Ватан ҳимоячиларига давлат мукофотлари топширилди

    Ҳукумат 13 январ 2023 9482

    13 январь куни Президент Администрациясида ушбу юксак мукофотларни топшириш маросими бўлди.

    Ўзбекистон Республикаси Президентининг 12 январдаги фармонларига мувофиқ, мамлакатимиз Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 31 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан ҳарбий хизматчилар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг бир гуруҳ ходимлари ҳарбий унвонлар, орден ва медаллар билан тақдирланган эди.

    Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев барча ҳарбий хизматчиларни ва соҳа фахрийларини мазкур шонли сана билан табриклади.

    – Мамлакатнинг ҳарбий салоҳияти замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан бирга ботир аскар ва офицерлар билан, уларнинг жисмоний ва маънавий тайёргарлиги билан белгиланади. Шу маънода, миллий армиямизнинг чинакам қудрати бу аввало сизлар – ўз ҳаётини Ватан ҳимоясидек муқаддас ишга бағишлаган жонкуяр ва фидойи инсонлардир, – деди Шавкат Мирзиёев.

    Мамлакатимизда ихчам ва тезкор, катта ҳарбий салоҳиятга эга замонавий армия барпо этилди. Ўзбекистон Қуролли Кучларининг янги, муносиб авлоди шаклланди. Президентимиз ғояси асосида халқ билан армия бир тану бир жон бўлди. Ҳарбийлик обрў-эътиборли касбга, ёшлар орзу қиладиган соҳага айланди.

    Давлатимиз раҳбари бугунги қудратли армияни барпо этишда минг-минглаб фидойи инсонларнинг улкан хизматлари борлигини таъкидлади.

    – Барча ислоҳотларимиз замирида “инсонни қадрлаш” деган олижаноб мақсад мужассам, – деди Президент. – Бу, энг аввало, ҳар бир фуқаронинг оиласини, маҳалласи тинчлигини, юрт осойишталигини таъминлаш дегани. Инсонни қадрлаш учун биринчи навбатда осмонимиз мусаффо, сарҳадларимиз дахлсиз, чегараларимиз мустаҳкам бўлиши керак. Бугун сизлар мана шундай вазифани шараф билан адо этмоқдасиз.

    Маросимда давлатимиз раҳбари ҳарбий унвон тўғрисидаги гувоҳномаларни, орден ва медалларни тантанали равишда топширди. Ватан ҳимоячиларига мустаҳкам соғлик, азму шижоат, масъулиятли хизматида муваффақиятлар тилади.

    Бу йилги тантанали тадбир яна жиҳати билан эсда қоларли бўлди. Маълумки, Амир Темур бобомиз биронта жангда енгилмаган, Соҳибқироннинг байроғи ҳамиша баланд ҳилпираб турган. У бугунги авлодлар учун қатъият, ҳарбий маҳорат, ғурур ва ифтихор тимсолидир.

    Шу боис Президентимиз ташаббуси билан армия тизимида “Амир Темур жанговар байроғи” мукофоти таъсис этилди. Бу борада ўтказилган танловда Марказий ҳарбий округ ғолиб бўлди.

    Маросимда ушбу округ қўмондонига илк бор “Амир Темур жанговар байроғи” тантанали равишда топширилди.

    – Бу округ ўтган қисқа даврда ҳарбий хизматчиларни жисмоний ва маънавий тайёрлаш, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ҳарбий қисмларда ўқув-моддий базани мустаҳкамлаш бўйича муҳим натижаларга эришди. Бу ижобий тажрибани чуқур ўрганиб, уни барча қўшинларга татбиқ этиш зарур, деб ҳисоблайман. Шу билан бирга, барча ҳарбий округларимизга Амир Темур бобомизнинг музаффар байроғига сазовор бўлиш бахтини тилайман, – деди Олий Бош Қўмондон.

    Мукофотланганлар номидан сўзга чиққанлар юксак ишонч ва эътибор учун давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates