Қарши туманида босқинчилик жинояти содир этган жиноий гуруҳ аъзолари қўлга олинди. Туманнинг Алишер Навоий маҳалласидаги хонадонларнинг бирига тонгги 4:00 да уч нафар ниқоб кийган номаълум шахслар девор орқали кириб, уй эгаси, турмуш ўртоғи ва ўғлига тан жароҳати етказган.
Жиноий гуруҳ улардан пул талаб қилган ва уйдаги тилла-тақинчоқларни олиб чиқиб кетган.
«Эшик очилганини сездим ва эшикка қараб юриб бордим. Эшикка етмасимдан ниқобли бир киши келиб ортимдан тутди ва оғзимни беркитиб, ётган жойимга қайтариб олиб келди», — дейди жабрланувчи аёл.
«Асосан улар пул сўрашди. Ниманг бўлса, жойини кўрсат, деб азоб беришди,» — дейди жабрланувчи эркак.
Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 164-моддаси (босқинчилик) билан жиноят иши қўзғатилди. Олиб борилган тезкор ҳаракатлар натижасида гумонланувчилар давлат рақамисиз Nexia-2 машинасида ҳодиса жойида ҳаракатлангани маълум бўлган.
Гумонланувчилардан бири қўлга олинди. Шунингдек, босқинчилик жиноятини содир этишда жабрланувчи тўғрисида маълумот берган шахс ҳам ушланган. Ўрганишлар давомида ушбу гуруҳ 2024 йил 26 ноябрь куни Қарши туманида содир этилган яна бир босқинчилик жиноятига ҳам алоқадор экани маълум бўлди.
Жиноятда иштирок этган, Қарши шаҳрида яшовчи 40 ёшли фуқаро ҳам қўлга олинган.
«Қисқа муддатда босқинчилар қўлга олинди, бунинг учун ИИБ ходимларига раҳмат айтаман,» — дейди жабрланувчи эркак.
Ҳозирда уч нафар гумонланувчи Жиноят процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланиб, тезкор тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.