Тошкент шаҳрида уй савдоси ҳажми 8 фоизга ошган

    Тошкент шаҳрида 2022 йилнинг ноябрь ойида уй савдоси ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан ўртача 8 фоизга ошган

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари томонидан 2022 йилнинг ноябрь ойида Тошкент шаҳрида уйларнинг нархи қанчалик ўзгарганлиги таҳлил қилинди.

    Ноябрь ойида пойтахтимизда уй савдоси ҳажми ўтган йилнинг шу давридагига нисбатан ўртача 8 фоизга (7814 тадан 8408 тага) ошган. Мазкур даврда уйнинг 1 квадрат метри учун нархлар ўртача 27 фоизга ошган, яъни ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг ноябрь ойида 849 АҚШ долларини ташкил этган бўлса, шу йилнинг ноябрида 1078 АҚШ долларига етган.

    Тошкент шаҳрининг айрим ҳудудларида уйнинг 1 квадрат метри нархи ўртача кўрсаткич (1078 доллар) дан сезиларли даражада юқори ҳисобланади. Хусусан, Миробод туманида – 1285 доллар (+20 фоиз), Яккасарой туманида - 1178 доллар (+9 фоиз), Шайхонтоҳур туманида – 1144 доллар (+6 фоиз), Мирзо Улуғбек туманида - 1137 доллар (+6 фоиз), Юнусобод туманида – 1117 доллар (+4 фоиз).

    Маълумот учун: 2022 йилнинг 9 ойида Тошкент шаҳри бўйича ўртача иш ҳақи 5,9 миллион сўмга етиб, 2021 йилнинг мос давридагига нисбатан 32,5 фоизга ўсган. Ушбу даврда йиллик инфляция даражаси 12,2 фоизни ташкил этгани ҳисобга олинса, реал иш ҳақи 20,3 фоизга ошган. Ушбу даврда сўмнинг 1 АҚШ долларига нисбатан алмашинув курси 10672,30 сўмдан 10973,39 сўмга (2,8 фоиз) ўзгарган.

    Ноябрь ойида ўртача таъмирланган 2 хонали хонадон нархи ўрта ҳисобда 55,7 минг долларни ташкил этди (2021 йилнинг ноябрида - 41,6 минг доллар). Тошкент шаҳрида уй-жойга бўлган талабнинг ошишини, бир томондан, яшаш учун ижтимоий инфратузилмаларнинг нисбатан яхшироқ эканлиги билан изоҳлаш мумкин.

    Таъкидлаш керакки, туғилиш коэффициенти ҳам сезиларли даражада ошган, яъни, Тошкентда бир аёлга тўғри келадиган болалар сони 2010 йилда 1,99 ни ташкил этган бўлса, 2021 йилда ушбу кўрсаткич 3,02 га етган. Мазкур кўрсаткич ҳам оиланинг кенгроқ майдонга эга хонадонга кўчиб ўтиш истагини шакллантиришда аҳамиятли бўлиши мумкин.

    Мамлакатимизда туғилиш даражасининг нима сабабдан юқори бўлганини аниқлаш мақсадида институт томонидан 2022 йилнинг сентябрь ва октябрь ойларида сўров ўтказилди. Унда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида истиқомат қилувчи 25-45 ёш оралиғида бўлган, 3 нафар ва ундан кўп фарзанди бор 200 нафар аёл иштирок этди. Сўровда қатнашганларнинг 43,8 фоизи фарзанд кўришга қарор қилишида асосий сабаб сифатида саломатлигининг яхшиланишини, 43,8 фоизи эса оилавий шароитининг яхшиланишини кўрсатган.

    Аҳолини уй-жой билан таъминлаш бўйича давлат дастурлари кўламининг кенгайтирилиши уй бозоридаги фаолликнинг сақланиб қолаётганига асосий сабаб бўлмоқда. 2022 йил 9 ойи мобайнида банклар томонидан аҳолига 10,3 триллион сўм миқдорида ипотека кредити ажратилган. Бу эса 2021 йилнинг мос давридагига нисбатан 68 фоиз кўп, демакдир.

    Ўзбекистон Ипотекани қайта молиялаштириш компанияси маълумотларига кўра, 2020 йилнинг 4-чорагидан 2022 йилнинг 3-чорагигача бўлган даврда берилган ипотека кредитларининг 73,1 фоизи Молия вазирлиги маблағлари ҳисобидан, 16,8 фоизи банкларнинг ўз маблағлари ҳисобидан ва 10,1 фоизи ЎзИҚМК маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.

    Институт олдинги шарҳида Тошкент шаҳрида уй-жой нархларининг тез суръатларда ўсишини мазкур бозорнинг спекулятив хусусиятга эга эканлиги билан изоҳлаганди. Бу уй нархларининг ошиб бориши талаб нуқтаи назаридан фарзандлар сони, даромад ва миграция омилларидан ташқари, аҳоли жамғармаларини инвестицияларга йўналтириш бўйича молиявий воситаларнинг чекланганлигидан далолат беради, яъни, мамлакатимизда капитал бозорининг ривожланмаганлиги узоқ муддатли жамғармаларга эга аҳоли қатламининг ортиқча маблағларини уй-жой учун инвестиция сифатида йўналтиришига сабаб бўлмоқда.

    Шу билан бирга, глобал миқёсда уй-жой нархлари тушуши кузатилмоқда. Буни яшаш учун бирламчи харажатларнинг ошганлиги, фоиз ставкасининг кўтарилиши ва ишсизлик даражасининг ошиши билан изоҳлаш мумкин.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти матбуот хизмати

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates