбу ташаббуснинг амалга оширилиши барқарор ривожланиш йўлидаги зиддиятларни енгиб ўтишда цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

    Аминманки, биз биргаликда маданият, таълим, ёшлар ва сайёҳлик алмашувлар соҳасидаги дастурларни амалга ошириш орқали Ташкилотимизни янада бунёдкор тузилмага айлантирамиз.

    Шу мақсадда юқорида кўрсатиб ўтилган йўналишлардаги лойиҳаларни тизимлаштириш ва барча манфаатдор томонларни жалб этган ҳолда биргаликда амалга оширишга хизмат қиладиган ШҲТ гуманитар ташаббус ва дастурлари ягона банкини ишлаб чиқишни таклиф этамиз.

    Ушбу учрашувимиз якунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги кўп қиррали шериклигимиз ривожига кучли туртки беришига ишонаман.

    Эътиборингиз учун раҳмат.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates