Собиқ шўролар тузуми даврида амалга оширилган сиёсий қатағонлар миллионлаб инсонлар ҳаётида ўчмас из қолдирди. Юртдошларимиз ўша мудҳиш фожиаларни ҳалигача чуқур изтироб билан ёдга олиб, бегуноҳ қурбон бўлган инсонларнинг хотирасини эъзозлайди.
Баттол қатағон ҳақида ўйлаганда киши кўнглида бундай мислсиз жиноятларга қўл уришдан мақсад нима эди, деган оғриқли савол туғилади. Албатта, ўтган асрнинг ўттизинчи йиллари охирида улкан салтанат ҳудудини қора тумандек қоплаган сиёсий қирғинларга қатор омиллар сабаб бўлган. Аввало, шўро ҳукмдорлари ҳокимият жиловини бой бериб қўйишдан қўрқар, шу боис сиёсий рақиблари ва ҳар қандай мухолиф фикрларга нисбатан ўта тоқатсиз муносабатда бўларди. Зеро, миллионлаб инсонларни доимий қўрқув исканжасида ушлаб турган қаттол ҳокимият аслида қилт этган шабададан ҳам чўчийдиган, ўз соясидан ўзи гумонсирайдиган даражада ожиз ва қўрқоқ эди.
Ўша даврда юритилган маданият ва илм-фанни назорат қилиш сиёсати мамлакатдаги барча мафкуравий ва маданий ҳаракатларнинг коммунистик партия томонидан тўқилган чўпчакларга мос ва мувофиқ бўлишини тақозо этарди. Иттифоқ таркибидаги республикаларда мазкур сунъий қолипга тушишни истамаган, халқининг миллий ўзига хослигини сақлаб қолишга интилган илғор фикрли зиёлилар охир-оқибат қатағонга дучор бўлишди. Улкан давлат ҳудудида яшаётган сон-саноқсиз миллат ва элатларни азалий илдизларидан айириш орқали ягона совет халқини юзага келтиришдек аҳмоқона ғоя ҳам зиёлиларни ўз халқини маънавий таназзулдан сақлаб қолиш учун курашга ундади. Тез орада улар ҳам қаттол репрессия қурбонига айланишди.
Қизил империя барҳам топгач, “ягона совет халқини яратиш” орзуси аслида саробдан ўзга нарса эмаслиги аён бўлди. Ана шундай оғир ва мураккаб шароитда кўплаб фидойи инсонлар ўз қони ва жони эвазига бўлса-да, жабрдийда халқларнинг ўзлигини асраб қолди.
Шўролар қатағонидан нафақат илғор фикрли зиёлилар, балки миллионлаб оддий фуқаролар ҳам жабр кўрди. Маълумотларга кўра, 1937-1953 йиллар оралиғида биргина Ўзбекистонда 100 мингдан зиёд одам ҳибсга олиниб, 13 мингдан кўпроқ миллат ойдинлари отиб ташланган. Бундай мисли кўрилмаган зулм ва зўравонликлар алалоқибат жамиятда шафқатсиз мафкуравий террор, даҳшатли қўрқув муҳитини юзага келтирди. Маънавий-маданий ҳаётни буткул издан чиқарди.
Собиқ иттифоқда амалга оширилган “катта террор” оқибатида жамиятда сохталик, тилёғламалик, иккиюзламачилик, шахсга сиғиниш каби иллатлар чуқур илдиз отди. Тоталитар тузумни асоссиз улуғлаш, мустамлака халқларнинг ўтмишини оёқости қилиш сингари ножоиз ҳолатлар урчиди. Тарих сохталаштирилиб, статистик маълумотлар ва жамиятда юз бераётган ижтимоий жараёнлар бузиб кўрсатилди. Машҳур инглиз адиби Жорж Оруэлл таъбири билан айтганда, жамият “катта оға”га муҳаббат қўйишга, уни қўрқув билан севишга мажбурланди.
Шўролар зулмидан озод бўлган ўлкаларда бугун ўша давр воқелигини холис, адолатли ўрганиш ва асл ҳақиқатни тиклашга катта аҳамият қаратилаётгани бежиз эмас. Зотан, қатағон фожиалари бугун ҳар бир онгли шахс учун жуда катта ибрат ва сабоқ вазифасини ўтайди.
Кейинги чорак аср давомида Ўзбекистонда шўролар даврида юрт озодлиги, тараққиёт ва маърифат ғоялари йўлида жон берган фидойи аждодларимиз билан боғлиқ тарихий алодатни тиклаш, уларнинг ибратли илмий-ижодий фаолиятини тадқиқ қилиш борасида жуда катта ишлар амалга оширилди. Пойтахтимизда “Шаҳидлар хотираси” ёдгорлик мажмуаси барпо этилиб, Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ташкил қилингани бу борада муҳим қадам бўлди. 2001 йилдан буён юртимизда ҳар йили 31 август санаси “Қатағон қурбонларини ёд этиш куни” сифатида кенг нишонланмоқда. Заҳматкаш олимларимиз шу чоққача ёпиқ ҳисобланган кўплаб архив ва манбаларда изланишлар олиб бориб, мингдаб тарихий шахсларнинг аянчли қисматига ойдинлик киритмоқда.
2017 йилнинг 31 августида Президент Шавкат Мирзиёев Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейига ташрифи чоғида Ўзбекистонда қатағон қурбонларининг шарафли ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш ва оммалаштириш бўйича кенг кўламли вазифаларни белгилаб берди. Шунга асосан ушбу музей ҳукумат тасарруфига ўтказилиб, фаолияти янада такомиллиштирилди ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларида унинг филиаллари ташкил қилинди. Айниқса, филиаллар тегишли олий ўқув юртлари тузилмасида очилгани ҳар жиҳатдан ўринли бўлди. Чунки уларда ўқиётган минглаб талабалар деярли ҳар куни ана шу масканлар фаолияти билан танишиб, ўзлари учун жуда катта тарбиявий хулосалар чиқариши шубҳасиз. Эътиборли жиҳати, ҳозир бу музейлар нафақат талабалар, балки мактаб ўқувчилари ва жойларда истиқомат қилаётган юртдошларимизнинг ҳам севимли масканига айланган.
Кейинги вақтларда мамлакатимизда қатағон қурбонларининг хотираси абадийлаштирилиб, шаҳар ва туманларда уларнинг муаззам ҳайкаллари ўрнатилмоқда. Айни пайтда Бухоро шаҳрида жадидлар мероси давлат музейи ташкил қилиняпти. Қисқа фурсатда мамлакатимиз ҳудудлари кесимида 14 та “Қатағон қурбонлари” хотира китоблари тайёрланиб, чоп этилгани ҳам юртимиз ҳаётида муҳим воқеа бўлди.
Сир эмас, ўтган асрнинг ўрталарида собиқ иттифоқда қатағон даври ниҳоясига етиб, мамлакат сиёсий ҳаётида “илиқ шабадалар” эса бошлагач, ноҳақ жазоланган шахслар ҳам бирин-кетин оқлана бошлади. Афсуски, уларнинг аксарияти аллақачон отиб ташланган ёки олис ўлкалардаги қамоқхона ва маҳбуслар лагерларда мислсиз азоб-уқубатларга дош беролмай нобуд бўлган эди. Одамлар жиллақурса ўз яқинларининг номи оқланганидан таскин топиб, шу билан қаноатланишга мажбур бўлди. Лекин шу иш ҳам охирига етказилмай, минглаб бегуноҳ инсонларга ўқилган сохта ҳукмлар бекор қилинмай қолиб кетди.
Сўнгги пайтларда Ўзбекистонда бу борада тарихий адолатни қарор топтириш бўйича ҳам мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилмоқда. Биргина кейинги тўрт йилда республика Олий суди томонидан 1200 нафардан зиёд сиёсий қатағон қyрбонларининг иши қайта кўриб чиқилиб, уларнинг пок номлари, шаъни ва шарафи оқлангани бунинг исботидир. Муҳими, мазкур жараёнлар мамлакатимиз жамоатчилиги томонидан катта қизиқиш ва эътибор билан кузатиб борилди ҳамда суднинг адолатли қарорлари хурсандчилик билан кутиб олинди.
Президентимизнинг шу йил 19 июлда қабул қилинган “Сиёсий қатағон қурбони бўлган юртдошларимиз ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, тарғиб этиш ҳамда уларнинг хотирасини абадийлаштириш борасидаги ишларни кенгайтириш тўғрисида”ги қарорида бу йўналишда янги, салмоқли вазифалар белгиланди. Бундан буён қатағон қурбони бўлган шахсларни номма-ном аниқлаб, уларнинг ҳаёти ва фаолиятини атрофлича ёритиш мақсадида турли архивлар, музейлар, кутубхоналар ва фондларда сақланаётган ҳужжатларни тизимли равишда тадқиқ қилиш йўлга қўйилади. Уларнинг авлодлари ва яқинлари, ўша машъум воқеаларга шахсан гувоҳ бўлган инсонларнинг хотиралари ёзиб олинади.
Қатағон қурбонларининг ҳаёти ва меросини чуқурроқ ўрганиш мақсадида хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва халқаро илмий экспедициялар ташкил этиш ҳам амалда яхши натижалар бериши шубҳасиз. Шу асосда тегишли музейлар қатағон қурбонлари ва жадидлар фаолиятига оид ашёвий далиллар ҳамда экспонатлар билан мунтазам бойитиб борилади.
Асосийси, ҳурлик, адолат йўлида жон фидо қилган аждодларимизни ёшларга яқиндан танитиш, уларни бундай улуғ инсонлар хотирасига юксак ҳурмат ва эҳтиром руҳида тарбиялаш мақсадида тизимли маънавий-маърифий ишлар амалга оширилади. Бундай маълумотларни ёшларга замонавий шаклларда тақдим этиш чоралари кўрилади.
Шу ўринда давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жорий йилдан эътиборан Ўзбекистонда октябрь ойининг биринчи ҳафтаси Сиёсий қатағон қурбонларини ёд этиш ҳафталиги этиб белгилангани жуда катта аҳамиятга эга тарихий воқеа бўлди. Айни кунларда мамлакатимиздаги жуда кўплаб таълим муассасалари, маҳалла ва ташкилотларда ўтказилаётган маънавий-маърифий ва хотира тадбирлари халқимизни, ёшларимизни ана шундай фидойи аждодларимизнинг шарафли ҳаёт йўли, уларнинг ҳурлик ва адолат ҳақидаги орзу-армонлари билан янада яқинроқ таништиришга хизмат қилиши шубҳасиз.
Бир сўз билан айтганда, юртимизда сиёсий қатағон қурбонлари хотирасини эъзозлаш йўлида олиб борилаётган ишлар барчамизни яқин ўтмишда юз берган мудҳиш воқеа-ҳодисалар сабабларини чуқурроқ англаш ҳамда бугунги тинч ва осойишта ҳаётимизни кўз қорачиғидек асраб-авайлашга ундаши билан аҳамиятлидир.
Авазбек ШЕРМАТОВ,
Республика Маънавият ва маърифат маркази
ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар
институти кичик илмий ходими
Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 203-сонида (2024 йил 8 октябрь) чоп этилган.