Беҳбудий ўз маслакдошларини, издош шогирдларини тараққиётга, уйғонишга, бирдамликка, бирликка, бирлашмоққа, ҳурликка чорлади. Адиб қолдирган адабий-илмий мероси — улкан, бебаҳо хазина. Улар негизида уйғотгувчи фикр, ҳаётий таклиф, келажакка муносиб режа ва дастурлар кўп.
Беҳбудий фикр одами, фикрсиз одам ўлик билан баробардир. Унинг “Тараққий” газетасида босилган “Газет надур?” номли мақоласи бор. Вақтли матбуот қадр-қийматини атрофлича тушунтирган Беҳбудий тарихдан мисоллар келтиради. У замонда дунё аллақачон тараққиётга юз тутган эди.
Шунга монанд Беҳбудий дунёнинг турли ҳудудларида нашр бўлаётган газета ва журналлар борасида маълумотлар бериб ёзади: “Бу кун Миср, Истанбул, Ҳижоз, Қуддус мамлакатларида ҳар хил газетлардан юздан зиёда чиқар, Русияда чиқаётган ҳар нав жарида ва мажаллаларни адади бир мингға етиб, балки ўтадур”. 1905 йилдан кейинги икки йил ичида Русия мусулмонлари томонидан ўттиздан ортиқ газета ва журнал чиқарилмоқда экан.
Маҳмудхўжа Беҳбудий “Газет надур?” деб сарлавҳага чиқарган мақоладаги саволга жавобан бундай ёзади: “Шўйлаки, жарида ойинайи жаҳонномадур. Газет ўқуйдурган киши дунёдаги барча хабар ва ҳодисаларни ва ҳар тоифанинг тараққий ва таназзули ва они сабаб ва иллатини, ўз дин ва миллатиға қайу тоифа дўст, қайу тоифа душманлигини билур. Ҳаёти ижтимоиясига на лозимдур билур”. Табиийки, бунда газетани ким чиқараётгани ва жамоанинг маслаги ҳам муҳим. Дарҳақиқат, бундай ижтимоий-маърифий ҳодисаларнинг “тараққий ва таназзули” сабабларини адиб умр бўйи излади.
Ҳамма замонларда тараққиёт, юксалиш, ривожланишнинг “шарти аъзами фақат ўқумоқ”, ўзликни англамоқдур.
Бундан бир юз йигирма йил муқаддам босилган “Миллат вазифаси” (“Улфат”, 1906 йил 18-сон) мақоласида қардош-қўшни миллатларнинг “биринчи даражада вазифалари бир-бирига қариндош кўзи бирлан қараб, ҳамма бир ўлуб, бирлик ила иш кўрмакдир, — деб ёзади. — “Иккинчи вазифа эса умуммусулмонлар иттиҳод қилуб, ҳамма яквужуд ўлароқ авлодларни тарбия қилмоқ жиҳатина сарфи ҳиммат этмакдир. На қадар бой кишиларимиз бўлса, ҳаммаси илм йўлинда пул сарф қилсун керак. На қадар аҳли илм бўлса, ҳамма даражасига кўра таълим ва мадорис ила машғул ўлсун керак”.
Беҳбудий ҳазратларининг чақириқлари ва безовталикларига боис, Ватан тақдири, бебаҳо она тупроқ дарди эди, шубҳасиз. Шу боис, “ҳамиша яквужуд ўлароқ саъй ва ғайрат” қилмоқни насиҳат ва васият қилди. У эркин сўз учун, фикр айтиш учун имкон топган заҳоти ўз ҳаётий дастурларини бевосита миллий-маънавий манфаатларга уйғун равишда баён қилди. Туркистон мухторияти эълон қилинганида “Қозоқ қариндошларимизға очиқ хат” деган махсус даъватнома билан чиқади. Қардош ва қўшни бўлган миллатлар ўзаро адоватни, низони, зиддиятни бир четга суриб, жон жаҳди билан улканроқ ёвга қарши бирлашмоққа чақиради. Ҳар бир гапини чин самимият билан “Азиз қардошларим!”, “Бовурларим!”, “Чироғларим” деган ундалма сўзлар билан бошлайди. “Бирлашғон Туркистон халқининг бўлунмоқиға ўзимиз сабаб бўлмасак эди”, деб Беҳбудий хавотирга тушади.
Шунинг учун ҳам “Чироғларим, бирлашайлук! Кўрасиз, бу кунги руслар-да бирлашмоқдадурлар. Энди бирлашмоқ замонидир”, дейди. Маҳмудхўжа Беҳбудий замон ва замин ҳолини, давр ва давралар кайфиятини чуқур англагани боис, бутун вужуди билан бирлашмоққа даъват қилади. Беҳбудийнинг бу гаплари қавмлар, уруғлар ўртасидаги ўзаро низоларни бир четга суриб, бирлашувга чақиришлари қайсидир маънода “Ўткан кунлар” романидаги қорачапончи билан қипчоқ низосига Юсуфбек ҳожининг “Сиз ўз қипчоғингиз учун қабр қазиған фурсатда сизга иккинчилар тобут чопадир. Биз қипчоққа қилич кўтарганда ўрус бизга тўп ўқлайдир. Сиз дунёда ўзингизнинг ягона душманингиз қилиб қипчоқни кўрсангиз, мен бошқа ёвни ҳар замон ўз яқинимға еткан кўраман!” деган гапларини ёдга солади.
Шу эътибордан Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг илм-маърифатга, огоҳликка, бирликка, тараққиётга даъватлари ҳамиша долзарб, муҳим ва, ҳар доим бугунги кун гапидек жаранглаб эшитилади.
Беҳбудий ўз мақолаларида “тараққийпарварлар ғофил бўлмасун” деган гапни кўп такрорлайди. “Қулил ҳаққа валав кана мурран” —
“Аччиқ бўлса ҳам ҳақиқатни айтгин”. Ҳа, ҳақиқат — аччиқ. Ҳикматдан мурод — тарихга, замонга, тараққиёт ва таназзулга тегишли аччиқ ҳақиқатни ўз ўрни ва ўз вақтида айтиш лозим.
Жадидларнинг дунё ва тараққий замон билан ҳамнафас бўлиш деган фикри зимнида бениҳоя улкан ғоя мужассам. Беҳбудий бу ёруғ оламда бўлаёган воқеа-ҳодисалардан, янгиликлардан, кашфиётлардан, нашр бўлаётган китоблардан бохабарликни ташвиқ қилади.
Чоризм истилоси остидаги ҳолатни мулоҳаза қилган Беҳбудий ўз вақтида ёзади: “Рубъи асрдан бери молан тараққий қилдук, келар замонға маъни тараққий қилармиз”. Дунё аҳли орасида французлар, инглизлар, америкаликлар тараққийга эришибди. “Фақат бир тараққий йўлида неча юз саналар мол сарф этмишлар, жон қурбон этмишлар, неча-неча балоларни бошидан кечирмишлар-да, сўнгра шундай мақсадга эришмишлар”. Тараққиёт ва ободликка фақат орзунинг ўзи билан шунчаки эришиб бўлмайди. Бунинг учун шижоат, сарват, хизмат, тадбир, билим керак. Тараққиёт учун мол сарф этиш, жон фидо қилиш, бало ва офатларни енгмоқ лозим.
Беҳбудийнинг тараққиёт концепцияси негизини илм ташкил этади. Ҳар қандай миллат дунёда ўз ўринни илм билан топади. “Падаркуш” драмаси образларидан бири Зиёли айтади: “Дунёға тараққий қилган халқ илм воситаси ила тараққий қилади. Асир ва забун бўлганлар-да беилмликдан”.
“Тараққиёт” сўзи жадид газетасининг номи эканини таъкидлашга зарурат йўқ. Айни дамда “тараққиёт” сўзи кўплаб асарлари сарлавҳасига ҳам чиқди. Беҳбудий ўзини ўйлантирган, ўзини қийнаган саволни сарлавҳага чиқариб, “Миллатлар қандай тараққий этарлар?” (“Самарқанд” газетасининг 1913 йил 30 июль) деган саволни қўйди. Шу номда мақола ёзди: “Миллатлар тараққийиға бир неча сабаблар бўлуб, туб сабаби уламо ила ағниёнинг ҳамият ва ғайратларидур. Тараққий қилғон ва ё энди тараққий қилгувчи миллатлар аҳволиға диққат қилинса, мазкур икки синф муҳтарамни ўз миллатлариға сўз ва ақча ила хизмат этганлари фавран ҳозир бўлур”.
Илм аҳли билан бойларнинг хизмати миллат тараққийси учун муҳим экани ҳар жиҳатдан исботланади. Уламо ўз қалами билан фикр, маслаҳат, панд-насиҳат, таълим-тарбия беради, китоблар ёзади, газета ва журналлар нашр қилади. Мактаблар очади, таълимни ислоҳ қилади. “Замона ағниёлари ўз миллатларини замонийча кераклиги йўлинда ақча сарф этарлар... Рус, армани, яҳудий ва бошқа Русиядаги ватандошларимизни бойлари доимо ўз миллатлари учун катта хайр ва эҳсонлар қиладурлар, инчунин, Кафказ, Қрим, Қозондаги мусулмон биродарларимизни(нг) бойлари, уламоси ва аҳли қалами, соҳиби фикри ўз биродарлариға мол, ақча, қалам ва илм ила кўб иона қиладурлар. Аммо бизни(нг) Туркистонда бу ишлардин сўйламоққа ҳануз навбат келган йўқ...”. Бу орзу, ният, ҳавас, намуна ва қиёси шундай. “Бир карра диққат қилиб, маҳалла-кўй ва қишлоқ халқларига қаралсун. Авомлик, беилмлик нақадар кўпайган. Биз мусулмонмиз. Мусулмонликға илм лозим, амал лозим. Ўқумоқ керак. Нима учун бошқа миллатларда юза бир нафар бесавод йўқ экан, биза юза бир нафар саводлик йўқ?
Бошқа миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосиға тобе экан, бизни уламо билъакс авомға тобедур. Бунинг охири харобдур. Йигирма, ўттуз сана сўнгра яна ёмонроқ бўлур, мусулмонлик илм ва адаб ила қоим, миллат ахлоқ, фазл ва ҳунар ила боқий қолур”. Гарчанд бу мақола 1913 йилда ёзилган бўлса ҳам Беҳбудийнинг тараққиётга доир қарашлари қўлига қалам олиб, вақтли матбуотда иштирок эта бошлаган дастлабки даврлардан бошланади. Бу мақола эса дастурий характерга эгалиги билан ажралиб туради.
Беҳбудий қайси мавзуни ёзиб муҳокама қилишидан қатъий назар, ҳамиша тараққий ва юксалишдан сўз очади, ҳамиша тараққий этган ва юксалган дунё миллатлари ва мамлакатларига ҳавасланиб қарайди. Энг муҳими, тараққиёт негизи бўлган ислоҳотга, билим олишга, дунёнинг ривожланган мамлакатлари ҳолига назар солишга ундайди. Беҳбудий бундай ўринларда чинакам миллат қаҳрамони, курашчиси, фидойиси, жонкуярига айланади. Тасаввур қилиш учун ақалли “Саёҳат хотиралари” асарини ўқимоқ керак. Бу асари тафсилотли ва айни дамда Беҳбудийнинг кўнгли “Ойина”да акс этади.
“Саёҳат хотиралари” Беҳбудийнинг шахси, рутбаси, нияти улуғлигига далолат қилади. Унинг билими, орияти, юксак маданият соҳиби экани, дид-фаросати — барча-барчаси бу саёҳатномада мужассамдир. Назаримда, нафақат Беҳбудийга замондош зиёлилар, балки бугун ҳам дунё саёҳатига йўл олган кимса ундан ўрганиши, унга эргашиши лозим.
Беҳбудий доимо банд ва маънан жуда баланд одам эди. Дунёнинг қайси жойига бормасин, ўзини Туркистоннинг чин фарзанди, Туркистон аҳлини ўз сиймосида рамзан ташиётганини асло эсидан чиқармаган юраги бутун ва ботир инсон эди.
Саёҳатга борган Беҳбудий Истанбулнинг “Гулхона парки”да Исмоилбек Гаспринский билан учрашади. Улар меҳмонхонада етти соат гурунглашади. Суҳбатда, табиийки, мактаблар ва миллат тараққиёти хусусида сўз боради. Исмоилбек “Мусулмонларни кундан кун тараққий этишини сўйлаб, хурсанд бўлурлар”, деб ёзади кейинчалик Беҳбудий. “Аввалги мусулмонлардаги маданият” мақоласида ҳам муаллиф ўтмишдаги аждодлари шон-шуҳратидан, мусулмонларнинг маданий тараққийсидан ва Андалусиянинг дунёдаги мумтоз ўрнидан баҳс этади: “Бир замонлар ҳозирги тараққий топган халқлардек шаъшаъа ва дабдабаи маданият ва салтанатлари кўзларни қамашдуруб, ўз замона ва асрларининг ягона маданият ва салтанат ва фариди эдилар”. Таассуфки, бундай юксак ижтимоий-маданий, илмий-маърифий мартаба қўлдан кетади. Мусулмонлар “замонга мувофиқ турмаганлари”, илм ва фан ўрнига жаҳолат ботқоғига ботишлари, “сафоҳат ва завқпараст ва ихтилофға майл этганлари” учун жазо топишди. Жаҳолат, тубанлашув ва ўзаро душманлик маданият ва тараққиёт кушанда бўлди, салатанат емирилиб қулади.
Беҳбудийнинг барча ҳаққоният баёнларини англамоқ учун унга, унинг дардига, ғамига, жаҳдига, жонфидолигига, ҳиссиётига яқинроқ бормоқ керак. Беҳбудий билан орадаги масофани қисқартириш лозим. Акс ҳолда, Беҳбудий ҳазратлари бизга кўнглини очмайди. Уни англаш учун чин миллатпарвар, чин ватанпарвар бўлмоқ керак. Беҳбудий учун ҳар нарсани англаш ва сезиш, ҳар нарсани фарқлай билиш, яъни тамиз муҳим. Бу жиҳатдан ҳам адибнинг орзуманд қалбига умид уруғи экилгандир. Шунинг учун ҳам ҳазрат ёзади: “Алҳамдулиллаҳ, халқимиз куфр ила исломни, тараққий ила таданнийни, рост ила ёлғонни тамиз этадурлар”.
Кўнгли очиқ одамнинг йўли очиқ бўлади. Неъматлар холис ниятли одамга кутилмаган томонидан келади. Булар меҳнат, заҳмат, хизматлар ортидан бўлур. Бунинг учун холисона, Аллоҳ ризоси учун эзгу ишларга бош-қош бўлмоқ, ийсор лозим.
Ҳайҳот, ҳайҳот, Беҳбудийни англамаганлар ва англашни хоҳламаганлар, ўқимаганлар ва ўқишни истамаганлар бугун ҳам “ҳали китоб ҳам ўқийманми?” деган эътирозли саволни беришади. Ҳали бугун ҳам эзгу ғояларни “аввалдан қолган асотирлар” деб аташади. Ҳолбуки, бугун имон ва виждонга кўзгу тутадиган замондир. Ҳолбуки, бугун Беҳбудийни англайдиган ва унинг борлиғини ҳар кимга англатадиган замондир.
Беҳбудий фаолиятини чуқур англаган замондоши Васлий Самарқандий “Маҳмудхўжа биродарим миллати исломиянинг таолий ва тараққийси учун энг биринчи даража чолишатурғон бир зоти ҳумоюнсифат эрди”, деб баҳо берган эди.
Лазиз Азиззоданинг “Туркистоннинг узоқ мозийси қанча порлоқ кўринса ҳам XVIII асрдан кейинги маданий ва иқтисодий ҳаёти тубанлашгандир. Бу даврда илм ўрнини хурофот, адолат жойини зулм, тараққий ерини таназзул олди”, деган фикри бор. Маҳмудхўжа Беҳбудий йўлбошчилик қилган Туркистон жадидлари хурофот ўрнига илмни, зулм ўрнига адолатни, таназзул ўрнига тараққийни жорий этиш мақсадида йўлга чиқдилар.
Бугун илм орқали тараққий этиш замонидир. Бугун Беҳбудий орзу қилган ҳуррият, истиқлол замонидир. Бу кунлар қадрига етмоқ керак.
Дунё аҳли билан, мутараққий миллатлар билан дўст, иноқ, ҳамкор, ҳамфикр бўлиб, ўзликни англаб, мустаҳкам имон ва чуқур илм ила тараққий этмоқ керак. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларининг “баёни ҳақиқат”лари, бирлашиш ва тараққиёт орзуси — шундай истиқбол йўли бениҳоя улуғ ва жиддий эди.
Баҳодир КАРИМ,
филология фанлари доктори, профессор