Ўзбекистон ва Миср ўртасида қишлоқ хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик кенгайтирилади

    Агросектор 20 феврал 2023 975

    Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов ва Миср Араб Республикаси қишлоқ хўжалиги ва мелиорация вазири Ал-Саид Ал-Қосайр ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

    Бугун Ўзбекистон билан Миср ўртасидаги муносабатлар мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасидаги дўстона ва илиқ муносабатлар туфайли сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариляпти. Бу қишлоқ хўжалиги соҳасидаги икки томонлама алоқалар сифатига ҳам ижобий таъсир кўрсатади.

    Миср ҳам Ўзбекистон сингари ўзининг пахтаси, айниқса, жаҳон бозорида жуда машҳур ва харидоргир бўлган ингичка толали навлари билан машҳур.

    Жорий йилда Ўзбекистонда 18 минг гектар майдонга ана шундай ингичка толали пахта экиш мўлжалланган. Ривожланаётган тенденцияларни инобатга олган ҳолда, Сурхондарё вилоятида ингичка толали пахта етиштириш илмий-тадқиқот институти ташкил этилди. Оқ олтиннинг бу навларини етиштириш учун энг мақбул ҳудудлар Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро ва Навоий вилоятларидир.

    Ўтган йил 30 ноябрда Миср пахтачилик, уруғчилик ва етиштириш агротехнологиялари илмий-тадқиқот институти билан ингичка толали пахтачилик маҳаллий илмий-тадқиқот институти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. Бугунги кунда мазкур илмий марказлар ўртасида генофонд алмашинуви, органик пахта толасини етиштириш ва сувни тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича амалий тадқиқотлар олиб бориш, ўзбек навларини Мисрда синовдан ўтказиш, икки давлатнинг уруғчиликка бўлган стандартлар ва талабларини мувофиқлаштириш устувор вазифа ҳисобланади. Шунингдек, ғўзанинг тезпишар, серҳосил, касаллик ва зараркунандаларга чидамли навларини яратиш ҳамда Ўзбекистон ва Миср патентларини ўзаро тан олишни ташкил этиш бўйича селекция ишлари қишлоқ хўжалиги соҳасидаги алоқаларни мустаҳкамлашнинг муҳим қадамларидан биридир.

    Музокаралар давомида ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш учун фитосанитария ва ўсимликлар карантини бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш жуда муҳим экани таъкидланди. Бу қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини олиб кириш, экспорт қилиш ва реэкспорт қилиш учун фитосанитария рухсатномаларини кўриб чиқиш ва бериш жараёнини тезлаштиради. Шунингдек, ингичка толали пахтачиликни ривожлантириш, илмий йўналишдаги алоқаларни кенгайтириш масалалари ҳам муҳокама қилинди. Ўзбекистонда ҳам, Мисрда ҳам катта салоҳиятга эга олий таълим муассасалари мавжуд бўлиб, бу салоҳиятдан тўлиқ фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

    Чорвачилик ва ветеринария соҳасида яқин ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида кўплаб истиқболли йўналишлар мавжуд. Ўзбекистонда Миср технологиясидан фойдаланган ҳолда ветеринария препаратлари ва озуқа қўшимчаларини ишлаб чиқаришни ташкил этиш таклифи билдирилди.

    Эслатиб ўтамиз, Миср интенсив балиқ етиштириш бўйича катта тажрибага эга, бу ҳам алоҳида эътиборга лойиқдир. Мамлакатларимиз бир-биридан узоқда жойлашганига қарамай, Ўзбекистон ва Мисрнинг кесишиш нуқталари кўп. Қишлоқ хўжалиги ҳам бундан мустасно эмас. Бугунги кунда соҳа раҳбарияти олдида ўзаро товар айирбошлаш ҳажми ва номенклатурасини ошириш, илмий алмашинувни кенгайтириш, ҳамкорликнинг янги йўналишларини ривожлантириш вазифаси турибди, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates