Президентимиз Шавкат Мирзиёев Адиблар хиёбонида ёзувчи ва шоирлар, зиёлилар ҳамда олий таълим муассасалари ректорлари билан дилдан, самимий суҳбатлашар экан, ушбу масканни адабиёт, маърифат ҳамда маданият масканига айлантириш, ҳар бир олий ўқув юртларини ушбу сиймоларга бириктириб, бу ерда очиқ дарслар, маърифий тадбирлар ўтказиш ташаббуси билан чиқди.

Ватандошимиз, миллатимиз фидойиларидан бири Абдулҳамид Чўлпоннинг ҳаёт ва ижод йўлини кенг ўрганиш ва тарғиб қилиш Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси жамоасига юклатилди. Президентимиз, шунингдек, хиёбон билангина чекланиб қолмаслик, буюк адибларимиз ижодини чуқур ўрганиш, уларнинг ибратли ҳаёт йўллари ҳақида китоблар, саҳна кўринишлари ва фильмлар, янги асарлар яратиш зарурлигини белгилаб берди.

Дарҳақиқат, буюк тарихимизга назар ташласак, миллат, эл-юрт тақдирига куйиниш, миллий ғурур, ор, номус учун бел боғлаб майдонга чиқиш улуғ халқимизга хос азалий одат.

2016 йилнинг 1 ноябрь куни Андижон вилояти сайловчилари билан учрашувида давлатимиз раҳбари Абдулҳамид Чўлпон тўғрисида гапириб: “ХХ аср бошларидаги миллатимиз тақдирини, унинг бошига тушган фожиаларни, озодлик ва эркинлик қадрини ҳеч ким бу мумтоз шоиримиз каби юксак пардаларда куйлаган эмас. Эл-юрт тақдири учун куйиниб, тиним билмай яшайдиган ана шундай ажойиб инсонларнинг давомчилари янги Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси бўлиши керак”, деб таъкидлаган эди.

Бугунги хавф-хатарлар шундоқ ҳам безовта дунёнинг ташвишларини кўпайтираётган таҳликали даврда буюк аждодларимизнинг ҳаёти ва ижодини ўрганиш орқали хавф-хатарларга нисбатан сабот ва шижоат билан тура оламиз. Чунончи, Чўлпон асарлари ҳам инсонни тонг юлдузи каби уйғонишга даъват этади.

Шоирнинг “Бутун кучни халқ ичидан олайлик, қучоқ очиб халқ ичига борайлик” ёки йиллар давомида ўқиш ман этилган оловли сатрлари онгимизда жонланади:

Халқ денгиздир, халқ тўлқиндир, халқ кучдир,

Халқ исёндир, халқ оловдир, халқ ўчдир...

Чўлпон одамларимизнинг саводхон, билимли ва маърифатли бўлишини, миллат мустақиллигини орзу қилган ва унга интилиб яшаган.

Адиб очеркнавис ва публицист сифатида ҳам баракали ижод қилди. 1914-1917 йилларда у “Баҳор овуллари”, “Ўш”, “Ватанимиз Туркистонда темир йўллар” ҳамда “Дўхтир Муҳаммадиёр” асарлари билан маданият ва маърифат тарғиботчиси сифатида майдонга чиқди. Октябрь тўнтаришидан кейинги 1920-1924 йилларда ҳаётда содир бўлаётган хуш ва нохуш ўзгаришларни қаламга олди. Унинг “Йўлда бир кундуз”, “Йўлда бир кеча”, “Шарқ поезди келди”, “Шарқ уйғонган”, “Чимкент”, “Қутурган мустамлакачилар”, “Йўл эсдалиги” сингари ўнлаб саёҳат очерклари ва публицистик мақолалари яратилди. Мазкур асарларда фуқаролар уруши даври офатлари, фожиалари меҳнаткаш халқни жабрлагани қораланади.

Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романи 1934 йилда ёзиб тугатилган. Унинг биринчи боби 1935 йили “Совет адабиёти” журналининг январь сонида “Конкурсга келган материаллар” рукнида “Ҳамал келди — амал келди” сарлавҳаси билан чоп этилган.

Роман аслида икки китобга мўлжаллангани айтилади. Унинг “Кеча” деб номланган биринчи китоби 1933-1934 йилларда ёзиб битирилган, 1936 йилда китоб ҳолида босилиб чиққан. Биринчи китобда тасвирланган воқеалар 1910-1916 йиллар оралиғида рўй беради. Унда Биринчи жаҳон уруши арафаси ва уруш давридаги Туркистон халқларининг оғир, аянчли турмуши, миллий уйғониш жараёнининг бошланиши тўғрисида ҳикоя қилинади. Роман ҳали босилиб чиқмасдан туриб, Ўзбекистон ССР ташкил этилганлигининг 10 йиллигига (1934 йилда) бағишланган танловда рағбатлантирувчи мукофотга сазовор бўлган. Ўзбекистон Қаҳрамони, профессор Озод Шарафиддиновнинг ёзишича, романнинг “Кундуз” деб аталган иккинчи китоби ёзилган бўлса ҳам бизгача етиб келмаган.

“Кеча ва кундуз” романида адиб ­ўзбек халқининг XX аср бошларидаги ҳаётини бадиий гавдалантиришни мақсад қилиб қўйган ва бунга тўла эришган — у Туркистоннинг зулмга, жаҳолатга, адолатсизлик ва ҳақсизликка тўла ҳаётини очиб берган. “Кеча ва кундуз” Туркистоннинг тарихий тақдирини бадиий ифодалаган асардир.

Чўлпон драматург сифатида ҳам салмоқли ижод қилган. Унинг “Халил фаранг”, “Чўрининг исёни” каби кичик пьесалари, “Ўртоқ Қаршибоев”, “Муштумзўр” каби етук драмалари ҳамда кўп вақт саҳнадан тушмаган “Ёрқиной” пьесаси машҳур бўлган. Шунингдек, рус ёзувчиси В.Ян билан ҳамкорликда “Ҳужум” драмасини яратган.

Чўлпон адабий танқид соҳасида “Шўро ҳукумати ва садои нафиса”, “Адабиёт недур?” каби мазмунли мақолалар ҳам ёзган. Шунингдек, Чўлпон моҳир таржимон сифатида М.Горькийнинг “Она”, А.С.Пушкиннинг “Дубровский” қиссаси ва “Борис Годунов” каби пьесалари ҳамда В.Шекспирнинг машҳур “Ҳамлет”ини ўзбекчага ўгирган.

Афсуски, Чўлпон ҳам халқимизнинг бошқа кўпгина асл фарзандлари каби Сталин қатағонининг қурбони бўлди. Ўтган асрнинг 30-йилларидаги ижодий муҳит даҳшатли эди. Аммо айрим ёзувчилар унинг қутқусига учиб, эътиқодларига хиёнат қилганлари, имондан воз кечганлари йўқ. Улар орасида Чўлпон ҳам бор эди. “Кеча ва кундуз” романи босилгач, кўп ўтмай – 1937 йил 14 июль куни Чўлпон қамоққа олинади. Ҳеч қандай далил-исбот бўлмаса-да, унга “халқ душмани”, “миллатчи”, “аксилшўровий” каби айблар қўйилиб, бир йиллик даҳшатли қийноқлардан кейин 1938 йил 4 октябрь куни отиб ташланади. Унинг асарларини нашр этиш, нашр этилганларини ўқиш ва, умуман, Чўлпон номини тилга олиш қатъиян тақиқланди.

Бу аҳвол 1956 йилгача давом этади. Сталин шахсига сиғиниш фош қилингандан сўнг Чўлпон СССР Олий суди ҳарбий коллегияси томонидан бутунлай оқланади. Аммо шундан кейин ҳам яна 30 йил мобайнида унинг асарлари нашр қилинмади, ижоди ўрганилмади, уни адабиётдаги ўз ўрнига қайтариш иши пайсалга солиб келинди. Негаки, ҳамон ҳукмронлик қилишда давом этган коммунистик партия Чўлпонни ва унга ўхшаган Фитрат, Усмон Носир, Ҳабиб Абдулла (яна қанчадан-қанча умри фожиалар ичида кечган буюклар номини эслаш мумкин)ларни ўзининг ашаддий мафкуравий душмани деб билар ва улардан ўтдан қўрққандек қўрқарди. Фақат ошкоралик шабадалари эса бошлагандан кейин ва, айниқса, Ўзбекистон миллий мустақилликка эришгандан сўнггина Чўлпонга нисбатан қилинган адолатсизлик барҳам топа бошлади.

Қисқа муддатда унинг “Баҳорни соғиндим”, “Яна олдим созимни”, “Адабиёт недур?” номли китоблари, уч жилдлик сайланма асарлари босилди, театр саҳналарида драмалари қўйила бошланди. “Кеча ва кундуз” романи асосида видеофильм яратилди, шоир тўғрисида турли-туман мақолалар ва рисолалар эълон қилинди, унинг ҳаёти ва ижодини ёритувчи ҳужжатли фильм дунёга келди, мунтазам бўлмаса-да, Чўлпон кунлари ўтказила бошланди, ижоди бўйича диссертациялар ­ёқланди.

АҚШ фуқароси, таржимон Кристофер Форт ўзбекнинг жасоратли шоири ва ёзувчиси Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” (“Night and Day”) асарини инглиз тилига таржима қилганлиги эътиборга лойиқ тарихий воқеадир. Мазкур янгилик юракларни ифтихорга тўлдиради. Бу миллатимизга бўлган ҳурмат ифодасидир. Мазкур таржима шоир ва буюк адиб Чўлпоннинг 120 йиллик юбилейига муносиб туҳфа бўлган эди.

Адибнинг Фозила (1906), Фоиқа (1903) исмли сингиллари бўлган. Фоиқахоннинг ўғли, яъни шоирнинг 1936 йилда туғилган жияни Назарали ўғли Маҳмуд ота томонидан Чўлпон ҳаёти ва ижоди бўйича маълумотлар тўпланди.

“Яна олдим созимни” китоби учун Чўлпонга 1991 йил 25 сентябрда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти берилди.

Профессор Озод Шарафиддинов таъбири билан айтганда, “Чўлпонни англаш — Ватанни, кўҳна Туркистонимизни Чўлпон кўзи билан кўриб, Чўлпон юраги билан сева билмоқдир. Бир сўз билан айтганда, Чўлпон ҳар бир адабиёт мухлисининг юрак мулкига айланмоғи шарт. Бунинг учун эса Чўлпон меросини янги тафаккур асосида бағрикенглик билан тадқиқ этмоқ лозим”.

Шу ўринда Озод Шарафиддиновнинг китобсеварлик бобидаги қуйидаги фикрларига юзланамиз: “Табиийки, уларнинг китоблари (Чўлпон ва Абдулла Қодирий)ни ўқиш қатъиян ман қилинган эди. Аммо қуёш нурини ҳеч нарса билан тўсиб бўлмайди. Ҳақиқат йўлида айтилган оташин Сўз мангу яшайди. Бу Сўзнинг одамлар юрагига бориш йўлига ҳеч нарса ғов бўлолмайди. Ўша шароитларда ҳам Чўлпон ва Абдулла Қодирий асарларини яшириб ўқиган одамлар бўлган. Шахсан мен (Озод Шарафиддинов — муаллиф) “Ўткан кунлар”, “Меҳробдан чаён”, “Кеча ва кундуз”ни уруш йилларида — мактабда ўқиб юрган кезларимда ўқиган эдим. Бир ўзим эмас, бутун синф ўқиган эдик. Ҳозир бу китобларни қаердан топганимиз эсимда йўқ. Шуниси эсимдаки, ҳар қайси китоб бир болага бекитиқча фақат бир кечага бериларди — эрталабгача ўқиб тугатиб, қайтариб бериш керак эди. Шуниси қизиқки, ҳаммамиз шунга улгурардик — кечқурун ўқишга бошлагандан кейин туни билан аллақанча нашъали ҳисларни ва изтиробларни кечириб, тонг саҳарлаб сўнгги саҳифани ёпардик. Биз, албатта, Қодирийнинг, Чўлпоннинг ҳам “миллатчи” эканини эшитгандик. Уларнинг “заҳарли ғоялари”га берилмаслик кераклигини ҳам билардик. Аммо мурғак онгимиз билан бу “заҳарли ғоялар” нимада эканини англаёлмас эдик. Романларни ўқий бошлаш билан уларнинг сеҳрига маст бўлиб, муаллифларнинг “миллатчи”лигини унутиб қўярдик”.

Бугунги кунда ИИВ академияси жамоаси Чўлпон меросини янги тафаккур асосида бағрикенглик билан тадқиқ этиш ва ўрганишга киришди. Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш ва унинг фаолияти ва асарларини кенг тарғиб қилиш бўйича академиянинг “йўл харитаси” белгилаб олинди.

Шу йил май ойининг учинчи декадасида Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш учун академия олимлари Андижон ва Наманган вилоятларига илмий экспедиция уюштирди. Маълум бўлишича, Чўлпоннинг 100 йиллиги кенг нишонланиши муносабати билан адибнинг синглиси Фоиқахон аяга “Мустақиллик” ордени топширилган эди. Ҳозир оиласи бисотида сақланаётган ушбу орденни Чўлпон музейига топшириш бўйича қарор қабул қилинган. Адибнинг жияни Маҳмуд ота академия олимлари билан суҳбатида: “Президентимиз ташаббуси билан Тошкент шаҳрида ташкил этилган Адиблар хиёбонида тоғам Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон хотирасига қўйилган маҳобатли ҳайкал барча оила аъзоларимизни хурсанд қилиши билан бирга, чексиз ғурур бахш этди”, дея таъкидлади.

Мамнуният билан қайд этиш керакки, ИИВ академиясида қисқа вақт ичида Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш учун музей ташкил этилди. Дастлаб музей коллекциясини шакллантирдик. Янги музейда ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланиш йўлга қўйилди. Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганиш бўйича мультимедиа материаллари ишлаб чиқилиб, маълумотлар базасига жойлаштирилди. Мазкур музейда Чўлпоннинг шахсий буюмлари — ёзув машинкаси, кўзойнаги, хизмат хонасида фойдаланилган сандиқ ва чин маънода умумхалқ шоири сифатида миллий санъаткор даражасига кўтарилишида хизмат қилган дутори ва бисотидан намуналар ўрин эгаллагани ўта аҳамиятлидир. Шунингдек, музейда адибнинг чоп этилган асарлари бор. Шу маънода ҳам у профессор-ўқитувчилар ва курсант-тингловчиларимиз учун тадқиқот маскани бўлиб, тоталитар тузум даврида сиёсий қатағон қурбони бўлган ватандошимиз Чўлпоннинг ноҳақ топталган шаъни-шавкати ва ғурурини тиклашга кўмаклашиш ҳамда ёш авлодни Ватанга муҳаббат, мустақиллик ғояларига садоқат руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, шу йилнинг июнь ойида ИИВ академиясининг Чўлпон номидаги стипендиясини жорий этиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. Ушбу хайрли қадам курсантларимизда Чўлпон ижодига бўлган интилишни кучайтиради. Бу эса ёшларимизни Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон каби мард, жасур, дов­юрак, билимли ва, албатта, маърифатпарвар, ватанпарвар ходим бўлиб камол топишига хизмат қилиши шубҳасиз.

Шунингдек, Чўлпон ҳаёти ва ижодини ўрганишга бўлган ҳаракатларни республикамиз миқёсида кенг тарғиб қилиш мақсадида марказий ва вилоят нашрларида туркум илмий-оммабоп мақолалар чоп эттириш, маҳаллалар, академик лицей, олий таълим муассасаларида сайёр машғулотлар ўтказишни ҳам мақсад қилиб қўйдик. Айни пайтда адибнинг ҳаёти ва ижод йўлини акс эттирувчи илмий-маърифий китоб тайёрланмоқда. Китобдан адибнинг мураккаб ҳаёт йўли, асарлари, шеърлари ва буюк шоир номини улуғлаб, амалга оширилаётган ишлар ҳақидаги тафсилотлар ўрин олади.

Ҳа, Чўлпон асарлари бугун ёшларимиз қалбидан муносиб ўрин эгалламоқда. Адиб мустабид тузумнинг таъқиби ва тазйиқи остида қулоч очиб яшаш ва ижод қилишни орзу қилиб яшаган. Маърифатпарвар қандайин мураккаб ва таҳликали шароит бўлмасин, Абдулла Қодирий ибораси билан айтганда, “энг кирлик қора кунлар”да ҳам ўз эътиқодига содиқ қолди.

Баҳодир МАТЛЮБОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ академияси бошлиғи,

генерал-лейтенант