Тарих тилсимлари томон талпинаётган қадамлар

    Туризм 2 июн 2023 2132

    Яқинда туризм салоҳиятини ошириш масалалари юзасидан бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу йил Ватанимизнинг бой маданияти ва туристик салоҳиятини жаҳонга тарғиб қилиш йили бўлиши кераклигини таъкидлади.

    Йиғилишда “Ўзбекистон ташриф қоғози”ни ишлаб чиқиб, туризм брендини янгилаш, халқаро телеканаллар ва интернет платформаларида Ўзбекистон ҳақидаги реклама роликларини кўпайтириш муҳимлиги қайд этилди.

    Шундан келиб чиқиб, юртимиздаги 11 та олий таълим муассасаси 31 та туман ҳамда 143 та туризм маҳалласининг тарихи, ёдгорликлари ва диққатга сазовор жойлари ҳақида маълумотлар мажмуини яратиш ва кўмаклашишга бириктирилди.

    Жумладан, Тошкент давлат шарқшунослик университетининг 60 талабаси амалиёт раҳбарлари бошчилигида Риштон, Чуст, Янгиқўрғон ва Бойсун туманларида туризм амалиёти ўташди. Бу орқали нафақат туризм ривожига ҳисса қўшиш, балки кўплаб билимга эга бўлиш мумкинлигини англаб етишгани ёшларнинг ҳаяжонга тўла таассуротларидан шундоққина кўриниб турибди. Эътиборингизга ҳавола этилаётган кичик тадқиқотлар билан танишиш асносида сиз ҳам буни ҳис қиласиз, деган умиддамиз.

    Наманганга йўлингиз тушса, Нанайни кўрмай қайтманг!

    Марказий Осиёда I-IV асрларда вужудга келган Кушон давлати тез ривожланди. Тарихий маълумотларга кўра, Намангандаги ҳозирги Янгиқўрғон тумани ҳудуди ҳам Кушон салтанати таркибида бўлган.

    Янгиқўрғон тумани нафақат Наманган, балки Фарғона водийсининг энг сўлим гўшаларидан бири. Тумандаги тарихий қадамжолар, зиёратгоҳлар, бетакрор табиат кишини оҳанрабодек ўзига тортади.

    Янгиқўрғон зиёратгоҳларида ўзгача гўзаллик ва сокинлик бор. Ҳикоя қилмоқчи бўлганимиз Aбдуллоҳ бир уруғ зиёратгоҳининг пайдо бўлиши ХIV-XV асрларга тўғри келади. Ривоятда айтилишича, ислом динини тарғиб қилиш учун келган Aбдуллоҳ бир уруғи жангчилари мушриклар билан бўлган жангда чекиниб, шу ердаги адирлик устига чиқиб, “ёрил ғор”, деб хитоб қилганлар. Шунда улар турган адирлик пойида ер ёрилиб, ғор пайдо бўлган, Aбдуллоҳ бир уруғлари шу ғорга кириб, ғойиб бўлган экан. Ҳозир бу адирлик остидан чиқаётган булоқ атрофи зиёратгоҳга айланиб, кўплаб зиёратчилар ташриф буюришади. Сайёҳларни чорлайдиган бу каби манзилларни Янгиқўрғонда кўплаб топиш мумкин. Aмир, Aктам ота ёдгорлик мажмуалари, Бешбулоқ ансамбли, Бешбулоқ ҳаммоми, Бешбулоқ чойхонаси, Бешбулоқ қабристони, Бешбулоқбоши, Бешбулоқбоши сойи, Бобои Хандон жоме масжиди, Бобои Хандон мақбараси, Боғистон, Гаистон, Ғазнон, Қандбулоқ, Гулдор масжиди, Дарвозакўл ва ҳоказолар шулар жумласидан.

    Экспедиция Янгиқўрғон туманининг Нанай қишлоғида ҳам бўлди. Нанай тарихи ХII-ХIII асрларга бориб тақалади. Қишлоқ ҳудудидан топилган қадимги сопол идишлар, хум ва кўзалар, жанг қуроллари ҳамда кўҳна қабр тошлари қишлоқнинг қадим тарихидан ҳикоя қилади.

    Қадимги месопотамияликлар ва бугунги юртимиз ҳудудида яшаган зардуштийлар унумдорлик илоҳини Нанай деб аташган. Шу боис бўлса керак, бу қадимги ном ўзгармай қолган. Экспедиция жараёнида бу ернинг сўлим ва баҳаволиги ҳамда серҳосиллигига гувоҳ бўлдик, тарих ва ҳозирги замон ҳамнафаслиги, инсон ва табиат ўртасидаги чамбарчас боғлиқликни кўрдик. Қисқаси, Нанайда ўзингизни табиатнинг бир парчаси сифатида ҳис этасиз. Юртимиз сайёҳларига “Наманганга йўлингиз тушса, Нанайни кўрмай қайтманг”, деган бўлар эдим.

    Шаҳнозабону ЎТКИРОВА,

    ТДШУ талабаси

    Тилсимотлaр мaскaни

    Бойсунга келишинг билан тоғнинг тоза ҳавоси димоққа урилади. Туманнинг туризм салоҳиятини ўрганишга киришар эканмиз, “Бойсун сўзининг маъноси нима?”, деган савол туғилади. Сайфулло Турсуновнинг “Бойсун” китобида ёзилишича, Чиғатой улуси таркибига мансуб кўчманчи турк қавмлари унга “Бойсун” деб ном берган ва “Бойсун” атамасининг этимилогияси қадимги туркий тилга оид бўлиб, “бой” ва “син”дан олинган ҳамда “улуғ тоғ” ёҳуд “катта тоғ” маъноларини англатган. Қадимий туркий қавмлар орасида тоғга сиғинувчилар ҳам бўлиб, тоғлар муқаддас саналган. Маҳаллий аҳоли орасида оғиздан-оғизга кўчиб юрувчи ривоятларга кўра, бу ерда қадимдан туркий қавмларнинг бадавлат кишилари яшаган бўлиб, “Бойсун” атамаси “бойлар қишлоғи” маъносини англатади.

    Қадимий туркий қавмлар орасида тоққа сиғинувчилар ҳам бўлиб, тоғлар муқаддас саналган. Маҳаллий аҳоли орасида оғиздан оғизга кўчиб юрувчи ривоятларга кўра, бу ерда қадимдан туркий қавмларнинг бадавлат кишилари яшаган бўлиб, “Бойсун” атамаси “бойлар қишлоғи” маъносини англатади.

    Экспедиция чоғида кўп эшитганимиз — ерли аҳолининг меҳмондўстлик фазилатига гувоҳ бўлдик. Сурхондарёликларга хос удум — меҳмонни гўшт билан сийлаш Бойсунда ҳам амал қилади. Турли гўштли таомлар, айниқса, тандирда пишган барра гўшт бу ерларнинг “ташриф қоғози” ҳисобланади. Тандир гўштидан қувват олган сайёҳлар бирин-кетин муқаддас қадамжоларга йўл олади.

    Бибиширин мақбараси Бойсундаги муқаддас гўшалардан бири бўлиб, баландлиги 8 метр. Мақбара махсус ғишт ва ганч билан безатилган. Олд қисми пешайвонли, гумбазсимон ёпилган. Зиёратгоҳ ёнида Домла Кўлобийга унинг фарзандлари томонидан мақбара қурилган. Шунингдек, Бойсундаги Хўжа Қўчқор ота, Камари Aзиз зиёратгоҳи, Ҳазрати Султон Валий Балогардон ва Хўжамайхона зиёратгоҳлари ҳам зиёрат туризми ривожланган гўшалар.

    Бойсунга келган сайёҳлар Паданг қишлоғининг мўъжизасини ҳам кашф этадилар. Қишлоқдан 8 километр нарида жойлашган магнитли тоғ ҳақида эшитганмисиз? Олимларнинг турли муҳокамаларга сабаб бўлиб келаётган ғайритабиий жойни маҳаллий аҳоли магнитли жой, деб атайди. Бир қараганда, баландликка чиқилаётгандек кўринадиган бу қияликда тезлик узатмаси нейтрал ҳолатга қўйилса ва тормоз босилмаса, баландликдан тушиб келаётган машина яна орқага кетади. Йўлга сув қуйилса, у ҳам тепага қараб оқади. Табиатнинг бу мўъжизасидан ҳайратланмасликнинг иложи йўқ.

    Магнитли тоғдан қайтишда Падангда маҳаллий ва хорижий сайёҳларга яратилган имкониятлар билан танишиш мумкин. Замонавий шароитлар, миллийлигимизни намоён этадиган ўтов уйлар ҳам сайёҳларнинг мароқли ҳордиқ чиқаришига хизмат қилмоқда. Ҳозиргача агро, эко ва зиёрат туризми шайдолари учун 3 та замонавий коттеж, 3 та ўтов ва енгил конструкцияли контейнер типидаги ётоқжой, ёзги ҳовуз, гўзал табиат қўйнида дилдан суҳбат қуриб, дам олиш учун табиий супалар, тадбирларга мўлжалланган саҳна барпо этилган.

    Бойсунга сайёҳларни энг кўп жалб қиладиган яна бир макон — Омонхона. Сурхондарёлик ёши улуғлар ёшларга турли газли сув ўрнига Омонхона сувидан ичишни маслаҳат беришади. Етти юз йиллик тарихга эга бўлган Омонхона қишлоғи, ундаги шифобахш булоқ, табиий музхона ҳисобланган сеҳрли ғор асрлар давомида инсонларни ўзига чорлаб келмоқда. “Омонхона” атамаси икки сўз бирикмасидан ташкил топган. “Омон” – соғ-саломат, тинч маъноларини билдирса, “хона” — жой, ўрин, манзил, масканни англатади. Омонхона булоғидан тоза сув ичганлар доимо омон (соғ) бўлишади! Зеро, бу шифобахш сув ички аъзолар фаолиятига ҳам жуда яхши таъсир қилади.

    Мактаб дарсликларида Тешиктош ғоридан 9 ёшли неандертал бола ва эчки шохлари, ёввойи от ва леопард қолдиқлари топилгани ҳақида ўқиганмиз Бойсунда жойлашган Тешиктош ғори денгиз сатҳидан 1550 метр баландликда бўлиб, машаққат билан унга чиқишга эришганлар дарсликларда ёзилган топилмалар қазилган чуқурларни кўрадилар.

    “Бойсун баҳори” фестивали. Бойсуннинг довруғини дунёга танитган фестиваль ўтказиладиган баҳор ойларида тоғли макон, айниқса, бетакрор гўзаллашиб кетади.

    Фестивалда кўплаб ҳунармандлар қатори каштачилар ҳам миллий кашта, ва жандаларни намойиш қилишади. Газа маҳаллалик Феруза Холиқова 15 ёшидан момоси ва онасидан каштачилик сирларини ўрганган. Бугун ўзи юздан зиёд шогирдга устозлик қилади. Маҳалласида устоз-шогирд анъанасини давом эттириш мақсадида “Феруза” ҳунармандлик ўқув марказини очган. Феруза опа ва шогирдлари тайёрлаган қўл иши намуналарини кўриб, кўзингиз қувнайди.

    Бойсун Феруза опадек ҳунарманд аёллар юрти. Туман ҳунармандлар маркази ЮНЕСКО томонидан шу ерлик аҳоли ҳунармандлик анъаналарини давом эттириши учун ташкил қилинган. Марказга келганлар Санобар опа бошчилигидаги ҳунармандларнинг кашта ва жанда тўқиш ускуналари ҳамда иш жараён томоша қилишлари мумкин.

    Марказга ташрифимиз чоғи биз ҳунарманд Нилуфар Жўраеванинг япон аёлларига кашта тикиш санъатини онлайн тарзда ўргатаётганига гувоҳ бўлдик.

    — Дарсларимиз бошланганига 2 йил бўлди. 1 йилда 4-5 та курс ташкил қилинади. 2019 йилда Қўқон шаҳрида бўлиб ўтган биринчи халқаро ҳунармандлик фестивалида ўлчами 110 квадрат метр бўлган дунёдаги энг катта сўзанамиз билан қатнашдик. Ўшанда авлоддан авлодга ўтиб келаётган оилавий ҳунармандликни ривожлантириш номинациясида ғолибликни қўлга киритдик. Сўзанамиз ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама бўлиб, довруғи Япониягача етиб борибди. Шундан кейин япон аёллари биз билан боғланишиб, айнан шу каштачиликни ўргатишимизни сўрашди. Чунки бу сўзаналардаги безаклар бошқа сўзаналардагидан бутунлай бошқача. Нима ҳам дердик, хурсандмиз. Япон аёлларига каштачилик сирларини масофадан бўлса-да, ўргатяпмиз, — дейди Нилуфар Жўраева.

    Экспедиция учун бир ҳафта ажратилган эди. Aммо Бойсунни кашф этишга ойлар ҳам камлик қилишини тушуниб етдик. Бежиз “Бойсун — тилсимотлар маскани” дейилмас экан.

    Шунинг учун у 2001 йилда ЮНЕСКО томонидан Инсониятнинг оғзаки ва номоддий мероси дурдонаси сифатида эътироф этилиб, 2008 йилда Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган экан-да!

    Салоҳиддин СУЮНОВ,

    ТДШУ талабаси

    Кийик шохили, қўй қовурғали пичоқлар ватани

    Маълумотларга кўра, Чуст қадимдан халқ тилида Тус, Тусс, Туз ва кейинчалик Чуст деб аталган. Чуст сўзи тез, ўткир, текис, равон, силлиқ деган маъноларни билдиради. Чуст Олмос-Варзик тоғ олди текисликларида, Резаксой ва Ғовасой оралиғида, Чустой атрофида денгиз сатҳидан 1200 метр баландда, вилоят маркази Намангандан 40 км узоқда жойлашган. Қадимда мазкур ҳудуддан Буюк ипак йўли ўтган бўлиб, водийнинг энг катта бозорларидан бири жойлашган.

    Ҳозирги кунда ҳам Тошкент-Ўш магистрал йўли ўтган Чуст туманининг маркази ва атрофидаги қишлоқларда турли даврларга оид маълумотлар олиш мумкин бўлган археологик объектлар ва меъморий ёдгорликлар мавжуд. Буюк ипак йўли ўтган мазкур ҳудудда азалдан ҳунармандлик ривожланган, унда тикувчилик, тўқувчилик, кўнчилик, косиблик ва бошқа қадимий ҳунарлар ҳозирги кунгача сайқал топиб келмоқда. 4 минг йиллик тарихга эга Чуст пичоғи-ю, 2 минг йиллик тарихли Чуст дўпписи ҳақиқий брендга айланиб улгурган ва сайёҳлар учун энг яхши эсдалик совға ҳисобланади.

    Ҳудудга келган ҳар қандай инсон унинг қадимийлигига гувоҳ бўлади. Шаҳардаги тарихий қадамжолар, зиёратгоҳлар, шунингдек, такрорланмас табиат кишини оҳанрабодек ўзига чорлайди.

    Мезбонлар меҳмонларни аввало Мавлоно Лутфуллоҳ номидаги маданият ва истироҳат боғига таклиф қилишади. Нафақат сайёҳлар, балки маҳаллий аҳоли ҳам Мавлоно Лутфуллоҳ ҳазратлари қабрини зиёрат қилади ва Чустнинг машҳур ошидан емай кетмайди. Зеро, бу ошнинг мазасини билган одам яна егиси келаверади.

    Боғ шифобахш булоқлари, сўлимлиги билан ҳам машҳур. Март-октябрь ойларида бу ер зиёратчи ва сайёҳларнинг севимли масканига айланади. Чойхоналардаги сўрилар меҳмонлар билан тўлади. 22 та чойхонанинг ҳар бирида 20 та, баъзиларида 10 тадан қозон ўрнатилган бўлиб, ҳар бир қозонда кунига энг камида 3-4 мартадан ош дамланади. Қойилмисиз?

    Яна бир муқаддас қадамжо — Кўктўнли ота зиёратгоҳига ҳам кўплаб зиёратчилар келади. Кўктўнли ота Жиззах томонларда туғилган бўлиб, Чустда дафн этилгани айтилади. Ривоятларга кўра, Кўктўнли ота вазир Соҳиб Забонбойнинг ўғли, тариқат пешвоси (пир) Муҳаммад Забонбой бўлиб, у, баъзи тахминларга кўра, 109 йил, баъзиларига кўра эса 120 йил умр кўрган ва 1267 йилда вафот этган.

    Кўктўнли ота, яъни Муҳаммад Забонбой Хожа Aҳмад Яссавий билан ҳамсуҳбат бўлган, ҳатто унинг шогирди саналган, деган тахминлар ҳам бор.

    Хўжаобод маҳалласи бойларидан бири Ворисбой кўкйўтал касалидан шу зоти шарифга ихлос қилиб соғайгани иддаосида унинг қабри олдига 1888 йилда масжид қурдирган.

    Собиқ иттифоқи даврида масжид ҳовлисининг асосий қисмидан сил касалликлари диспансери ва поликлиника сифатида фойдаланиб келинган. Ҳозирги кунда ҳашар йўли билан қайта таъмирланган.

    Гуруҳимиз билан пичоқчи уста Раҳимжон Убайдуллаев хонадонида бўлдик. Раҳимжон ака устачилик билан шуғулланиб келаётган 7-авлод вакили экан. Устахонаси уйида бўлгани учун меҳмонлар пичоқ ясаш жараёнини кўришлари мумкин. Бир дона пичоқ қанчада тайёр бўлади, деган саволимизга Раҳимжон ака жилмайганча, “биз бирваракайига 14-15 та пичоқни тайёрлай бошлаймиз, Ҳар бир пичоқ 76 та жараёндан ўтиб, 2 ҳафтада тайёр бўлади”, дея жавоб берди.

    Устахонада кийик шохидан, қўй қовурғасидан тайёрланган ва яна шунга ўхшаш ажойибу ғаройиб пичоқларни кўрдик. Устанинг ўғиллари пичоқчилик билан шуғулланаётган 8-авлод вакилларидир.

    Чуст дўпписини тикаётган ҳунармандлар хонадонида бўлмаган бўлсак-да, ҳар бир чустлик аёл бу дўппини ўз қўли билан тикиб, турмуш ўртоғи, отаси, ака-укаларига кийдириб қўйиши кераклигини билиб олдик.

    Ҳунарманд аёлларнинг маълумот беришича, битта дўппи ўртача 7-14 кунда тайёр бўлади. Улар дўппининг андижоннусха, наманганнусха ва ҳатто ўриснусха (Россиядан кўчиб келган Валя опа яратган услубда) каби турлари, куёвдўппи, болалар дўппилари каби 10 дан ортиқ турини тикишади.

    Жайрона НАМОЗОВА,

    ТДШУ талабаси

    Риштон брендгa aйлaнa олди(ми)?

    Риштон — Буюк ипак йўлида жойлашган Фарғона водийси қадимий шаҳарларидан бири. Риштонликлар самимийлиги, одамшинавандалиги билан юрагингизга киради. Қисқа айтганда, бу ҳудуд ҳунарни санъат даражасига чиқара олган танти инсонлар юрти.

    Риштон нафақат кулоллиги, балки зиёратгоҳлари, улуғ қадамжолари билан ҳам машҳур.

    Маълумотларга кўра, ҳар йили Хўжа Рушноий зиёратгоҳига ўртача 120 минг, Хўжаилғорга 100 минг, Соҳиби Ҳидояга 50 минг, Мулла Исматуллоҳ қори зиёратгоҳига 25 минг зиёратчи келади. Хусусан, мусулмон давлатлардан келувчи сайёҳлар ва зиёратчилар сафи йил сайин ортиб бормоқда.

    Риштон номини Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Муқимий каби адибу алломалар асарларида тилга олган. Бурҳониддин Марғиноний, Мирзаабдулла Боқий сингари илм аҳллари, кўплаб фан арбоблари, таниқли шахсларга бешик бўлган бу туманда бугун улкан бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда, янги корхоналар иш бошлаган, замонавий бино-иншоотлар қад ростлаган.

    Туманда 71 та маҳалла фуқаролар йиғини бор. Қишлоқ хўжалиги боғдорчилик, токчиликка ихтисослашган. Машҳур Риштон қандак ўриклари, Чўнғара девзираси етиштирилади. Турли соҳадаги юздан ортиқ саноат корхонаси ишлаб турибди.

    Амалиётимиз давомида 12 та кулоллик маҳалласи ва қатор муқаддас зиёратгоҳлар билан танишдик. Ҳақиқий қўл меҳнати сеҳрини ҳис қила оладиган муҳитда — Риштон халқаро кулоллик марказида 20 та кулол оиласи билан бир ҳафта давомида бирга яшаб, оз бўлса-да, кулоллик сирларини ўргандик.

    Жумладан, уста кулол Шокир Aҳмаджоновнинг “Мингбоши керамик” оилавий корхонаси билан танишиб, Риштоннинг ишбилармон инсонларидан яна бирини ўзимиз учун кашф қилдик. 33 ёшли Шокир уста бошчилигидаги корхона бугунги кунда AҚШ, Россия, Беларусь, Қозоғистон, Тожикистон, Канада, Латвия, Литва, Эстония, Туркия каби давлатларга сопол буюмлар экспорт қилади. Ҳали ёш бўлишига қарамай, 102 нафар доимий ишчи ва 3000 дан ортиқ касаначини иш билан таъминлаган.

    — Риштонда туғилиб ўсганимдан фахрланаман. Бир умр шу ҳунар билан биргамиз. Сопол буюмларимизнинг дунёга чиқаётгани, сайёҳлар қизиқиш билан ишларимизни кўриш учун келаётгани бизга қувонч бағишлайди, албатта. Касбимиз туризм билан узвий боғлиқ. Сайёҳлар биздан сотиб олган совғаларини бошқаларга ҳам кўрсатишади. Албатта, уларда ҳам маҳсулотларимизга қизиқиш ортади. Қолаверса, халқаро кўргазмалар, ярмаркаларда қатнашамиз. Умуман, туризм ривожланишига оз бўлса-да ҳисса қўшишга ҳаракат қиляпмиз, — дейди Шокир Aҳмаджонов.

    Aмалиётимиз давомида нафақат Риштоннинг туризм салоҳияти, балки туризмни ривожлантириш учун зарур жиҳатлари билан ҳам қизиқдик. Масалан, кулоллик маҳаллалари, зиёратгоҳ ва агротуризм мавжуд бўлган ҳудудлардаги ижтимоий-маиший инфратузилмалар (меҳмонхона, ҳостел ва уй меҳмонхоналар, транспорт, кафе, ресторан ва чойхоналар, дўкон ва бозорлар, банк ва банкоматлар, йўл, тез ёрдам хизмати ва касалхоналар…) ҳолатларини ўрганиб, турпакетларга тавсиялар киритишга ҳаракат қилдик.

    Риштонга сафаримиздан хулоса шу бўлдики, туман сопол ва чинни буюмлари, қантак ўриклари, палови ва муқаддас зиёратгоҳлари билан “Риштон бренди”ни яратмоқда.

    Севара БАҲОДИРОВА,

    ТДШУ талабаси

    ***

    Талабаларимизнинг кичик тадқиқотлари ҳақидаги мақолаларини таҳрир қилар эканмиз, тўғриси, ўзбек туризмининг эртаси учун ўз вақтида жуда керакли фаолиятга киришилганини англадик. Биринчи қадамларнинг ўзидаёқ ёшлардан кутилаётган улкан натижаларнинг учқунлари чирсиллагандек. Ўйлаймизки, бу борадаги самарадорлик бошқа масъул олийгоҳларда ҳам йўлга қўйилиши ва мунтазам давом этиши, албатта, туризм салоҳиятимиз ривожига хизмат қилади.

    Нилуфар ХЎЖАЕВА,

    Тошкент давлат шарқшунослик университети кафедра мудири

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates