Таълимсиз тараққиёт, илм-фансиз юксалиш бўлмайди

    "Янги Ўзбекистон" газетасининг шу йил 15 январь сонида Самарқанд давлат университети профессори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби Муслиҳиддин Муҳиддиновнинг "Таълимсиз тараққиёт, илм-фансиз юксалиш бўлмайди" номли мақоласи чоп этилди. Қуйида уни ўқишингиз мумкин.

    Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча эълон қилинган “Самарқанд давлат университети фаолиятини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ўқув даргоҳимиз профессорўқитувчилари, талабалари томонидан қизғин кутиб олинди.

    Самарқанд давлат университети азалдан катта илмий салоҳиятга эгалиги, халқаро даражада тан олинган илмий мактаблари, дунёда эътироф этилган забардаст олимлари билан маълум ва машҳур. Жумладан, бу олий таълим муассасаси Абдурауф Фитрат, Садриддин Айний, Абдураҳмон Саъдий, Воҳид Абдуллаев, Усмон Носир, Шароф Рашидов, Асқад Мухтор, Ғайбулла ас-Салом, Нажмиддин Комилов, Омон Матжон, Нуриддин Шукуров, Раҳматулла Қўнғуров, Худойберди Дониёров каби юзлаб улуғ олим ва адибларни камолотга етказгани барчамизда фахр-ифтихор уйғотади.

    Ярим асрдан зиёд умрини олий таълим тизимига бағишлаган олим сифатида соҳага ҳеч қачон бу қадар эътибор қаратилмаганини айта оламан. Бир пайтлар Тошкентдан кейин энг кўп олий таълим муассасаси Самарқандда жойлашган эди. Ўшанда вилоятда бор-йўғи тўртта олий ўқув муассасаси мавжуд эди. Ҳозир уларнинг сони йигирмага яқинлашди. Бу саъй-ҳаракатлар шунчалик шиддат билан ривожланяптики, одам баъзан эшитиб улгуролмаётир.

    Давлатимиз раҳбарининг мазкур қарорига биноан, Самарқанд давлат университетига Шароф Рашидов номининг берилиши жуда ўринли ва муносиб иш бўлди. Чунки атоқли давлат арбоби 1937–1941 йилларда Самарқанд давлат университетида ўқиган. Катта ҳаётга йўлланмани ҳам айнан мана шу табаррук даргоҳдан олган. Иккинчи жаҳон урушидан қайтган Шароф Рашидов аввал вилоят газетасида, кейинчалик юқори раҳбарлик лавозимларида фаолият кўрсатган. Шундан бўлса керак, бу улуғ инсон бир умр Самарқанд давлат университетини қадрлади, эъзозлади. Ўзи таҳсил олган илм даргоҳини, устоз ва дўстларини унутмади. Олий таълим муассасасининг юбилей саналарида иштирок этди. Уни моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлади.

    Қарорда университет қошида Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда Муҳандислик физикаси институтлари, шунингдек, Самарқанд давлат университетининг Ургут филиали очилиши белгиланган. Бу жуда катта тарихий воқеа. Бугун дунёда замонавий илм-фан тушунчаси мавжуд. Бу эҳтиёж ва талабни ҳисобга олиб, янги таълим йўналишларини очиш, шакллантиришни ўз ичига олади. 2016 йилдан бошлаб Самарқанд давлат университетида ҳам бир неча янги факультет очилди. Халқаро таълим дастурлари, агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги, инсон ресурслари, рақамли технологиялар факультетлари шулар жумласидан. Бундан ташқари, университетнинг Ўзбекистон – Финляндия педагогика институти, Каттақўрғон филиали фаолиятининг йўлга қўйилиши ҳам олий таълим тизимидаги ислоҳотлар натижасидир.

    Университетимизда йиллар давомида тўпланган билим ва тажрибани янада оммалаштириш, мактаб битирувчиларини олий таълимга қамраб олиш кўрсаткичини ошириш мақсадида қатор ижобий ишлар қилинмоқда. Аҳоли сонининг мунтазам ортиши билан озиқ-овқат маҳсулотлари истеъмоли ҳам ошмоқда. Бу мазкур глобал муаммони зудлик билан ҳал этишни, соҳага илм-фан ютуқларини татбиқ этишни тақозо қилади. Агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти ҳам бу борада қўйилган ўта муҳим қадам. Университетнинг агробиотехнологиялар ва озиқ-овқат хавфсизлиги факультети ўзининг қисқа фаолияти давомида қатор амалий ишларни бажаришга эришди. Дунёнинг ўнлаб нуфузли олий ўқув юртлари билан ўрнатилган алоқалар, келишувлар фикримизга далил бўла олади.

    Энди институт даражасида кўлам бундан-да кенгаяди. У нафақат мамлакатимизда, балки бутун дунёда ўз ўрни, салоҳиятига эга муассаса бўлиши учун барча имконият мавжуд. Самарқанд давлат университети Муҳандислик физикаси институтининг ташкил этилиши ҳам мантиқий аҳамиятга эга. Зеро, университетнинг физика факультетида ўтган даврларда бир неча илмий мактаблар яратилган ва донг таратган. Мазкур факультетни битирганлар орасидан ўнга яқин академиклар етишиб чиққани ҳам фикримизни исботлайди. Академик Акбар Отахўжаевнинг оптика, академик Толиб Мўминовнинг ядро физикаси мактаби шулар жумласидан. Муболағасиз мазкур мактабларнинг номи халқаро доираларда тан олинади ва эътироф этилади.

    Бугун ҳам ушбу даргоҳда профессорлар Облоқул Қувондиқовнинг электромагнетизм, Абдувоҳид Жумабоевнинг оптика ва спектроскопия, Неъмат Низомовнинг молекуляр люминисенция, Леонард Собировнинг лазер физикаси, Рустам Ибодовнинг назарий физика, Баҳром Маҳмудовнинг космик нурлар физикаси, доцент Эшқувват Арзиқуловнинг қаттиқ жисмлар физикаси илмий мактаблари мавжуд бўлиб, мазкур йўналишларда кенг кўламли тадқиқотлар олиб борилмоқда.

    Ургут туманида туғилганман. Ҳудудни ва аҳлини жуда яхши биламан. Улар бағрикенг ва мард, дунёқараши, фикрлаш тарзи бутунлай бошқача. Ургутликлар қадимдан тадбиркор, ишбилармон, янгиликка интилувчан, бунёдкор, танти, қисқаси, замон билан ҳамнафас, ҳамқадам. Бу туман нафақат Самарқанд вилоятининг, балки мамлакатимизнинг иқтисоди жадал ривожланаётган ҳудудларидан. Унга битта зиё маскани, олий таълим муассасаси етишмаётган эди. Қаранг, Президентимиз қарори билан мана шу бўшлиқ тўладиган бўлди. Ургут энди фақат иқтисоди ривожланган туман эмас, балки маърифат ва маънавият марказларидан бирига ҳам айланади. Худди Хива, Қўқон, Шаҳрисабз, Каттақўрғон, Ғиждувондек гуллаб яшнайди.

    Президентимиз қарори биз, олимлар зиммасига жуда катта масъулият юклашини биламиз. Бу ишончга, эътиборга, ғамхўрликка амалий ишларимиз билан жавоб қайтарамиз. Жонажон университетимиз янада тараққий этади. Чунки таълимсиз тараққиёт, илм-фансиз юксалиш бўлмайди.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates