Тиланчилик учун қандай жазо белгиланган?

    Биласизми? 25 апрел 2024 676

    Ўзбекистон қонунчилигига кўра, тиланчилик қилиш таъқиқланган бўлиб, қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

    Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 1883-моддасига асосан, аэропортларда, вокзалларда, хиёбонларда, истироҳат боғларида, бозорларда ва савдо мажмуалари ҳудудларида, шунингдек, уларга туташ ҳудудларда, автомототранспорт воситаларини вақтинча сақлаш жойларида, кўчаларда, стадионларда, бекатларда, йўлларнинг қатнов қисмида, моддий маданий мерос объектлари жойлашган ҳудудларда, жамоат транспортининг барча турларида ва бошқа жамоат жойларида пул, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа моддий қимматликлар беришни фаол тарзда сўраб, тиланчилик билан шуғулланиш базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваридан уч бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

    Шунингдек ушбу модданинг иккинчи қисмига асосан, вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача муддатга маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

    Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 1271-моддасига асосан эса, тиланчилик билан шуғулланиш, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил ичида қайта содир этилган бўлса, икки юз қирқ соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Вояга етмаган шахсларни, кекса ёшдаги шахсларни, руҳий ҳолати бузилган, ногиронлиги бўлган шахсларни ва бошқа шахсларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шунингдек шахсларга алкоголли ичимликларни ёхуд гиёҳвандлик моддалари ёки психотроп моддалар бўлмаган, лекин шахснинг ақл-идрокига таъсир кўрсатувчи моддаларни мажбуран истеъмол қилдирган ҳолда уларни тиланчилик қилишга жалб этиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган ҳаракатлар:

    а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

    б) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб;

    в) бошқа шахсни гиёҳвандлик воситаларини, уларнинг аналогларини ёки психотроп моддаларни истеъмол қилишга мажбурлаган ҳолда содир этилган бўлса, уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

    Кўриб турганимиздек тиланчилик қилиш қонун билан тақиқланган, бундай қилмиш белгиланган тартибда маъмурий ёки жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

    Ҳолат

    Ҳозирда тиланчилар шу даражада кўпайиб кетдики, баъзан одамлар йўлда юра олмай қолмоқда. Буни шаҳарда яшовчи ва кўчага чиқувчи бирор киши инкор эта олмаса керак. Бозор, магазин, ҳатто кўп қавватли уйларнинг атрофида, кўчаларда, чорраҳаларда сон-саноқсиз тиланчилар. Энг хайратланарлиси, бир қарашда уларни тиланчига ўхшатиш ҳам мушкул, чунки улар туппа-тузук инсонлар. Касал эмас, ногирон эмас.

    Қизиғи, ушбу ҳолат Ўзбекистон жиноят қонунчилигига тиланчилик учун жавобгарлик белгиловчи махсус норма киритилгандан кейин кўпайиб кетди. Буни қандай тушуниш мумкин? Жазо кризисими бу?! Ёки қонуннинг тескари самарадорлигими?!

    Ким билсин сиз-у биз садақа сифатида пул бераётган тиланчилар ичида аллақачон нечта миллонерлар ҳам бордир. Бир қарашда кулгули, лекин аслида ачинарли ҳолат.

    Тиланчи – миллионер!

    Ҳиндистонда тиланчи Бхарат Джайн Мумбай кўчаларида одамлардан тиланчилик қилиб, миллионлаб доллар йиғган “дунёдаги энг бой тиланчи” ҳисобланади. Ҳозир унинг бойлиги деярли 1 миллион 200 минг АҚШ долларни ташкил этади. Бу ҳақда Indian Times газетаси ёзмоқда.

    Indian Times газетасининг ёзишича, у тиланчиликдан топилган маблағларга бир неча уйлар ва дўконлар сотиб олган ва шахсий бизнесини йўлга қўйган (ҳозирда унинг бизнесини оиласи бошқаради).

    Financial Express хабар беришича, Джайн ҳали ҳам шаҳарнинг Chhatrapati Shivaji Terminus ёки Azad Maidan каби машҳур жойларида тиланчилик қилади.

    Баъзи маълумотларга кўра, унинг оила аъзолари ундан тиланчилик қилишни тўхтатишни сўрашган, лекин Джайн бунга қатъиян қарши чиқиб, “ишини” давом эттирмоқда.

    Дунё тарихи ва тажрибасида бунга ўхшаш ҳолатлар талайгина!

    Аскерлар ким эканлигини биласизми?

    Аскер, инглизча “ask” яъни “сўрамоқ” маъносини англатиб, замонавий маънода тиланчилик қилишнинг алоҳида ва ўзига хос шакли ҳисобланади. Улар кўча мусиқачилари гуруҳи аъзоси ҳисобланиб, гуруҳ аъзоси мусиқа чалганда, аскер атрофдаги одамлардан пул йиғиш функциясини бажаради.

    Хулоса.

    Хуллас замон ўзгаргани сари тиланчиликнинг ҳам турли шакллари пайдо бўлмоқда.

    Тиланчилик қилиш дунёвий ва аҳлоқий қоидаларга зид иллат ҳисобланади. Фақат қонунга ўзгартириш киритиш билан ҳеч нарсани ўзгартира олмаймиз, жамият, инсонлар онгли тарзда бундай хунук иллатларга қарши муросасиз курашиши керак. Эътиборсиз бўлмайлик! (дарвоқе, илмий тадқиқотлар учун реал долзарб мавзу).

    Нодирбек САЛАЕВ,

    ТДЮУ профессори, юридик фанлар доктори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates