“Яшил” электр энергиясини ишлаб чиқаришга таъсир этувчи омиллар аниқланди

    Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда электр энергиясини ишлаб чиқаришнинг умумий йиллик қуввати 12,9 ГВтни ташкил этади. Бунинг 2,05 минг МВт қисми ёки 15,8 фоизи гидроэлектр станцияларининг улушига тўғри келади.

    Гидроэлектр станциялари ёрдамида электр энергиясини ишлаб чиқаришда бир қатор омиллар, жумладан, ўртача йиллик сув оқими, деривацион канал сув сарфи, энг юқори ва энг паст ҳарорат, ёғингарчилик муҳим рол ўйнайди. Аммо, иқлим ўзгариши ва табиий ресурсларни (қор ва ёмғир) башорат қилишда ноаниқликлар мавжуд бўлганлиги сабабли гидроэнергетика тармоғида электр энергиясини барқарор ишлаб чиқариш ҳажмини режалаштириш мушкул.

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари иқлим ўзгариши шароитида Ўзбекистонда дарё сув ресурсларидан фойдаланган ҳолда “яшил” электр энергиясини ишлаб чиқаришга таъсир этувчи омилларни ўрганди. Ушбу тадқиқот доирасида гидроэлектр станцияларида электр энергиясини барқарор ишлаб чиқаришни ишончли режалаштиришда муҳим аҳамиятга эга омилларни аниқлаш мақсадида Ўрта Чирчиқ гидроэлектр станциялари каскади мисолида корреляция ва регрессия таҳлили амалга оширилди.

    Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, бошқа омилларга қараганда йиллик ўртача сув оқими электр энергиясини ишлаб чиқаришни прогноз қилишда энг муҳим кўрсаткич. Яъни, электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажмини аниқроқ режалаштириш бевосита сув оқими омилига боғлиқ. Агар Чирчиқ дарёсидаги сув оқими шартли равишда йиллик 10 миллиард метр куб кўрсаткичга яқинлашса, Ўрта Чирчиқ гидроэлектр станциялари каскади томонидан электр энергиясини ишлаб чиқариш ҳажми 4,4 миллиард кВт∙соатни ташкил этади. Яъни иқтисодий тармоқлар учун зарур электр энергияси ресурсини режалаштириш бевосита сув оқими ҳажмини прогнозлаш имкониятларига боғлиқ. Бу борада илғор жаҳон тажрибасини ўрганиш мазкур прогнозларни янада аниқроқ қилиш ва ресурс таъминоти билан боғлиқ оптимал қарорлар қабул қилиш имконини беради.

    Таъкидлаш жоизки, Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясига асосан, 2026 йилга бориб юртимизда қайта тикланувчи энергия манбаларининг қувватини 10 920 МВтга, жумладан, гидроэлектр станцияларининг қувватини 2 920 МВтга етказиш кўзда тутилган. Пировардида мамлакатимизда “яшил” электр энергиясини ишлаб чиқаришни 25 фоизга етказиш белгиланган. Ушбу мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун мамлакатимизда мавжуд гидроэлектр станциялари модернизация қилиняпти, шунингдек, ҳудудлар кесимида ҳар бирининг қуввати 5 МВтгача бўлган ихчам гидроэлектр станцияларини қуриш бўйича 200 та бизнес-лойиҳани молиялаштириш учун хусусий инвесторларни жалб қилиш режаси тасдиқланди.

    Институт тадқиқотчиларининг модели Ўрта Чирчиқ гидроэлектр станциялари каскадида электр энергиясини ишлаб чиқаришни прогноз қилишда дарёдаги сув оқими бошқа омилларга қараганда энг муҳим таъсир этувчи омил эканлигини кўрсатди. Бундан келиб чиқадики, мамлакатимизда электр энергиясини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш ва “яшил” стандартларга ўтиш бўйича мақсадли кўрсаткичларга эришиш учун ресурсларни сафарбар этишда сув оқими прогнозини аниқлаштирувчи юқори технологик ечимларни ўзлаштириш ва замонавий усулларни қўллаш энг муҳим вазифалардан бўлиб қолади.

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates