Сейсмик муаммоларга муносиб ечим

    “Янги Ўзбекистон” газетасининг шу йил 2 июнь сонида Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академияси ҳузуридаги Фуқаро муҳофазаси институти бошлиғи ўринбосари, техника фанлари бўйича фалсафа доктори Бобомурод Қурбоновнинг “Сейсмик муаммоларга муносиб ечим” номли мақоласи эълон қилинди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Табиий офатлар орасида кучли зилзила аянчли оқибати, жиддий талафоти билан ажралиб туради. Табиатнинг ушбу ҳодисаси бир неча сония ичида юзлаб, минглаб инсонларнинг қурбон бўлишига ва жуда катта миқдорда иқтисодий зарар етишига сабаб бўлиши мумкин.

    Геологик жойлашувига кўра, Ўзбекистон Ўртаер денгизи — Осиё сейсмик камарида жойлашган. Шу боис, юртимиз ҳамда унга чегарадош ҳудудларда тез-тез кучли ва сезиларли зилзилалар содир бўлиб туриши табиий ҳол. Айниқса, мамлакатимизнинг марказий, шарқий ва жануби-шарқий қисми сейсмик фаол ҳудуд ҳисобланади. Айнан ушбу жойларда аҳоли зич истиқомат қилиши ҳамда кўплаб муҳим иқтисодий объектлар жойлашгани сейсмик хавфсизликни таъминлаш нақадар долзарб аҳамиятга эга эканидан далолат беради.

    Соҳани такомиллаштиришга доир бир қатор ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганига қарамасдан, мамлакатимизда сейсмик хавфсизликни таъминлаш борасидаги муаммолар тўлиқ ҳал этилмаган эди. Жумладан, сейсмик кузатувлар тармоғи халқаро мониторинг тармоқларига интеграция қилинмаган, мавжуд станциялар юртимиз ҳудудини тўлиқ мониторинг қилиш имконини бермас эди. Шунингдек, жисмоний имконияти чекланган шахсларни зилзила пайтида ҳаракатланишга ўргатиш йўлга қўйилмаган, аҳолининг барча қатламини эҳтимолий зилзилага тайёрлаш соҳаси рақамлаштирилмаган ва АКТга тўлиқ интеграция қилинмаган эди.

    Президентимизнинг яқинда эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони соҳадаги шу каби муаммоларга муносиб ечим бўлди.

    Мамлакатимиздаги сейсмик фаол ҳудудда яшаётган ҳар бир фуқаро зилзила хавфини эсдан чиқармаслиги керак. Бироқ шу кунга қадар аҳолининг барча қатлами, жумладан, давлат органлари раҳбарлар таркиби ва масъул ходимларини зилзилага тайёрлаш бўйича алоҳида қайта тайёрлаш ва малака ошириш курслари ташкил этилмаган.

    Энди 2023 йил 1 январдан бошлаб сейсмик хавфсизликни таъминлаш бўйича давлат органлари раҳбар кадрлари ва ходимларини зилзилага тайёрлашга мўлжалланган миллий электрон таълим платформаси яратилиб, онлайн шаклда малака ошириш ва қайта тайёрлаш курслари ташкил этилади. Мазкур курслар уч йилда бир маротаба миллий электрон платформасига киритилган замонавий дастурлар асосида амалга оширилади.

    Бугун ҳеч бир соҳани ахборот технологияларисиз тасаввур қила олмаймиз. Жумладан, аҳолининг барча қатламини зилзилага тайёрлашда қоғоз шаклидаги буклет ва эслатмалардан, назарий маърузалардан фойдаланиб келинаётганди.

    Бу йил 1 августга қадар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги билан биргаликда аҳолининг барча қатламини зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан сўнг тўғри ҳаракат қилишга мустақил ўргатиш учун мўлжалланган мобиль илова ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилади.

    Яна бир янгилик: келгуси йили 1 июнга қадар Ўзбекистон Республикаси аҳолисини зилзилага тайёрлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлашни назарда тутувчи ҳукумат қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилади.

    Жорий йил 1 июлга қадар ташкилотларга тегишли соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда зилзила ва унинг оқибатларига оид кўргазмали ўқув-услубий воситалардан фойдаланиб, амалий машғулотлар ўтказиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилади. Ваҳоланки, бунга қадар ташкилотларда тегишли соҳа мутахассисларини жалб этган ҳолда зилзилага тайёрлаш бўйича амалий ўқув машғулотлари тизимли равишда олиб борилмаган.

    2022 йил 1 августга қадар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида банд бўлмаган аҳоли қатлами, шунингдек, жисмоний имконияти чекланган шахслар учун зилзилада ҳаракат қилишга мўлжалланган ўқув-услубий қўлланма ишлаб чиқилади.

    Зилзила пайтида амалий ҳаракатланишни ўргатишга мўлжалланган кўчма мобиль зилзила симуляторини яратиш бўйича мақсадли инновацион лойиҳа ишлаб чиқилади ва 2022-2023 йилларда амалга оширилади. Бу эса олис ва чекка қишлоқларда истиқомат қиладиган аҳолини зилзила пайтида ҳаракатланишга тайёрлашда муҳим аҳамиятга эга.

    Соҳада илм-фан жадал суръатда ривожланаётгани амалдаги сейсмик районлаштириш хариталарини янада такомиллаштириш имкониятини яратди. Фанлар академияси Сейсмология институти олимлари томонидан 2017 йилда юртимизнинг янги умумий сейсмик ра йонлаштириш харитаси тузилди ва Қурилиш вазирлигида амалиётга татбиқ этилди. Аммо таъкидлаш керакки, бугун мамлакатимизда аҳоли сони ортиб бориши, марказий шаҳарларда барпо этилаётган осмонўпар бино-иншоотлар, мавжуд ва янги қурилаётган гидротехник иншоотл арнинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш учун соҳада мақсадли илмий-тадқиқот ишларини давом эттириш, шунингдек, жойларнинг сейсмик фаоллигини аниқ ҳисобга олиш учун умумий сейсмик районлаштиришдан ташқари ҳар бир шаҳар ва йирик аҳоли пунктлари учун сейсмик микрорайонлаштириш хариталарини тузиш зарурати юзага келди.

    Шу кунга қадар сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги муаммоларнинг илмий ечимига қаратилган амалий ва инновацион лойиҳалар етарли даражада молиялаштирилмаган.

    2022 йил 1 августга қадар сейсмология, иншоот ларнинг сейсмик мустаҳкамлиги ва сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳаси муаммолари илмий ечимига қаратилган таклифлар ўрнатилган тартибда шакллантирилиб, молиялаштириш масаласини ҳал қилиш мақсадида Инновацион ривожланиш вазирлигига тақдим этилади.

    Фармон билан тасдиқланган концепция ва “йўл харитаси” орқали соҳада илм-фанни янада ривожлантириш ва натижаларини амалиётга жорий этиш, сейсмопрогностик мониторинг тармоғини янада такомиллаштириш, аҳолининг барча қатламини зилзиладан олдин, зилзила вақтида ва зилзиладан сўнг тўғри ҳаракатланишга тизимли ўргатиш ҳамда уларнинг тайёргарлигини мунтазам ошириб бориш каби комплекс чора-тадбирлар амалга оширилади. Бу эса, ўз навбатида, кучли зилзила оқибатида мамлакатимизда юзага келиши мумкин бўлган жиддий талафотларни сезиларли даражада камайтиришга хизмат қилади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates