Театр ижодкорлари ҳаётида яна бир ёрқин саҳифа

    Бу нафақат гастроль сафарларига, керак бўлса, одамларни театрга олиб келишга ҳам беминнат хизмат қилади.

    Президентимиз “Яратган ижод аҳлига шундай бир қобилият, мурувват, саховат инъом этганки, бу саховат, бу мурувват ҳаммага ҳам инъом этилмаган”, дея ижод биз, ижодкорларни юксак эътироф этади. Шу маънода бугун адабиёт, санъат ва маданият, умуман, ижодга жиддий аҳамият берилаётгани бежиз эмас.

    Театрга келадиган бўлсак, театр бу — кўзгу, ҳаёт кўзгуси. Дунёда турли мафкуравий ҳуружлар, маънавиятимизга зид, ёшларни бузғунчиликка бошловчи ғоялар урчиб турган айни пайтда яхшилик, эзгулик, иймон-эътиқод, ҳаё-ибо деган менталитетимизга хос тушунчаларга кучли урғу бериш бугуннинг талаби. Ана шу мақсадда театрларда қўйиладиган асарлардан томошабин нимадир олиб чиқиб кетиши керак. Салбий образми, ижобийми, умуман спектакль таъсирида, айтайлик, 500 кишидан лоақал беш киши ўнгланиш йўлига кирса, демак, театр мавжуд, театр ишлаяпти.

    Бунинг учун халқимизни театрга кенг жалб этиш биринчи галдаги вазифалардан эди. Давлатимиз раҳбари бу масалага ҳам алоҳида ёндашди. Театрларга маҳаллалар кесимида рўйхатлар шакллантирилган ҳолда бепул кириш тизими йўлга қўйилди. Бу энг эзгу амаллардан бўлди. Зеро, театрларимиз ўриндиқлари тўлиб турса, биз, актёрлар янада руҳланамиз, мухлислардан қувват оламиз. Шу маънода “Маданият ва санъат соҳасини янада ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги янги тарихий қарор театр ижодкорлари ҳаётида ёрқин саҳифа очди, дейиш мумкин. Негаки, энди чекка қишлоқларга ҳам “Маданият карвони” етиб бориб, танти, меҳнаткаш одамларимиз спектаклларимиздан кўпроқ баҳраманд бўлади. Бу борада вазирлик тизимидаги концерт-томоша муассасалари, цирк ва театр ходимлари орасидан “Маданият карвони” таркибига киритиладиган ижодкорлар (доимий аъзолар ва муайян тадбирларда иштирок этувчилар) рўйхати шакллантирилиши ёшларни ўз устида тинимсиз ишлашга ундайди.

    Маданият вазирлиги томонидан “Инсон қадри учун” эзгу ғояси асосида ҳар йили камида 40 та янги спектаклга давлат буюртмалари берилиши эса тетарлар ўртасида соғлом рақобат муҳитини вужудга келтиради. Шунингдек, ёш, янги истеъдодлар танловларда тобланиб, сараланади. Соҳанинг умидли вакиллари кашф этилади.

    Театрларга автобус ажратилиши эса, яна бир хайрли ишлардан бўлди. Бу нафақат гастроль сафарларига, керак бўлса, одамларни театрга олиб келишга ҳам беминнат хизмат қилади. Шу ўринда айтиш жоизки, театрга ҳам худди таълимдаги каби раҳбарлар эътиборини тортиш керак. Масалан, биронта премьерани вилоят ҳокими ҳар бир туманга бўлиб берса, автобусда одамларни олиб келиб, театрни тўлдирса, ҳам театр, ҳам томошабин манфаат кўради. Умуман олганда, қарор санъат ва маданиятнинг ҳар бир қиррасини қамраб олгани билан бемисл бўлди. Эндиликда барча давлат органлари, муассасалари ва корхоналари ҳар чоракда камида бир марта ўз ходимлари учун оммавий-маданий ва концерт-томоша тадбирларини ташкил этиши, айниқса, цирк ва театрларга кириши учун билет ва абонементларни харид қилиши соҳа ривожида муҳим омил бўлиши аниқ. Зеро, интернетнинг тубсиз дарёсига ғарқ бўлиб, чинакам санъат ва маданиятдан йироқлашмаслик учун ҳам мана шундай эзгу ҳаракатлар амалга оширилмоғи лозим.

    Эркин Комилов,

    Ўзбекистон халқ артисти

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates