Ўзбекистон ташаббуслари ва халқаро ҳамкорлик истиқболлари

    Саммит доирасида 44 та ҳужжат ҳамда тарихий аҳамиятга эга бўлган Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

    Дунёнинг турли нуқталарида юз бераётган уруш ва можаролар, сиёсий-ҳарбий тўқнашувлар, табиий ва экологик офатлар иқлим ўзгариши, сув ҳамда бошқа табиий ресурслар етишмовчилиги, озиқ-овқат хавфсизлиги, турли касалликлар тарқалиши ва оқибатлари, ижтимоий-иқтисодий инқирозлар каби муаммоларни юзага келтирмоқда. Уларнинг ечимини топиш учун жаҳон ҳамжамияти ўзаро мулоқотга киришиши лозим бўлиб қолди. Айнан ШҲТнинг Самарқанд саммити шундай мулоқотни ўзаро ҳурмат, дўстлик ва ишонч асосида яратиб берди, деб айта оламиз.

    ШҲТ саммити учун бежиз Самарқанд танланмаган. Инсоният тамаддуни марказларидан бири бўлган бу шаҳар азалдан давлат пойтахти, савдо ва маданият маркази сифатида машҳур бўлган. Саммитга тайёргарлик жараёнида бу шаҳар янада гўзаллашди.

    2022 йил 12 сентябрда Ўзбекистон Президентининг “Самарқанд саммити олдидан: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Саммит олдидан чоп этилган ушбу мақолада давлатимиз раҳбари ШҲТнинг турли блоклардан холи мақомга эга экани, очиқлик, учинчи мамлакатлар ёки халқаро ташкилотларга қарши қаратилмаганини таъкидлаганди.

    2021-2022 йилларда Ўзбекистон раислигида ШҲТнинг 80 дан ортиқ тадбири ўтказилди. Бу тадбирлар пандемия вақтида ҳам тўхтаб қолмади. Чунки Президентимиз “Ҳар биримиз кучли бўлсаккина ШҲТ кучли бўлади”, деб бежиз таъкидламади. Ўз мақсад ва вазифаларидан чекинмаган Ўзбекистон ШҲТнинг Самарқанд саммитида минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик ташаббусларни илгари сурди.

    Саммит доирасида 44 та ҳужжат ҳамда тарихий аҳамиятга эга бўлган Самарқанд декларацияси қабул қилинди.

    ШҲТнинг Самарқанд саммити Ўзбекистон учун қандай манфаатлар олиб келди?

    Саммитда “Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон” темир йўли қурилиши тўғрисидаги битим имзолангани тарихий воқеа бўлди. Ўз навбатида, Ўзбекистон шу жараёнда янги муҳим лойиҳа — “Термиз — Мозори-Шариф — Кобул — Пешовар” темир йўли қурилишини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, Ўзбекистон Ҳиндистон билан транспорт алоқаларини, жумладан, Эроннинг Чобаҳор портидан фойдаланган ҳолда алоқаларни мустаҳкамлашдан манфаатдор. Чунки темир йўллар қурилиши муҳим бўлиб, камбағалликни қисқартириш, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳал қилинишида ёрдам беради. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги экинларини етиштириш ва қайта ишлаш дастурларига, тўғридан-тўғри ўзаро таъминотнинг мувофиқлаштирилган схемаларини шакллантиришга, юқори сифатли ва арзон озиқ-овқат маҳсулотлари етказиб бериш учун самарали логистика, “яшил” ва экспресс йўлакларни ташкил этишга жиддий эътибор қаратиш лозимлиги таъкидланди. Бу масалаларни тизимли асосда йўналтириш учун озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича халқаро конференция ўтказиш таклиф қилинди. Иқтисодиёт, савдо ва инвестиция соҳаларидаги ҳамкорликнинг амалий таъсирчанлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Шу мақсадда ШҲТнинг янги иқтисодий мулоқотини йўлга қўйиш, Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш, аъзо мамлакатларнинг махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш, ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказиш ва унинг негизида ягона электрон платформа яратиш таклифлари илгари сурилди.

    Давлатимиз раҳбари экологик таҳдид ва хатарлар ортиб бораётганини таъкидлаб, ШҲТнинг Иқлим кенгашини тузишни таклиф этди. Ушбу механизм “яшил” тараққиёт, чўлланиш ва тупроқ таназзулига қарши курашиш, экологик лойиҳалар, жумладан, Оролбўйи учун инновацион ечимлар ва молиявий маблағлар жалб қилишга кўмаклашади.

    Хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди. Ўзбекистон Президенти бу борадаги устувор вазифалар қаторида мамлакатларимиз ҳуқуқ-тартибот идоралари ва махсус хизматлари фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш, хавфсизликка таҳдид ва хатарларнинг олдини олиш ҳамда уларга тезкорликда жавоб қайтариш бўйича ШҲТ МАТТ фаолияти самарадорлигини ошириш зарурлигини қайд этди.

    Шу билан бирга, ёшларнинг экстремистик ташкилотларга жалб этилишига йўл қўймаслик, турли носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиш таклиф этилди. Дунёда радикализмнинг ўсиши хавфли тенденцияга айланаётган ҳозирги шароитда бу айниқса муҳимдир.

    Қадимдан дўстлик ришталари билан боғланган Ўзбекистон — Хитой ўртасидаги муносабатлар ушбу саммит доирасида ҳам давом этди. Хитой Раиси Си Цзиньпинга олий мукофот — олий даражали “Дўстлик” ордени топширилгани икки давлат ўртасидаги муносабатлар юқори чўққига чиқаётганидан далолат беради.

    Мулоқот доирасида Хитой раҳбари Алишер Навоийнинг “Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш” ғазалидан иқтибос келтириб, ўзбек халқига чуқур ҳурмат билдирди. Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти Хитой тараққиётига катта ҳисса қўшган, ҳозир қабри Хитойнинг Юньнань провинциясида жойлашган бухоролик Саййид Ажжал ҳақида тўхталиб ўтди. Икки давлат ўртасида савдо, транспорт, қурилиши, экология, маданий соҳаларга оид 15 та ҳужжат имзоланди.

    Ўзбекистон — Ҳиндистон ўртасида IT, соғлиқни сақлаш, фармацевтика, транспорт, қишлоқ хўжалиги, туризм соҳаларида ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилган. Саммит доирасида икки давлат раҳбарлари ўзаро савдо ҳажмини 1 миллиард долларга етказишга келишиб олди. Марказий Осиё — Ҳиндистон онлайн саммити, Афғонистон масаласида ўзаро ҳамкорликни давом эттириш борасида ҳам режалар белгилаб олинди.

    Илк марта Ўзбекистонга келган Эрон Ислом Республикаси Президенти Иброҳим Раисий билан икки давлат ўртасидаги савдо ва маданий соҳаларда ўзаро ҳамкорликни кучайтириш борасида келишувларга эришилди.

    Шунингдек, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Туркия, Озарбайжон, Беларусь ва бошқа давлатлар билан ўзаро ҳамкорлик масалалари бўйича мулоқот ўтказилди.

    Амир Темур бобомиз “Темур тузуклари”да: “Тажрибамдан билдимки, содиқ ва ҳақиқий дўст улким, дўстидан ранжимайди, дўстининг душманини ўз ёви деб билади. Агар керак бўлса, дўсти учун жонини ҳам аямайди”, дея таъкидлаган. Ушбу ҳикмат кўҳна Самарқандда меҳмон бўлган давлат раҳбарларига олти аср аввал Соҳибқирон томонидан айтилган маслаҳат, ўгитдек гўё. Бинобарин, Шанхай ҳамкорлик ташкилотининг кўп қиррали тарихий саммитига Самарқанд мезбонлик қилганида ҳам ўзига хос рамзий маъно бор. Дунёнинг турли нуқталаридан ташриф буюрган халқаро кузатувчи ва экспертлар, журналистлар ҳам таъкидлаганидек, бу “Самарқанд руҳи” тушунчасининг ўзаги бўлиб хизмат қилади. “Шанхай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб турувчи “Самарқанд руҳи”да ҳамкорлик, ўзаро англашув ва дўстлик ифодаси шиори илгари сурилди.

    Баҳром АБДУҲАЛИМОВ,

    Ўзбекистон Фанлар академияси вице-президенти,

    тарих фанлари доктори, профессор

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates