“Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивали иштирокчиларига

    Ҳукумат 30 сентябр 2023 2808

    Ҳурматли кинофестиваль қатнашчилари! Муҳтарам меҳмонлар! Хонимлар ва жаноблар!

    Аввало, сиз, азизларни – дунёнинг турли мамлакатларидан диёримизга ташриф буюрган кино санъатининг моҳир усталари, таниқли маданият ва санъат арбобларини “Ипак йўли дурдонаси” XV Тошкент халқаро кинофестивалининг очилиши билан чин қалбимдан самимий табриклайман.

    Ўзбек халқи азалдан ўзининг қадимий тарихи, бой маданияти, нафосат ва гўзалликка меҳр ва эътибори, жумладан, кино санъатини муносиб қадрлаши билан ном қозониб келади. Миллий ва жаҳон кино санъатининг етук намояндалари томонидан яратилаётган юксак савияли фильмлар юртимизда одамларнинг, биринчи навбатда, ёшларнинг онги ва тафаккурини инсонпарварлик, дўстлик ва ҳамжиҳатлик ғоялари асосида шакллантиришдек эзгу ишга катта ҳисса қўшмоқда.

    Биз айнан мана шу омилларни ҳисобга олган ҳолда, 2021 йилда Тошкент халқаро кинофестивалини “Ипак йўли дурдонаси” деган янги ном билан қайта тиклаб, уни “Тинчлик, маърифат ва тараққиёт учун” шиори остида ўтказишни йўлга қўйдик.

    Ўтган қисқа вақт ичида эл-юртимиз, миллионлаб томошабинлар қалбидан чуқур жой олган ушбу фестивалнинг навбатдаги анжумани мамлакатимизда миллий кино санъатимизнинг 115 йиллик санаси кенг нишонланаётган бир пайтда бўлиб ўтаётгани рамзий маънога эга. Энг муҳими, Тошкент халқаро кинофестивалига бўлган эътибор ва қизиқиш дунё миқёсида тобора ортиб бормоқда.

    Бу галги кинофорумда жаҳоннинг 50 дан ортиқ давлатидан қарийб 300 нафар истеъдодли кино усталари, қатор халқаро ташкилотларнинг вакиллари иштирок этаётгани ҳам шундан далолат беради.

    Сўнгги йилларда Янги Ўзбекистонда барча йўналишлар қатори кинематография соҳасини ривожлантиришга ҳам алоҳида аҳамият қаратилиб, унинг замонавий инфратузилмаси ва мустаҳкам моддий-техник базаси яратилмоқда.

    Кино санъати вакиллари, тизимда хизмат қилаётган ходимларнинг самарали фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратиб бериш, соҳада нодавлат секторни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳам ижобий натижасини бермоқда.

    Бугун ўз ишини бошлаётган ХV Тошкент халқаро кинофестивали доирасида ўтказиладиган фильмлар намойишлари, ижодий учрашув ва мулоқотлар барча иштирокчиларга қизғин ижодий кайфият ва илҳом бағишлаб, уларни янги-янги режалар сари руҳлантиради, деб умид билдираман.

    Шунингдек, навқирон киноижодкорлар ўртасида қисқа метражли фильмлар яратиш бўйича ташкил этиладиган ижодий танлов улар учун ўзига хос тажриба ва маҳорат мактаби вазифасини ўташи шубҳасиз.

    Фестиваль давомида сизлар Ўзбекистонда нафақат кинематография соҳасида, балки барча устувор йўналишларда инсон қадри ва манфаатларини таъминлаш йўлида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар билан ҳам бевосита танишиш, санъатсевар халқимиз билан яқиндан мулоқот қилиш имкониятига эга бўласизлар.

    Сиз, азизларни XV Тошкент халқаро кинофестивалининг тантанали очилиши билан яна бир бор қутлаб, ушбу анжуман чинакам санъат байрами, тинчлик ва дўстлик рамзига айланади, деб ишонаман.

    Фурсатдан фойдаланиб, барчангизга мустаҳкам саломатлик, ижодий ютуқлар, кинофестиваль ишига эса муваффақиятлар тилайман.

    Шавкат Мирзиёев,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates