Вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси "проактив шаклда" тайинланади

    2026 йил 1 январдан Ўзбекистонда давлат ижтимоий суғуртасининг янги тизими жорий этилади.

    Президентнинг “Давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловларни тайинлаш ва тўлаш тизимини такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони (ПФ–206-сон, 03.11.2025 й.)да бу ҳақда маълум қилинди.

    Янги тизимда фуқаролар давлат ижтимоий суғуртаси билан қуйидаги шартларда қамраб олинади:

    • мажбурий асосларда – Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан миқдори белгиланадиган жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг бир қисми ҳисобидан;
    • ихтиёрий асосларда – меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 5 фоизи миқдоридаги ҳар ойлик суғурта бадалининг энг кам миқдорини тўлаш эвазига.

    Фуқароларга давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўловлар уларнинг минимал суғурта стажи ва тўлаган суғурта бадалига мутаносиб равишда Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Давлат ижтимоий суғурта жамғармаси (Жамғарма) орқали тўланади.

    Жамғарма орқали қуйидагилар проактив шаклда тайинланади ва тўланади:

    • 2026 йил 1 январдан ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси;
    • 2026 йил 1 июлдан вақтинчалик меҳнатга лаёқатсизлик нафақаси.

    Шунингдек, фуқароларнинг мурожаатлари асосида 2030 йил 1 январдан ишдан бўшатиш нафақаси ҳам Жамғарма орқали тайинланади ва тўланади.