Одамийлик ҳикояси
Бухоро вилояти Шофиркон тумани Тезгузар қишлоғида Зайниш бувининг хонадони доим меҳмонлар билан гавжум. Уруш даврининг талафотлари боис, ўз юртидан, ота-онаси ва жигарларидан айрилиб, Ўзбекистоннинг оддийгина қишлоқ хонадонида мурғак қалби меҳр-муҳаббат ардоғида вояга етган поляк қизнинг тақдири, бошидан ўтказганлари кўпчиликни бефарқ қолдирмайди.
Онахон билан суҳбатлашсангиз, шу муқаддас диёрда яшаётганингиз, ўзбеклигингиздан фахрланиб кетасиз, шукроналар келтирасиз. Зайниш бувининг ўзбекларнинг яхшиликка тўла ҳароратли қалби ҳақидаги сўзлари тарих саҳифаларига ёзиб қолдиргулик одамийлик ҳикояси эканлигига амин бўласиз.
Тезгузарда Зайниш бувининг уйи қайси, деб сўрасангиз, тақдир тақозоси билан юртимизга келиб қолиб, тили, дини, миллий урф-одат ва анъаналари болажон ўзбек аёлларидан умуман фарқ қилмайдиган самимий, меҳрибон, зиёли онахон истиқомат қилаётган файзли хонадонни қишлоқ аҳли мамнуният билан сизга кўрсатади.
Жанна Пузевич — Зайниш Жўраева
Бухоро вилояти архивлари ва Тошкент шаҳридаги Марказий давлат архивларидан Бухоро давлат университети тарихи, унинг илк қалдирғоч талабалари ҳақида топган маълумотларимиз бизни Тезгузар қишлоғига бошлаб борди. Бухоро давлат педагогика институти тарихига доир суратларни топдик. Сурат остида “БДПИ аълочи битирувчилари: Зайниш Жўраева ва Саодат Ҳалимова, 1956 йил” деган ёзув бор эди. Бу суратни ўзимиз чоп эттирган “Суратларда БухДУ тарихи” номли китобимизга ҳам киритдик.
2017 йил ноябрь ойида Вазирлар Маҳкамасининг юртимиздаги барча вилоятларда университетлар ҳузурида Қатағон қурбонлари хотираси музейи ташкил этилиши кўзда тутилган қарори эълон қилинди.
Бухоро давлат университети тузилмасидаги “Қатағон қурбонлари хотираси музейи”ни ташкил этиш вазифаси менга топширилди. Бу масъулиятли ишни вилоятлар кесимида биринчи бўлиб бажарганим, яъни 2018 йил 18 майда мазкур музейнинг очишга муяссар бўлганим кўнглимни ғурур-ифтихорга тўлдиради. Хизмат вазифам доирасида ўз юртидан депортация қилинган турли миллатлар ҳақида маълумот йиғар эканман, эвакуация қилинганлар рўйхатида поляк миллатига мансуб Жанна Пузевич (Зайниш Жўраева) номига яна дуч келдим. Ўша вақтга қадар ҳали бу инсоннинг тақдирида нималар кечгани ҳақида маълумотга эга эмас эдим.
Полякча исмга оҳангдор ўзбекча исм
Изланишларимиз жараёнида профессор Ш.Пиримқуловнинг “Сургун қилинган поляк фуқаролари Ўзбекистонда” номли монографиясидаги қуйидаги маълумотлар диққатимизни тортди: “1942-1946 йилларда бир қанча поляк болалари Бухоро вилоятидаги маҳаллий аҳоли оилаларига тарбиялаш учун берилди, улар борган жойларида ғамхўрлик ва эътибор кўрди. Улар орасида Данута Шуберт, Жанна Пузевич, Юзеф Маркевич, Сабина ҳамда Владислав Кисель ва бошқалар бор эди. Кейинчалик улардан бир қисмининг ҳаёт йўллари умрбод ўзбек замини билан боғланиб қолди. Масалан, Жанна Пузевич Бухоро вилояти Шофиркон туманининг Тезгузар қишлоғида яшовчи Шароф ота ва Муаззам она Жўраевлар оиласи томонидан фарзандликка олиниб, янгича исми ва ота-онасининг фамилияси билан рўйхатга олинган. Жаннани ўз полякча исмига оҳангдор бўлган янги исм билан Зайниш деб аташди. Шу тариқа поляк қизи Жанна Пузевич — ўзбек қизи Зайниш Шарофовна Жўраевага айланди. Урушдан кейин у ўзбек мактабини тугатиб, институтга ўқишга кирди ва уни битиргач, Тезгузар қишлоғидаги мактабга директор бўлди. Зайниш опа шу мактабда ўқитувчи бўлиб ишлаган Ҳасан исмли ўзбек йигитига турмушга чиқди, бу бахтли никоҳдан етти фарзанд туғилди”.
Тарихий фактларга мурожаат
1941-1945 йиларда Бухоро вилоятига олиб келинган поляк фуқароларига уй-жой берилган, иш билан таъминланган ва ҳар томонлама ижтимоий ҳимояга олинган. Маълумотларга кўра, эвакуация қилинган поляклар сони Бухоро шаҳрида 3183 киши, жумладан, Карманада (ҳозирги Навоий) 72, Когонда 284, Шофиркон ва Ромитан туманларида 40-70, Жондор туманида эса 14 киши бўлган.
Қоракўл ва Пешку туманларида ҳам полякларнинг яшагани, ҳатто уларнинг қабристони ҳам бўлганини маҳаллий аҳоли орасидан ёши улуғлар тасдиқлайди. Манбалар 1945 йилда Ўзбекистоннинг 7 вилоятида 16 ёшгача бўлган поляк болалари сони 5389 кишига етганини кўрсатади. Шундан 1063 нафари Бухоро вилоятига тўғри келади. Маҳаллий ҳокимият ташкилотлари ёрдами билан Польша элчихонаси вакиллари томонидан жойларда бирмунча ишлар амалга оширилади: 1942 йилда Бухорода ҳам поляк мактаблари очилади. Унда 210 нафар ўқувчи таълим олган ва 36 нафар поляк ўқитувчиси дарс берган.
2018 йилнинг октябрь ойида мен Польшада хизмат сафарида бўлдим. Мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги Шарқ масалалари бўлими ходимлари билан учрашувда ҳам ўзбек халқининг II Жаҳон уруши йилларида поляк халқига кўрсатган беминнат хизматлари ҳақида гапириб бердим. Жумладан, уруш йилларида Бухоро вилоятида поляк болалар уйлари ташкил этилгани ҳам уларни жуда қизиқтирди.
Архив маълумотларига назар
Архив маълумотларига кўра, Бухоро шаҳридаги 5-болалар уйида 90 нафар, 23-болалар уйида 53, Ромитан туманида 40, Вобкентда 58, Ғиждувонда 44 нафар поляк болалари бошпана топган. Ўша вақтда Бухоро вилоятига қарашли бўлган Кармана шаҳридаги 16-болалар уйини ташкил этиш учун бир вақтлар Бухоро амири Саид Абдулаҳадхон қурдирган муҳташам бинолардан бири ажратилди. Дастлаб бу ерда 40, 1943 йилдан бошлаб 135 нафар поляк болалари барча қулайликларга эга бўлиб яшаган.
Табиийки, Польша элчихонаси вакиллари поляк қизи Зайниш Жўраеванинг тақдири билан ҳам қаттиқ қизиқди.
2023 йилда Польша ҳукуматининг янги бир хайрли лойиҳаси доирасида ишлар бошлангани муносабати билан яна Зайниш Жўраевани ёдга олдим ва излашга тушдим. Шофиркон тумани ҳокимлиги мутасаддиларига қаҳрамонимиз ҳақида сўз очсам, улар у кишини яхши билишини айтиб, ўғли Одил аканинг телефон рақамини берди.
Келишилган кунда Тезгузар қишлоғи сари йўл олдик. Бизни илиқ кутиб олган уй эгалари анча ҳужжат ва суратларни жамлаб қўйган экан. Қимматли маълумотларни ўрганар эканмиз, 92 ёшли Зайниш ая очиқ чеҳра билан қучоқ очиб биз томон келди. Ва ниҳоят, мен Зайниш аяни биринчи марта кўришга муяссар бўлдим.
Хушчақчақ ая барча саволларимизга пухта жавоб бериб, биз билан ҳазиллашиб ҳам қўяр, ёшлик хотираларини қайта кўз олдига келтириб дам ўйчан, дам хурсанд бўлиб кетар, сўзининг орасида “Худога шукр”, деб қўйишни канда қилмас эди.
Зайниш ая кундалигидан
Зайниш ая чиройли ҳуснихат билан тўлдирилган кундалигини менга узатди. Кундалик “Мен, Зайниш Жўраева 1931 йил 19 сентябрда Украинанинг Харьков областига қарашли Изюм шаҳрида туғилганман. 1942 йилга қадар ота-онам тарбиясида бўлиб, Изюм шаҳрида яшаганман”, деб бошланади.
10 яшар қизалоқ Жанна опаси Таисия билан 1941 йил кузида фашистлар бомбардимонидан омон қолиб поездда фронт ортидаги қуёшли Ўзбекистонга жўнатилади. “Уруш бошланиши билан отам кўнгилли бўлиб фронтга жўнаб кетди. Онам 5 болани боқишга кучи етмаганидан мени ва опам Таисияни болалар уйига топширди. Бизларни болалар уйидан фронт ортига жўнатишганда онам ва ака-укаларимнинг тақдири ҳақида ҳеч нарса маълум эмас эди”, деб оғир хўрсиниб қўйди ая.
Поездда неча бор ажалга чап бериб, бир неча ҳафта йўл босиб, оч, юпун кийинган опа-сингиллар Қизилтепа (ҳозирги Навоий вилояти) станциясига етиб келади. У ердан уларни Дўрмон (ҳозирги Шофиркон тумани) болалар уйига келтиришади. Зайниш ая ўша оғир кунларни шундай эслайди: “Поезд узоқ йўл юрди. Вагон тирқишидан самолётларнинг парвози ва товуши юракларга даҳшатли қўрқув соларди. Ёш болаларнинг йиғи-сиғилари ҳам тинимсиз давом этар, бир неча кундан сўнг кўзда ёш ҳам, танда мадор ҳам қолмади. Ва ниҳоят, вагон эшиклари очилиб, барчани тушишга чақиришди. Кутиб олиш учун чиққан ёшу қари инсонлар қўлларидаги мева, нон ва турли ширинликлар билан бизни сийлади. Барча болалар биз тилини ҳам тушунмайдиган, чеҳраси ўта меҳрибон инсонлар томонидан бирин-кетин етаклаб олиб кетилди”.
Болажон халқ
Бизнинг қаҳрамонларимиз ҳам Ўзбекистонга эвакуация қилинган юз минглаб болалардан бири эди. Болажон ўзбек халқи бу гўдакларни миллати, дини ва тилидан қатъи назар, ўз фарзанди каби бағрига олди.
Кундаликни ўқишда давом этамиз: “Мени чорва ширкатининг раиси Жўраев Шароф ота ва рафиқаси Муаззам ая уйига олиб кетди. Опамни эса бошқа кишилар олиб кетган экан”.
Муаззам аянинг ўз фарзанди бўлмагани учун жажжи Зайнишни еру кўкка ишонмасди. Уни тилларанг сочларини майда ўриб, дўппи ва атлас кўйлаклар кийдириб, ўзбек қизига айлантирди. Йиллар ҳам оқар сув каби тез ўтиб кетди.
Зайниш Шофиркондаги мактабни аъло баҳоларга тугатди. Шароф ота интилувчан қизининг Бухоро шаҳридаги институтда ўқиш нияти борлигини билиб, уни қўллаб-қувватлади. Зайниш 1953-1958 йилларда Бухоро давлат педагогика институтининг “Ўзбек тили ва адабиёти” ихтисослигини муваффақиятли тугатди.
Ота қизи олий маълумотли диплом олган куни катта дастурхон ёзиб, қишлоққа ош берди. Шароф ота ва рафиқаси Муаззам аянинг шу қизалоқ туфайли орзу-умидлари ушалди. Улар бу фоний дунёда бежиз яшамаганига шукрона қиларди. Боқиб олган қизини ўзбекона урф-одатлар билан турмушга ҳам берди. Қаҳрамонимиз бирин-кетин етти фарзанднинг севимли онаси, моҳир педагог ва раҳбар бўлиб етишди. Бироқ туғилиб ўсган она юрти, ота-онаси, ака-укалари, опа-сингилларининг тақдири қандай кечгани ҳақидаги ўй-хаёллар уни ҳеч тарк этмасди.
“Уруш бизни дунёнинг турли бурчакларига улоқтирди”
1976 йил Зайниш опа отаси Казимир Пузевичдан хат олади. Хатда онаси Анна Яковлевна ва ака-укалари ҳам ҳаёт экани ёзилган эди.
“Сенга отанг Казимир Казимирович Пузевич мактуб ёзмоқда. Уруш тугагандан сўнг билдимки, сени ўзбек оиласи фарзанд қилиб олган экан. Бироқ сизларнинг қаерда эканлигингизни ҳеч ким айта олмади. Барча умидларим сўнганига қарамасдан, яна бир бор Изюм шаҳри ЗАГСига хат ёздим. Мўъжиза рўй берди! Уларнинг берган жавобига кўра, сен 1951 йилда паспорт олиш мақсадида ўзингнинг йўқолган туғилганлик ҳақидаги гувоҳномангдан нусха сўраган экансан. Шу туфайли сени топдим... Мен сенинг отанг, менинг олдимда сенинг онанг — Анна Яковлевна. Қизалоғим, уруш бизларни дунёнинг турли бурчакларига тўзғитиб ташлади. Умид қиламанки, яқинда ҳаммамиз она шаҳримиз — Изюмда бирга жам бўламиз. Сен ҳақдаги хабар юракларимизни парча-парча қилиб юборди...”
Хатда опаси Таисиянинг қаердалиги ҳам сўралган эди. Шунда Зайниш опа поездда қаттиқ қўл ушлашиб Дўрмонгача бирга келган опасини излашга киришди. Тиниб-тинчимас Шароф ота қишлоқ радиоси орқали эълонлар ўқиттирди. Зайниш опа ўз суратини жойлаган, опасини излаётгани ҳақидаги хабарлар маҳаллий газета орқали тарқалди. Кутилмаганда редакцияга жавоб хати келади! Маълум бўлишича, 35 йил давомида Зайниш опаси Таисия билан бир-биридан бор-йўғи 10 чақирим узоқликда яшаган... Уларнинг 35 йилдан сўнг учрашиши катта шов-шув, байрамга айланиб кетган экан.
Узоқ айрилиқдан сўнг 1976 йилда жасоратли Зайниш опамиз ота-онасини кўриш учун Украинага йўл олади. Изюм шаҳри аэропортида қариндошлари билан яна дийдор кўришиш насиб этади. Зайниш опа ота-онасидан ўзининг поляк миллатига мансуб эканлигини билиб олади. Отаси Казимир Пузевичларнинг бир неча авлоди Польшадан Харьков областига кўчиб келиб яшаётган поляклардан эканини сўзлаб беради.
Ўзбек халқига чексиз миннатдорлик
Кейинчалик Зайниш опанинг отаси Казимир Пузевич ҳам Шофирконнинг Тезгузар қишлоғига меҳмон бўлиб келади. Икки қизини фарзанд ўрнида кўриб, бағрига босиб катта қилган ўзбек халқига чексиз миннатдорчилигини изҳор қилиб қайтади. Айтишларича, юрагининг бир парчаси бўлган ҳар иккала қизининг бахтидан чексиз хурсанд бўлган ота узоқ яшамади.
Иккинчи қаҳрамонимиз Таисия Казимировна Пузевич 1929 йил 25 майда Харьков областининг Изюм шаҳрида туғилган. 1941 йилнинг кузида Таисияни яна бошқа бир савобталаб ўзбек оиласи фарзандликка олади. Хуллас, опа-сингиллар бошқа-бошқа оилалар фарзанди бўлиб вояга етади. Таисия Пузевич Кўли Одина қишлоғидаги ўрта мактабни битиргач, колхозга ишга киради ва 1959 йилда Музаффар Олимовга турмушга чиқади.
Эр-хотин тўрт ўғил ва бир қизни вояга етказади. Элнинг ҳурматини қозонган Таисия опа 2014 йилда 85 ёшда вафот этган экан. Онахон бугун орамизда бўлмаса-да, у кишининг фарзандлари, невара-эваралари бутун бир қишлоқ бўйлаб тарқалган. Таисия ватан тутган Вобкент туманига қарашли Кўли Одина қишлоғи сари йўл олдик.
— Раҳматли онамнинг сўзларига қараганда, — деб гап бошлади опанинг ўғли Карим ака, — очликдан шишиб кетган, силласи қуриган эшелон-эшелон уруш болалари ўзбек хонадонларида қучоқ очиб кутиб олинган экан. Яқинларидан айрилган, уруш даҳшатларидан қўрқиб қолган ёш болаларни, жумладан, менинг онам, 12 яшар Таисияни Акрам бобо ва Очил буви фарзандликка олган. Бу оила узоқ йиллар давомида тирноққа зор бўлиб яшаб келган. Ёш Таисияга бўлган меҳр кучи бўлса керак, Очил буви ва Акрам бобо кейинчалик бир этак фарзанд кўрган. Раҳматли онамиз Таисия Казимировна 35 йиллик айрилиқдан сўнг синглиси Жанна — Зайниш Жўраева билан топишган.
Сўнгги сўз
Ҳар иккала хонадонда бўлганимизда аҳил оила аъзоларини, шукроналик ҳисси билан яшаётган, чеҳраси ёруғ инсонларни кўрдик. Иккала опа-сингилнинг ўзбек халқига нисбатан чексиз миннатдорлиги, шукроналик ҳисси уларнинг фарзандларига ҳам ўтган. Айниқса, бугунги кунда уруш даҳшатларининг тирик гувоҳи бўлмиш 92 ёшли Зайниш момонинг ҳаёт йўли, иродаси минглаб ёшларимиз учун ибрат тимсоли бўлиб келмоқда.
Азалшоҳ ҲАМРОЕВ,
БухДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи директори